Мақолалар

Оламлар Сарварига ўзини тортиқ этган аёл

 

Ҳудайбия сулҳи тузилганига бир йил тўлди. Мусулмонлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан бирга умра ибодатини адо этиш учун Маккага йўл олишди.

Ниҳоят, узоқдан Макка кўринди. Уни кўрар-кўрмас ҳамма ёқни мусулмонларнинг “Лаббайкаллоҳумма лаббайк…”, деган овозлари тутиб кетди. Мусулмонлар Набий алайҳиссалом раҳнамоликларида улуғворлик ва ҳайбат билан умрани адо этишга киришишди. Макка мушриклари дарҳол шаҳарни бўшатиб, тоғ томон чиқиб кетишди. Шаҳарда фақат бир неча эркак ва аёл қолишди, холос.

Бу вақтда Маймуна мусулмон бўлган, аммо имонини яшириб юрган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккага келишлари уни жасоратлантирди. Имонини барчага ошкор этди. Сўнг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга завжа бўлиш истагида Аббос ибн Абдумутталиб розийаллоҳу анҳуни вакил этиб юборди.

Онамиз Набий алайҳиссаломга ўзини тортиқ этган аёллардан биридир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унинг таклифини қабул этиб, совчи бўлганларида, у ўз туясига миниб олган эди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг таклифларига: “Туя ҳам, унинг эгаси ҳам Аллоҳ ва Расули учундир”, дея розилик билдирди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Яна (ҳар қандай) мўмина аёлни – агар у ўзини пайғамбарга тортиқ этсаю, пайғамбар уни (маҳрсиз) ўз никоҳига олишни истаса…” (Аҳзоб сураси, 50) оятини нозил қилди.

Набий алайҳиссалом Маймуна онамизга ҳижратнинг еттинчи йили, қазо умрасидан фориғ бўлгач, никоҳландилар. Бу вақтда Жаъфар ибн Абу Толиб Ҳабашистондан қайтиб келган эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом тўй дастурхонини Маккада қилиб бермоқчи бўлдилар. Мақсадлари Маккада қолиш муддатини узайтириш ва қурайшликлар билан қайта битим тузиш эди. У зот алайҳиссалом ушбу никоҳ орқали Қурайшнинг кўнглини Исломга мойил этишни истадилар. Лекин улар бош тортишди.

Қурайш раислари Ҳувайтиб ибн Абдул Уззони: “Маккада қолиш муддатинг тугади, энди чиқиб кет”, деб айтиш учун юборишди. Шундан кейин Набий алайҳиссалом Абу Рофеъга буюрдилар, барча йўл тадоригини кўришга тушди.

Маккадан чиқаётганларида Маймуна онамиз ҳайқириб қурайшликларни мусулмон бўлишга чақирди. Онамизнинг очиқ мурожаат этиши қурайшдан кўпчиликда Исломни қабул этишга рағбат уйғотди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Набий алайҳиссалом билан Маймуна бинти Ҳориса онамизнинг турмуш қуришларидан буюк ҳикматни ирода қилди. Ушбу муборак никоҳ сабаб Бани Ҳилол уруғи Исломга мойил бўлди, қалблари имон учун шижоатланди. Набий алайҳиссалом ҳам улар томонидан лутф ва қўллаб-қувватлашга эришдилар. Улар Исломни ўз ихтиёрлари билан, бирма-бир қабул қилишди.

Ҳудайбия сулҳида белгиланган муддат битгани сабаб Набий алайҳиссалом мусулмонлар билан Маккадан чиқдилар Сариф (Маккадан ўн милларча узоқликда, Танъим яқинидаги жой номи)га бориб, ўша ерда онамиз билан гўшангага кирдилар. Ўшанда Маймуна розийаллоҳу анҳонинг ёши 26 да, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёшлари эса 59 да эди. Онамиз шарафига тўй дастурхони ёзиб, 400 (баъзи ривоятларда 500) дирҳам маҳр бердилар.

* * *

Маймуна бинти Ҳориса розийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўнгги никоҳланган жуфти ҳалоллари. Отаси: Қурайшнинг обрў-эътиборли кишиларидан Ҳориса ибн Ҳазн ибн Бужайр. Онаси: Фазилат ва юксак насаб соҳибаси Ҳинд бинти Авф ибн Зуҳайр. Маймунанинг опаси Умму Фазл Лубобаи Кубро Аббос ибн Абдумутталибнинг, кейинги опаси Асмо бинти Ҳорис Лубобаи Суғро Валид ибн Муғийранинг жуфти ҳалоли эди. Шу сабаб Маймуна онамиз Абдуллоҳ ибн Аббос ҳамда Холид ибн Валидинг холасидир.

Онамизинг яна бошқа бир опаси Асмо бинти Умайс Жаъфар ибн Абу Толибнинг, Сулма бинти Умайс Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг, Салама бинти Умайс Абдуллоҳ ибн Каъб розийаллоҳу анҳумнинг завжаларидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай дердилар: “Мўмина опа-сингиллар. Маймуна Набий алайҳиссаломнинг умр йўлдоши. Уммул Фазл бинти Ҳориса, Сулма Ҳамзанинг аёли, Асмо бинти Умайс уларнинг она бир сингилларидир” (Имом Насоий ривояти).

Шунингдек, Маймуна розийаллоҳу анҳонинг оламни эрта тарк этган она бир опаси Зайнаб бинти Ҳузайма ҳам мўминлар онаси эди.

Маймуна онамиз Набий алайҳиссаломга турмушга чиқишидан олдин Абу Руҳм ибн Абдул Уззонинг никоҳида бўлган.

Онамизнинг асл исми Барра эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни Маймунага ўзгартирганлар. Жувайрия онамизнинг ҳам исми Барра бўлиб, Набий алайҳиссалом уни ҳам ўзгартирган эдилар.

Маймуна Мадинага келганидан сўнг Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг покиза хонадонларида қадрли, итоатли, самимий, вафодор завжа бўлиб яшади. Тақводорлиги ва серибодатлиги билан шуҳрат қозонди. У кундузлари масжиди Набавийда кўпроқ намоз ўқишга ҳаракат қиларди. Чунки у Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Мана шу масжидимдаги намоз Масжидул Ҳаромдан бошқа масжидларда ўқилган намозлардан минг маротаба афзалдир”, деб марҳамат қилганларини эшитган эди. Шунингдек, у Каломуллоҳни чуқур англашга, суннатларни ўта диққат билан ўрганишга киришди. Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо буни эътироф этиб: “Маймуна орамизда Аллоҳ таолога энг тақводорроғимиз ва қариндошлар билан алоқаси энг кўпроғимиз”, деб айтарди.

Маймуна розийаллоҳу анҳо бошқа оналаримиз каби Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатларини умматга етказишда жонбозлик кўрсатди. Бир мисол. Аҳзоб сурасининг: «Уйларингизда Аллоҳнинг тиловат қилинадиган оятлари ва ҳикмат (яъни Пайғамбар ҳадислари)ни зикр қилинглар! Албатта, Аллоҳ лутфли ва огоҳ Зотдир», (34-) оятига мувофиқ онамиз шариат аҳкомларини ўта аниқлик билан умматга етказди. Эътибор берсак, у ривоят қилган ҳадислар асосан ғусл, таҳорат, Набий алайҳиссаломнинг уйқуга ётишлари, уйқудан уйғонишлари, киришлари ва чиқишлари ҳақидадир.

Маълумки, ушбу ишларнинг барчасини оналаримиздан бошқа ҳеч ким бу қадар аниқлик билан етказиб беролмасди. Бу ҳам бўлса, уларнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан доимий суҳбатлари сабабидандир.

Маймуна онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 76 та ҳадис ривоят қилди. Уларнинг аксариятини Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳ ривоят қилишди. Улардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғусл қилишларининг баёни келтирилган.

Маймуна онамиз розийаллоҳу анҳодан Иброҳим ибн Абдуллоҳ, онамизнинг мавлоси Сулаймон ибн Ясор, Абдуллоҳ ибн Салит, опасининг ўғли Абдуллоҳ ибн Шаддод, Абдуллоҳ ибн Аббос, акасининг ўғли Абдураҳмон ибн Соиб Ҳилолий ва бошқалар ривоят қилишган.

Ривоят қилинишича, Маймуна онамиз биринчи бўлиб “Тез ёрдам” гуруҳини тузган аёлдир. У аскарларнинг жароҳатларига малҳам қўйиб, керакли муолажалар қилган. Ҳатто жангларнинг бирида аскарларга сув тарқатаётиб, ўзи ҳам жароҳат олади ва Аллоҳнинг марҳамати ила омон қолади.

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг Маймуна онамиз кўп йиллар соғ-омон умр кўрди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хотираларини ҳурматлаб, қолган умрини ҳам тақвода ўтказдилар.

Унинг садоқати ва муҳаббати шу қадар самимий эдики, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биринчи бор бирга бўлган Сариф ерида, дарахт остида, 81 ёшида жон таслим қилди. Унинг жанозасини Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо ўқиди. У киши одамларга: “Анбарни кўтарганингизда уни силкитманглар, қаттиқ қимирлатманглар”, деб буюрди.

Аллоҳ таоло Маймуна бинти Ҳорис онамиздан ҳамда барча мўмин-мусулмонлардан рози бўлсин.

“Сиярул аълам ан-нубало”, “Табоқотул кубро”, “Сийрату Набавия”

ва бошқа асарлар асосида Мубина ҲАЙДАРОВА тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан

2550 марта ўқилди

Мақолалар

Top