Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси зиёрат туризми соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади

Ўзбекистон раҳбарияти томонидан зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўйилган вазифаларни амалга ошириш доирасида мамлакатимизнинг Сеулдаги элчиси Виталий Фен бугун Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси раиси, имом Ли Жу Хва (Абдулраҳмон Ли) билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Мазкур федерация 1967 йил ташкил этилган. Ташкилот Жанубий Корея мусулмон талабалари уюшмаси ва Жанубий Корея ислом маданияти институтини назорат қилади, Қуръон ўрганиш бўйича мадрасалар фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Абдулраҳмон Ли, шунингдек, Жанубий Корея мусулмонлар жамоатининг бош имоми ҳисобланади.
Музокараларда Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва чет эллик саёҳатчилар учун қулай шароитлар яратиш, маданий мерос объектлари ва ислом маданиятига оид муқаддас қадамжоларни тиклаш бўйича бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот тақдим қилинди. Ислом тамаддуни тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳонуддин Марғиноний ва бошқа таниқли ўзбек олимлари ва мутафаккирлари ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Ўзбекистонда бугунги кунгача сақланиб қолган ушбу буюк шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ёдгорлик мажмуалари, мақбаралар ва музейлар дунёнинг турли ўлкаларидан келаётган кўплаб мусулмонларнинг зиёратгоҳига айлангани таъкидланди.
Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси раҳбари Имом Бухорий, Нақшбандий ва бошқа буюк алламоларнинг бебаҳо мероси туфайли Ўзбекистон ислом оламида алоҳида мавқега эга эканини қайд этди. Ўзбекистонда сўнгги йиллар зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўйича яратилаётган қулай шарт-шароитлар мамлакатнинг мусулмон дунёсидаги машҳурлигини янада ошираётганига ишонч билдирди.
Имом Ли Жу Хванинг айтишича, бугунги кунда Жанубий Кореянинг 45 мингдан зиёд фуқароси ислом динига эътиқод қилади, уларнинг бир қисми ҳар йили Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умра зиёратларини амалга оширади. Шу нуқтаи назардан, у Жанубий Корея мусулмонлари учун ҳаж сафарларини Ўзбекистон орқали ташкил этиб, уларга бутун дунёда ҳурматга сазовор бўлган қадамжоларни зиёрат қилиш имкониятини яратиш зарурлигига эътибор қаратди.
Учрашув якунлари бўйича элчихона ва федерация ўртасида зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унда корейс мусулмонларини Ўзбекистонга зиёрат туризми доирасидаги сафарларга жалб қилиш бўйича қўшма тадбирлар мажмуасини амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, коронавирус пандемияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлашгандан сўнг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларга зиёрат туризми бўйича инфотурлар уюштириш, Жанубий Кореядан Ўзбекистонга чартер рейслар ва зиёратчиларнинг сафарларини ташкил қилиш, шунингдек, исломшунос олимлар иштирокида биргаликда анжуманлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1598 марта ўқилди

Янгиликлар

Top