Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Максадбек Токтамушев жаноблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига Сирдарё вилоятида юз берган фавқулотда ҳолатда жабрланганларга ҳамдардлик билдириб, қўллаб-қувватловчи сўзларини телефон орқали йўллади, унда жумладан шундай дейилади:
– Муборак Рамазон ойида Ўзбекистон аҳолиси, хусусан, сирдарёликлар бошига тушган мусибат Аллоҳ таолонинг бир синовидир. Қардош халқнинг ушбу ташвишларга қилган сабрлари учун Жаноби Ҳақ таоло улкан ажр-савоблар битсин. Ушбу офат оқибатлари тез орада арисин.
Биз қардош ўзбек халқи билан азал-азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда бўлиб, эт билан тирноқдек яқин бўлиб яшаганмиз. Қувончли кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам ҳамиша бир-биримизга елкадош бўлиб, қўллаб-қувватлаб келганмиз.
Аллоҳ таолонинг мадади ила бу оғирликларни ҳам ўзбек халқи ўзаро ҳамжиҳатликда бир тану бир жон бўлиб, албатта, енгиб ўтади. Аллоҳ таоло халқларимизни турли офат-балолардан асрасин», деган муфтий Максадбек Токтамушев жаноблари ўзаро мулоқотда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати