muslim.uz

muslim.uz

Среда, 16 Сентябрь 2020 00:00

Мисвок билан ўқилган намоз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لَأَمَرْتُهُمْ بِالسِّوَاكِ عِنْدَ كُلِّ صَلَاةٍ، وَلَأَخَّرْتُ صَلَاةَ الْعِشَاءِ إِلَى ثُلُثِ اللَّيْلِ. فَكَانَ زَيْدُ بْنُ خَالِدٍ يَشْهَدُ الصَّلَوَاتِ فِي الْمَسْجِدِ وَسِوَاكُهُ عَلَى أُذُنِهِ مَوْضِعَ الْقَلَمِ مِنْ أُذُنِ الْكَاتِبِ لَا يَقُومُ إِلَى الصَّلَاةِ إِلَّا اسْتَنَّ ثُمَّ رَدَّهُ إِلَى مَوْضِعِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَاحِبَاهُ.

Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, албатта, уларни ҳар намоздан олдин мисвок қилишга амр этар эдим, Хуфтон намозини кечанинг учдан бирига сурар эдим», дедилар.

Бас, Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу намозларга худди мирзалар қулоғига қалам қистириб олгани каби, мисвок қистириб олиб ҳозир бўлар эди. Қачон намозга турса, албатта мисвок қилар ва сўнг яна жойига қайтариб қўяр эди».

Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.

Бу ҳадисда ҳар намоздан олдин мисвок қилишга ва иложи бўлса, Хуфтон намозини кечанинг охирги учдан бирида ўқишга тарғиб қилинмоқда.

Шу билан бирга, ҳадисни эшитгандан кейин унга қандай амал қилиш ушбу ҳадиснинг ровийcи Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳунинг мисолларида кўрсатилмоқда.

Ҳозир ҳам худди Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳуга ўхшаб, мисвогини ўзи билан олиб юрадиган ва ҳар бир намоздан олдин мисвок қилиб оладиган мусулмонлар бор.

Баъзи уламоларимиз «Ҳар намоздан олдин мисвок қилиш вожиб», деганлар.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: رَكَعَتَانِ بِالسِّوَاكِ أَفْضَلُ مِنْ سَبْعِينَ رَكْعَةً بِغَيْرِ سِوَاكٍ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالدَّارَقُطْنِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мисвок билан ўқилган икки ракат намоз мисвоксиз ўқилган етмиш ракат намоздан афзалдир», дедилар».

Аҳмад ва Дора Қутний ривоят қилганлар.

Шарҳ: Тишни ва оғизни тозалаб юришга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Ўзбек-қирғиз халқининг муштарак ҳаёт йўли асрлар оша бардавомлик касб этаётганининг сабаблари кўп. Қон-қариндошлик, ўзаро дўст-биродарлик, савдо ва маданий ҳамкорлик икки халқ тақдирини туташтирган узилмас ришталардир.

Бугун Фарғона вилоятига Қирғизистон Республикасининг Боткен вилоятидан келган бир гуруҳ нуронийлар ташриф аввалидаёқ шу эзгу ҳақиқатни эътироф этишди.

Аввало, икки мамлакат Президентларининг дўстлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари, қолаверса, икки чегарадош вилоятлар раҳбарларининг муштарак ташаббуслари билан қардошларимизнинг Фарғона заминига саёҳати уюштирилди.
 
photo_2020-09-15_19-44-55.jpg
 
photo_2020-09-15_19-44-26.jpg

Дастлаб меҳмонлар Марғилон шаҳридаги Ҳунармандлар марказига ташриф буюрди. Азалдан асраб-эъзозланиб келинаётган, янада гўзал ва бетакрор сайқаллар билан бойитилиб, қадри улуғланаётган миллий матоларнинг яралиш жараёни кўпни кўрган нуронийларни ҳайратда қолдирди. Улар ипакнинг тайёрланишидан тортиб, миллий буюм ва либослар, нодир гиламларнинг дунёга келиши меҳнатсевар, ҳунарда моҳир ўзбек халқининг иқтидоридан, ижодкор юрагидан нишона эканлигини тўлқинланиб гапиришди.

– Миллий ҳунармандчилик Шарқ халқларининг алоҳида фахри ва ифтихоридир. Бу борада ўзбек халқига, унинг қўли гул усталарига ҳавас қилcа бўлади, – дейди делегация етакчиси, Қадамжой тумани депутатлар кенгаши раиси Ғуломжон Матажиев. – Фарғонани айнан мана шу манзилдан бошлаб зиёрат қилаётганимизнинг боиси ҳам шу. Аслида, ўзбек халқи ҳунари, меҳнатсеварлиги, қадриятларга бўлган юксак ҳурмати, меҳмондўстлиги, оилавий қадриятларнинг мустаҳкамлиги билан дунё халқлари учун ибрат тимсолига айлангани бизнинг ҳам ғуруримиз.

Меҳмонлар Рақамли технологиялар марказида миллий анъаналар асосида карнай-сурнай, нон-туз билан қарши олинди. Нуронийлар республикада иккинчи бўлиб очилган марказнинг фаолияти билан яқиндан танишишди.
 
photo_2020-09-15_19-45-01.jpg
 
photo_2020-09-15_19-44-32.jpg

Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” корхонасига саёҳат Фарғона саноат туризми ривожини кўрсатибгина қолмасдан, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини халқаро бренд даражасига етказаётган уста-ҳунармандларнинг бугунги орзу-мақсадлари меҳмонларда самимий ҳавас ҳиссини уйғотди.

– Бу миллий дўппиларни қирғиз қиз-ўғлонлари ҳам роҳат билан кийишган, – дейди Зуҳрахон она Абдураззоқова. – Ёшлигимизнинг энг гўзал дамларини атлас кийиб ўтказганмиз. “Ёдгорлик” мажмуасидаги миллий либос ва дўппилар ўша қадрдон йилларимизни ёдга солди ва ўзбек халқига бўлган меҳр-муҳаббатимизни янада оширди.

Марғилонликлар меҳмонларга миллий матолар тўпламларини ҳадя қилди. Шаҳардаги Пур Сиддиқ мажмуасига ташриф ҳам қирғизистонлик нуронийларнинг қалбига ажиб ҳарорат олиб кирди.
 
photo_2020-09-15_19-44-48.jpg

Меҳмонлар “Олтин водий” металл маҳсулотлари корхонасида ҳам бўлиб, Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб катта қувват билан ишга туширилган, ўз навбатида Фарғонанинг иқтисодий салоҳияти ифодасига айланаётган корхона фаолиятини кўздан кечиришди. Корхона раҳбари Эркинжон Юнусов 4 та ишлаб чиқариш мажмуаси билан таништирар экан, бу ерда ишлаб чиқарилаётган ўндан ортиқ турдаги металл маҳсулотларига Қирғизистон ҳам асосий харидор эканлигини таъкидлади.

Қадамжойнинг Оқтурпоқ қишлоғилик Абдусалом ота Қўлдошев асли Риштон туманида туғилиб, вояга етган. Унинг ота юртига ташрифи унутилмас, бахтли онларни туҳфа этди. Фарғона фарзанди ўзининг 37 йиллик дўсти, риштонлик Абдумутал Абдураҳимов билан шу бугун қайта кўришди.

Куннинг иккинчи қисмида нуронийлар Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройи, Фарғона туманидаги “Экокерама” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлдилар.
 
 
ЎзА

Кеча 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси вакилига таяниб, Kun.uz мухбири хабар берди.

«Қонун лойиҳаси қўшни давлатлар, яқин ва узоқ хориждаги диний вазиятни, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихи ва маданий-тарихий анъаналарини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган», дейилади хабарда.

Қайд этишилича, қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро меъёрлар талаблари, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари инобатга олинган.

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси 6 боб, 49 моддадан иборат бўлиб, бир қатор ўзгартиришларни ўз ичига олади. Лойиҳада «диний таркибий материаллар», «ноқонуний диний фаолият», «диний ташкилот» ва бошқа шу каби тушунчаларга таъриф берилган. Шунингдек, виждон эркинлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва тамойиллари ҳамда ушбу соҳадаги ваколатли давлат органларининг ваколатлари баён этилган.

Фракция йиғилишида иштирок этган Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиевнинг Kun.uz га билдиришича, мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 22 июндаги фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» ижросини таъминлаш доирасида ишлаб чиқилган.

«Қонун лойиҳасининг долзарблиги шундаки, ўтган давр мобайнида эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ вужудга келган янгича муносабатлар амалдаги қонун нормалари билан тўлиқ қамраб олинмаган. Соҳадаги кўплаб масалалар қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинмоқда. Масалан, амалдаги қонуннинг 14-моддаси таҳририй ўзгартиришлар билан кўчирилган.

Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролар (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги қоида бекор қилинмоқда, чунки ибодат либоси тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмас. Бундан ташқари, ишчи-ходимларнинг кийиниш маданияти ва ташқи кўриниши ҳар бир ташкилот ва муассасанинг ўзининг ички тартиб қоидалари билан тартибга солинади.

Давлат ташкилотлари ва муассасаларининг ички тартиб-қоидаларида ходимларнинг ўз хизмат вазифасини бажаришига унинг диний мансублиги таъсир қилмаслиги, ходимнинг ташқи кўриниши ва «дресс-коди»га тегишли аниқ талаблар динга боғламаган ҳолда кўрсатилиши лозим», дейди у.

Қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламент қуйи палатасига киритилган бўлиб, 49та моддадан (амалда 23та) иборат.

Ушбу қонун лойиҳаси 15 сентябрь куни қуйи палата ялпи мажлисида кўриб чиқилиши белгиланган.

Манба: kun.uz

Вторник, 15 Сентябрь 2020 00:00

Хатарлардан узоқ бўлайлик!

Эътироф этилган мазҳабларни инкор этиш (мазҳабсизлик) оқибатида Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан хоҳишга кўра ҳукм олиш келиб чиқади. Бу билан мазҳабни инкор қилувчилар ўзига хос ҳукм олиш йўлини “ихтиро” қилган бўлишади. Бу ҳол, ўз навбатида, янги мазҳабни даъво қилишдир. Бу ҳақда суриялик машҳур олим Муҳаммад Саййид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: “Мазҳабсизлик диндан чиқишга олиб борадиган кўприкдир”, деганлар.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ўзбошимчалик билан янги ҳукм чиқариш мусулмонларни куфрда айблаш, мусулмонлар қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (яъни, ҳукуматга қарши чиқиш), даҳшатга солиш, обод жойларни вайрон қилиш, фитна қўзғаш каби динимизда ман қилинган ишларга олиб бормоқда.

Мазҳабларни инкор этувчи бузғунчи оқимларда кузатилаётган фожеалардан, эътироф этилган фиқҳий мазҳаблар ва ақидавий таълимотларни тан олмаслик оқибатида келиб чиқадиган хатарлардан оммани огоҳ этиб туриш бурчимиздир.

1-хатар. Мусулмонни кофир дейиш.

Аҳли сунна ва жамоа уламолари наздида бирор мусулмонни кофирга чиқариш мумкин эмас. Бу (такфир) жуда оғир оқибатларга олиб келади. Халифалик замонларида пайдо бўлган хаворижлар биринчи бўлиб мусулмонларни куфрда айблаши натижасида бир қанча мусулмонлар, жумладан, Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу қатл этилдилар.

  1. Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ уламоларимиз бундай бузғунчи ғояларнинг диёримизга кириб келишига йўл қўйишмаган. Тўғри йўлдаги мусулмоннинг ақидаси қандай бўлиши лозимлиги ҳақида ақида китобларини ёзиб кетишган. “Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса. Имон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди, демаймиз” (“Ақидатут Таҳовий” матни).

“Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз” дегани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган барча нарсага имон келтириб, диннинг асосий рукнларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни катта ё кичик гуноҳ туфайли кофир деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.

Аллоҳ таоло катта гуноҳ қилган одамни мўминлардан ҳисоблаб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолса, дарҳол уларни яраштиринг” (Ҳужурот сураси, 9-оят), дея, охирида: “...мўминлар оға-инилардир. Оға-иниларингизни келиштириб қўйинглар...(Ҳужурот сураси, 10-оят) деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда айтади: “Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади” (Нисо сураси, 114-оят). Бу мўмин киши яхшилик қилса, ёмонликлари ўчирилади, деганидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу хусусда қуйидаги ҳадис собит бўлган: “Ким бизнинг намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса, қурбонлигимизни еса, у мусулмондир. Бизнинг фойдамиз у учун ҳам фойдадир ва бизга зиён нарса унга ҳам зиёндир” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳар қандай сўз ёки бузуқ иш куфрга далолат қилавермайди. Мусулмон кишини кофир деб ҳукм қилиш учун катта илм билан бирга ниҳоят даражада дақиқ тафтиш қилиш керак бўлади. Шу боис, такфир масаласи фақат муфтий ва қозилар ҳал қиладиган масалалардан ҳисобланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар бир киши биродарини “Эй кофир!” деса, батаҳқиқ бу сўзи иккисидан бирига қайтади. Агар айтганидек бўлмаса, унинг ўзи кофир бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

2-хатар. Мусулмонлар раҳбарларига қарши чиқиш.

Мусулмонлар раҳбарларига қарши чиқиш боғийликдир. Агар боғийлар ҳақ устидаги раҳбарга қарши чиққан пайтда ўлдирилса, уларга жаноза ўқимаслик ҳақида фуқаҳолар фатво беришган.

Таҳовийнинг ақида китобида қуйидагиларни ўқиймиз: “Подшоларимиз ва раҳбарларимизга қарши, гарчи зулм қилсалар ҳам, хуруж қилмаймиз, уларни дуоибад ҳам қилмаймиз. Уларга итоат этишни Аллоҳга итоат этиш жумласидан, яъни, фарз деб биламиз. Гуноҳ ишларга буюрсагина итоат этмаймиз. Уларнинг ҳаққига яхши дуолар қилиб турамиз” (“Ақоид” матнлари. Шайх Абдулазиз Мансур таржимаси).

Далил: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этинглар. Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этинглар!” (Нисо сураси, 59-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга исён қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга исён қилибди”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

3-хатар. Ноҳақ қон тўкиш.

“Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Мўмин кишини қасддан ўлдириш қул озод қилиш ё хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайдиган катта жиноят ва гуноҳдир. Мўмин мўминни қасддан ўлдириш бир айбсиз жонга қўшиб, имондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган дин қардошини ҳам ўлдиришдир. Шу боис ҳам қисқагина бир оятда бу жиноятчига бошқа ҳеч кимга тайин қилинмаган олий жазолар – жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига дучор бўлиш ва у  Зот тайёрлаб қўйган улкан азоб ваъда қилинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг тугашидан ҳам оғирроқдир”, деганлар.

“Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида сураси, 32-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаймиз; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз, амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўладиган амалларда, тўғри эътиқодда собитқадам қилсин!

Фаррух ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси мутахассиси

Top