www.muslimuz

www.muslimuz

Никоҳ бирор бир шахс ёки мансабдор тарафидан ўйлаб топилган маросим эмас. Ёки бирор бир давлат ё миллатнинг миллий урф одати, байрами ҳам эмас. Никоҳ бу – оламлар Раббиси бўлган Аллоҳ таолонинг бу дунёда то қиёматгача давом этадиган инсон наслининг кўпайиши учун ҳалол сабаб бўлган ягона воситасидир. Ер юзида қанчадан-қанча махлуқотлар, турли-туман мавжудотлар, неча миллиард инсонлар бор. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўз жуфтини топиб оила қуради, ўзидан авлод-зурриётлар қолдиради...

Аллоҳ таоло бандаларини никоҳга буюрди ва никоҳ сабабли уларга ўз хазинасидан беҳисоб мол дунёларни ҳам ваъда қилди. Хусусан, Нур сурасида шундай марҳамат қилди: “Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир” (Нур,32) Расулуллоҳ с.а.в. ҳам бир муборак ҳадисларида: “Серфарзанд, туғадиган аёлга уйланинглар, мен қиёмат кунида ўз умматларимнинг кўплиги билан фахрланаман”, дея айтганлар. Демак, инсон никоҳланар экан, аввало, Аллоҳ таолонинг амрини бажаргани учун ажр олса, иккинчидан, Расулуллоҳ с.а.в.нинг қиёмат кунидаги хурсандчиликларига сабабчи бўлгани учун алоҳида савоб олади. Булардан маълум бўладики, демак, никоҳ Аллоҳ тарафидан бизга берилган неъмат экан.

Минг афсуслар бўлсинки, бугун бу неъматга ношукрлик қилаётганлар, оила аталмиш мўътабар даргоҳни арзимас сабаблар ила барбод қилаётганлар тобора кўпайиб бормоқда. Бугун қайси ОАВлари фаолиятини кузатманг, барчасида оила муқаддаслигини тушунтириш, ажралишларнинг олдини олишга қаратилган чора тадбирлар, муаммонинг ечимларини излашга қаратилган кўрсатув ва эшиттиришлар, мақола ва маслаҳатларга кўзингиз тушади.

Бироқ шунча ҳаракатнинг таъсири ва ижобий тарафи кўпайиш ўрнига ажралишлар сони янада ортиб бораётгани  ачинарлидир. Касбимиз тақозоси билан кунда кунора оилавий жанжаллар ва яраштириш тадбирларида иштирок этаман. Оилавий жанжалларнинг сабаблари билан қизиққанимда эса уларнинг жудаям кўп қисми арзимаган икир-чикирлар, беҳуда гап-сўзлар ва асоссиз нарсалар оқибатида юзага келганига гувоҳ бўламан.

Ҳамма ушбу муаммонинг ечимини излаган, ҳар икки тарафга насиҳат қилган… Ҳар икки тараф ҳам айбни бир-бирига юклаган, бир-бирининг “камчилигини” юзига солган… Энг қизиғи айбдор “йўқ”… Ҳамма “оппоқ”… Гўёки бу икки ёшнинг никоҳ тўйини бу ота-оналар ўтказмаган, аёллар тоғора кўтариб қизникига совчиликка бориб, “қулчиликка келдик айланай”, дея бўлажак келиннинг қўлини сўрамаган… Гўёки йигит ва қиздан розилик сўралмаган, улар ўз тўйида иштирок этмаган, бахтдан сархуш бўлиб еттинчи осмонда учмаган. Жажжигина чақалоғини эса шунчаки,  “лайлак ташлаб кетган…” Ҳеч ким, ҳа, ҳеч ким! бирор яхши кун ва ширин хотирани эсламайди. “Айбдор” фақат бу икки ёшни бир-бирига ҳалоллаб никоҳ ўқиган имом домла, маҳалла оқсоқоли, участка нозири ва маҳаллий ҳокимият вакиллари… жудаям ачинарли ҳолат.

Хўш, нега бунчаликка боряпмиз? Наҳотки, никоҳ аталмиш бу иноятнинг, оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг биз учун қадри шунчалар паст бўлса! Нега бу ажримга икки хонадон вакиллири совуққонлик ила қарамоқдалар? Аллоҳнинг Аршини ларзага келтирувчи талоқ деган сўзнинг оғиздан чиқиши эркаклар учун оддий ҳолатга айланмоқдами? Бундай хунук оқибатларни олдини олишнинг чораси нима?

Маслаҳатгўйлар кўп. Фикрлар ва маслаҳатлар турли хил. Кимдир қайнонани айбдор қилса, кимдир ёшларнинг хаётга жиддий тайёр эмаслигини сабаб қилади. Яна кимдир оилада сўзи ўтмай қолган қайнотани айблайди.

Барчанинг фикрида жон бор. Ҳамманинг мулоҳазаси ўринли. Бироқ асосий сабаб булар эмас. Калаванинг учи бошқа тарафда.  Муаммога ечим излаш учун эса асосий сабабни топиш муҳим. Асосий сабаб эса иккита катта хатодир. Булар  қуйидагилар:

  1. Инсонларнинг жудаям кўпчилиги никоҳдан кўзланган асосий мақсадни унутиб қўйдилар. Икки жуфтнинг бир-бирига никоҳланишидан кўзланган энг асосий мақсад бу – Расулуллоҳ с.а.в.нинг битта суннатларини ҳаётга татбиқ қилиш орқали Аллоҳ таолонинг розилигини топиш эди. Демак, никоҳ – уни қоим қилиш орқали охират яхшиликлари талаб этиладиган ибодатдир. Бироқ бугунги кунимизда никоҳ биз учун фақат дунё манфаатлари кўзланадиган, дунёнинг зеб-зийнатлари жалб қилинадиган маросимга айланиб қолди гўё. Икки ёшнинг никоҳидан келадиган манфаатдан ҳамма умидвор. “Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр”, дея орзу ҳавасларини чегаралай олмасдан сарполи келинни кутаётган қайнона ва қайноталар, қимматбаҳо сарполар, данғиллама уй-жой ва қайнота совға қиладиган машинадан умидвор бўлганча қуда-тарафдан сюпризлар кутаётган келин- куёвлар… хуллас, “ Қассобга ёғ қайғуси, эчкига жон қайғуси ”, дегандек, ҳар кимнинг орзуси ҳар хил.

Хуллас, никоҳ тўйини бошлашдан олдинги биринчи қадам нотўғри қўйилди. Ҳар икки тарафнинг ният ва мақсадлари ҳам Аллоҳнинг розилиги устида бирлашмади. Аллоҳ таолонинг розилиги кўзланмаган ҳар қандай ишда эса, нафс ва шайтон ғолиб бўлади. Ривоят қилинадики: “Бир солиҳ тақводор киши йўлда кетиб бораркан, инсонларни бир дарахтнинг атрофида айланиб, уни тавоф қилиб, унга ибодат қилаётганликларини кўрди. Бу ҳолдан ғазабланганча изига қайтди. Мақсади уйидан болта олиб келиб, ширк ва маъсиятга сабаб бўлаётган бу дарахтни чопиб ташламоқчи эди. Йўлда унга иблис инсон қиёфасида рўбарў келди ва ундан сўради: “Нега бунча ғазабланган ҳолда кетмоқдасан?” Киши воқеани айтиб берди. Иблис: “ Одамлар билан нима ишинг бор, сен уларнинг ишига аралашма”, дея унинг йўлига ғов бўлмоқчи бўлди. Ҳалиги киши эса  иблисни роса дўппослади. Кишини куч билан енга олмаслигини билган шайтон энди ҳийла йўлига ўтди. Айтдики: “Агар сен дарахтни кесиш фикридан қайтсанг, сенга ҳар куни икки тиллодан бериб тураман”. Кунига икки тилло васвасаси кишини ўйлантириб қўйди ва иккиланганча сўради: “Сўзингнинг рост эканлигига қандай ишонаман?” Иблис: “Ҳар тонг уйғонганингда ёстиғинг остидан икки тилло топасан”, деди. Киши қайтиб кетди. Иблис айтганидек, эрта тонгда уйғонар ва ёстиғи остидан икки тиллони олар эди. Бу ҳол бир неча кун давом этди. Бир куни тонгда уйғонган киши айтилган жойдан иблис ваъда қилган тиллоларни топмади ва ғазаб отига минганча, дарахтни чопиб ташлаш учун болта кўтариб йўлга тушди. Йўлда эса яна шайтонни учратди ва унга деди: “Сен ўз ваъдангда турмадинг, мен энди бу ширк дарахтини чопиб ташлайман”. Иккаласининг орасида бошланган жанжал  кишининг мағлуб бўлиши билан якунланди. Шунда иблис: “Эй инсон, сен ўтган сафар дарахтни кесмоқчи бўлиб кетаётган пайтингда ниятинг холис эди. Бу ишингни фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилмоқчи эдинг. Аллоҳ ва унинг фаришталари ҳам сенга ёрдам бериш учун ҳозир эдилар. Шунинг учун курашда сени енголмагандим. Сўнгра, сени мол дунё билан васваса қилгандим. Бугун эса сен бу жойга тиллолардан айрилганинг учунгина, дунё матоҳининг аламини олиш учун келдинг. Шунинг учун сени енгиш менга қийин бўлмади. Сабаби бугун сенда Аллоҳ таолонинг нусрати йўқ. Агар дарахт сари яна бир қадам қўйсанг, бўйнингни узиб ташлайман”, деди. Ноилож қолган киши ортига қайтиб кетди”.  Ушбу воқеани ҳужжат билан қувватлаш учун асри саодатга назар ташлаймиз. Расулуллоҳ с.а.в. ҳазрати Абу Бакр р.а. билан Макка мушрикларидан қочиб Савр ғорига беркинган пайтларини эсланг. Ўшанда мушриклар ғорнинг оғзига бордилар ва бир муддат уёқ-буёққа қараганларидан сўнг ортга қайтиб кетдилар. Шунда Абу Бакр р.а.: “Ё Расулуллоҳ, агар улар шундоқ оёқларини остига қарашганда бизни кўрар эдилар”, деганларида, Росулуллоҳ с.а.в. хотиржамлик билан: “Эй Абу Бакр, учинчи шериги Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида қандай фикрдасиз?” деган эдилар.

Демак, никоҳдан кўзланган энг асосий мақсад Аллоҳ таолонинг розилиги бўлса, ушбу икки жуфтликнинг учинчи шериги ҳам Аллоҳ таолонинг ўзи бўлади. Аллоҳнинг Ўзи шерик бўлган оила эса шубҳасиз мустаҳкам бўлади.

  1. 2. Аллоҳ таоло айтади: “Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Рум,21). Ушбу оятда Аллоҳ таоло эркак ва хотиндан иборат икки жуфтликка икки нарсани ваъда қилмоқда. Улар севги ва марҳаматдир. Шубҳасизки, Аллоҳ таолонинг ушбу икки ваъдаси никоҳ орқали бирлашган жуфтликка ато қилинади. Шу ўринда савол туғилиши мумкин. Нега энди Аллоҳ таоло севги ва марҳамат ато қилган эр-хотин урушиб жанжаллашади, бир-биридан ажралиб кетади? Бунинг жавоби эса оддий. Айтганимиздек, севги ва марҳамат фақат никоҳ сабабли қоим бўлади. Модомики, эр ва хотин никоҳ аталмиш муқаддас риштага нуқсон етказмас эканлар, уларнинг ораларидаги меҳр-оқибат, севги ва марҳамат мустаҳкам туради. Муқаддас никоҳ риштасининг боғланиши учун эса, энг катта шарт бу – иймон калимасидир. Яъни, эр ва аёл ҳам иймонли бўлиши керак. Бандада иймон мукаммал бўлса, унинг устида воқе бўлган никоҳ ҳам мустаҳкам бўлади. Никоҳ мустаҳкам бўлганда эса Аллоҳнинг ваъдаси севги ва марҳамат мустаҳкам бўлади. Агар эр ёки хотиндан бири илмсизлик ёки қасддан иймонини нуқсонга учрашига сабаб бўладиган сўз ёки амалларни бажариб қўйса, иймонга зарар етади. Иймонга етган зарар эса тўғридан-тўғри никоҳга зарар етказади. Айни пайтда, никоҳга етган зарар эр-хотин орасидаги севги ва марҳаматни барбод қилади.  Бу икки хислат бўлмаган жойда уруш-жанжаллар, тушунмовчиликлар, зиддиятлар, алалоқибат, ажралишлар вужудга келади.

Демак, оила мустаҳкам бўлиши учун энг аввало ниятни тўғри қилайлик. Қизини узатмоқчи бўлган ота-оналар Ҳасан Басрийнинг ушбу сўзини эсласинлар: “Қизингизни Аллоҳдан қўрқадиган йигитга беринг. Агар севса, ардоқлайди. Агарчи, севмаган тақдирда ҳам зулм қилишга Аллоҳдан қўрқади”.

Ўғлини уйламоқчи бўлган ота-онанинг асосий мақсади эса Расулуллоҳ с.а.в.нинг ушбу сўзлари бўлиши керак: “Ким бир фарзанд кўрса, унинг исмини ва одобини чиройли қилсин. Агар балоғатга етса уни уйлантириб қўйсин. Агар фарзандини уйлаб қўймаса ўша фарзандга етган ҳар бир гуноҳдан отасига ҳам улуш етиб туради” (Байҳақий).

Ўзига бир умрлик жуфти ҳалол, фарзандларига бўлажак она танлаётган йигит ҳам Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ушбу насиҳатларини эсласин: “Аёл киши тўрт нарсаси учун никоҳланади: моли учун, насаби учун, чиройи учун ва диёнати учун. Барака топгур, сен диёнатлисини танлагин” (Абу Довуд ва Насоий).

Уйлангандан сўнг Аллоҳ таолонинг: “Улар (аёллар) билан тинч-тотув яшанглар”, (Нисо,19) деган амрини ва Расули акрам с.а.в.нинг: “Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир” (Термизий) деган сўзлари ҳамда ҳажжатул вадоъдаги: “Аёлларингиз тўғрисида Аллоҳдан қўрқинглар. Чунки сизлар уларни Аллоҳнинг омонати ўлароқ олдиларинг, улар Аллоҳнинг сўзлари билан сизларга ҳалол қилинди”, деган муборак васиятлари асосида яшасинлар.

Жажжи қизалоғи дунёга келганда унга атаб олинган сандиққа келинлик сепларини йиғаётган ота-оналар ҳам бугун келинлик остонасида турган қизларига Пайғамбаримизнинг аёлларга айтган ушбу сўзларини энг катта сарпо сифатида қўшиб берсинлар: “Агар бировни бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинларни  эрларига сажда қилишга амр қилган бўлур эдим” (Термизий) ва яна: “Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотнинг номига қасам ичиб айтаманки, аёл киши то эрини рози қилмагунича Аллоҳни рози қила олмайди”, деган қасамларини ҳамда улуғларимизнинг: “Қайси аёл эрига исён қилади?”, дея берилган саволга: “Жаннатдан умидини узган аёл”, дея берган жавобларини ҳам эслатиб қўйсинлар.

Хуллас, икки ёш ва уларнинг никоҳи устида турган масъулларнинг ниятлари фақат Аллоҳ таолонинг розилиги устида бирлашса, ҳар бир инсон ўз масъулияти тўғрисида Худодан қўрқса ва бир-биридан шариат талаб этганидан ортиқ нарсани талаб қилмаса, энг асосийси, иймон деган неъматга гард юқтириб қўймаса, оилалар тинч ва хотиржам, ҳаётимиз эса янада фаровон бўлади.

Р. МАРҲУМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-хатиби

 

Суббота, 04 Август 2018 00:00

Моҳир камончи саҳоба

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг туғилган йиллари манбаларда ҳижратдан 23- ёки 27-йил олдин деб кўрсатилади. Бу милодий ҳисобда 595 ёки 599 йилга тўғри келади.

Саъд розияллоҳу анҳу мерганлик ва камондан ўқ узиш бўйича ўта моҳир саҳоба эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни у кишига “От, эй Саъд, ота-онам сенга фидо бўлсин, от!” деганлар. Али розияллоҳу анҳу “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъддан бошқа одамга бу гапни айтганларини эшитмаганман” деганлар.

Ислом динига энг аввал кирган саҳобалардан бири эдилар.

Саҳобаларнинг ичида паҳлавонлиги, қўмондонлик салоҳияти борлиги, мерганлиги, дуоси тез қабул бўлиши билан машҳур эдилар.

Форслар ўлкасининг фатҳ қилинишига сабаб бўлган Қодисия, Мадоин жангларида қўмондон бўлганлар.

Куфага биринчи волий бўлганлар. Умар розияллоҳу анҳу у кишини Куфага волий этиб тайинлаганлар.

Муҳожир саҳобалардан Мадинада энг охири вафот этган киши шу зот эдилар.

У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қўриқлаб юрган зотлардан бири эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд розияллоҳу анҳу келганларида, “Бу менинг тоғам. Бирор киши ўз тоғасини кўрсатсинчи” деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ё Аллоҳ! У Сенга дуо қилганда, дуосини ижобат қилгин!” деб дуо қилганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд розияллоҳу анҳунинг пешоналарига қўлларини қўйганлар. Кейин юзларини, кўксиларини ва қоринларини силаб, “Ё Аллоҳ, Саъдага шифо бергин!” деб дуо қилганлар. Кейинчалик Саъд розияллоҳу анҳу бу воқеани эслаб, “Ҳозиргача у зот алайҳиссаломнинг қўллари тафтини кўксимда ҳис қиламан” деганлар.

Саъд розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин янги раҳбар танлаш борасидаги Маслаҳат Кенгашининг аъзоси бўлганлар.

У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча ғазотларда иштирок этганлар.

Уҳуд куни кўпчилик ортга чекинган пайтда жойидан қимирламай, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида туриб, у зот алайҳиссаломни қўриқлаган кам сонли саҳобалардан бири эдилар.

Саъд розияллоҳу анҳу Макка фатҳи куни муҳожирларнинг учта байроқларидан бирини кўтариб борган зот эдилар.

У киши тириклигида жаннати эканлигини эшитган бахтиёр инсонлардан бири эдилар.

Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад каби муҳаддислар Саъд розияллоҳу анҳудан кўплаб саҳиҳ ҳадислар ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Умар, Оиша бинт Абу Бакр, Абдуллоҳ ибн Аббос, Соиб ибн Язид, Жубайр ибн Мутъим, Жобир ибн Абдуллоҳ, Мисвар ибн Махрама, Абдуллоҳ ибн Омир, фарзандлари Омир, Умар, Муҳаммад, Мусъаб, Иброҳим, Саъид ибн Мусаййиб, Абу Усмон Наҳдий, Амр ибн Маймун, Аҳнаф ибн Қайс, Алқама ибн Қайс, Иброҳим ибн Абдураҳмон ибн Авф, Абу Абдураҳмон Суламий, Мужоҳид, Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳум каби кўплаб зотлар у кишидан ҳадис ривоят қилишган.

Вафотларидан олдин юнгдан бўлган кийим (жубба)ларини олиб келишни буюрганлар. Олиб келишгач, “Мени шунга кафанланглар. Чунки, Бадр ғазоти куни душманга рўбарў бўлганимда, устимда шу кийим бор эди. Кафаним бўлсин деб шу кунгача сақлаб қўйгандим” деганлар.

Ҳижрий 55-йилда, милодий 674 йилда, Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу даврида вафот этиб, Мадинада дафн этилганлар.

Суратда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг машҳур камонлари бўлиб, ушбу камон Мадинаи мунавварадаги “Ҳижоз темир йўли” номли музейда сақланади.

Аллоҳ таоло Саъд ибн Абу Ваққосдан рози бўлсин!

 Интернет материаллари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Бугун, 3 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан Макка шаҳрида бўлиб турган ўзбекистонлик зиёратчилар билан суҳбатлар ўтказишди. Йиғилиш аввалида Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, ҳаж сафари муваффақиятли ўтишини тилаб, дуолар қилинди. 

Муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қаторида муборак ҳаж сафарини намунали ўтказиш борасида бир қатор хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётганини гапириб бердилар. Шунингдек, ҳаж улуғ ибодат экани, бундай улуғ шарафга етказаётгани учун Аллоҳ таборака ва таолога шукроналар келтириш, ҳар бир зиёратчи ҳожилик мақомига етишиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб ва ниҳоятда оҳисталик билан ҳаркат қилиши зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Мана шундай сифатларга эга бўлган ҳожи Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат қилганларидек, “Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдир” деган улуғ мақомга эришишини баён қилдилар.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, “Ҳаж-2018” мавсуми ишчи гуруҳи раиси Нуриймон Абулҳасан сўзга чиқиб, зиёратчиларимиз риоя этиши лозим бўлган тартиб-қоидалар, уларга кўрсатилаётган хизматлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Тиббиёт гуруҳи раҳбари Алишер Саатов эса зиёратчилар диққат қилиши лозим бўлган тиббий масалалар ва саломатликларини сақлаш йўлида амал қилиши лозим бўлган тавсияларни берди.

Йиғилиш якунида зиёратчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

“Ҳаж – 2018” ишчи гуруҳи

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳри деб улуғланадиган Мадинаи мунавварага етиб келган ҳамюртларимиз ушбу қутлуғ шаҳардаги табаррук қадамжоларни зиёрат этишмоқда. Ватандошларимиз дастлаб Уҳуд тоғига чиқиб бу ерда шаҳид бўлган саҳобалар қабрларини зиёрат этиб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилдилар. Бу улуғ тоғ муборак макон саналади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уҳуд тоғи бизни яхши кўради ва биз ҳам уни яхши кўрамиз”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).


Сўнгра Қиблатайн масжидига келиб икки ракат намоз ўқишди. “Қиблатайн” дегани “икки қиблали” деган маънони англатади. Ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Бани Саълама қабиласидаги Умму Бишр розияллоҳу анҳони зиёрат қилгани борган эдилар. Умму Бишр Пайғамбаримизга овқат тайёрлаганлар ва ўша ерда пешин вақти кирган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалари билан икки ракатни ўқиб бўлганларида, у зотга Аллоҳ таоло тарафидан Каъбага юзланиш буйруғи келган ва у зот ўша заҳоти Каъбага юзланганлар, ана шундан бу масжид “Масжидул-Қиблатайн” деб номланиб қолган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким уйида таҳорат қилиб, Қубо масжидига келиб намоз ўқиса, умранинг савобини олади”, деб марҳамат қилганлар. Юртдошларимиз ана шу ҳадиси шарифга амал қилиб, чиройли таҳоратлар олиб, хушбўйликлар сепиб, покиза ҳолда Қубо масжиди зиёратига келиб, бу ерда ҳам икки ракатдан намоз ўқидилар.


Қубо масжиди Мадинаи мунавварада қурилган дастлабки масжиддир. Бу масжидни Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Тавба сурасида зикр қилган:
لاَ تَقُمْ فِيهِ أَبَداً لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ
“Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир” (108-оят).


Зиёратлар чоғида гуруҳ раҳбари бўлган имом-домлаларимиз зиёратчиларимизга Уҳуд тоғида мусулмонларнинг мушриклар билан қилган шиддатли жанги, Қиблатайн ва Қубо масжидларининг тарихи ҳақида сўзлаб бердилар.


Бу муборак жойларни кўрган, Пайғамбаримизнинг муборак қадамлари теккан заминда юрганига севиниб кўзларига ишона олмаётган, уларнинг ибратли ўтмишидан хабардор бўлган отахону онахонларнинг қувончлари чексиз бўлиб, қалблари тўлқинланиб, имон-эътиқодлари янада зиёда бўлди.

Уларнинг лаблари тинимсиз пичирлаб, Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбар алайҳиссаломга дуруду салавот, шундай муборак жойларга етиб келишларига шароит яратиб берган муҳтарам Президентимизга ва барча мутасаддиларга раҳматлар айтишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 02 Август 2018 00:00

Ҳаж масаласи: кеча ва бугун

 

Ўлкамиз мусулмонлари ҳаётидаги энг қоронғу саҳифаларидан бири Собиқ Иттифоқ даврида юртдошларимизнинг ҳажга боришдан тўсилганлари ҳисобланади.

Маҳаллий ва хорижий олимлар, дипломатлар, диний арбоблар томонидан бу борада олиб борилган тадқиқотлар жиддий хато ва нотўғри далилларга эга.

И.В.Сталин давлатнинг ислом дини билан бўладиган муносабатларининг асосий йўналишида сиёсатни қатъийлаштирди, совет ҳокимиятини кучайтиришга эътиборини қаратди. Шунинг учун Маккага совет мусулмонларининг оқими аста-секин камайди ва 1930 йилларнинг бошида тўхтади.

Тарих фанлари доктори, профессор В.В. Наумкиннинг айтишича, 1932 йилда совет мусулмонларидан ҳажга борувчилар йўқлиги учун Риёз жиддий ташвишга тушган. Бироқ Москва ўз ҳамкорларини бу иш ҳажга борувчиларнинг ўзларига боғлиқ масала деб ишонтиришга ҳаракат қилган ва Совет ҳукуматининг бу ишга ҳеч қандай алоқаси йўқ деган.

Н. Тўрақулов (1928 - 1932 йилларда Ҳижозда бош консул, 1932 - 1936 йилларда эса, Совет Иттифоқининг Саудия Арабистонидаги вакили бўлган) “Икки мамлакат ўртасидаги шартноманинг хулосалари вақфлар ва зиёратчилар муаммосини ҳал қилиш билан боғлиқ эмаслигини таъкидлайди” деган.

Арабларнинг Собиқ Иттифоқдан ҳожиларнинг келишини тўхташ сабаблари ҳақидаги саволларига Н.Тўрақулов Иттифоқнинг обрў-эътиборини сақлаб қолиш мақсадида “Бу Босфор ва Дарданелл бўғозлари орқали зиёратчиларни олиб ўтиш учун кемаларни бермаган француз ва инглизларнинг айблари”, деб жавоб берди.

Эҳтимол, 1930 йилда ёки 1931 йилда ҳаж мавсумида Саудияда бўлган охирги совет фуқароси Н. Тўрақулов бўлиши мумкин.

Архив ҳужжатларини излаш ишлари 1944 йилдаги ҳаж мавсумининг тафсилотларини очиб берди. Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раиси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон шу йилнинг 25 август куни ҳажга юбориш ҳақида Собиқ Иттифоқ Дин ишлари бўйича кенгаш раиси И.В. Полянский номига талабнома ёзди.

И.В. Полянский ҳужжатни ўрганиб, В.М. Молотовга мурожаат қилди. Шундай қилиб Ўрта Осий ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг илтимосини қониқтиришга кўрсатма берилди ва қуйидаги шарт қўйилди: Собиқ Иттифоқ ҳудудида обрў-эътиборга эга бўлган, Иттифоқнинг Яқин Шарқдаги обрўсига хизмат қиладиган 6 нафар зиёратчининг (Ўзбекистондан 4 та, Тожикистондан 1 та, Қозоғистондан 1 та) боришига рухсат берилади.

Шундай қилиб 6 нафар кишиларга рухсат берилди ва 1944 йил 7 ноябрь куни бу олти киши: Солиҳов Мурод Хўжа, Абдулхайиров Жанабай, Юсупов Абдулмажид, Муҳсинов Муҳаммадали, Соттиев Исмоил Махдум, Абдуллаев Борилар Тошкентдан Туркманистон ташқарисига олиб чиқилдилар. Совет-Эрон чегарасидаги Гавдан номли назорат пунктида паспорт назоратидан ўтдилар.

Мана шу тарзда йиллар давомидаги таъқиқлардан сўнг 1944 йилдан бошлаб, ҳаж каби муҳим воқеа Собиқ Иттифоқдаги мусулмонлар ҳаётида ҳақиқатга айланди, аммо ҳар йили кам сонли шахсларгина борарди.

Душанбелик илмий ходим А.Х.Назаров шундай ёзади: “Баъзи хабарларга кўра, ҳар йили 20-25 кишигина ҳаж қила оларди. Бироқ архив ҳужжатларининг тўлиқ таҳлилига кўра, 1980 йилларнинг охирига қадар Иттифоқдан ҳажга жуда кам сонли кишилар борган.

Иттифоқи Комиссияси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг талабига кўра, 1954 йилда махсус ажратилган йўловчи самолётида 21 нафар одамни Москва - Симферополь - Анқара - Байрут - Қоҳира - Луксор – Жидда йўналишида ҳажга юборган.

Фақатгина 1990 йилга келиб, Иттифоқдан тахминан 1500 нафар зиёратчи, 1991 йилда тахминан 2500 нафар зиёратчи ҳажга борган. Бу эса 1945 йилдан то 1989 йилгача бўлган даврда ҳажга борган зиёратчилар сонидан кўпдир.

Ўзбекистон Республикаси истиқлолга эришган кундан бошлаб инсон ҳуқуқларини кафолатлаш ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари ҳукуматимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда диний қадриятларни тиклаш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, беназир илмий меросимизни ва меъморий обидаларни асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Шунингдек, республика фуқароларига муқаддас шаҳарларни зиёрат қилиш учун ҳам қулай шароитлар яратилди. Истиқлолгача саноқли кишилар муборак зиёратларга бориш бахтига муяссар бўлган бўлсалар, мустақиллик йилларида минглаб фуқароларимиз умра ва ҳаж сафарларига боришга муваффақ бўлмоқдалар.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2006 йил 26 август кунидаги Фармонига асосан тузилган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши зиёратчилар учун янада қулай шароитлар яратиб бериш, ҳаж ва умра сафарларини намунали ташкил этиш борасида самарали фаолият олиб бормоқда. 

Шу ўринда мамнуният билан айтиш лозимки, сўнгги йилларда ҳаж зиёратига бориш истагини билдирганларнинг сони ошиб бораётганини эътиборга олиб, 2017 йилдан ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳаж квотаси 7200 нафар қилиб белгиланди (илгари бу кўрсаткич 5200 нафар эди).

Юртимизда ҳаж ва умра сафарларини ташкил қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, ўзбекистонлик ҳожилар учун йўл ҳужжатларини расмийлаштириш, сафар харажатларини тўлаш, меҳмонхонага жойлашиш, овқатланиш, тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ барча муаммолар бартараф қилинган. Бу борада ҳукуматимизнинг беқиёс кўмагини алоҳида эслаб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, жумладан, уларнинг муборак ҳаж амалларини адо этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида мунтазам ғамхўрлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Муборак ҳаж зиёратига борувчиларга ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қарори ана шу эзгу мақсадларга қаратилган. Бунда Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон ҳаво йўллари ва бошқа кўпгина мутасадди ташкилотлар беғараз ёрдамлари билан яқиндан кўмак бермоқдалар.

Зиёратчилар Ҳаж амалларини бажаргани Саудия Арабистонига боришлари ва у ердан юртимизга қайтиб келишлари учун Boeing-767 самолётлари хизмат қиляпти.

Ошхона, меҳмонхона, тиббий хизматлар юқори даражада ташкил этилмоқда. Олдинлари таомлар ертўлаларда тарқатиларди. Ҳозир эса катта-катта ошхоналарда тарқатилмоқда.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, муборак Ҳаж зиёратига бораётган юртдошларимиз учун Макка ва Мадина шаҳарларида барча шароитлар муҳайё қилинди. Ушбу Қарор муқаддас ислом динининг фарз амалларидан бири бўлган Ҳаж ва Умра зиёратларини юқори савияда ташкил этишда муҳим аҳамият касб этяпти.

Бир неча йиллардан бери Ўзбекистон ҳаж ишчи гуруҳининг 10 нафари Саудия Арабистонинг Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларни муносиб кутиб олишга пухта тайёргарлик кўриш ишларини амалга оширишмоқда. Жумладан, Мадина шаҳридаги ҳожиларимиз жойлашадиган “Жавҳарат ар-Рашид” номли меҳмонхонада барча шарт-шароитлар муҳайё қилиб қўйиляпти.

Макка шаҳрида ҳам зиёратчиларимиз учун ажратилган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида кенг имкониятлар қилиб берилмоқда.

“Ал-Ҳидоя” ҳамкор ширкати раҳбарияти билан Ўзбекистон ишчи гуруҳи вакиллари ўртасида мулоқотлар ўтказилиб, барча қилинадиган ишлар келишиб олиниб, ҳамкор ширкат раҳбарлари томонидан мавсумни муваффақиятли ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилиб, бошқа зарурий чоралар кўрилмоқда.

Бу ҳам юртимиз мўмин-мусулмонларига бўлган эътиборнинг яққол намунасидир.

Шу ўринда, бу йил ҳожиларимиз Макка шаҳрида қўним топадиган меҳмонхона ҳақида икки оғиз сўз: қуриб битирилиб, юртимиз зиёратчиларига хизмат кўрсатишга топширилган замонавий ва осмонўпар меҳмонхона, мана уч йилдир-ки, Ҳаж мавсумида фақат ўзбекистонлик зиёратчилар хизматида. Ушбу меҳмонхона Макка шаҳрининг «Азизия» даҳасидаги кўркам, 23 қаватли, ҳашаматли «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонасидир. Айни кунда, зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхона тоза ва озода ҳолга келтирилиб, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Ушбу қўнимгоҳ жуда ҳашаматли бўлиб, Макка шаҳрининг узоқ-узоқ чеккаларидан ҳам кўриниб туради.

Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. У ерда янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган бўлиб, кўчадан чарчаб келган одам учун салқинланиб олишга мўлжалланган.

Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, ҳар бирига 21 нафардан одам сиғдира оладиган бир нечта лифтлар мавжуд. Бу лифтлар шундай дастурланган-ки, битта тугма босилса, сиз турган жойга энг яқин лифт дарров етиб келиб, истаган қаватингизга олиб чиқади.

Ҳар бир хона 4 кишига мўлжалланган бўлиб, ётоқхонада ҳали охори тўкилмаган кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиб ўтириш мумкин.

 

Шунингдек, ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич ҳам мавжуд. Хоналар ўзгача дид билан безатилган. Маккадаги Ҳаж ишлари бўйича ҳамкорларимиз айтганидек: «Мақсад – ҳожилар роҳатлансин!». Меҳмонхона маъмурияти меҳмонхонанинг 2-қаватида жойлашган. Сабаби, 2-қават барча биноларда масжид ва ишчи хоналардан иборат қават ҳисобланади. Ишчи гуруҳи томонидан меҳмонхонанинг 1 ва 3-биносининг масжид қаватида тиббиёт бўлими ва 3-бинонинг шу қаватида Ўзбекистон Ишчи гуруҳи штаби ташкил этилди. Тиббиёт бўлими ҳам керакли ўриндиқ ва ётоқ мебеллари билан таъминланди.

Бир сўз билан айтганда, бу йил ҳам олдинги йиллар сингари зиёратчиларимизга барча шарт-шароитлар, қулайликлар муҳайё қилинган, фақат зиёратчиларимиз у ерга бориб жойлашгач, шарт-шароитлар шукронасини қилиб, чиройли, кенг ва озода хоналарга жойлашиб, ибодат ҳаловатини тотиб, юртимиз, Президентимиз, халқимиз ҳақига дуои хайрлар қилишлари қолди, бу эса, нақадар улкан бахт эканини юракдан ҳис қилиб турибмиз!

Олдинлари зиёратчилар Жиддага бориб, у ердан автобусда Мадинага бориб, кейин яна Маккага автобусда қайтиб келишарди. Ҳозир эса зиёратчиларимиз тўғри Мадинага бориб, ердан автобусда Маккага қайтиб келишмоқда.

Олдинлари автобуслар эски бўлиб, аксари йўлда балони ёрилиб, мотори қизиб кетиб, кўп ноқулайликлар юзага келарди. Ҳозирги пайтда ҳожиларимизга янги русумдаги, кўп қулайликларга эга бўлган, узоқ йўлларга мўлжалланган автобуслар хизмат кўрсатмоқда.

Олдинлари ошпазлар, шифокорлар кам эди. Ҳозирга келиб ошпазларимиз ва шифокорларимиз етарлича.

Ўзбекистондан ҳаж ибодатига борган юртдошларимиз бошқаларга нисбатан барча шароитларнинг кенглиги билан ажралиб турадилар.

Бундан ташқари бир неча йиллардан бери юртдошларимиз Саудия Арабистони қироллиги томонидан “Энг намунали ва тартибли ҳожилар” дея эътироф этиб келинмоқда.

Буларнинг барчаси президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу борада олиб бораётган ислоҳотлари, ҳукуматимиз сиёсати, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳаж масаласини ташкил этиш соҳасидаги беқиёс хизматларининг натижасидир.

Шу ўринда, Ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимизни Аллоҳ таоло ибодат ва дуоларини қабул қилиб, сафарларини бехатар айласин, деймиз!

  

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Котибият бўлими

 

Top