Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Макка шаҳридаги зиёратчилар билан учрашди

Бугун, 3 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан Макка шаҳрида бўлиб турган ўзбекистонлик зиёратчилар билан суҳбатлар ўтказишди. Йиғилиш аввалида Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, ҳаж сафари муваффақиятли ўтишини тилаб, дуолар қилинди. 

Муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қаторида муборак ҳаж сафарини намунали ўтказиш борасида бир қатор хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётганини гапириб бердилар. Шунингдек, ҳаж улуғ ибодат экани, бундай улуғ шарафга етказаётгани учун Аллоҳ таборака ва таолога шукроналар келтириш, ҳар бир зиёратчи ҳожилик мақомига етишиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб ва ниҳоятда оҳисталик билан ҳаркат қилиши зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Мана шундай сифатларга эга бўлган ҳожи Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат қилганларидек, “Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдир” деган улуғ мақомга эришишини баён қилдилар.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, “Ҳаж-2018” мавсуми ишчи гуруҳи раиси Нуриймон Абулҳасан сўзга чиқиб, зиёратчиларимиз риоя этиши лозим бўлган тартиб-қоидалар, уларга кўрсатилаётган хизматлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Тиббиёт гуруҳи раҳбари Алишер Саатов эса зиёратчилар диққат қилиши лозим бўлган тиббий масалалар ва саломатликларини сақлаш йўлида амал қилиши лозим бўлган тавсияларни берди.

Йиғилиш якунида зиёратчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

“Ҳаж – 2018” ишчи гуруҳи

3855 марта ўқилди

Янгиликлар

Top