muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Саудия Арабистонига ташрифи давомида 4 май куни Мадина шаҳрига борди, деб хабар «Дунё» АА.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълум қилишича, делегация аъзолари бир қатор саноат ва маданият масканларида бўлди. Жумладан, бизнес-инкубаторга ташриф давомида аҳолини ҳунармандчилик ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича Саудия Арабистони тажрибаси ўрганилди. Шунингдек, Пайғамбаримизнинг ҳаёти ва Ислом цивилизацияси халқаро музейи зиёрат қилинди. У ерда Саудия Арабистони томони маданий ва тарихий меросни тарғиб қилишда инновациялар ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича эришилган ютуқларни тақдим этди.

Шунингдек, ташриф чоғида Мадина минтақаси амири шаҳзода Файсал бин Салмон ал-Сауд билан учрашув бўлиб ўтди. Унда инвестициявий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ўрганилди. Хусусан, Самарқанд ва Мадина шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни йўлга қўйиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Подшоҳ Файсал номидаги Исломшунослик маркази билан Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишнинг салоҳияти ҳам қайд этилди.

Учрашув якунида иккала томон ҳам манфаатдор бўлган лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш мақсадида ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

Ўзбекистон суперлигасиниг навбатдаги ўйини Машъал - Локомотив клублари ўртасида ўтказилди. «Муборакдаги ўйиндан сўнг кийиниш хонасида ифторлик учун дастурхон безадик» дейди «Локомотив» клуби шифокори Аброр Пирриев.

— Ўйиндаги ҳисоб («Машъал» - «Локомотив» - 1:4). Оғиз очиб жамоа намозга сафланди. Бу ҳолатни Секейра диққат билан кузатиб турарди. Автобус йўлга тушганда бош мураббий менга юзланди:

– Конфуций айтган: Дунёда шундай нарсалар борки, уларни кўрмасдан туриб ишониб бўлмайди. Яна шундай нарсалар борки, ишонмай туриб кўриб бўлмайди. Негадир, йигитлар намозга берилганда буюк файласуфнинг шу сўзлари ёдимга тушди.

– Ўша ишончни ҳосил қилувчи ва уни мустаҳкамловчи бир қудрат бор; бу ҳам бўлса илмдир, деган бизнинг алломалар, – қўшиб қўйдим мен.

Бироз жим қолган бош мураббий фикрини хулосалаган бўлди:

– Ҳа-а, футболчилар рўза тута бошлаганда уларнинг жисмоний ҳолатини ўйлаб бироз хавотирда эдим. Аммо руҳий қувват жисмоний кучдан устун экани яна бир бор исботини топди.

Манба: stadion.uz

ШАВВОЛНИНГ ОЛТИ КУНЛИК РЎЗАСИ

— Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз.

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий розияллоҳуу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши йил давомида рўза тутганлик савобига эришар экан. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).

Ушбу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.

Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – ёлғиз Парвардигор! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.

Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”.

 

ШАВВОЛ ОЙИ РЎЗАСИДА ҚАНДАЙ ДУО ҚИЛИНАДИ?

Рамазондан кейин Шаввол ойида тутиладиган 6 кун рўзада қандай дуони ўқиш керак? 

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шаввол ойида рўза тутиш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Рамазон ойи рўзасини тутиб, унга қўшимча тарзда шаввол ойида олти кун рўза тутган киши йил бўйи рўзадор бўлган кабидир” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Бу рўзада муайян дуо йўқ. Нафл рўзаси каби тутилади.

 

НАФЛ РЎЗА КАФФОРАТИ

— Нафл рўзани қасдан бузганда ҳам каффорат борми?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Йўқ Рамазони шарифнинг ҳурматидан фақат Рамазон рўзасини қасдан бузганларга каффорат буюрилган. Бошқа рўзалар қазо, назр ёки нафлларда қасдан бузганларга каффорат буюрилмайди. Уларни қасдан бузилганда, фақат ўша куннинг қазосини тутиш буюрилади, холос.

 

ҚОЛДИРГАН РЎЗАЛАРИМНИ ҚАНДАЙ ТУТАМАН?

 Ўтган йиллари тутолмаган рўзамни шу йил тутмоқчиман. Ушбу қолиб кетган рўза қандай тартибда тутилади? Буни ҳам узлуксиз тутиш керак-ми ёки орада дам олиб тутса бўлади-ми?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазон рўзасини тутмаган кунлари учун қазосини тутиб бериш кишининг зиммасидаги фарз амалдир. Яъни рамазон ойида тутмаган бўлса, бошқа ойларда уни тутиб беради. Рўзани қазосини тутишда имконига қараб тезроқ тутиб беради, кетма-кет бўлиши шарт қилинмаган. Аммо каффорат рўзасини тутишда олтмиш кун узлуксиз тутади. Мабодо орада бир кун узилса, олтмиш кунни яна бошидан бошлаб кетма-кет қилиб тутади. Рамазон рўзасини ният билан бошлаб, кейин уни қасдан бузса, каффорат вожиб бўлади.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Анқарада жойлашган Онадўли илоҳиёт академиясининг туркум мулоқот дастурлари доирасида «Ўзбекистонда Рамазон ойи урф-одатлари» мавзусида онлайн давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Элчихона маълумотига кўра, онлайн тадбир Анқара университети Илоҳиёт факультети профессори, мотуридийшунос олим Сўнмез Кутлу билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Туркия жамоатчилиги вакиллари иштирок этган веб-анжуманда мамлакатимизда Рамазон ойининг катта шоду хуррамлик ва шукроналик билан кутиб олиниши, бу ойда барча мўъмин-мусулмонлар ўз ибодатларини эмин-эркин адо этаётгани, масжидларда хатми қуръонлар ўтказилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Иштирокчилар Рамазонга оид ўзбекона урф-одатларга катта қизиқиш билдирди. Уларга мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларидаги маҳаллаларда ифтор вақтидан кейин болалар томонидан ижро этиладиган «Ё, Рамазон» қўшиқларининг турлари, Рамазон ойида ўзбек оилаларида ифтор дастурхонлари учун тайёрланадиган турли таомлар ва нозу неъматлар, айниқса, нишолда ҳақида айтиб берилди.

Дастур бошловчиси, профессор Сўнмез Кутлу «Ўзбекистондаги Рамазон анъаналарини кузатар эканмиз, бу ерда биз туркларнинг айрим минтақаларида ҳам ўхшаш урфлар борлигини кўришимиз мумкин. Мен ўз тадқиқотим давомида «Ё, Рамазон» қўшиқлари Самсун вилоятининг айрим қишлоқларида ҳам куйланишини аниқладим. Кўриб турганингиздек, минглаб километр узоқда бўлсак ҳам маданиятимиз ва маънавий қадриятларимизда кўплаб муштарак жиҳатлар сақлаб қолинган», - дея таъкидлади.

Онлайн дастурда иштирок этган ўзбекистонлик устазода созанда Аброр Зуфаров турк жамоатчилигини байрам билан қутлади ва миллий ўзбек мақомларидан ижро этди.

Дастур давомида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида яратилган имкониятлар алоҳида таъкидланди. Иштирокчилар Самарқанд, Бухоро, Хива, Фарғона каби гўзал тарихий шаҳарларимизни зиёрат қилишга таклиф этилди.

«Бу юрт очиқ осмон остидаги музейга ўхшайди. Бу ерларда ўзингизни ёлғиз ҳис қилмайсиз. Мен Ўзбекистонга борганимда ўзимни худди туғилиб ўсган Эрзинжан вилоятида юргандек ҳис қилдим. Ўзбекистондаги ҳар бир гўша ва анъаналар қадрдондек, танишдек туюлаверади. Мен барча дўстларимга ҳеч ўйлаб ўтирмасдан Ўзбекистонга боришни, ушбу юртдаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни тавсия этаман», - деди ўз чиқиши якунида Сўнмез Кутлу.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top