muslim.uz
“Муборак ой суҳбатлари” (10-сон)
Бошловчи — Саидолим Турдибоев: — Ассалому алайкум, азиз дўстлар! Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда “UzReportTV” телеканали билан ҳамкорликда тайёрланиб, жонли эфирга узатилаётган “Муборак ой суҳбатлари” кўрсатувининг навбатдаги сони эътиборингиз марказида.
Эслатиб ўтамиз, кўрсатувимиз бош ҳомийси — “Ipak yo’li banki”. Ҳомийларимиз “Biolife” ҳамда “Plasterm” савдо белгилари.
Бугун Рамазон ойининг мағфират даҳасида турибмиз. Тутаётган рўзамизни Аллоҳ таоло ўз даргоҳида хусни қабул айласин.
Бугун студиямиз меҳмони Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов бўлади. Ассалому алайкум! Кўрсатувимизга хуш келибсиз!
Ҳаммага маълумки, Ислом динининг асосини Қуръони карим ташкил этади. Ушбу муқаддас китоб мазмун-моҳиятини биргина кўрсатув билан очиб бериб бўлмайди. Қуръони карим тўғрисида чет давлатларда кўплаб фильмлар, узундан узун кўрсатувлар тайёрланган. Демоқчимизки, Қуръони каримни қанча ўқисак, у ҳақда маърузалар қилсак шунча камдир.
Келинг, бугунги кўрсатувимизда Қуръони карим ва унинг ушбу муқаддас ойда нозил бўлгани, мўмин-мусулмонларни нажотга бошловчи илоҳий калом эканига эътиборимизни қаратсак.
- Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу. Ойларнинг султони бўлган Рамазони шарифнинг биринчи ўн кунлиги тугади. Халқимизда гап: “Вақт — қилич, сен кесмасанг, у сени кесади”. Шу маънода Рамазон ҳам ўз фазли ва хайру барокати билан ўтиб бормоқда. Албатта, Рамазон — Қуръон ойи. Аллоҳ таоло шу ойда Қуръонни нозил қилган. Қуръони карим ҳақиқатан ҳам мўъжиза. Инсонни ҳар томонлама ожиз қолдиради. Қуръон ҳақида бир неча йил кўрсатув қилса ҳам охирига етиб бўлмайди. Унинг ҳар бир сураси ва оятида олам-жаҳон маъно-мазмун мужассам.
Эътибор беринг, Қуръони карим нозил бўлганига неча асрлар бўлди. Ҳали бирорта нуқтаси ҳам ўзгаргани йўқ. Чунки у Аллоҳнинг каломи. Бандаси ёзган эмас.
Аллоҳ таоло қуръони каримда “Албатта, бу зикрни, Қуръонни Биз нозил қилдик ва уни ҳимоясини ҳам қиёматгача ўзимиз қиламиз”, дейди. Шунинг учун ҳам қуръони карим ҳозиргача сақланмоқда, токи қиёматгача асл ҳолида туради.
Не бир замонлар ўтмади. Қуръони карим ўтларда ёқилди, сувларда оқизилди. Уларни хатм қилган қориларнинг бошига ташвиш тушди. Лекин Қуръонга зиён етмади. У ҳозирда миллионлаб нусхада қайта ва қайта нашр қилинмоқда. Чунки бу китоб — мўъжиза. Аллоҳнинг уни Ўз ҳимоясига олган.
Чиндан ҳам Қуръон инсонни ожиз қолдиради. Уни хамт қилган одам роҳатланади. Мусулмонми, мусулмонмасми барибир таъсирланади. Мисол учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу мусулмон бўлмаган пайтларида сингиллари ва куёвларидан қасд ва ўч олишлик мақсадида уйига бостириб кириб келади. Улар Қуръони каримни тиловат қилиб турган бўлади. Уларнинг овозини эшитиб таъсирланиб кетади, кўнглига бир илиқлик, нур иниб киргандай бўлади. Аллоҳ таоло унинг қалбига ҳидоят солиб қўйган бўлади. Менга қайта ўқиб беринглар дейди шунда. Синглиси ва куёви бу мусулмонларга ўқиладиган китоб деганларида, мен ҳам мусулмон бўламан дейди ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу. Шу билан ҳазрати Умар мусулмон бўлади ва Ислом тарихида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг розилигига эришади.
Қуръони карим уни тиловат қилган инсонни бой қилади. Албатта, мол-мулк бериб эмас. Унинг қалбини бойитади. Ҳаловат беради.
Қуръони карим шифо. Мусулмон бўлмаганларни ҳам Қуръони карим билан даволамоқдалар.
Мушриклар даврида шоир ва адиблар ўзлари ёзган энг яхши шеърларини Каъбага осиб қўйишаркан. Улар жудаям фасоҳат билан ёзилган шеърлар экан. Одамлар Каъбага келиб шу шеърларни ўқирканлар. Шунда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий кела бошлайди. “Кавсар” сураси нозил бўлганида уни ҳам Каъбага осиб қўядилар. Шунда барча шоирларнинг шеърлари ушбу суранинг олдида ожиз қолади. Энг кучли воиз ва шоирлар келиб ўқиб кўриб, буни инсон ёзмаганлигига ишонч ҳосил қиладилар. Сура уларни ожиз қолдиради.
20 асрга келиб Қуръоннинг мўъжизалари ўрганила бошланди. Биргина “Наҳл” сурасини олайлик. Бу сура асалари тўғрисидадир. Суранинг 68-69 оятларида Аллоҳ таоло ваҳий қиладики, асалларига уйингдан чиққинда, дов-дарахтлар, тоғу тошлардан инсон учун асал йиққин, дейди. Ўтган асрга келиб олимлар томонидан асалари ўрганилганда фақатгина ўрғочи асалари асал йиғишлик, бола боқишлик билан шуғулланраркан. Эркаги ҳеч иш қилмаскан. Фақат уруғлантиришга ҳисса қўшаркан, холос. Араб марфологиясида “музаккар” ва “муаннас” деган сўз бор. Бу эркак ва аёл деган маънони англатади. Аллоҳ асалариларга нисбатан фақат “муаннас” хитобини қилади. Яъни аёл ариларга урғу беради. Олимлар асаларилар устида тадқиқотлар олиб боришганида ҳақиқатан ҳам ҳамма ишни аёл ари қиларкан. Эркаклари эса уйда ҳеч иш қилмасдан ўтиришини тасдиқлаганлар. Аслида бу ҳақиқиат 14 аср муқаддам Қуръони каримда баён қилинган. Ана сизга мўъжиза!
Қуръони каримнинг мўъжизалиги яна шундаки, унда еру осмон жисмларининг барчаси ва уларнинг жойлашиши, ўз ўрнида умуман жилмаслиги баён қилинган. Шу маънода Қуръон карим ҳозирги жамиятимиздаги барча фанларни ўзида мужассам этган.
Қуръони каримда “Чумоли” сураси бор. Ғарб олимлари Қуръони каримдаги хатоларни излаб бошлайди. Оятда чумолиларга қарата шундай дейилади: “Ташқарига чиққанларингда эҳтиёт бўлинглар, Сулаймонниг лашкарлари сизларни эзғилаб, синдириб, босиб қўймасин, дейди. Бу ерда синдириб қўйишлик ибораси ишлатиляпти. Аслида эзғилаб қўйишлик, мижғалаб қўйишлик ишлатилишлик керак эди, деган гумон билан олимлар чумолини текшириа бошлайди. Ва уларнинг қобиғида кристал моддаси борлигини аниқлайди. Ва бу Аллоҳ таоло томонидан ушбу ибора тўғри ва ўз ўрнида ишлатилганини тасдиқлайди. Синдириш каломи тўғри ишлатилганини билдилар. Мана сизга мўъжиза! Кристал синади, эзилмайди.
Бошловчи: Шукрки бугуни кунда барчамизнинг уйимизда Қуръони карим сақланади. Уни сақлаш одоблари, ўқиб туришликнинг савоблари, барокатлари ҳақида ҳам гапиириб ўтсангиз.
Домла: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам беш нарса беш ўринда ғарибдир, дедилар. Уларнинг биттаси қуръони карим. Қуръони карим точкада осиғлик турсаю уни ҳеч ким ўқимаса у ғарибдир. Агар бир маҳаллада Қуръонни биладиган бир олим бўлсаю унинг илмидан ҳеч ким истифода қилмаса у ҳам ғарибдир. Бир байтуллоҳ, масжид бўлсаю жамоат чиқмаса у ҳам ғарибдир. Шунингдек, яна бир жуфт аёл бор, солиҳа, иффатли, диёнатли аёл бор, эри эса бунга нисбатан зулмкор, бу ғарибдир. Кейингиси бир эркак бор, унинг аёли иффатсиз, диёнатсиз у ҳам ғарибдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳ алайҳи васаллам мана шу бешта нарсанинг ким ғариб бўлиб қолишига сабабчи бўлса унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, дедилар.
Шунинг учун Қуръони каримни ўқишимиз керак. Уломалар тўрт нарсага тикилиб қараб туришлик ибодат дейишган. Қуръони каримга, Каъбага, устозларга ва ота-онасига тикилиб қараб туришликдир.
Қуръони каримни ўрганишимиз лозим. Бугунги кунда имкониятлар катта. Пайғамбар алайҳиссалом Қуръони каримни ўқиётганда ҳар бир ҳарфига ўнтадан ажр берилади, дейди. 6666 оят бўлса уларга 10 тадан ҳисоб қилинганда 150 миллион ажр бераркан. Қуръон қалбга нур, сакинат беради.
Осмонда юлдузлар қандай ёниб туради. Ер юзининг қаерида Қуръони каримдан тиловат қилинса, шу ердан нур чиқиб тураркан. Бу ерга барака, файз кираркан. Қуръони эшитиб, тадаббур қилишнинг ўзи бир ибодатдир.
Аллоҳ таоло, Эй инсонлар, сизлардан аввал ҳам инсонларни яратган Раббингизга ибодат қилингиз. Шоядки, тақвордар бўлсангиз, дейди. Муфассирлар бу оят учта тоифа одамларга нисбатан айтилган, дейди. Мўмин-мусулмонларга, кофирларга, мунофиқларгадир.
“Ерни сизларга тўшак қилиб қўйдик, дейди Аллоҳ таоло Қуръони каримда. Осмонни қобиқ, устунсиз бино қилиб бердик. Ёмғир ёғдириб қўйдик. Аллоҳ шунча ризқ берди, шундаям Аллоҳни тан олмайсизларми?” Бу оятнинг келтирилишига шу пайтда инсонлар Қуръонни тан олмаган бўлди. Уларга нисбатан айтилгандир. Қуръонга ўхшайдиган бирор китобни келтиролмайсизлар.
Қуръоннинг мўжизалик томони шундаки, ёдлайман деган одам ёдлаб олади. Чунки у зеҳн беради. Лекин бошқа китобни ёд олиш қийин.
Шифобахшлиги эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларига бир жамоани чаён чақади. Шунда саҳобаи кромлардан бири ҳалиги одамга “Фотиҳа” сурасини ўқиб дам солганларида шифо топади. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадиларки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги энг улуғ оят, деб “Фотиҳа” ва “Бақара” сурасини айтганлар. Киши бу сураларни ўқиб Аллоҳдан нимани сўраса, шубҳасиз, унга етади.
Шунингдек, ҳадиси шарифда Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исмини айтиб дуо дуо қилиб нажот сўралса, албатта, ниятига етишлиги баён қилинган.
Қуръони карим йил давомида нозил бўлган. Мадинада нозил бўлган оятлар ибодат, таълиф, ҳукм масалаларига бағишланади. Маккада нозил бўлган оятларда эса Аллоҳнинг бирлиги баён қилинади.
Домла сизга мазмунли суҳбатингиз катта раҳмат. Энди кўрсатувимизнинг иккинчи қисми, савол-жавобларга ўтсак. Зеро, илм савол-жавоб асосида ўрганилади.
— Ассалому алайкум. Яқинда бир домла саволларга жавоб бераётиб жаннатда ҳамма бир хил ёшда бўлади, дедилар. Менда савол пайдо бўлди. Биз Аллоҳ буюрган барча амалларни қилиб, жаннатга Аллоҳнинг розилиги билан тушсак, шунда мен фарзандимнинг овозини эшита оламанми? У билан соғлом ҳолатда гаплаша оламанми?
— Албатта, жаннатда ҳамма соғлом ҳолатда бўлади. Ҳадисда айтиладики, жаннатга ҳамма ўн саккиз ёшда бўлиб кирадилар. Овозни ҳам эшитадилар, инша Аллоҳ. Аллоҳнниг фазли кенг. Улар бу дунёда қаттиқ синовда бўлганлиги туфайли охиратда мукофотини оладилар.
— Кар-сақовлар бу дунёда сабр қилиб, ибодатда мустаҳкм бўлса, энг улуғ мукофот Аллоҳнинг жамолини кўриш насиб этармикин?
— Албатта, энг олий мукофот Аллоҳнинг жамолини кўриш. Алишер Навоий бобомиз айтади, Сенинг жамолинг олдида менга жаннатинг керак эмас, дейди шеърларида. Аллоҳ таолонинг жамоли жжантдан ҳам юқори. Жамолини кўрган одамга жаннат нақд бўлади. биз ҳам бу дунёда синовларга учраганларга Аллоҳ жамолини кўришлик насиб қилишини сўраймиз.
— Закариё алайҳиссалом тўғрисида маълумот берсангиз.
— Бу кишини баъзи ривоятдарда бепушт ўтган дейдилар. Аллоҳга кўп йиғлаб дуолар қилган. Парвардигор менгаям бир зурриёт ато қилгин, деганларида ёшлари улуғ ёшга етганларида Яҳё алайҳиссаломни унга ҳадя қилган эканлар.
— Ҳозир овозли жойнамозлар чиққан. Улардан фойдаланса бўладими?
— Бу жойнамозлардан фойдаланса бўлади. Фақат ўрганиб олгунга қадар фойдаланса бўлади.
— Намоз ўқиётганимда ҳаёлим кўп бўлиняпти. Буни олдини олиш учун қандай оятларни ўқиб юриш мумкин?
— Бу нафс билан боғлиқ. Кимки кўз ҳаёсини тийса, унга ибодат ҳаловати бўлади. Кўзни тийиш керак.
— Мен қўй сўяман. Суяётган пайти оғизда дам солинса рўза очилмайдими?
— Аммо пушлаш макруҳ. Чой ичганда, овқат еяётганда пувланмайди, микроб тушади.
— Ёшим 87 да. Бир йилдан ортиқ вақт бери оёғим синиб бир ердаман. Лекин рўза тутаяпман. Намозни таяммум қиляпман. Бу қабул бўлармикин?
— Бу киши узр сабаб бўлгани учун таяммумини Аллоҳ қабул қилади.
— Исмим Гулсанам. Исмимни кўпчилик ўзгартиришни айтишади. Бу қанчалик тўғри?
— Гулсанам – санамларнинг гули. Ўзгартирса бўлади. Исм ўзгарганини эълон қилса бўлди. Аслида ота-она фарзандига чиройли исм қўйиши керак. Исм соҳибига қайсидир маънода таъсир қилади. Саҳобалар ҳам исмларини ўзгартирганлар.
— Мен мева-чева сотаман. Бировга насияга берган пулим қолиб кетди. Шу пулни закот ўрнида кечиб юборсам бўладими?
— Йўқ. Закот қўл билан берилади.
— Дуо тақдирни ўзгартиради, дейишади. Шу ростми?
— Инсоннинг тақдири азалида белгилаб қўйилган нарсани сиёҳ қуриганидан кейин ўзгартириб бллмайди. Лекин ҳадисларда ота-онанинг дуолари ҳам инсоннинг тақдирини ўзгартиради, дейилади. Тақдирни ўзгартириш фақат Аллоҳ таолонинг изнида.
— Бизнес қиламан. Битта телефон олиб, уни устига пул қўйиб бошқа одамга уч-тўрт ойга пулни бўлиб бериш эвазига сотаман. Бу тўғрими?
— Бу ҳалол. Таҳсид савдоси, дейилади.
— Истиғфор нима, шу саволга жавоб бериб ўтсангиз?
— Кечиримлик сўрашлик Аллоҳдан. Бир куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдига бир бола келиб мени дуо қилинг, камбағалман бойиб кетай деганида Аллоҳ таолога кўпроқ истиғфор, айт дедилар.
— Закотни фақат мусулмонларга бериш керакми? Бошқа дин вакилларига, қийналганларга бериб бўлмайдими?
— Қуръони каримда Исломга қалби мойил бўлганларга закот берса бўлади, дейилган.
— Ҳовли олаётган эдик. Бир қўшним чилёсин қилинг, деди. Бу қанчалик тўғри?
— Бу ҳам бир ирим. Хурофот бу. Янги ҳовли олган чилёсин қилиш деган нарса шариятимизда йўқ.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи
Ассалому алайкум, ҳурматли ватандошлар!
Қадрли уруш ва меҳнат фахрийлари!
Аввало, мана шу улуғ айём кунларида, муҳташам Ғалаба боғида туриб, сиз, азизларни, бугунги тантанали маросимни жойлардаги студияларда, ҳарбий округларда, оила даврасида телевидение орқали томоша қилаётган барча фахрийларимизни кўпмиллатли бутун халқимизни Хотира ва қадрлаш куни ҳамда буюк Ғалабанинг 76 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Муҳтарам уруш ва меҳнат фронти фахрийлари!
Бугунги шонли санани биз доимо чексиз қувонч ва чексиз изтироб билан нишонлаймиз. Ватан озодлиги учун, ҳозирги тинч-омон кунлар учун жанг майдонларида ҳалок бўлган ота-боболаримизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтирамиз.
Сиз, мўътабар фахрийларимизнинг беқиёс қаҳрамонлигингиз инсоният тарихига абадий ўчмайдиган, буюк саҳифа бўлиб ёзилганини чуқур миннатдорлик билан эътироф этамиз.
Улуғ ва табаррук ёшларга етиб, бугун орамизда соғ-саломат, дуогўй бўлиб юрган уруш ва меҳнат фронтининг барча жангчиларига яна бир бор юксак меҳр ва ҳурматимизни изҳор этиб, уларнинг барчасига чин юракдан ташаккур айтамиз.
Ҳаётнинг оғир ва аччиқ синовларини мардона енгиб ўтган Сиз, азизларнинг Ўзбекистонимизни ҳар томонлама ривожлантириш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, мустаҳкам иродали инсонлар этиб тарбиялашга қўшаётган муносиб ҳиссангизни барчамиз юксак баҳолаймиз.
Сизларнинг мардлик ва матонатингиз коронавирус пандемияси давом этаётган ҳозирги мураккаб даврда ҳам ана шу хатарли касалликка қарши курашда бизга куч ва мадад бермоқда.
Биз – бугунги миннатдор авлодлар сизлар каби жасур оталаримиз билан умрбод фахрланамиз.
Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда сизларнинг жанг майдонларида буюк қаҳрамонлик кўрсатганингиз, урушдан кейин мамлакатни тиклаш ва ривожлантириш йўлида қилган фидокорона хизматларингиз учун барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.
Орадан яна қанча йиллар, асрлар ўтмасин, сизларнинг фашизмга қарши кўрсатган матонатингизни халқимиз ҳамиша қалбида, хотирасида сақлайди, бу жасорат ёшларимиз учун абадий ибрат намунаси бўлиб қолади.
Ҳурматли юртдошлар!
Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган, мислсиз йўқотиш ва талафотларга олиб келган энг даҳшатли қирғин бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз. Олти йил давом этган бу қонли урушда ўша пайтда дунёдаги мавжуд 73 та давлатдан 62 таси, Ер юзи аҳолисининг 80 фоизи иштирок этгани ҳам бу ҳақиқатни тасдиқлайди.
Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги 40 та давлатни бевосита қамраб олган уруш ҳаракатларига 110 миллион киши сафарбар этилгани ва бу қирғинда жами 70 миллион киши ҳалок бўлгани ҳар қандай одамни ларзага солади. Энг кўп қурбонлар собиқ Иттифоқ республикалари ҳиссасига тўғри келиб, қарийб 27 миллион кишини ташкил этганини бугун ҳам улкан қайғу ва изтироб билан эслаймиз.
Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қаторида урушнинг биринчи кунларидан бошлаб фашизмга қарши жангга кирди. Ёвуз душманни тор-мор этиш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этди.
Шу борада баъзи бир энг муҳим, илгари бизга номаълум бўлган факт ва рақамларни яна бир бор эслаб ўтиш ўринли, деб ҳисоблайман.
Маълумки, 1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этарди. Уруш бошланиши билан қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланди. Ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлди.
Бизбу рақамларни ҳар йили 9 май – Ғалаба байрамида қайта-қайта эсга оламиз. Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида муштипар оналаримиз, момоларимиз, мард ва жасур оталаримиз, бутун халқимиз қалбидаги чексиз қайғу ва ҳасрат мужассам.
Бу дарду аламларни ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмайди, десак, янглишмаган бўламиз. Нега деганда, 500 мингдан зиёд қурбон – бу 500 мингдан ортиқ фожиа дегани. Бу умр йўлдошидан айрилган минг-минглаб аёллар, ота-онасидан жудо бўлган миллионлаб етим болалар дегани. Бу – орадан шунча йиллар ўтса ҳамки, халқимиз юрагидаги битмаган, ҳеч қачон битмайдиган мудҳиш яра, туганмас нола ва армон демакдир.
Ўзбекистон халқи ана шундай оғир талафотлар кўриб, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшди. Бу ҳақиқатни
200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар орден ва медаллар билан мукофотлангани ҳам яққол исботлайди. Ватандошларимизнинг 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга, 70 нафардан ортиғи учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Инсоният тақдири ва келажаги ҳал бўлаётган ўша суронли йилларда Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базаси бўлиб хизмат қилди.
“Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – Ғалаба учун!” деган ғоя эл-юртимизнинг ҳаётий эътиқодига айланди. Халқимиз туну кун тинимсиз меҳнат қилиб, улкан миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа, дори-дармон захираларини жанг майдонларига узлуксиз етказиб берди. Бомба ва снарядлар тинимсиз портлаб турган ҳудудлардан 170 га яқин завод ва фабрикалар Ўзбекистонга эвакуация қилинди ва қисқа муддатда қайта ишга туширилди.
Урушдан жабр кўрган 1 миллион 500 мингдан ортиқ кексалар, аёллар ва болалар республикамизга кўчириб келтирилди. Уларнинг 200 мингдан зиёди ота-онасидан айрилган етим болалар эди.
Эл-юртимиз мудҳиш уруш йилларида ўзининг юксак гуманистик фазилатларини намоён этди. Ўзбекистонга олиб келинган турли миллатга мансуб минг-минглаб инсонларга бошпана берди, меҳр-шафқат, одамийлик кўрсатиб, энг сўнгги нонини ҳам улар билан баҳам кўрди. “Тошкент – нон шаҳри”, “Ўзбекистон – меҳр мамлакати” эканини амалда яна бир бор исботлади.
Халқимизнинг бундай улкан жасорати, олижаноблиги бутун дунёда ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлди. Ва бу билан биз ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди.
Муҳтарам ватандошлар!
Сизларга маълумки, кейинги йилларда халқимизнинг буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссасини ҳар томонлама ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича юртимизда катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада илгари ёпиқ бўлган архив ҳужжатлари очилгани, собиқ Иттифоқ республикалари ва чет элдаги архив ташкилотлари, музей ва фондлар, олим ва мутахассислар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик кучайгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги тарихи янги маълумот ва далиллар, ноёб ҳужжатлар билан бойиб бормоқда. Мавзуга оид янги-янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар, кинофильм ва альбомлар, кўплаб картина ва ҳайкаллар яратилмоқда.
Таълим масканлари ва маҳалла идораларида ушбу йўналишда ташкил этилган стенд ва кўргазмаларда жангчи ота-боболаримизнинг ўлмас сиймолари, улар ҳақидаги муҳим тарихий маълумотлар акс эттирилмоқда. Биз бу ишларни янада кенг кўламда, фаол давом эттиришимиз зарур.
Бугун уруш йилларида беш азамат ўғлидан жудо бўлган Зулфия Зокирова ва унинг оиласига ўрнатилган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйиб, ҳурмат бажо келтирдик. Бу матонатли инсон тимсолида барча Ўзбекистон оналарига юксак ҳурмат-эҳтиромимизни изҳор этдик.
Ишончим комилки, ана шундай фидойи оналаримиз – севган ёри ва фарзандларига, оиласи ва юртига содиқ аёлларимизнинг жасорати ёш ўғил-қизларимиз учун Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат, сабр-матонат тимсоли бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ушбу мажмуадаги ҳар бир ёдгорликнинг маъно-мазмуни ва фалсафасини, халқимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига сингдиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ғалаба боғи фаолиятини ташкил этиш ҳақида ўтган йили қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ, бу борада эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда.
Албатта, уларнинг барчаси ҳақида сўзлаш учун кўп вақт керак. Мен фақат энг муҳим ишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Аввало, Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуасини ҳарбий тарихимиз, уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари жасоратини ўрганиш бўйича илмий марказга айлантириш ҳаракати бошланди. Шу мақсадда ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан мажмуанинг электрон платформаси, онлайн дастурлар яратилди ва уларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Мажмуанинг веб-сайти такомиллаштирилди. Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган 2 миллионга яқин ватандошларимизнинг тўлиқ рўйхатини шакллантириш ва шу асосда “Ватан фидойилари” хотира китобини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ўтган қисқа даврда, карантин шароитига қарамасдан, Ғалаба боғига 350 мингга яқин юртдошларимиз ва чет эллик меҳмонлар ташриф буюрди. Уларнинг орасида ўқувчи ва талаба ёшлар, муҳтарам нуронийлар, ҳарбий хизматчилар, Ҳамдўстлик давлатлари ва бошқа чет эл фуқаролари, юқори мартабали хорижий делегациялар аъзолари борлиги айниқса эътиборга сазовор.
Бу ерга ташриф буюрган одамларнинг Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хотирасига кўрсатилаётган улкан ҳурмат-эътибор ҳақида билдирган самимий фикрлари, юксак баҳолари, ўйлайманки, ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Ғалаба боғи қисқа муддатда табаррук зиёратгоҳга, турли учрашувлар, маънавий-маърифий, ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар мунтазам ўтказиладиган қутлуғ масканга айланиб қолгани барчамизни қувонтиради. Айниқса, 300 мингдан зиёд ёшлар иштирок этган “Шон-шараф” ҳарбий фестивали, ёш ижодкорларнинг уруш мавзусидаги кўргазмалари, кўрик-танловлар кўпчиликда катта таассурот қолдирди.
Бугунги кунда мажмуа таркибида фаолият кўрсатаётган “Шон-шараф” давлат музейида 12,5 мингга яқин экспонат тўпланган бўлиб, уларнинг сони тобора ортиб бормоқда.
Бу ҳақда гапирганда, ўтган йили нашр этилган “Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” китоб-альбомини тилга олиш ўринлидир. Бу йилги байрам арафасида унинг узвий давоми бўлган “Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида” ва “Ғалаба боғи фалсафаси” номли китоб-альбомлар чоп этилганини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу нашрларда халқимизнинг уруш йилларидаги қаҳрамонлиги ҳақида илгари бизга номаълум бўлган кўплаб янги маълумотлар келтирилган.
Шу борада биргина мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Маълумки, таниқли саҳна устаси Маъсума Қориева урушдан олдинги йилларда собиқ Ҳамза театрининг етакчи артистларидан бири бўлган. Унинг қайнотаси – жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндаси Абдувоҳид қори, қайин укаси – истеъдодли шоир Олтой Қориев, турмуш ўртоғи – Маданият вазирлиги санъат бошқармасининг бошлиғи Босит Қориев 30-йилларда ноҳақ сиёсий қатағонга учрайди. Қайнотаси ва эри ўлим жазосига ҳукм қилинади.
Юртга ёв бостириб келган оғир кунларда Маъсума Қориева ўз бошига тушган фожиани унутиб, икки фарзанди – Шавкат ва Ботир Қориевларни фашизмга қарши жангга юборади. Ўзи эса ҳозирги Ўзбек миллий театрида касаба уюшмасига раҳбарлик қилиб, ғоят оғир даврда ходимларни моддий таъминлаш учун жонбозлик кўрсатади.
Уруш тугайди, лекин Маъсума аянинг фарзандларидан дарак бўлмайди. Муштипар она уларнинг изларини излаб Москвага боради. У ерда иккала ўғли ҳам жангларда ҳалок бўлганини аниқлайди.
Маълум бўлишича, урушда кўрсатган жасорати учун Шавкат Қориев “Қизил байроқ” ордени, Ботир Қориев эса “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланган экан. Минг афсуски, Маъсума Қориева у пайтда бундан бехабар эди. Онаизор фарзандлари доғини кўтаролмасдан, 1946 йили Москвада вафот этади.
Мана шундай қайғули воқеалар билан танишганда, қаҳрамон аждодларимизнинг ўчмас хотираси олдидаги қарзимиз ва бурчимизни янада чуқур ҳис этамиз. Бугунги тинч, эркин ва ёруғ кунларнинг қадрига етиш кераклигини яна бир бор англаймиз.
Ўйлайманки, тарихчи олимларимиз, ижодкор зиёлиларимиз, киночи ва рассомларимиз Ғалаба боғидаги ҳар бир мажмуа ҳақида янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар яратиб, халқимизга тақдим этса, нур устига нур бўларди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги бор ҳақиқатни аниқлаш ва халқимизга етказиш, аждодлар хотирасини абадийлаштириш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак. Юртимиздаги ҳар бир қишлоқ, маҳалла ва таълим муассасаси, давлат ва нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчилигимиз уруш иштирокчиларига доир материалларни тўплаш ва тарғиб этишда янада фаол иштирок этадилар, деб ишонаман.
Айниқса, замонавий илм-фанларни, хусусан, миллий тарихимизни катта қизиқиш ва меҳр билан ўрганаётган ёшларимиздан бу борада янги ташаббус ва ҳаракатларни кутиб қоламиз.
Бугунги кунда юртимизда уруш қатнашчилари ҳақидаги маълумотларнинг тўлиқ электрон базасини яратишнинг вақти-соати келди. Россия, Беларусь, Қозоғистон каби давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибасини ўрганиб, бундай амалий ишларни Ўзбекистонда ҳам ташкил этишимиз лозим.
Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига икки ҳафта муддатда Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ҳақидаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш, бу борада махсус сайтлар, Интернет ресурсларни кўпайтириш ҳақида қарор лойиҳасини тайёрлаб киритиш топширилади.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Ҳаёт қонуниятига кўра, вақт ўтиши билан кўп нарса унутилади, эсдан чиқади. Лекин бу ёруғ дунёда улуғ бир ҳақиқат борки, у ҳеч қачон ўзгармайди, ҳеч қачон эскирмайди. Яъни, Ватан ва халқ озодлиги, келгуси авлодларнинг бахту саодати йўлида мардлик ва жасорат кўрсатган инсонлар хотираси ҳамиша барҳаёт яшайди.
Шу боис биз учун уруш ва меҳнат фахрийларининг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, ўтганларнинг хотирасини абадийлаштириш доимо муқаддас вазифа бўлиб қолади. Байрам муносабати билан бу борада кўп ишлар амалга оширилди. Жумладан, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, ҳарбий қисмлар раҳбарлари иштирокида уруш ва меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзоларини қутлаш, табрик ва совғалар топширишга бағишланган маросимлар тантанали вазиятда ўтказилди. Ёлғиз яшаётган уруш ва меҳнат фахрийларининг уй-жойлари таъмирланди ва обод қилинди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатадиган, уларни парвариш қилиш билан шуғулланадиган патронаж хизмати йўлга қўйилди. Ана шундай фахрийларимиз ўз хоҳиш-истаклари асосида республикамиздаги санаторийларда даволанмоқда. Байрам кунларида барча шаҳар ва қишлоқларимизда хотира тадбирлари ўтказилмоқда.
Албатта, халқимиз маънавиятининг ажралмас қисми бўлган бундай савобли ишларни биз бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз.
Қадрли дўстлар!
Бугунги нотинч ва таҳликали ҳаётнинг ўзи Иккинчи жаҳон урушининг қонли фожиаларидан хулоса ва сабоқ чиқариб яшашни бутун дунё халқларидан талаб этмоқда. Ер юзида тинчлик учун курашиш, дунё давлатлари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Биз янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегиясини айнан мана шундай тамойиллар асосида амалга оширмоқдамиз ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз.
Айниқса, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро аҳиллик ва тотувликни асраш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш ҳамиша бош вазифамиз бўлиб қолади.
Дунёда ва минтақамиздаги нотинч вазиятни ҳисобга олган ҳолда, биз доимо ҳушёр ва сезгир бўлиб яшашимиз, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини ошириб, ёшларимизни ватанпарварлик ва жасорат руҳида тарбиялашимиз зарур.
Ана шундай ғоят муҳим вазифаларни самарали адо этишда буюк аждодларимиз, муҳтарам фахрийларимизнинг мардлиги ва шонли анъаналари, ҳеч шубҳасиз, биз учун доимо ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Халқимиз ва миллатимизнинг юксак қадрият ва фазилатлари айнан ана шундай асосда шаклланади ва ривожланади.
Қаҳрамон оталаридан ўрнак ва намуна олиб, улар билан доимо фахрланиб яшайдиган халқ ҳеч қачон кам бўлмайди ва ўзининг эзгу мақсадларига албатта етади.
Қадрли ва муҳтарам ватандошларим!
Сиз, азизларни бугунги қутлуғ байрам – Хотира ва қадрлаш куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Мана шу имкониятдан фойдаланиб, яқинлашиб келаётган яна бир улуғ айём – муқаддас Рамазон ҳайити билан ҳам барчангизни самимий муборакбод этаман.
Хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, бахту саодат тилайман.
Халқимиз ва бутун инсоният учун буюк Ғалаба келтирган барча жасур жангчиларимизга шон-шарафлар бўлсин!
Тинчлик ва озодлик йўлида ўз азиз жонларини фидо этган қаҳрамонлар хотираси ҳамиша барҳаёт бўлсин!
Барча эзгу орзу-ниятларимиз амалга ошсин!
Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Доимо соғ-саломат бўлинг, азизларим, қадрдонларим!
Муслима аёл Йел университети талабалар уюшмасининг бошлиғига айланди
Йел университети тарихида биринчи бор мусулмон аёл талабалар уюшмасининг президентига айланди. Бу ҳақда mynamaz.ru нашри хабар берди.
Молекуляр ва уяли биология факультети талабаси Баян Жалол нуфузли университет талабалар уюшмасининг раҳбари этиб сайланди ва 56 фоиздан кўпроқ овозга эга бўлди.
Ҳижобли муслима аёл «Йел университетини янада соғлом бўлишига ҳисса қўшмоқчи», бу коронавирус пандемияси шароитида жуда муҳимдир.
islom.uz
Ал-Азкор: Ғусл ва таяммумда айтиладиган зикрлар (16-аудио)
Ислом – одамларни асл инсоний фазилатларни авайлаб асрашга даъват этади
Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров билан суҳбат
– Ҳурматли Шоазим Шоисломович, энг аввало, сиз билан Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, мамлакатимизда дин соҳасида ҳамда ўзбек халқининг илмий ва маънавий меросини асраш, уни янада бойитиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида суҳбатлашиш имконияти яратилгани учун миннатдорлигимизни билдирамиз. Суҳбатимизни Ўзбекистон Президенти ташаббускорлигида ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази фаолиятидан бошласак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Даставвал, миллий меросимизни ўрганиш, ислом динининг асл моҳиятини халқимизга етказиш борасида Марказда олиб борилаётган ишлар ҳақидаги фикрларингизни билишни истар эдик...
– Авваламбор, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига қизиқиш билдираётганлигингиз учун сизларга катта раҳмат.
Сир эмаски, бугунги кунларда бутун дунёда мураккаб жараёнлар кечмоқда. Бир томондан, дунё глобаллашув томон одимламоқда, узоқ масофалар тобора яқинлашмоқда, бошқа томондан эса, фан ва технологиялар жадал ривожланмоқда, инсон ҳаёти шиддат билан ўзгармоқда. Бироқ иқтисодий ва технологик ривожланиш инсоният олдига янги муаммолар, янги масалаларни ҳам қўймоқда. Илгаридек, бугун ҳам жаҳолат инсоният тараққиёти учун асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда. Жаҳолат, айниқса дин соҳасидаги ношудлик, диний таълимотларни ўзича, кўр-кўрона талқин қилиш жаҳондаги миллионлаб бегуноҳ одамларга изтироб олиб келгани сир эмас. Айни пайтда “оммавий маданият”, “жинсий эркинлик”, тарки дунёчилик, интернетга қарамлик ҳолатлари ҳам борган сари инсоният олдидаги жиддий муаммолар қаторидан жой олмоқда.
Бу муаммо бизнинг юртимизга ҳам таъсир кўрсатмай қолмаётир. Яқин ўтмишда жамиятимизда кузатилган маънавий бўшлиқ ўрнини диний экстремизм каби ёт ғоялар эгаллай бошлагани оқибатида кўплаб фуқароларимиз жабр кўрди. Қонун бузилиши ҳолатларида фақат куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаганини кўрсатди.
Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентликнинг дастлабки кунларидан бошлабоқ жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурлигини таъкидладилар. Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида одамларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш асосий вазифа эканлигини баён этди.
Бунинг учун, биринчи навбатда, бутун дунё жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш энг муҳим вазифа ҳисобланади. Зотан, ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади.
Мана шу муҳим вазифаларни амалга ошириш учун шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Ўзбекистонда бир қанча мега лойиҳаларга асос солинди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ана шундай тенги йўқ лойиҳалардан ҳисобланади.
Илм ва маърифат дини бўлган ислом Марказий Осиёда жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган алломаларнинг етишиб чиқишига замин яратди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Хоразмий, Фарғоний, Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек каби улуғ зотларнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш исломнинг моҳияти бағрикенглик ва маърифат тўғрисидаги таълимот эканини кенг ёйишга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 июндаги қарори билан Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Тошкентнинг машҳур Хастимом мажмуаси ҳудудидаги 7 гектарлик майдонда барпо этилмоқда. Узунлиги 161 метр, эни эса 116 метрни ташкил этадиган мазкур марказ биноси уч қаватдан иборат бўлади. Бинонинг марказий гумбазининг баландлиги 66 метрни ташкил этади.
Ислом цивилизацияси маркази бир неча йўналишларни қамраб олган илмий, дунёвий ва маърифий марказ ҳисобланади. Уларнинг асосийлари қуйидаги бешта йўналишдан иборатдир.
Биринчиси Музей бўлиб, унда ислом дини билан боғлиқ меросимиз энг замонавий технологиялар асосида намойиш этилади. Музей қарийб 16 000 квадрат метр кўргазма залига эга бўлади. Музейнинг марказий залида 42 метрлик гумбаз остида ислом оламининг ноёб хазинаси бўлган 7-асрга оид Усмон мусҳафи ўрин олади.
Иккинчиси миллионга яқин китоб, қўлёзма, нашр манбалари, уларнинг асл ва электрон нусхалари коллекциясига эга кутубхона ҳисобланади.
Учинчиси нодир китоб ва қўлёзмаларни тадқиқ қилиш, нусхалаш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш маркази саналади.
Кейингиси Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва ислом дини билан боғлиқ бошқа халқаро ва академик ташкилотларнинг йирик тадбирларини ўтказишга мўлжалланган 550 кишилик конференциялар зали ҳам Марказ биносидан ўрин олади. Шунингдек, Марказимиз биносида ислом дини ва цивилизацияси йўналишида 200 дан ортиқ магистрант ва докторантларни етиштиришга мўлжалланган Халқаро ислом академияси жойлашади.
Умуман олганда, Марказ фаолиятининг асосий мақсади ислом дини билан боғлиқ бой ва ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан халқимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни тнсонпарварлик ғоялари, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдан иборатдир.
– Марказ биносини барпо этиш жараёни давом этаётган бўлишига қарамасдан, Сиз аллақачон янги муассасанинг раҳбари сифатидаги фаолиятингизни бошлагансиз. Илтимос, айтингчи, мана шу босқичда қандай юмушлар билан бандсиз ва нималар қилишга муваффақ бўлинди?
– Марказ биноси ҳали фойдаланишга топширилмаган бўлишига қарамай, ташкилотимизда фаолият юритаётган 30 нафарга яқин илмий ходим ва мутахассис олдимизга қўйилган вазифаларни бажариб келмоқда.
Бугунги кунга қадар Марказимиз томонидан мамлакатимизнинг асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепция ишлаб чиқилди ва амалиётга тадбиқ этилди.
Дунёнинг йигирмадан зиёд нуфузли халқаро илмий муассаса ва тузилмалари, жумладан, UNESCO, ICESCO каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди ва Англашув меморандумлари имзоланди. Ҳамкорлик доирасида марказнинг мақсад ва вазифаларига доир турли конференция ва семинарлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, 2020 йилда ICESCO томонидан Бухоро шаҳрининг ислом олами маданиятининг пойтахти, деб эълон қилиниши муносабати билан “Бухоронинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва унда тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Хусусан, жорий йилнинг 7–8 апрель кунлари Малайзия ислом цивилизацияси институти билан ҳамкорлик доирасида “Марказий Осиёлик олимларнинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида ўтказилган онлайн-конференцияда дунёнинг ўн етти мамлакати ва халқаро ташкилотлардан уч юзга яқин мутахассис иштирок этди.
Бугунги кунга қадар Малайзия, Индонезия, Туркия, Россия, Буюк Британия, Франция каби мамлакатларда Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари мавзусига бағишланган тақдимот маросимлари ўтказилди.
“Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази” журналимизнинг иккита сони чоп этилди. Марказда “Ислом теологияси” соҳасида илмий даражалар берувчи махсус Кенгаш ўз фаолиятини бошлади ва жорий йилда биринчи докторлик иши ҳимоя қилинди. “Буюк аждодларимиз” туркуми ташкил этилиб, Хоразмий, Бухорий, Фарғоний, Беруний ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китоблар, Абдулла Қодирий тўғрисидаги йирик асарлар чоп этилди.
– Маданий меросимизнинг салмоқли қисми турли тарихий сабабларга кўра хорижий мамлакатлар музейларида сақланмоқда. Марказ халқимизни ушбу мерос билан таништириш юзасидан қандай иш олиб бормоқда?
– Ҳақиқатдан ҳам, мамлакатимиз бой маданий меросга эга. Афсуски, улуғ аждодларимизнинг нодир асарлари, илмий қўлёзмалари, санъат дурдоналарининг кўп қисми хорижий музей ва коллекцияларда сақланиб келинмоқда. Ҳозирги пайтда марказимиз мамлакатимиз аҳолиси қўлида сақланиб турган ислом дини ва маданияти билан боғлиқ нодир асарлар, қўлёзмалар, осори-атиқларни тўплаш, ўрганиш ва харид қилиш билан бир қаторда, жаҳон музейлари ва коллекцияларида сақланиб турган асарларни ўрганиш, тадқиқ қилиш ва улар билан халқимизни таништириш бўйича иш олиб бормоқда.
Бугунги кунда Марказимиз ноёб қадимий ва замонавий китоблар, каталог ва манбалардан шаклланган, жами 4 минг 193 номдаги 4 минг 923 дона китобдан иборат “Араб ва ислом олами” ҳамда “Шарқ ва Ғарб” деб аталувчи икки йирик коллекцияга эгалик қилади. Атоқли ватандошимиз, маданият ва спорт йўналишлари ҳомийси Алишер Усмонов томонидан Марказимизга ҳадя қилинган ушбу ноёб коллекция жаҳонда ягона ҳисобланади.
Кутубхона фонди, шунингдек, 15 мингтадан ортиқ ноёб илмий ва бадиий китоблар, 1 000 га яқин қўлёзма ва тошбосма асарлар, 500 мингга яқин илмий қўлёзмалар, тошбосма китоблар ва санъат асарларининг электрон нусхаларига эга бўлиб, уларнинг каталоглари яратилмоқда. Ўтмишимизга оид тарихий ҳужжатларнинг архиви ҳам яратилмоқда.
– Марказ илмий жамияти ислом тараққиётига ҳисса қўшган буюк аждодларимиз меросини ўрганиш борасида қандай натижаларга эришмоқда?
– Марказимиз томонидан мамлакатимизнинг бой маданий меросига оид ноёб асарлар турли тилларга таржима қилиниб, янгидан чоп этилмоқда. Буюк саркарда Амир Темурдан беқиёс тарихий манба сифатида авлодларга мерос қолган “Темур тузуклари” беш тилда (ўзбек, форс, рус, инглиз ва француз) бир жилд шаклида жамланиб, нашр қилинди. Ислом цивилизацияси маркази томонидан Ўзбекистонда Марказий Осиё мусулмон мутафаккирларининг жаҳон цивилизацияси ривожидаги ролига бағишланган 10 дан ортиқ китоб ва рисола тайёрланди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари, Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллигига бағишлаб “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Ҳиндистон” каби асарлари, шунингдек, Ибн Сино, Хоразмий каби алломаларнинг асарларини ҳам ўзбек ва хорижий тилларда чоп этиш кўзда тутилган.
– Бизнинг Ватанимиз ўз тарихи туфайли маданиятлараро мулоқотнинг ноёб ва бетакрор намунаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ўзбекистоннинг бугунги тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, ана шу мақомни ушлаб туриш мумкин, деб ҳисоблайсизми?
– Марказий Осиё диёри минг йиллар давомида турли халқлар, миллатлар ва динлар вакиллари тинч-тотув, ўзаро ҳамжиҳатликда яшаётган минтақалардан саналади. Ипак йўли марказида жойлашган Марказий Осиё ўтмишдан буюк йўллар, цивилизациялар чорраҳаси бўлиб, маданият ва динлар ривожида ҳам муҳим ўрин тутган. Ислом дини босқичидан аввал ҳам бу ерда юнон-бақтрия, туркий ҳоқонлик, бақтрия, сўғд цивилизациялари бўлган, буддавийлик, насронийлик, монийлик, зардўштлик каби диний қарашлар вакиллари ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирган. Бағрикенглик дини бўлган ислом ҳам ана шу анъаналарни янада мустаҳкамлади.
2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг ана шундай тарихий анъанасини қайта жонлантирган ҳолда, «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган резолюция 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида бир овоздан қўллаб-қувватланди.
«Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясида барча учун таълим олиш имкониятини тақдим этиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этиш билан бир қаторда, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймасликка ҳам даъват этилган.
Юқорида айтиб ўтганимдек, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг асосий қирраларидан бири ҳисобланади. Динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни самарали йўлга қўйиш мақсадида жаҳондаги нуфузи халқаро илмий муассаса ва тузилмалар ҳамда халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатилди.
Жумладан, 2020 йилда Қозоғистондаги Динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш бўйича Н.Назарбоев маркази билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилди ҳамда шу йўналишдаги конференцияларда иштирок этилди.
Марказ биноси тўлақонли ишга туширилгач, йирик тадбирларни ўтказишга мўлжалланган 550 кишилик конференциялар залида халқаро ташкилотлар иштирокида юқори даражадаги тадбирларни уюштириш орқали халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятининг эътибори маърифат ва диний бағрикенгликка қаратилади.
– Юртимизда яшаётган барча халқларнинг диний эътиқодига ҳурмат билан қараш, шу жумладан, соф ислом таълимотини қўллаб-қувватлаш борасидаги мамлакатимиз саъй-ҳаракатлари жамиятда тинчликни таъминлаш учун хизмат қилади. Ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақидаги фикрингизни билишни истар эдик...
– “Динда мажбурлаш йўқ” қоидаси исломнинг асосий арконларидан ҳисобланади. Ислом дини шаклланаётган дастлабки босқичда айнан насронийлар мусулмонларга ёрдам қўлини чўзган. Илк ислом давлатининг дастлабки тинчлик халқаро шартномаси халифа Умар ибн Хаттоб ва Қуддуси шарифдаги насронийлар етакчилари ўртасида тузилган. Айтмоқчиманки, бағрикенгликнинг ҳам концепциявий, ҳам анъанавий асослари бор. Негаки, дунёда деярли барча мамлакатлар ҳудудида турли динлар мавжуд, турли миллат ва элатлар вакиллари истиқомат қилади. Бинобарин, бағрикенглик омили муайян бир мамлакат ёки бутун дунёда тинчлик бўлиши учун муҳим шартлардан бири ҳисобланади. Юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат, диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор вазифалари сирасига киради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев етакчилигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Кейинги йиллар давомида диний–маърифий соҳаларда қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Булар, шубҳасиз, мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида илми ва тасаввуфни ўрганишга ихтисослашган бешта илмий мактаб очилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу маърифат масканлари ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб беришга хизмат қилади. Ислом цивилизацияси марказида ҳам доимий равишда юртимиздаги турли конфессия вакиллари билан учрашувлар ташкил этилиб, диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
– Глобаллашув даврида миллий қадриятлар ва ҳамжиҳатликни асраш катта аҳамиятга эга. Сизнинг фикрингизча, бунинг учун нималар зарур?
– Суҳбатимиз аввалида айтиб ўтганимдек, глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда миллий ўзликни ва анъаналарни сақлаб қолиш ҳар бир миллат олдида муҳим вазифа бўлиб турибди. Оммавий маданият ҳамда ижтимоий тармоқлардаги платформалар орқали енгил-елпи контентлар ва зўравонлик ғояси "вируси" тарқалиши жамият келажаги учун хавф туғдирмоқда.
Ўзбек халқи азалдан юртимизнинг эртанги куни, фаровонлиги, фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши ҳақида қайғуриб келган. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ислом дини билан боғлиқ бой ва ноёб меросимизни кенг таништириш, динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, ёшларни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш мақсад қилинган.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Ислом цивилизацияси маркази таркибидаги 16 минг квадрат метр кўргазма майдонига эга музей экспозицияси ҳам айнан шу вазифа ижросига хизмат қилади. Саккизта бўлимдан иборат бўлган музей исломгача бўлган Марказий Осиё маданияти, исломнинг кириб келиши, таълим, илм-фан, ислом меъморчилиги, халқимизнинг ислом дини билан боғлиқ санъати ва маданиятини намойиш этади. Музейнинг сўнгги, саккизинчи бўлими “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” деб аталади. Бу бўлимда мамлакатимизда ўзаро бирдамлик ва миллий анъаналар сақлаб қолинган ҳолда янги даврга кириб келаётганимиз намойиш қилинади. Юртимизда энг илғор технологиялар асосида фан ва ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати, таълим ва илмий-тадқиқотлар соҳалари барча йўналишларда ривожланиш босқичига ўтди. Айни пайтда “Шонли тарихдан – буюк келажак сари” шиори остида маънавий-марифий соҳаларда жуда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буюк аждодлар хотирасига, улар қолдирган бебаҳо меросга эътибор, ғамхўрлик, ёш авлодни уларга муносиб бўлишга интилиш руҳида тарбиялаш йўлида олиб борилаётган фаолиятга, юртимиздаги барча хайрли, умидбахш ўзгаришларга суяниб, айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга киришди.
Наргис Сайдалиева “Дунё” АА.