Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.
muslim.uz
Рамазонда хайру садақа қилиш фазли
Энг Ғаний зот бўлган Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар бўлсин. “Солиҳ киши учун солиҳ мол-давлат қандай ҳам яхши” деб марҳамат қилган муаллим Расулимизга саловат ва саломлар бўлсин.
Бир давр ёки макон шарафли бўлса, унга тобе бўлиб, ундаги солиҳ амаллар ҳам шарафли бўлади. Маккаи мукаррам-да қилинган ибодат бошқа жойларникидан афзал бўлгани, Жума кунида силаи раҳм алоқаларини қилиш фазилатлар саналгани каби. Шу жумладан, муаззам Рамазон ойи ҳам. Унинг юксак фазилати сабаб, унда бажариладиган хайрият, эҳсон, Қуръон тиловати, тунда қоим бўлиш каби ибодатларнинг ҳам Раббимиз наздида қиймати ошади. Ушбу муборак ойда берилган закот ва нафл садақаларнинг ҳам алоҳида хислати борлигига қуйидаги ҳадислар далолат қилади:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Энг афзал садақа Рамазонда қилинган садақадир”.
Имом Аҳмад ва “Сунан” соҳибларининг баъзиларидан қилинган ривоятда: “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, у учун у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарса камаймаган ҳолатда бўлади (ёзилади)”, деганлар.
Албатта, ифторлик деганда фақатгина уйига одамларни йиғиб, уларга таом улашишнигина тушунмаслигимиз зарур. Рўзадор яқинларимиз, ёру биродар қўшниларимиз уйларига бирор егулик жўнатсак ёки чиқарсак ҳам, иншааллоҳ, мана шу ҳадисга дохил бўламиз.
Ўзаро алоқалар тикланадиган мана шундай мавсумда ҳамсояларимиз билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиб олсак, йил бўйи ҳамжиҳатлик ва тотувликда яшашимиз гарови бўлади.
Таом улашишнинг фазли тўғрисида Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Албатта, Жаннатда шундай болохоналар борки, ташқариларидан ичлари, ичларидан ташқарилари кўринур”. У(саҳоба)лар: “Кимлар учун?” дейишди. У зот: “Каломни гўзал қилган, таом улашган, рўзада бардавом бўлган ва одамлар уйқудан бўлган пайт намоз ўқиган учун”, дедилар.
Ҳадис уламолари бу мукофот шу амалларнинг барчасини қилган одамга берилишини айтишган. Мулоҳаза қилиб кўрсак, бу ишларнинг барчасини Рамазон ойида бажаришнинг имкони бор экан. Аҳли оиламиз ва атрофимиздагиларга ширинзабон бўлсак, сахийлик ила таом едирсак, тунда бошқалар дам олаётганда туриб, таҳажжуд ва таровеҳ намозини ўқисак кифоя. Ваъда қилинган мукофотга Аллоҳнинг инояти ила эришамиз.
Абу Бакр Жобир Жазоирий айтади: “Рамазон ойида садақанинг ажри буюклигига ҳадисларда ворид бўлгандек иймон келтирган мўминлар ой бошида ўз қишлоқлари ё маҳаллаларининг масжидида жамланиб, маҳалладаги фақирларнинг ададини ҳисоблаб, қишлоқ аҳлига битта битта ёки иккита иккита қилиб бириктириб берилиб, уларнинг саҳарлик ва ифторликлари ёки ифторларининг ўзини ўшалар ҳисобига юклаб қўйилса, жуда яхши тадбир бўлар, ўзлари учун кўп хайриятларни жалб қилиб, Набийларининг кўрсатмаларига амал қилган бўлишар эди. Шу ишни биз аввалгилардан бўлиб, дарсларимизга келадиган толиби илм дўстларимиз ёрдамида амалга оширдик. Жуда муваффақиятли иш бўлди. Қалбларда катта таъсир қолдирди. Алҳамдулиллаҳ.
Маҳалладаги ёши катта, сўзи ўтадиган нуронийларимиз ҳам шу каби тадбирларга бош бўлишса, янада кўп гўзал ишлар амалга ошар экан. Ҳам бир инсон ўз қўшнисига ифторлик пайти таом элтса жамиятда оч рўзадор қолмайди деб ўйлаймиз.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким бир рўзадорга таом ва шароб ила ҳалолдан ифторлик қилса, унга фаришталар Рамазон ойи соатларида саловат айтадилар ва Қадр кечасида унга Жаброил саловат айтади”.
Фақир ва мискинларнинг таъминоти бошқа пайтларда ҳам лозим бўлсада, бу мавсумда янада таъкидлироқ бўлади. Инсоний туйғуларнинг ўзи ҳам уларга яхшилик қилишга ундаганда, мусулмон инсон бу солиҳ амални қилишга энг кўп ҳақлидир. Ўзининг саодатини уларнинг саодатида кўриши керак. Фақирлар фақат кўчаларда тиланиб юрадиганлар деб ўйламайлик. Ҳақиргина касбнинг ортидан кун кечираётганлар қанча. Боқувчисини йўқотган бевалар қанча.
Келинг уларнинг кунларидан ҳам хабар олиб, Рамазон ойининг барча учун қувонч ва севинч ойи бўлиши сари қадам ташлайлик!
Аллоҳ таоло мана ойда қилинадиган барча ибодатларимиз, хусусан, хайру садақаларимиз, эҳсонларимизни қабул айласин. Уларни Қиёмат кунида соябон қилсин!
Ҳадис илми мактаби талабаси
Парпиев Саидмаҳмуд
АЁЛ КИШИ РАМАЗОНДА ҲАЙЗ КЎРСА
— Рамазон ойида ҳайз кўрган аёл киши қандай йўл тутади?
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аёл киши Рамазон ойи давомида одати бошланиб қолса, у тугагунига қадар рўза тутмайди. Рамазон ойи ўтгандан кейин неча кун рўза тута олмаган бўлса, ўшанча кун қазо қилиб тутиб беради. Бу ҳукмга уламолар ижмоъ қилишган. Муоза розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: Муоза ал-Адавийя Оиша розияллоҳу анҳодан: “Нима учун ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутадию, намозни қазосини ўқимайди?” деб сўради. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз: “Узрли ҳолатга тушиб қолсак, рўзанинг қазосини тутишга, намознинг қазосини ўқимасликка буюрилганмиз”, деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайз ҳолатидаги аёлларга рўзанинг қазосини тутиш, намознинг қазосини эса ўқимасликка буюрардилар.
Ушбу ҳукм фиқҳий китобларимизда атрофлича ёритилган: “Аёл ҳайз ёки нифос кўрса, рўзасини очади. Кундуз куни мусофир сафардан келса ёки аёл ҳайздан покланса, куннинг қолган қисмида еб-ичишдан сақланади” (“Ҳидоя”).
“Ҳайз кўрган аёлдан намоз соқит бўлади, поклангач қазосини ўқимайди. Ҳайз кўрганнинг рўза тутиши ҳаром бўлади, поклангач қазосини тутади” ( “Ал-Мухтор”).
“Фарз рўзани тутиб турган аёл ҳайз кўриб қолса, рўзаси ботил бўлади. Фарз адо бўлмай қолгани учун, поклангач унинг қазосини тутиш вожиб бўлади” (“Умдатур риъоя”).
Аёллар рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктириши жоиз. Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши лозим. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлиғига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Туркияда 600 йиллик қадимий масжид қайта тикланяпти
ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Туркиянинг Бечин шаҳридаги 600 йиллик қадимий ва ноёб масжид қайта тикланмоқда.
Islam.ru маълумотларига кўра, археологлар жамоаси раҳбари профессор Қодир Пектаснинг айтишича, улар мадраса ва ҳаммом билан қурилган мажмуадаги энг йирик бино Йелли масжидини қайта очишни режалаштиришган.
Пектаснинг сўзларига кўра, масжид нафақат қадимий шаҳарнинг, балки ўша даврдаги бутун Анатолиянинг энг ажойиб иншоотларидан бири бўлган.
Масжид ҳам табиат ҳодисалар, ҳам одамлар сабаб юзага келган айрим омиллар туфайли вақт ўтиши билан яроқсиз ҳолга келганини таъкидлаб, Пектас бундай деди: "Маданият ва туризм вазирлигидан олган маблағ билан реставрация ишлари муттасил давом этмоқда".
"Аслига мос равишда маҳаллий материаллардан фойдаланган ҳолда олиб борган реставрация ишлари доирасида масжиддаги ёриқлар "архитектура чоклари" усулида таъмирланди", - дейди у.
Пектаснинг айтишича, бинонинг минтақадаги кучли зилзилаларга қарамай омон қолиши ўша даврнинг машҳур меъморий муваффақияти билан боғлиқ.
Бечинда 1972 йилдан бошлаб мунтазам равишда археологик қазишмалар амалга оширилиб келинган ва 2000 йилда тангалар хазинаси топилган, улардан 60 000 таси Усмонлилар даврига тегишли.
"Бу археологик қазишмалар пайтида Туркияда топилган нафақат энг катта хазина, балки Усмонли тангалари билан топилган энг катта хазина ҳамдир", - таъкидлашди ЮНЕСКО вакиллари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ойлар султони — Рамазон: Саҳарликка ухлаб қолиб ҳам рўза тутиш мумкинми? Рамазон рўзасининг каффорати қандай?
«Дарё» интернет-нашри ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Muslim.uz» портали ўзаро ҳамкорликда муборак ойга бағишланган «Ойлар султони — Рамазон» лойиҳасини тақдим этади.
Лойиҳа доирасида таниқли уламолар ва диний соҳа ходимлари моҳи Рамазон фазилати тўғрисидаги ояти карималар, ҳадиси шарифлар шарҳи ҳамда рўза тутиш билан боғлиқ саволларга жавоб беради.
Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири в.в.б. Ғуломиддин Холбоев билан уюштирилди.
Рамазонда саҳарликка ухлаб қолса, рўзани қандай тутиш керак?
Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши уйғонганидан кейин сув ичиб, ният қилиб, рўзани давом эттирса бўладими?
Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган одам, ўйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, рўзани ният қиламан деса, нияти ҳам, ўша куни тутадиган рўзаси ҳам тўғри бўлмайди. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмай, шу кунги рўзани тутишни ният қилади холос.
Бундай ниятни токи қуёш тиккага келгунгача қилиш мумкин. Бу ҳақда «Фатавои Ҳиндия» китобида шундай дейилган: «Заволгача ният қилиш, тонг отгандан кейин рўзани бузадиган амаллар бўлмаган бўлса, жоиз бўлади. Агар тонг отгандан кейин қасддан ёки унутиб еган, ичган ёки жинсий алоқа қилган бўлса, бундан кейин ўша кунги рўзани ният қилиши жоиз бўлмайди» («Фатавои Ҳиндия», «Шарҳут Таҳовий»).
Демак, Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши, уйғонгач, ҳеч нарса емай-ичмай, рўза тутишни ният қилиши лозим бўлади.
Рўзадор киши сўлагини ютиши мумкинми?
Айтишларича, рўзадор одам ўз сўлагини юца рўзаси очилиб кетиши мумкин экан. Бу гап қанчалик тўғри?
Рўзадор сўлаги (туфуги)ни ютиши билан рўза очилмайди. «Муҳитул Бурҳоний» номли китобда бу ҳақида шундай дейилади: «Рўзадор оғзида туфугини йиғиб кейин ютиб юборса, рўзаси бузилмайди».
Қасддан сўлагини оғзида тўплаб ютиш эса макруҳ бўлади. Бу ҳақда «Фатавои Ҳиндия»да қуйидаги жумлалар келтирилган: «Рўзадор туфугини оғзида йиғиб, кейин ютиб юбориши макруҳ бўлади. ‘Зоҳирийяъда шундай келтирилган».
Демак, туфукни қасддан оғизда йиғиб, ютишдан иложи борича сақланиш керак бўлади. Одатдаги ҳолатда эса сўлакни ичга ўтиши макруҳ эмас ва рўзани ҳам бузмайди.
Рўзанинг каффорати
Рамазон рўзасини қасддан бузган киши каффорат тўлар экан. Шу ҳақда маълумот берсангиз.
Рўзадор қасддан, яъни рўза тутгани эсида бўла туриб овқат еса, сув ичса ёки жинсий алоқа қилса, рўзаси бузилади. Бу ҳолатда ҳам қазо, яъни бузган рўзасини тутиши, ҳам каффорат вожиб бўлади.
Рўзанинг каффорати қуйидагилардан иборат:
- Бир қул озод қилиш;
- Агар бунга қодир бўлмаса, кетма-кет икки ой рўза тутиш.
Ҳозирги кунда қулдорлик йўқлиги сабабли қул озод қилишга қодир бўлмаслик табиий. Кетма-кет 60 кунлик рўза эса шариатда рўза тутиш мумкин бўлмаган кунлар — Рамазон ва Қурбон Ҳайити кунлари ва Қурбон Ҳайитидан кейин уч кун, жами беш кунга тўғри келиб қолмаслиги керак.
Бунга ҳам имконияти бўлмаса, 60 нафар фақирга фидя миқдорича таом ёки таомнинг қийматини беради (бу қиймат 2021 йилда 25 минг сўм этиб белгиланган). Бир фақирга 60 кун таом берса ҳам бўлади, аммо бир фақирнинг ўзига 60 кунлик таомни бир кунда бериш жоиз эмас.
Каффорат ҳақида фиқҳий манбаларда шундай дейилган: «Ким икки жинсий йўлнинг бирига қасддан яқинлик қилса, озуқа ёки даво бўладиган нарсани еса ёҳуд ичса, унинг зиммасига қазо ва каффорот лозим бўлади. Унда аввало бир қул озод қилади. Тополмаса, икки ой кетма-кет рўза тутиб беради. Унга ҳам қодир бўлмаса, 60 мискинни тўйдиради» («Раддул муҳтор»).
Зиммасига каффорат лозим бўлган киши рўза тутишга қодир бўла туриб, таомлантириш йўли билан каффоратни адо қилмоқчи бўлса, каффорат адо бўлмайди. Чунки тартиб бузилган бўлади.
Каффорат рўзасини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоратни қайтадан бошламайди, балки узри кетгач давом эттиради. Нифос қонини кўрса, каффоратни қайтадан бошлайди. Чунки, нифос қони бу масалада узр ҳисобланмайди («Раддул муҳтор»).
Каффорат рўзасини тутаётган киши 60 кун ичида бирор кунни қолдирса, каффорат бузилади ва рўза тутишни бошидан бошлайди.
Рамазоннинг қазоси ва каффоратини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан аввал мана шу рўзаларни тутишни ният қилиши шарт. Агар ният қилолмай, субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин эртанги куннинг қазо ёки каффорат рўзасини тутишни ният қилдим, деса кифоя қилади («Фатавои Ҳиндия»).
Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни бузишда каффорат йўқ. Валлоҳу аълам.
«Suara»: «Бухоро Марказий Осиёда Ислом илмининг маркази сифатида ўз обрўсини тиклади»
Индонезиянинг «Suara» ахборот сайти "Бухоро - Имом Бухорий ва Ибн Синонинг ватани" номли мақоласини чоп этди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Бухоро ҳақида сўз юритар экан, мақола муаллифи Азхар Расйид Абу Али Ибн Сино, Имом ал-Бухорий ва бошқалар каби буюк олим ва мутафаккирларнинг номлари шу шаҳар билан боғлиқлигини қайд этади.
"Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан қарийб 300 километр узоқликда жойлашган Бухоро шаҳри ислом тарихидаги энг машҳур шаҳарлардан биридир", – деб ёзади муаллиф. – Исломнинг олтин даврида Бағдод каби бу шаҳар ислом оламининг интеллектуал марказларидан бири эди. Шаҳарда икки таниқли шахс – асари тиббиёт оламида маълумотнома сифатида фойдаланиладиган мусулмон тиббиёт даҳоси ибн Сино ва Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) нинг анъаналарини йиғувчи сифатида танилган Имом Бухорий таваллуд топган. Шаҳардаги юзлаб масжид ва Қуръон мактаблари ўтмишда ислом таълимининг юксак даражага эришганини тасдиқлайди".
"Ипак йўли" бўйлаб жойлашган шаҳар тараққиётига халқаро савдо ҳам кўмаклашган, дея қайд этади газета.
"Бухоро шаҳри ўз даври учун катта эди", – деб таъкидлайди «Suara». – Бу ерда саройлар, турли шакл ва ҳажмдаги масжидлар, бозорлар, майдон ва боғлар бунёд этилган. Чет эл босқинидан ҳимояланиш учун шаҳар мустаҳкамланиб, қўш деворлар билан ўраб олинган. Фуқароларнинг кириши ва чиқиши учун бир қанча дарвозалар кўзда тутилган. Саройлар ва масжидлар гўзал архитектура билан қурилган.
Фуқаролар ва сарой аҳолисини сув билан таъминлаш учун сув коммунал хўжалиги қурилди. Ўрта асрларда Бухоронинг муҳташам меъморий ёдгорликлари унга “Қуббат ул-ислом” — “Ислом динининг гумбази” деган сифат ҳам берилади.
"Бугун Бухоро Марказий Осиёда ислом илмининг маркази сифатида ўз обрўсини тиклади", - дея ўз мақоласига якун ясайди индонезиялик журналист.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати