muslim.uz

muslim.uz

Франциянинг оммабоп «GEO» сайёҳлик нашри «My Tour Live» компанияси билан ҳамкорликда француз саёҳатчилари учун навбатдаги жонли виртуал экскурсияни ташкил этиш учун Самарқанд шаҳрини танлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Регистон майдонига виртуал ташриф 23 апрель, жума куни соат 20:30 дан 21:30 гача режалаштирилган.

Нашр «Карантин чоралари ва саёҳатларни чеклашни вақтинча унутишни, клавишларни бир неча марта босиш орқали Марказий Осиёдаги мамлакат ва Ипак йўлидаги улуғвор жой – Ўзбекистонга боришни» таклиф қилган.

Ҳаяжонли виртуал саёҳатга тажрибали гид ҳамроҳлик қилади. У ушбу манзил сирларини очишдан ташқари, реал вақтда батафсил маълумот бериш билан бирга, барча саволларга жавоб беради. Бу Самарқанд кўчаларида сайр қилиш учун жонли равишда тақдим этилган ҳақиқий экскурсиядир.
«Самарқанддаги Регистон майдони – Марказий Осиёдаги энг гўзал жойлардан биридир. Буюк ипак йўли даврида Регистон дунёдаги энг йирик савдо чорраҳаси бўлган. XV асрдан буён бу ерда учта мадраса, масжид ва саройлар бунёд этилган. Улар сеҳрли мовий ранглар билан қопланган олтин ҳаттотлик гумбазлари билан безатилган», деб хулоса қилади «GEO» .

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу илм олиш ёки одамларга илм бериш учун ўзини бағишлаган ҳар бир кишига давлат хазинасидан  доимий тарзда муайян маош бериб борилишига амр қилганлар. Сўнг бу шарафли вазифани барча одамлар хайрия вақфи шаклида яхши адо этиб турганлар. Бугунги кунда ҳам бу масъулият саховатпеша мусулмонларнинг вожиб-вазифаларидир: улар иқтидорли талабаларнинг моддий таъминотини етказиб беришни кафолатга олишлари лозим. Зеро, бу иш Аллоҳ таолони наздида ажри буюк амаллардандир ҳамда мусулмонларнинг келажаги учун – нақадар ажри буюк амал бўлмиш – етимни ўз қарамоғига олишдан ҳам самараси улкандир.

Мусулмонлар учун уламоларни бой бериш офат ва мусибатлар ичида энг каттасидир. Ахир, бу уммат уламолари вафоти туфайли бошига тушаётган мусибатларининг ўрнини қандай қоплайди?! Бу эса албатта, ўз фарзандларидан иқтидорлиларини шаръий илмларни ўрганишга йўналтириш ҳамда уларни илм олишдан чалғитувчи ҳар қандай омиллардан ҳар томонлама – ақлий ва жисмоний – холи этиш билан амалга ошади. Бунинг учун таъминот керак!

Мусулмонларнинг уламоларни бой бериш офатини бартараф этиш ҳақида сўз очмаслиги ва бу борада жиддий фикр юритмаслиги бу офат устига офатдир, дард устига чипқондир! Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун.

 

"Ҳадис илми мактаби" ўқитувчиси Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли

Мамлакат пойтахти Куала-Лумпурнинг марказий майдонларидан бирида муҳташам Ҳиндистон масжиди ёнида, Рамазон бозори яна очилди. Унда мусулмонлар деярли ҳамма нарсани сотиб олишлари мумкин, деб хабар бермоқда" Большая Азия ".

"Бу йил Рамазон бозорларимизни қайта очилгани учун ҳукуматдан жуда хурсанд ва миннатдорман!, – дея ўз ҳиссиётларини яширмайди Дўкон эгаси Робия Аҳмад . – Одамлар вазият яхшиланиб бораётганини ҳис қилишмоқда. Гарчи ҳали ҳам ниқоб кийиш ва барча кўрсатмаларга амал қилиш керак бўлса-да".

– Бу йил яна савдога қайтиш имкониятига эга бўлганим биз учун жуда муҳим, – дейди сотувчи аёл Риена Амелия ҳамкасбига қўшилиб. – Акс ҳолда яшашим қийин бўларди. Қўлга киритилган пул оила бюджетини тўғрилашга имкон беради, жуда хурсандман!".

"Ўтган йили ширинликларни фақат онлайн тарзда сотишимиз мумкин эди," – дейди сотувчи Майзатул Ҳасана. - Энди бизда яна даромад манбаи бор, шунинг учун жуда хурсандман!".

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Имом Бухорийнинг замондошларидан бири Яҳё ибн Жаъфар: “Агар қудратим етса, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг умрини зиёда қилар эдим. Менинг ўлимим бир кишининг ўлими бўлади. Муҳаммад ибн Исмоилнинг ўлими илмнинг кетишидир”, деган эди. Мусо ибн Ҳорун Ҳаммол эса: “Менимча, Ислом аҳли барчаси жамланиб, Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш яна бир кишини етиштирмоқчи бўлишса, эплай олишмайди”, деган эдилар.

Дарҳақиқат, бобомиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи бутун Ислом олами “Амирул мўминин фил ҳадис” – “ҳадис илмида мўъминларнинг амири”, “Шайхул-ислом” – “мусулмонларнинг устози” каби унвонлар билан номлайди. Буларнинг барчаси бежизга эмас. Аждодимизнинг бу даражага етишишига у зотнинг тақвоси, парҳезкорлиги ва омонатдорлиги каби кўплаб фазилати ва ҳадис илмига қўшган улкан ва беқиёс ҳиссаси сабаб, десак янглишмаган бўламиз.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида марҳамат қилади: "Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба) ларга кўтарур" (Мужодала сураси 11-оят).

Ҳақ таоло илм, зуҳд ва тақвода замонасининг пешқадами бўлган Имом Бухорийни бу дунёда номларини улуғ қилди. Имом Бухорий тўплаган ҳадислар инсонга тўғри йўл танлаш, ота-онани ҳурмат қилиш, ҳалол, оқибатли, бағрикенг бўлиш, Аллоҳнинг буйруқларига бўйсуниш каби хислатларга эга бўлиш имконини беради.

Ана шуларни ҳисобга олиб юртбошимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда Имом Бухорийнинг илмий меросини ўрганиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ҳадис илми мактаби, Халқаро Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази яратилди. Мана энди, бир томондан Имом Бухорийнинг хизматлари ва ўзларига мос ёдгорлик мажмуаси, иккинчи томонидан зиёратчилар учун барча шароитларга эга бўлган маскан яратилмоқда.

Президентимиз Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида бўлди. Давлатимиз раҳбари Ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ бобокалонимизнинг оламшумул довруқларига мос ва арзигулик қадамжонинг янги лойиҳаси билан танишди. Тадбирда ҳозир бўлган оқсоқоллар, уламолар, туман ва шаҳар депутатлари, жамоатчилик вакилларининг фикрларини эшитди ва янги мажмуа қурилиши бошланганини эълон қилди.
Янги ёдгорлик мажмуасида сони тобора ошиб бораётган миллий ва хорижий зиёратчилар учун барча шароитлар яратилади. Мажмуа таркибига кирувчи масжиднинг ички саҳнининг ўзи икки минг квадрат метрдан ошади. Атрофидаги саҳнлар билан масжидда бир неча ўн минг мусулмон бир вақтнинг ўзида намоз ўқиши мумкин бўлади. Ҳазрат Имом Бухорий қабрларини зиёрат қилиш шароитлари ҳам яхшиланади.

Ушбу буюк инсон хотирасига халқимизнинг ва жаҳон ҳамжамиятининг эҳтироми белгиси сифатида Аллоҳнинг изни ва халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан амалга ошириладиган мажмуага муборак Рамазон ойи кунларида тамал тошининг қўйилиши Яратган Парвардигорнинг ушбу эзгу ишларни қўллаб-қувватлашига умид боғлашга имкон беради.

Тадбир аввалида Шавкат Мирзиёев мўмин-мусулмонлар, бутун Ўзбекистон халқини муборак Рамазон ойи билан муборакбод этар экан: “Рамазон ойи – эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой. Бу қурилишни шу ойда бошлаётганимиз ҳам хайрли, хосиятли бўлади, қалбимизга таскин беради. Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад – исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч”, – деди.

2020 йилда пандемия туфайли Рамазон ойида диний амалларни уйда бажаришга тўғри келгани ёдга олинди. Бу йил эса масжидлар очиқ, мўмин-мусулмонлар карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, ибодатларини адо этаётгани қайд этилди.

“Тўрт йиллик изланиш, янгиланиш ва синовлардан ўтиб, катта тажриба орттирдик. Халқимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ишларимиз бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Рамазон ойининг олижаноб ғоялари, муқаддас амаллари ҳам ана шундай эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда мустаҳкам замин бўлади”, – деди юртбошимиз.

Марказий Осиё давлатлари – Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Афғонистон ўртасида диний-маърифий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш мақсадида 2021 йил 15 мартда Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари мавзусида халқаро конференция ташкил этилган эди.

Ушбу халқаро анжуманда сўзга чиққан Афғонистон Ислом Республикаси иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий: “Ўзбекистон шундай диёрки, Ер юзидаги ҳар бир мусулмон бу табаррук юртнинг зиёратига ошиқади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг мақбарасини зиёрат қилдик. Бу табаррук жойда жуда катта ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, қадамжолар янада обод этилаётгани бизни ғоят хушнуд этди. Буларнинг барчаси Президент жаноб Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни янада обод, халқни янада фаровон қилиш, юксак билим ва салоҳиятли, ватанпарвар, миллий қадрият ҳамда анъаналарга, аждодларнинг бебаҳо меросига садоқатли авлодни камолга етказишдек эзгу орзу-умидлари рўёбига хизмат қилаётир. Ўзбекистон яна илм-фан марказига айланмоқда”, деган эди.

Шавкат Мирзиёев мажмуада амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. Бу ерда катта масжид, тўртта симметрик минора, баланд айвонлар, йўлдан кириб келишда хиёбон бўлади. Кўп сонли зиёратчиларга замонавий қулайликлар яратиш учун 7 та меҳмонхона, 3 та автотураргоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча барпо этилади. Шунингдек, ошхоналар, ҳунармандчилик буюмлари растаси, ҳаммом, таҳоратхона, қушхона қурилиши белгиланган.

Зайниддин Эшонқулов,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Пятница, 23 Апрель 2021 00:00

Рамазон – раҳмат ойи

Бизни инсон қилиб яратган ва имон гавҳарига мушарраф этган меҳрибон Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин!
Оламларга раҳмат бўлиб келган севимли, мушфиқ пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар йўллаймиз.

Муборак рамазон ойининг рўзаси Исломнинг беш шартидан бири бўлиб, пайғамбар юборилган ҳар бир умматга фарз қилинган. Қуръони каримда: «Сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди», «Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» каби хитоблар билан рўзанинг фарзлиги собит бўлган ва фиқҳий асосларидан баҳс юритилган.

Ҳадиси қудсийлардан бирида:
«Рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен бераман», – дейилади ва рўзанинг хос ибодат ҳамда улуғ савобга эга эканлигига ишора қилинади. Диннинг устуни намоз бўлса, жамиятники – закот, руҳники эса рўзадир. Рўза руҳ шифосидир.

Ҳар бир илоҳий амрда ўзига хос ҳикмат бор. Рўзанинг барча хусусияти ва ҳикмати ёлғиз Аллоҳга аён. Бир нарса аниқки, Рамазон - раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Рўза жасадга ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди, уни қайта тирилтиради. Моддий ва маънавий зарарлардан муҳофаза этади.

Бошқа ойларга нисбатан бу ойда Аллоҳга яқинлашиш, улуғ ажру мукофотларга сазовор бўлиш имкониятлари кўпроқ. Қадр кечасиниг минг ойдан афзаллиги, бу кечада қилинган ибодатнинг ажри минг ойлик қилинган ибодатнинг савобидан ортиқлигини бир тасаввур қилиб кўринг! Бу ойда ихлос, самимият ила тавба қилсак, гуноҳларимиз кечирилади, дуолар қилсак, ижобат бўлади, иншоаллоҳ! Ҳатто фаришталар ҳам бу ойда Аллоҳнинг махсус фармонини бажариш учун ерга тушадилар...

Қуръони карим шу ойда нозил бўлди. Аллоҳнинг Расули Ислом динига даъватни шу ойдан бошлади. Шу ойдан бошлаб Ислом дини зафарга, куч-қувватга, нурга тўлаверди... Шунинг учун ҳам рамазон ойи ва рамазон рўзаси бутун уммат тарафидан буюк бир муҳаббат ва айрича ҳурмат билан эъзозланади.

Бу ойда ер юзининг турли тарафидаги мусулмонлар муштарак туйғу ва муштарак қарашлар билан бирлашадилар... Бир хил вақтда очиқадилар, чанқайдилар, жамоат бўлиб тартибли, эътиқодли ҳолатда Аллоҳга таслим бўладилар, муҳаббат намунасини кўрсатадилар. Яхшилик, хайру ҳасанот барчага баробар очилади. Аллоҳнинг афв ва мағфират хазинасидан ҳар бир мўъмин ўз улуш ва насибасини олишга ҳаракат қилади. Мўмин-мусулмонлар рўза давомида руҳларини сабр-қаноат, машаққат ва қийинчиликларда тоблайдилар, Аллоҳ берган неъматларнинг қадрига етиш ҳақида ўйлай бошлайдилар...

Шубҳасиз, рўза исломнинг бошқа аҳкомлари ва ибодатлари каби жамият ҳаёти ва тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади. Хатми Қуръон, таровиҳ ва ифторликлар мусулмонларни янада жипслаштиради, уларда меҳр-оқибат, дину диёнат туйғуларини жунбушга келтиради.

Аллоҳ барчамизни рўза ибодатини мукаммал ва ихлос билан адо этадиган тақводор ва солиҳ бандаларидан айласин. Омин! Валҳамду лиллаҳи раббил оламин.

 

Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ

Top