muslim.uz

muslim.uz

Покланиш ва маънавий юксалиш ойи­да аҳволимиз қандай? Айрим кишилар анча илгаридан ифторлик учун озиқ-ов­қат ғамлай бошлайди...

Ҳақиқий тақво соҳибларининг эса Ра­мазонда ейиш-ичишида ўзгариш бўл­майди. Ўзгариш уларнинг дастурхонида эмас, руҳиятида кечади, ибодати кўпаяди, тиловати ортади, уйқу­си камаяди...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун умрларини Рамазон ойидаги каби кечирган эдилар.

Саҳобаи киромлар таровеҳдаги хатм­ларни ҳассага суяниб қолгунигача давом эттирар эдилар.

Бизнинг эса умримиз роҳат-фароғатда. Ҳамма шароит муҳайё: масжидларда Қуръон тиловатлари; очил дастурхондек тузалган ифторликлар... биз фақат рўзамизни қиёмига етказиб тута олсак, хатмларда сомеъ турсак – Рамазон ойида чекажак “меҳнат-машаққатимиз” шу бўлади, холос.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган таълимотга кўра, Рамазон ойида қилинган нафл ибодатларнинг са­воби фарз ибодатларники каби бўлади, фарз ибодатларнинг савоби эса етмиш баробар ортади.

Солиҳ амалларга қанча ғайратли бўл­сак, Рамазоннинг бара­котидан шу қадар кўп улуш оламиз...

Тилимизни фойдасиз гаплардан сақ­лаб, зикр ва ибодатга ғай­рат қилайлик. Қадрига ета ол­маганимиз ўн бир ойда йўл қўйган хато-нуқсонлари­миз учун шу муборак ой­да тавбалар қилайлик.

Аллоҳ таоло бизларни савобларига рағ­батли ва ғайратли бандалари қаторига қўйсин.

Дамин ЖУМАҚУЛ

“Ҳидоят” журналининг 2021 йил 3-сонидан олинди

Анъанага кўра, кўп асрлар давомида Тоиф шаҳрида атиргуллар етиштирилади. Бу йил гуллар айнан Рамазон ойида гуллади. Замзам суви билан аралаштирилган Тоиф гулларидан олинадиган эфир мойи Каъбани таҳорати учун зарур.

Тоифда 800 га яқин гул хўжаликлари бор, шунинг учун у кўпинча атиргул шаҳри деб аталади. Бу ерда ҳар йили 300 миллионга яқин гул гуллайди.

Islam.ru хабар беришича, Бин Салмон фермасида ишчилар гул буталарига парвариш қилиб, кунига ўн минглаб ғунчалари териб олишади. Улардан атиргул суви ва мойи, шунингдек, косметика ва пазандалик саноати учун қимматли компонентлар олинади.

Баъзи ишчилар далаларда гул йиғсалар, бошқалари бино ичида ишлайдилар, қўл билан саватларни тўлдириб , тарозида тортадилар. Кейин гуллар қайнатилади ва ҳайдалади. "Биз гулларни суюқлик деярли буғлангунга қадар юқори ҳароратда қайнатамиз ва бу 30 дақиқадан 35 дақиқагача давом этади. Шундан сўнг саккиз соат давом этадиган дистиллаш жараёни бошлангунча тахминан 15-30 дақиқа давомида ҳароратни пасайтирамиз", – дейди Бин Салмон фермаси эгаси Халаф Ал-Тувейри. Мой юзасига сузиб чиқиши биланоқ экстракция жараёни бошланади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ифторликнинг суннат бўлган дуолари борми?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторликда: “Заҳабаз зомау, вабталлатил урууқу ва сабатал ажру, иншааллоҳ” (Чанқоқ кетди, томирлар намланди, иншааллоҳ, савоб ҳосил бўлди), дер эдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик вақтида: “Аллоҳумма, лака сумнаа ва ъалаа ризқика афторнаа, фатақоббал миннаа, иннака антас Самийъул Аълийм” (Аллоҳим, Сен учун рўза тутдик, берган ризқингдан ифторлик қилдик, биздан қабул эт. Албатта, Сен Эшитувчи ва Билувчи Зотсан), дер эдилар.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

ЮНEСКО Ижроия Кенгашининг 211-сессиясида буюк олим Абу Райҳон Беруний (973-1048) таваллудининг 1050 йиллиги ЮНEСКО шафелигида 2022-2023 йилларда кенг нишонланиши бўйича қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимовни таъкидлашича мазкур юбилей санасини ЮНЕСКО раҳнамолигида нишонлаш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси томонидан ишлаб чиқилган ва Бош қароргоҳга тақдим этилган номзодлик ҳужжати Эрон Ислом Республикаси, Тожикистон ва Туркия каби давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган. Шунингдек ушбу қарор жорий йил ноябрь ойида Парижда бўлиб ўтадиган ЮНEСКО Бош анжуманининг 41-сессиясида тасдиқланиши кутилмоқда.

Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний ўрта аср қомусий билимлар донишманди, астрономия, математика, фалсафа, жўғрофия, этнография, антропология, геология, тарих, ботаника, фармакология фанларининг олими ва инсонпарвар шахс бўлган.

Беруний 973 йилнинг 4 сентябрида Хоразмнинг қадимий пойтахти Кат шаҳри (ҳозирги Қорақалпоғистондаги Беруний шаҳри) яқинида таваллуд топган. Олим математика ва астрономия каби фанларнинг ривожланишига, шу жумладан, сайёралар жойлашувини ҳисоблаб чиқишни осонлаштириш учун астрономик параметрларнинг назарий ҳосиласи ва жадвал функцияларни ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшган.

Беруний 150 га яқин асарни яратиб, ўз давридаги аниқ, табиий ва ижтимоий фанларнинг деярли барча соҳаларига тааллуқли катта илмий мерос қолдирди. Беруний асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган ва шу кунгача ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолган.

Номзодлик ҳужжатда Аризада таъкидланганидек, турли хил тақвим тизимларини, ҳукмдорлар тарихини, қаҳрамонларни, сиёсий воқеаларни, маданиятни, урф-одатларни ва ахлоқ мавзуларини ўзаро боғлиқлигини ўрганиб чиққан тарихчи сифатида машҳур бўлган Берунийнинг ишлари, шунингдек, турли маданиятларни яхшироқ тушуниш ва умумий интеллектуал ютуқларни баҳолашни шакллантиришга ёрдам беради.

Вашингтондаги Жонс Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институтининг раиси Фредерик Старр олим фаолиятининг аҳамиятини юқори баҳолади - "Берунийнинг мероси ўз миқёси ва кўп жиҳатдан аниқ фанларнинг ривожланишини олдиндан кўра олгани билан ҳақиқий қизиқиш ва ҳайратга сабаб бўлади. Унинг асарлари табиатшунослик соҳасидаги кейинги кашфиётлар учун кучли туртки ва асос бўлиб хизмат қилди. Мисол учун, астрономия ва тригонометриянинг мустақил тадқиқот соҳалари сифатида яратилиши айнан Беруний билан бўлиқ. Ўз даврининг энг етук муҳандиси бўлган олим, ўзи яратган формулалар ёрдамида ер ва ойнинг диаметрини XVII асргача яшаган бошқа олимларга нисбатан аниқроқ ўлчашга имкон берувчи асбобларни ўзи ясаган. Баъзи тадқиқотчилар, Беруний, шунингдек, Шимолий ва Жанубий Американинг одамлар яшайдиган қитъалар мавжудлиги ҳақидаги фаразни илгари сурганини таъкидлайди.

Аммо, шубҳасиз, бу олимнинг ўзи ўрганган илм-фаннинг барча соҳаларидаги инновациялари мураккаб математикани тил, дин ва маданиятнинг инсон ҳаётига таъсири ҳақидаги мисли кўрилмаган тушунча билан бирлаштирди.

Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда Беруний таваллудига бағишланган қатор тадбирлар ўтказилади. Бундан ташқари, Беруний юбилей санаси Эрон, Тожикистон ва Туркия давлатларида ҳам кенг нишонланиши ҳамда ҳамкорликда тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

uza.uz

Тинчлик буюк неъмат, инсон ҳаётининг бирламчи шарти ҳисобланади. Чунки, осуда ҳаёт, яратувчанлик ва фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби, энг аввало, шу неъматга боғлиқ. Шунинг учун ҳам қадимдан барча халқлар тинчликни асраш учун моли-ю жони билан курашиб келганлар. Аммо воқелик тинчликни кўплаб мамлакатлар учун ҳали ҳануз орзу бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Ҳозирда мамлакатлар тинчлигига рахна солувчи омиллар турлича, давлатлар ўртасидаги низоли вазиятлар, фуқаролик урушлари, миллий ва этник низолар, табиий офатлар… Лекин бу омилларнинг ичида бугунги кунда энг хатарли ва ҳар қандай давлат тинчлиги, осойишталиги учун жиддий хавф солишга қодир бўлгани экстремизм ва терроризм эканини ҳар бир соғлом фикрли инсон тан олмоқда.


Экстремизм ва терроризм ҳозирги замонда энг хавфли ҳамда оқибатларини башорат қилиш қийин бўлган ҳодисага айланиб улгурди. Террорчилик актлари бегуноҳ инсонларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши, жамият фаровонлигига хизмат қилувчи моддий ва маънавий бойликларнинг йўқ қилиниши, кишиларнинг тинч-осуда кундалик ҳаёт тарзини барбод бўлишига сабаб бўлмоқда. Айниқса, бугунги таҳликали ва мураккаб замонда дунё бўйлаб юз бераётган кескин вазиятлар ва ўзаро зиддиятлар, миллатлар ва динлар ўртасида турли можароларга сабаб бўлиши билан бирга дунёда ўрнатилган мавжуд тартиботларни ҳам изидан чиқармоқда. Шу билан бирга бугунги кунда эктремистик ва террорчилик ҳаракатларини содир этаётган бузғунчи гуруҳлар бирор бир давлат ёки минтақа билан чекланмай дунёнинг турли ҳудудларида ўзаро уюшган ҳолда фаолият юритаётгани кузатилмоқда. Бу эса, жаҳон мамлакатларининг экстремизм ва терроризмга қарши ҳамкорликда кураш олиб бориши ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш масаласини қатъий қилиб кун тартибига қўймоқда. Бу борада энг муҳим масалардан бири халқаро ҳамжамиятнинг барча аъзолари экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича келишувларга тўлиқ амал қилиб, белгиланган мажбуриятларни бажариш ҳисобаланади.


Республикамиз ҳам халқаро ҳамжамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида экстремизм ва терроризмга қарши қаратилган кўплаб халқаро шартномаларни ратификасия қилиб, улардаги мажбуриятларини изчил бажариб келмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимиз халқаро минбарларда экстремизм ва терроризмга қарши ўз ташаббусларини илгари сураётганини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этиши, шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканини таъкидлаб, «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюсия қабул қилиш таклифини билдирган эди. Халқаро ҳамжамият бу таклифни бир овоздан маъқуллаб, БМТ томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюсия қабул қилинди. “Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюсия жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан аҳамиятлидир.


Маълумки, БМТнинг терроризмни олдини олиш ва унга қарши курашга қаратилган 11 та Конвенция ва 2 та протоколи мавжуд бўлиб, Ўзбекистон уларнинг аксариятини ратификация қилган. Жумладан, 1971 йилги фуқаро авиациясининг хавфсизлигига таҳдид соладиган ноқонуний актларга қарши кураш; 1973 йилда қабул қилинган халқаро актлардан фойдаланувчи шахслар, шу жумладан, дипломатик агентларга қарши жиноятлар учун жазолаш ва уларни бартараф қилиш; 1979 йилдаги гаровга олиш харакатларига қарши кураш; 1999 йилдаги терроризмни молиялаштиришга қарши кураш каби бир қатор халқаро конвенциялар мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган ҳамда уларда белгиланган мажбуриятларга амал қилиб келмоқда.


Олий Мажлис ратификасия қилган барча ҳужжтларни ҳукуматимиз томонидан ҳаётга татбиқ этиш, айниқса, Афғонистонда тинчликни таъминлаш борасида олиб бораётган тадбирлари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этиб келинмоқда. Жумладан, БМТнинг Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррор қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг сўнги йилларда терроризмга қарши курашдаги халқаро ҳамкорлиги юксак баҳоланади.


Ўзбекистоннинг экстремизм ва терроризмга қарши курашишдаги иштироки минтақавий ташкилотлардаги фаолиятида ҳам ёрқин намоён бўлмоқда. Жумладан Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Евроосиё иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби бир қатор минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган шартномаларни бажаришда фаол қатнашиб келмоқда. Хусусан, ШҲТ доирасидаги Аксилтеррор марказининг Тошкент шаҳрида жойлаштирилиши ҳам республикамизнинг экстремизм ва терроризмга қарши курашдаги фаоллигининг эътирофи саналади. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг эктремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича шартномаларда қатнашиши унинг ички ва ташқи сиёсатининг мантиқий давомидир.


Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида “уч ёвуз куч”, яъни “террорчилик”, “айирмачилик” (сепаратизм) ва “экстремизм”га қарши курашда ҳамкорликни ривожлантириш алоҳида ўрин тутади. Ташкилотнинг экстремизм ва терроризмга қарши кураши доирасида республикамизнинг ҳарбий тузилмалари террорчи кучларга қарши ҳарбий-ўқув машқларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.


Бундан ташқари, 2019 йилнинг 10-11 октябр кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида Туркманистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия Федерасияси, Тожикистон президентлари ва Арманистон бош вазири, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Ижрочи котибияти иштирокида МДҲ давлатлари ўртасида 2020-2022 йилларда терроризм, экстремизм ва зўравонликнинг бошқа кўринишларига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастури ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. 2019 йил сўнгида Европа иттифоқининг ташаббуси билан мамлакатимизда бўлиб ўтган «Жайрон» ҳарбий ўқув-машқларида эса террорчи кучларнинг ҳарбий таҳдидини талофатларсиз бартараф этиш бўйича машғулотлар ўтказилди. Хусусан, унда террорчиларнинг кимёвий ва биологик воситалардан фойдаланган ҳолда таҳдиди юзага келган тақдирда тинчликпарвар кучлар томонидан уларни қандай зарарсизлантириш масалалари бўйича томонлар ўзаро фикр алмашдилар.


Шунингдек, Ўзбекистон дунёнинг кўплаб давлатлари билан ҳам экстремизм ва терроризмга қарши икки томонлама биргаликда курашиш бўйича шартномаларга эга. Хусусан, республикамиз АҚШ, Россия, Хитой, араб-мусулмон давлатлари ва Марказий Осиё республикалари каби қатор мамлакатлар билан экстремизм ва терроризмга қарши курашда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.


Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, БМТга аъзо давлатлар ўз миллий қонунчилигида экстремизм ва терроризм билан боғлиқ ҳолатларга нисбатан таъқиб қўйишлари талаб этилади. Бу ҳақида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2005 йил 14 центябрдаги Резолюсиясининг 1-бандида таъкидлаб ўтилган. Ушбу талабдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ҳам миллий қонунчилигида бир қатор норматив ҳужжатлар билан экстремизм ва терроризмнинг ҳуқуқбузарлик эканини таъкидлаб, бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан жазо санкцияларини белгилаган. Хусусан, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарор ва Фармонлари қабул қилинди.

 

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга ошириб келинаётган Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва ахборот таҳдидларига қарши курашиш муҳим вазифалар сифатида белгилиб қўйилган.
Республикамизда сўнги йилларда экстремизм ва терроризмга қарши маърифий йўл билан кураш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўлда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, экстремистик оқимлар сафига адашиб кириб қолган, қўли қонга ботмаган ва қилган ишидан чин дилдан пушаймон бўлганларга нисабатан кечиримлилик сиёсатини олиб бориш, ёш авлодни турли бузғунчи оқимлар сафига кириб қолишларини олдини олиш бўйича мунтазам тарғибот ишларини олиб бориш долзарб вазифалар этиб белгиланган. Ўз навбатида, мамлакатизмининг экстремизм ва терроризмга қарши маърифий йўл билан кураш олиб бораётгани кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳамда мустақил экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда.


Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда эктремизм ва терроризмга қарши курашда аҳолини, айниқса, ёш авлодни турли ёт оқимлар таъсириги тушиб қолишларига йўл қўймаслик, уларни интернет орқали тарғиб қилинаётган турли ғоявий ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар кўламини янада кенгайтириш, терроризм ва экстремизм ғояларига қарши йўналтирилган комплекс илмий тадқиқотлар ва китоблар тайёрлаш ва нашр этиш ҳамда бағрикенглик ғояси ва тинчликни мустаҳкамлаш масаласини илгари суриш орқали Ислом динининг асл мазмун-моҳияти юзасидан семинарлар ва конференциялар ташкил этиш, ушбу йўналишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада ошириш мақсадга мувофиқ. Шундагина юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва бағрикенглик муҳитини асраш ва уни келажак авлодаларга ҳам етказиш имконига эга бўламиз.

Махсудов Давронбек

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

Top