muslim.uz
ОНАМНИ РЎЗА ТУТИШДАН ҚАЙТАРСАМ БЎЛАДИМИ?
— Ўтган йили онам рўза тутдилар, бироқ соғлиғи ёмонлашиб, озгина қолганда очиб юбордилар. Бу йил ҳам рўза тутишни бошладилар, лекин яна соғлиғи яхшимас. Мен тутманг, десам гуноҳ бўлмайдими? Яъни рўза тутишдан қайтарсам бўладими?
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аллоҳ таоло беморлар ва мусофирларга енгиллик берган. Бемор одам агар рўза тутса, касали кучаядиган ёки тузалиши ортга суриладиган бўлса, рўза тутмасдан, тузалганидан кейин тутмаган кунларининг қазосини тутиб беради. Борди-ю, сурункали касал бўлиб, тузалиш умиди бўлмаса, фидя беради.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Islom.uz дан болажонларга Рамазон туҳфаси!
Болажонлар учун мультфильмлар жамланган дастур ишлаб чиқарилди!
Хабарингиз бор, islom.uz порталининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига болалар учун мўлжалланган бир қатор мультфильмлар жойлаб борилмоқда. Жумладан, «Аллоҳнинг ҳабиби Муҳаммад», «Қуръонда зикри келган инсонлар қиссаси», Қуръонда зикри келган аёллар қиссаси», «Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари», «Қуръонда зикри келган ажойиботлар» ва ҳоказо.
Янги чиқарилган «Мультфильм» дастури орқали сиз ўзингизга керак бўлган мультфильмни осон топишингиз ва томоша қилишингиз мумкин.
Дастур Andorid ҳамда iOS қурилмаларида ишлайди. Тез орада веб кўринишида ҳам фойдаланишингиз мумкин иншааллоҳ!
Рамазон ойи муборак бўлсин!
Толиби илмларга инфоқ-эҳсон қилишнинг фазилатлари
Тоййиба университети доктори, фазилатли шайх Муҳаммад ал-Амсамий "Олим ўқитувчи ва илм олишга ўзини бағишлаган талабага иқтисодий кафиллик қилишнинг фазилати" номли илмий мақола ёзган. Аввало, эътиборингизга унинг таржимасини ҳавола этамиз:
"Ҳалол касб қилишга энг иқтидорли кишилар толиби илмлардир. Чунки улар тадбиркорлик борасида юксак маҳорат, етарли тушунча ва йўналишга эгадир. Бунга биринчи ёрқин мисол Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларидан олдинги улкан даромад келтирган бир неча тижоратлари ҳамда у зот алайҳиссаломнинг тижорат билан шуғулланган саҳобаларининг фаолиятларидир. Шуникдек, улардан қайси бирлари қандай иш билан шуғулланган бўлсалар, албатта, унинг уддасидан чиққанлар. Бунга Ислом тарихи тирик гувоҳдир.
- Аллоҳ таоло толиби илмлардан шундай буюк ишларни талаб қилганки, у ишлар талабаларни фақат ўзининг тор доирали шахсий манфаатини ўйлашдан воз кечишга, оқибати таҳсинга сазовор, наф келтирувчи ишларни яхши кўришга ундаган ва бу умумманфаатли, доимо бутун уммат ҳамда келажак авлодларнинг асосий эҳтиёжи бўлган ишларга ўзларини тўлалигича бағишлашга даъват қилиб, уларни дунёдан рағбатларини сўндириб, иймон ҳаловати таъмини тоттириб, имкон қадар, дунёга боғланиб қолмай, уни ташвишини камайтириш, дунё матоларидан зарурий эҳтиёж бўлган нарсаларни олиш билан кифояланишга ўргатди.
- Уларнинг таълим-тарбиявий ҳамда илмий ишлари қалбни –дунё ташвишлари-ю, унинг ортидан касб қиламан, мол-мулк йиғаман, банкда сақлайман каби – барча чалғитувчи фикрлардан, дунёда ўз мустақил ғояси бор кишининг шу фойдали ғоясини амалга ошириб, қисқа умрини яхшиликлар билан тўлдириши учун асосий сармояси бўлмиш олтиндан қиммат вақтини ўғирловчи ишлардан холи бўлишини талаб қилади.
- Қолаверса, улар ризқнинг йўллари кўп эканини, дунёга ўзини уриш ҳам ўшалардан бир торгина йўл эканини биладилар. Шунинг учун улар тўғридан-тўғри ризқ берувчи Розиқ зотнинг ўзига итоат қилишга ҳамда Аллоҳнинг қарамоғидаги боқимандалари бўлмиш халқнинг манфаати учун ишлашга юзланганлар. Энг яхши одам бу – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг боқимандаларига манфаат етказувчи киши! Нима дейсиз? Аллоҳга итоат ва халқига манфаат етказишга юзланган кишини Аллоҳ қаровсиз қолдириб, зое қиладими?!
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликдан илгари чўпонлик қилиб, қўй боққанлар, сўнг тижоратчилик қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг баракали ва энг кўп фойда кўрувчи савдогарлардан бирлари ҳамда энг ваъдасига вафодор, омонатдор бўлганлар. Бу эса фойда кўришни хоҳловчи савдогарларда бўлиши керак бўлган энг муҳим шартлардир. Мўминлар онаси Хадижа разияллоҳу анҳо У зот алайҳиссаломнинг буюк ва гўзал ахлоқларига таҳсин айтиб, бундай деган эдилар: "Йўқ, Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон Сизни Аллоҳ хор қилмагай! Чунки Сиз, силаи раҳм қиласиз(қавми-қариндошчилик алоқаларини боғлайсиз), ҳеч вақоси йўқ, жамиятга боқиманда-юк бўлган кишилар юкини кўтарасиз, йўқсилларга имконият яратиб берасиз, меҳмонга зиёфат-дастурхон ёзасиз, дунёни турли машаққат-синовларига учраганларга ёрдам берасиз" (Имом Бухорий ривояти).
Мазкур ишларнинг барчасини бажариш учун мол-мулк керак. Булар яхшилик йўлида инфоқ қилишнинг энг улуғ кўринишдагиси, энг муҳими ва энг манфаатлиларидир.
Машаққат ва синовларга дучор бўлганларга ёрдам бериш...
Қайси хайр-эҳсон одамларга яхшиликни ўргатувчи-муаллим ва ўша яхшиликни ўрганувчи-талабани моддий таъминлашдан улуғроқ экан? Кафиллигига олган кишига бу каби юксак ахлоқий усуллар борасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашганининг ўзи улкан шараф бўла олади. Энди унинг Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги савоби ҳақида ҳар қанча гапирсангиз, шунча оздир!..
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина шаҳридан Макка шаҳрига ҳижрат қилганларидан сўнг У зотнинг ҳузурларига келган барча саҳобалар толиби илм ҳисобланадилар. Уларни моддий таъминотига кафиллик қилиш эса, дунёдаги энг фазилатли, самара ва манфаати нақд, Охиратга энг яхши захира бўлувчи амаллардан биридир. Буни чуқурроқ англаш учун Исломнинг бошида "Суффа аҳли" - дея танилган қавмларнинг ҳаётига эътибор қаратамиз. Улар Исломнинг меҳмонлари, Мадинада уй-жойи, мол-мулки бўлмаган, ғариб-мусофир ва камбағал талабалардир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ҳам улардан бири бўлган. У зот "Аҳли суффалар" ҳақида бундай деганлар: "Улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қисқа ва узоқ муддатлар мобайнида қорин тўйдириш эвазига бирга юрар эдилар. Масжидда юз ёки ундан озми-кўпроқми "Аҳли суффа"лар йиғилиб қолдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳлининг барчалари уларни иқтисодий таъминотини кафолатлашга масъул деб билар эдилар. Шунинг учун уйларидан уларга егулик ва ичимлик қидирар ҳамда саҳобаларидан ҳам талаб қилар, уларни одамлардан тиланиб юришга ҳаргиз ташлаб қўймас эдилар. Балки ўзлари намуна бўлганлари ҳолда одамларни бу ишга амал ва сўз билан далолат қилиб: "Ким фалончини кечки овқат билан таъминлайди? Ким уйига бир кишини олиб кетади? Ким икки кишини меҳмон қилади? Чунки бир кишилик овқат икки кишига ҳам кифоя қилади. Икки кишилик овқат уч кишига етади" – дер эдилар.
Абдур Раҳмон ибн Абу Бакр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: "Кимнинг уйида тўрт кишига етгулик овқат бўлса, бешинчи ёки олтинчисини ўзи билан бирга олиб кетсин" – дердилар. Сўнг Абу Бакр уч кишини олиб кетдилар, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн кишини олиб кетганлар" (Имом Бухорий ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни фақат камбағаллиги учунгина қарамоғларига олганлар деб ўйлайсизми? Йўқ, улар ночор талабалар ҳам бўлганлар, тўғри йўл ва шаръий йўналишни ўрганиб, келажакда уни одамларга омонатдорлик ила етказиб, халқни тўғри йўлда бардавом бўлишига сабабчи зотлар ҳам бўлганлар.
Муҳаммад ибн Маслама разияллоҳу анҳунинг таклифларига қарайлик. Масжидда бу талаба(аҳли суффа)ларнинг сони кўпайиб кетгани ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ишларини зиммаларига олиб, одамларга қарата: "Яхшиликка далолат қилувчи ҳам уни қилувчиси кабидир" – деганларида у зотга раҳми келиб, "Бу меҳмонларни ансорларнинг уйларига тарқатиб юборинг! Биз ҳар бир уй бошига сизга бир бош хурмо ажратайлик, ҳузурингизга келувчи қавмларга озуқа бўлсин" – деган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Тўғри айтдинг, майлин", дедилар. Унинг хурмоси пишгач, бир бошни олиб келиб, масжидга – икки устуннинг орасига – қўйди. Буни кўрган одамлар ҳам шундай қила бошладилар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу бу ишга ташкилотчилик қилар эдилар...
Талабалари Қуръон ва Суннати мутаҳҳара, фиқҳ ва одоб нурларини тарқатувчи илм даргоҳларида таълим олиб турган жамият – турли камчилик ва нуқсон, бузуқ эътиқодлардан саломат жамият бўлиб, унда талаба ва олимларни моддий таъминоти бўйнига олиш, уларни эҳтиёжларини чиройли тарзда адо этишдек, савобу-фазилатли ишлар борасида ҳеч бир муаммо бўлиши мумкин эмас.
Бу масъулият биринчи бўлиб, уларнинг бадавлат ва имконияти кенг кишиларига сўнг жамият зиммасига умумий тарзда юкланади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусофир талабаларга яхши муносабатда бўлишга буюрганларида, уламолар толиби илмларни "Марҳабо" – деб, қучоқ очиб, кутиб олиб, уларга ўзларида бор илм-маърифатларни берсинлару, сўнг эвазига жамият олимларни ҳеч бир кафолату-таъминотсиз, қаровсиз, ғариб ҳолда ташлаб қўйишларини назарда тутганмилар? Нима дейсиз?
У ҳадиси шариф бутун вужудини мол-мулкига очкўзлик ҳисси эгаллаб олган, унинг воситаси ила яхшиликлар қилиш ёки фазилатли ишлар ила жамиятда ўзидан яхши хотиралар қолдиришни истамас баъзи кишилар тушунган – олимлар дарсини берсину, ҳеч қачон, ҳеч кимдан, ҳеч нарса кутмасин каби – муддаодан кўра кенгроқ маънони билдиради!
Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Сизларнинг ҳузурингизга Машриқ томондан илм олиш учун кўплаб кишилар келадилар. Келганларида уларга яхшилик қилинглар".
Бу ҳадиснинг ровийси: "Абу Саиднинг ўзлари бизни кўрсалар: "Марҳабо, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик қилишга буюрган зотлар, хуш келибсиз!" – дер эди" – деган. Бошқа бир ривоятда – ҳадис ровийси Абу Ҳорун Абдий бундай деган: "Биз Абу Саид ал-Худрийнинг ҳузурига борар эдик. У эса: "Марҳабо, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшилик қилишга буюрган зотлар, хуш келибсиз! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Албатта, одамлар (илмда) сизларга тобеъдурлар. Ер юзининг барча қитъаларидан сизнинг ҳузурингизга одамлар динни чуқур ўрганиш учун келадилар. Келганларида уларга яхшилик қилинглар" – дея буюрганлар" – дер эди.
Олим ва таълим олувчи ажрда тенг шерик бўлишса, фаришталар уларнинг қилган ишларидан рози бўлганлари учун уларнинг оёқлари остига қанотларини тўшасалар, улар одамларга кўплаб манфаатлари теккани, уларга Аллоҳ ва пайғамбарларни, фаришталарни танитиб, ҳақ-ҳуқуқ ва ҳукмлар, ҳалол-ҳаромни ўргатганлари учун – уларнинг ҳақига ҳамма нарса, ҳатто денгиздаги китлар ҳам истиғфор айтсалар, бу яхшиликни ўрганувчи ва ўргатувчи ҳамда илмга чорловчиларни иқтисодий кафолатини бўйнига олган кишиларнинг – инша Аллоҳ – бу яхшилик, ажр-мукофот, савобдаги улуш-насибалари ҳам олиму-талабалардан кам бўлмайди. Балки улардан ортиқ бўлиши мумкин. Сабаб шуки, олим ва талабалар моддий томондан қарамоғига олувчи киши топа олмасалар, бу яхшиликдан узилиб қолиб, ундан буткул юз ўгиришлари ҳам мумкин. Натижада, илмсизлик ва ёмонлик омма халқни эгаллайди, ер юзида номақбул ишлар кенг тарқалади, оқибат халққа Аллоҳнинг қаҳру-ғазаби келур...
Фаразан, умматнинг бой кишилари орасида бу каби хайрли ишларни қилишни аҳамият қаратувчилар топилмаса, закот фақат фақирларга берилса, олимлар, тўғри йўлга чақирувчи ва талабалар вожиб закотдан маълум миқдорда берилувчи кишилар рўйхатининг энг бошида туришларида шубҳа йўқ!
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида икки ака-укалар бор эди. Бири Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳузурларига келиб, илм ўрганар эди. Иккинчиси ҳунармандлик қилиб, кун кўришар эди. Шу ҳунарманд илм ўрганувчи биродари устидан (у ҳам ишласин-да, қачонгача мен ишлайвераман? – деб), Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Балки сенга унинг сабаби(баракаси)дан мўл ризқ берилаётгандир?!" – дедилар" (Имом Термизий ривояти).
Доктор Муҳаммад Ал-Амсамийнинг мақоласидан
"Ҳадис илми мактаби" ўқитувчиси Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли таржимаси
Қозоғистон Марказий Осиёдаги энг катта масжидни қурмоқда
Нур Султон ҳокимлиги сайтининг хабар беришича, Қозоғистон Республикасида Марказий Осиёдаги энг катта масжид қурилиш жараёнидан олинган фотосуратлар эълон қилинди. Бу ҳақда tengrinews.kz. нашри хабар берди. Мамлакат пойтахтида Кабанбай ботир ва Мангилик эл хиёбонлари оралиғида янги масжид қурилмоқда. Нур Султон ҳокими Олтой Кулгинов ўзининг инстаграм саҳифасида ушбу масжид Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги энг йирик масканга айланади, дея маълумот ёзиб қолдирган.
Масжид гумбазининг баландлиги деярли 90 метр, миноралар эса 130 метр баландликда қурилади. Масжиднинг сиғими 30 минг кишини ташкил қилади. Ҳокимнинг таъкидлашича, қурилиш Нурсултон Назарбоев номидан ҳомийлик маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда.
«Бугун мен масжид қурилиш жараёни билан яқиндан танишиб чиқдим. Ўз навбатида биз муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялар устида иш олиб бормоқдамиз. Жумладан, масжид ҳудуди обод қилинади ва дарахтлар экилади. Келажакда масжид нафақат мамлакатимиз аҳолисига, шунингдек, сайёҳлар учун ҳам диққатга сазовор жойларга айланади», дейди Кулгинов.
Хуршид Маъруф тайёрлади
Маҳр – аёлнинг ҳақи. Унинг миқдори қанча ва қандай адо қилинади?
Никоҳ – мўминнинг ҳаётидаги муқаддас ришта. Бу жараёнда куёвнинг келинга маҳр бериши эса амалга оширилиши фарз ҳисобланган амаллардир. Бу орқали биргаликдаги ҳаёти давомида эркакнинг аёлга нафақа қилиши лозимлиги уқтирилади. Хўш, аёллар ўзларига бериладиган маҳр ҳақида нималарни билади?
Kun.uz маҳрнинг нима эканлиги ва унга нима берилса жоизлиги юзасидан сўровнома ўтказди. Табиийки, бу жараёнда турмуш қурганларга савол берилди ва натижаларга кўра маҳрни кўпроқ совға деб тушунадиган аёллар кўпчиликни ташкил қилди. Баъзилар буни никоҳ пайтида эшитишганини айтишди. Маҳр ҳақида умуман билмайдиган аёллар ҳам учради. Шундан келиб чиққан ҳолда бу масалада билимга эга бўлган замондошларимиздан ҳам фикр сўрадик.
Одинахон Муҳаммад Содиқ, олима:
– Маҳр бу аёл ва эркак ўртасида ақди никоҳ қилинган пайтда келинга бериладиган молиявий ҳақ ҳисобланади. У аёл кишининг ҳаққидир. Қуръони Каримда 4 ўринда уни беришга буйруқ қилинган. Пайғамбаримиз с.а.в ҳам «Маҳр бериш учун бир темир узук бўлса ҳам топгин», дея уйланадиган кишига маҳр беришга буйруқ қилганлар.
Маҳрни куёв беради – унинг ота-онаси эмас. Бу билан унга оилабошилик масъулияти англатилади. Маҳр миқдорининг энг ками 4,25 грамм тиллага тенглаштирилади. Шу қийматдан тушмаслиги керак. Энг кўпининг эса чегараси йўқ: ҳисобсиз мол-мулк бўлиши ҳам мумкин.
Турмуш қурадиган ёшларимизга маҳр бериш ва олиш фарзи ҳақида таълимот берилиши лозим. Йигитларга зиммасидаги маҳр бериш, қизларимизга маҳр талаб қилиш ҳуқуқлари, миқдори ҳақида англатиш керак бўлади. Ҳозирги пайтда бу масалани кўпчилик яхши англамаяпти. Буни никоҳ пайтида ёшларга англатиш имом-домлаларнинг вазифасига киради. Никоҳ пайтида келинда ҳаяжон ёки уят ҳисси туфайли буни сўрай олмаслиги мумкин. Шундай вазиятда унинг отаси ёки ака-ука, яқинларидан бирига бу вазифа юклатилади. Келиннинг номидан маҳр миқдорини эълон қилиб, талаб қилишлари жоиз бўлади.
Маҳр берилиш муддатига кўра иккига бўлинади: муъажжал, яъни тезлатиб бериладиган маҳр ва муажжал, яъни кейинроқ бериладиган маҳр. Келишилган маҳрнинг бир қисмини тўй пайтида бериш, қолганини вақт ўтиб айтилган муддатида бериш мумкин. Айниқса ҳозир бу муддатни гувоҳлар иштирокида келишиб олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бошқа қарзлар каби маҳр ҳам эркакнинг зиммасида то вафотига қадар тураверади.
Маҳрга қўлга киритиладиган мол-мулк берилиши вожиб бўлади: у тилла, пул уй-жой бўлиши мумкин. Маънавий нарсалар маҳр сифатида берилмайди – улар маҳр бўла олмайди, чунки улар қўлга киритиладиган мулк эмас. Агар уй-жойдан маълум хоналар ажратиб берилса, ўша хона унинг мулки ҳисобланади. Агар сабабларга кўра турмуш давом этмайдиган бўлса, ўша жой унинг мулкидир, истаса кириб яшаши, истаса унинг қийматини сўраб, ҳисоблаб ҳаққини олиши мумкин. Эр-хотин бўлиб яшагандан кейин қанақа айб билан ажрашган тақдирда ҳам аёл маҳрини олиши шарт. Авваллари бу қозилар орқали ҳал қилинган. Исломий давлатларда бу қонунга киритилган: эркак киши маҳрни айтилган вақтда бермаса тегишли тартибда қонунан ҳал қилинади. Бизда кўпинча имом-домлаларга мурожаат қилинади.
Саййид Аҳмад Сайдаралиев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими мутахассиси:
– Маҳр масаласи Ислом шариатида жуда муҳим масалалардан бири эканлигига унинг айнан Қуръони Каримда зикр қилиниши кифоя қилади. Нисо сурасида «Модомики никоҳ билан аёллардан фойдаланар экансиз, уларнинг белгиланган, ўлчанган маҳрларини бериб қўйинг» дейилган. Афсуски охирги пайтда бу масала анча оқсаб қолди. Кўп ҳолатда шунчаки никоҳ пайтида бир сидра зикр қилинади, аммо амалда ҳеч нарса қилинмайди. Уни бир эслаб ўтилади, кейин эса аёл киши кечиб юборади деган фикр пайдо бўлиб қолди. Аёллар ўзининг маҳр деган ҳаққи борлигини, уни чин кўнгилдан олишлари мумкинлигини сезмаган, билмаган ҳолатлар кўп. Ҳатто маҳр нима эканлигини билмайдиган аёллар қанча. Маҳр бу аёл кишининг ҳаққидир. Унга бераётган нарсамиз бевосита ўзининг тасарруфида бўлиши керак. Оилада, ижтимоий ҳолатда ишлатиладиган нарса бўлмаслиги керак. Масалан, кир эвиш машинаси, телевизор ёки мебел кабилар бўлмаслиги керак. Маҳрнинг миқдори бугунги кунда 1,5-2 млн атрофида бўлиши керак. Бу энг кам маҳр миқдори ҳисобланади. Бундан кам бўлмаслиги лозим, кўпининг чегараси йўқ.
Гулчеҳра Маткаримова, юридик фанлар доктори:
– Бугун никоҳга киришиш жараёнида эркак ва аёл муносабатларига аҳамият берилмай қўйди. Ҳамманинг хаёлида фақат тўй қилиш. Никоҳ шартномаси маҳрнинг замонавий кўриниши ҳисобланади. Бу бизга Европадан кириб келмаган. Олдин ҳам Ўрта Осиё ҳалқларида никоҳ шартномаси мавжуд бўлган. Маҳр ҳам бекорга киритилмаган. Бу аёлни ҳимоя қиладиган механизм. Ўша аёлнинг турмуши бузиладиган ёки эри вафот этадиган ҳолатларда аёлни ҳимоя қилиш. Маҳр беришдан қочиш жуда ёмон ҳолатларга олиб келмоқда. Никоҳ шартномаси тузишни, маҳр беришни исташмайди. Айримлар келинни уйига рўйхатга қўйишни истамайди, оқибатда фарзандлари билан кўчада қолиш ҳолатлари рўй беради.
Яқинда бир ёшгина тақводор келин мурожаат қилди. Турмуш ўртоғи жуда катта қори йигит экан. Буни қарангки, маҳрида ҳеч нарса йўқ. Шундай билимли, ҳамма нарсани тушунадиган инсонлар ўртасида маҳр муносабатларига жиддий қарамас экан, оддий дунёвий инсонлардан нима талаб қиламиз?
Демакки, Ислом маърифатини сингдиришимиз керак, уни тарқатишдан чарчаш керак эмас. Масалан, Францияда бундай дарслар киритилган, бизга ҳам керак шу нарса. Тарбия каби дарсларда ўргатишимиз лозим. Диншунос эмасман, лекин ота-боболаримиз маҳрни қандай берилиши ҳақида сингдиришган бизга. Биз ҳам болаларимиз онгига сингдириб бориш, уни одатга айлантиришимиз керак.
Ҳозирда Оила кодекси янгидан ишланди, назаримда бу кодексда мана шу масалаларниям инобатга олиш керак. Ёки бунинг мажбурият ҳиссини, масъулиятини кўтаришимиз керак. Чунки аёллар мулксизлиги жамиятга жуда катта зарар келтиряпти. Бу масала устида диншунос олимларимиз, депутатларимиз ишлаши керак. Маҳрни одатга айлантириш, масъулият юкини юқорига кўтариш лозим. Агар бунга юридик шакл бериш имкони бўлса уни киритиш ёки бунга имкон бўлмаса, болаларимиз онгига сингдириш, тарбиялашда эътиборни кучайтиришимиз керак.
Гулмира Тошниёзова тайёрлади