muslim.uz
Орёл мусулмонлари илк ифторини ўзбеклар жамоаси ташкил қилди
Орёллик мусулмонлар Орёл шаҳрининг масжидида бу йилги биринчи жамоавий ифторни ўтказишди. Ифторни масжид қавми бўлган вилоятдаги ўзбек диаспораси вакиллари тайёрлашди. Унда ифторда турли миллат вакиллари иштирок этишди. Бу ҳақда Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Орёл вилояти имом-муҳтасиби Холид ҳазрат Расулов ва Орёл шаҳри имоми Комил ҳазрат Магомедов муборак Рамазон ойининг фазилати ва ифторларни ўтказишнинг фазли ҳақида сўз юритди.
"Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Исломнинг нимаси яхши?» деб сўради. "Таом бермоғинг ҳамда таниган ва танимаганга салом бермоғинг", дедилар». Динимиз инсонларни бир-бирига ғамхўрлик қилишга ўргатади. Қувонарлиси, қавмимизда бирлик ва бирлашишга интилиш катта", – дейди Холид Расулов.
У Орёл вилояти масжидларидаги намозхонлар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани, бу йил Рамазон ойида жамоа ифторларини ташкил этишда қатнашиш ниятини кўрсатганлар сони юқори эканини таъкидлади.
Ифтор қатнашчилари ўзбек ошхонаси дунёдаги энг мазали таомлар ошхонасидан бири эканига яна бир бор амин бўлишди. Таомга ўзгача таъм бериш учун Ўзбекистондан махсус равишда маҳсулотлар олиб келинган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Исломда диний бағрикенглик асослари
Ўзбекистон халқи азалдан бағрикенг ва меҳмондўст бўлиб келган. Қадимдан заминимизда яшаган миллат ва элатлар бир-бирига елкадош бўлиб, оғирини енгил қилишган. Шунинг учун хурсандчиликда ҳам, тўйу маъракада кўп миллатли халқимиз бир-бирлари билан ҳамкору ҳамжиҳат бўлиб яшашган.
Юртимизда яшовчи турли дин вакилларига диний маросимларини ўтказишлари ва мамлакат ҳаётида фаол иштироклари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Бу борада мамлакатимиз ўзига хос бой тажриба орттирганини таъкидлаш керак. Буни бутунжаҳон эътироф этмоқда. Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Зайд аль-Ҳусайннинг қуйидаги сўзлари бунинг ёрқин далилидир: “Бугунги динлараро ва миллатлараро нотинчлик бўлиб турган таҳликали кунларда Ўзбекистондаги мавжуд динлараро ва миллатларо тотувлик турли давлатлар учун ўрнак бўлишга лойиқдир”.
Бундай аҳилликнинг асосий сабаби мамлакатимизда турли дин вакиллари ягона мақсад йўлида бирлашиб ҳаракат қилишларидир. Бу борада турли тадбирлар, анжуманлар ўтказилиб, муштарак вазифалар адо этиб борилади. Бир-бирларимизни байрамлар билан қутлаймиз. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталик муҳитида ўз ифодасини топмоқда.
Яратган Парвардигор бандаларини бир-бирлари билан танишиб, тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга буюрган. Қуръони азиймуш-шонда: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот, 13), деб марҳамат қилинган.
Демак, инсониятнинг асли бир: ҳамма Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйган. Инсонлар турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби ўзаро танишиш, ҳамкорлик қилиш ва маърифат ҳосил қилишдир.
Ислом дини аввал бошдан бошқа дин вакилларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўргатган. Маълумки, Ислом ўзидан олдинги самовий динларни эҳтиром қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувват кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар ораларида яшайдиган аҳли зиммага мурувват кўрсатиб, бутун инсониятга ўрнак бўлишди.
Бу борада Аллоҳ таоло бундай дейди: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакилларига яхши муносабатда бўлишга буюради ва уларга нисбатан адолатли бўлиш лозимлигини таъкидлайди. Жумладан, самарқандлик фақиҳ Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” номли тафсир китобида ушбу оят тафсирида: “Ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб қайд қилган. Мовароуннаҳрлик машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” асарида мазкур оят шарҳида: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг”, деб баён этганлар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва “улар бизнинг саҳобаларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ўзим уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Шунингдек, У зот элчи бўлиб келган Нажрон насороларини ҳам ўз масжидларида ибодат қилишларига рухсат берганлар.
Набий алайҳиссалом ҳар бир кишининг қайси динга мансублигидан қатъий назар, аввало, унинг инсонлиги учун одамийлик нуқтаи назаридан ҳурмат қилиш лозимлигини таъкидлаганлар. Жумладан, Абдураҳмон Абу Лайло ривоят қиладилар: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан одамлар тобут кўтариб ўтишди. Шунда у зот ўринларидан турдилар. Кейин саҳобалар унинг яҳудий эканини айтишди. Шунда Расулуллоҳ: “У руҳ эгаси – инсон эмасми?!” – дедилар”.
Тарихчилар Ҳорун ар-Рашид давридаги бағрикенгликни шундай изоҳлашган: “Масиҳийлар, яҳудийлар ва мусулмонлар ҳукумат ишларида бирга-бирга ишлар эдилар”. Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳибларидан бўлган олимларни тўплаб, уларга: “Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик келиб чиқмаслиги учун ҳар ким ўз диний китобидан далил келтирмаса, бўлди”, – деган экан.
Бу каби мисолларни Ислом тарихидан жуда кўплаб келтириш мумкин. Исломнинг бош манбаларида таъкидланган ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан қандай амал қилиниши ифода этилган кўрсатмалар бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда.
Демак, кўнглида ҳеч бир инсонга адовати бўлмаган ҳамда жамиятга қўли ва тили билан зарари тегмайдиган кишилар билан чиройли муомалада бўлиш, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, ёвузлик ва зулм-зиён етказиш йўлида асло ҳамкорлик қилмаслик муборак динимиз талабидир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. (Моида сураси, 2-оят). “Анкабут” сураси 46-оятида эса: “(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар...”, дейилган.
Демак, Қуръони карим мусулмон мамлакатларида бошқа динларга нисбатан муносабат ва диний эътиқод эркинликлари масалаларида асосий манба бўлиб хизмат қилган. Шундай экан, бундан исломнинг бошқа диний эътиқоддаги кишиларга нисбатан инсонпарвар, адолатпарвар эканини кўришимиз мумкин.
Қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойиллари ҳаётда ўз талқинини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди.
Ислом дини ўзга дин вакиллари билан бўладиган кундалик алоқаларга алоҳида урғу берган. Хусусан, қўшничилик алоқалари, аҳли китобларнинг таомидан истеъмол қилиш, уларга уйланиш мумкин экани, уларни ғийбат қилиш ҳам гуноҳ экани, молиявий алоқалар ўрнатиш, улардан қарз олиш, қарз бериш, уларга омонат қўйиш, мусулмон бўлмаган кишини мақташ каби масалаларда оят ва ҳадислар келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур. Саъд ибн Иброҳимдан ривоят қилинади: «Муқавқис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя юборди. Бас, у зот уни қабул қилдилар». Ибн Абу Шайба ривоят қилган. Имом Сарахсий «Мабсут»да қуйидаги ривоятни келтирган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муқавқис ҳадя қилган чопонлари бор эди. Ул зот уни ҳайит ва жума кунлари ҳамда ҳузурларига элчилар келганида кияр эдилар”.
Имом Бухорий ҳазратлари ўзларининг “ал-Адаб ал-Муфрад” китобларида шундай ҳадисни ривоят қилади: Мужоҳид айтади: Мен Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳунинг ҳузурида эдим. Унинг хизматчиси бир қўйни сўйиб, унинг терисини шилаётган эди. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу хизматчига қараб: Қўйни сўйиб бўлгач гўштни биринчи бўлиб яҳудий қўшнимиздан бошлаб тарқат, деди. Ўша ерда турганлардан бири: “Аллоҳ сизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Яҳудийдан бошла!”, дедингизми, деди. Шунда у зот: Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан қўшнига яхшилик қилиш ҳақида жуда кўп эшитганман, ҳатто қўшнига мерос беришни тайинласалар ҳам керак, деган хаёлга ҳам борганмиз, дедилар.
Имом Бухорий ўз китобларида ривоят қилишларича, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган вақтларида совутлари бир яҳудийнинг қўлида гаров эвазига берилган эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари У зот учун жону молларини фидо қилган инсонлар эди. Улар ичида Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳумо каби бой саҳобалар ҳам бор эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг биргина ишоралари билан бор будларини У зотнинг оёқлари остига олиб келиб ташлар эдилар. Лекин шундай бўлса-да Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзга дин вакилидан қарз олганлар. Бунинг сабаби ўзлари намуна бўлиб жамият бирдамлиги учун улар билан қандай муомалада бўлиш кераклигини умматларига кўрсатиб берганлар.
Демак, Ислом шариатида ўзга дин вакиллари билан иноқ муносабатда бўлишга оид муносабатлар аниқ белгилаб берилган. Буюк аждодларимиз ўзга дин вакиллари билан қандай муносабатда бўлиш лозим эканини ўргатиб, ўзлари бунда барчага намуна бўлганлар.
Бугунги кунда дунёдаги тинчлик-осойишталик ва барқарорликка миллатлар ва динлараро зиддиятлар, экстремизм ҳамда терроризм каби таҳдидларнинг жиддий хавф-хатари мавжудлиги глобаллашув шароитида Ўзбекистонда миллатлар ва динлараро муносабатлар масаласида хотиржамликка берилиш асло мумкин эмас.
Айни кунларда дунёда геосиёсий рақобат тобора кучайиб, айрим кучлар томонидан халқлар онгига эгалик қилиш орқали турли дин вакиллари ўртасида ўзаро низо ва оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш, мамлакатни куч-қудратини камайтириб, ҳудудни ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий томондан ўз таъсир доирасига олишга уринишлар кучаймоқда.
Ҳозирда жаҳонда юз бераётган диний тоқатсизлик ҳолатлари бошқа дин вакилларига ўта муросасизлик, бир дин ичидаги можароли муносабатлар ҳамда дунёвий тузумга қарши кураш ёки халқаро даражадаги қарама-қаршиликлар билан боғлиқ бўлиб турибди.
Зеро, барча динлар қатори Ислом ўзидан аввалги динларни (яҳудийлик, насронийлик) эътироф этибгина қолмасдан, уларнинг маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қарашга ҳамда улар билан адолатли муносабатда бўлишга буюрган.
Ислом доимо барча дин ва эътиқод вакилларини адолат ўрнатишда, хавфсизликни таъминлашда ва бегуноҳ одамларни қони тўкилишини олдини олишда ҳамкорлик қилишга чақиради.
Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида гўзал ўрнаклар бор. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижрат қилган пайтларидан у ерлик аҳоли билан баҳамжиҳат яшаш тўғрисида тузилган шартнома, Нажрон насороларидан бўлган олтмиш кишилик делегацияни масжидга жойлаб уларга кўрсатилган илтифот, Макка мушриклари билан Ҳудайбияда тузилган сулҳ шартномаси ва Макка фатҳ этилгач, мушрикларнинг умумий афв этилиши каби воқеалар бағрикенгликнинг ёрқин амалий намуналаридан ҳисобланади. Ҳаттоки Нажрон насаролари масжиди набавийда ўз ибодатларини Байтил Мақдисга қараб бажаришларига рухсат берилгани диққатга сазовор.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динида инсонларни турли динларга эътиқод қилиши Аллоҳнинг хоҳишига кўра бўладиган иш экани мусулмон киши ўзига юклатилган вазифани бажаришга масъул экани таъкидланган. Турли дин вакиллари, хусусан, аҳли китоблар ҳисобланган яҳудий ва насронийлар билан агар улар мусулмонлар билан тузилган битимни бузишмаса, илиқ муносабат ўрнатишга чақирилади. Албатта, бағрикенглик турли дин вакилларини бир заминда баҳамжиҳат, ҳамкорликда яшашга чақиради.
Демак, Ислом дини мусулмонларни ўз диндош биродарларига ва барча инсонларга яхшилик, меҳр-мурувват қилишга чорлаш билан бир қаторда, ўзаро тинчлик ва тотувликда бўлган бошқа дин вакилларига ҳам яхшиликда ва меҳр-шавқатда бўлишларига буюрган.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси ўринбосари
Дунёвий илм ўрганаётган талабага закот бериш жоизми?
Савол: Ислом динига оид бўлмаган тиббиёт, ҳандаса-архитектура, физика каби илмларни ўрганувчи талабага закот беришнинг ҳукми нима, унга ҳам закот бериш шаръан дурустми?
Жавоб: Биринчидан, закот оятда зикр қилинган ҳақдорларга берилур: "Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчилар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди)..." (Тавба, 60-оят).
Илм аҳли закот мазкур саккиз тоифа одамларга берилиб, бошқа ҳеч кимга берилмаслигига иттифоқ қилганлар. Шунинг учун Умар разияллоҳу анҳу: "Булар(закот моллари) булар(мазкур саккиз тоифа) ларгадир" – деганлар...
Иккинчидан, илм аҳли закот фақир талабаларга берилишига ҳам иттифоқ қилганлар. Зеро, фақирлар закот олишга энг ҳақли кишилар.
Учинчидан, баъзи олимлар: "Фақир талаба агарчи касб-ҳунарга қодир бўлса ҳам, ўзини илм талабига бағишлагани учун унга закот берилади. Шу эътиборданки, улар "Аллоҳ йўлида" - дея саналган ҳақдорлар қаторига кирадилар. Бу оятдан "Толиби илмлар" назарда тутилган" – деганлар (Ад-Дуррул-мухтор. 2/343).
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ баъзи ҳанафийлардан оятда "Аллоҳ йўлида" дейилган жумлани "Толиби илм" – деб тафсир қилганини нақл қилган.
Баъзи ҳанафий фақиҳлар: "Толиби илмга – гарчи бой бўлса ҳам, ўзини илм бериш ва олишга бағишлаб, касб қилишдан ожиз қолгани, зарурий эҳтиёжларини қоплаш учун – закотдан улуш олиш жоиздир" – деганлар (Ҳошиятут-Таҳтовий. 392-бет).
Тўртинчидан, бир гуруҳ олимлар тиббиёт, ҳандаса, физика каби илмларни ўрганувчи толиби илм – ўша ўрганаётган илми мубоҳ ва мусулмонларнинг эҳтиёжи тушадиган илм бўлса, у талаба ўқиши ва ўзининг эҳтиёжларига яраша маблағ топиш учун касб қилишга кучи етмаса, у – ҳам закот берилиш жоиз толиби илмлар сирасига киради – деган фикрга қарор қилганлар.
Доктор Юсуф Қаразовий бундай деган: "Илм олишга ўзини тўла бағишлаган талаба фойдали илм ўрганишга бор имконини сарфласа, касб ва илм талабининг орасини жамлай олмаса, унга ўз вазифасини адо қилишга кўмак берадиган, эҳтиёжларини қондиргудек миқдорда закот олиши мумкин. Дини ва дунёсининг манфаатига зарур бўлган китоблар ҳам шу эҳтиёжлар қаторига киради. Талабага закот бери-лишининг сабаби шуки, у фарзи кифояни адо этади. Унинг илмини фойдаси фақат ўзигагина чекланиб қолмаган. Балки бутун умматга фойдадир. Шундай экан, у закот молидан ёрдам берилишига ҳақли. Зеро, закот икки тоифа одамга: ё муҳтож мусулмон кишига ёки мусулмонлар унга муҳтож бўладиган кишига берилур. Талаба икки сифатни ҳам ўзида жамлагандир.
Баъзи олимлар талабанинг закот олишга ҳақли бўлиши учун унинг келажакда пешқадам олимлардан бири бўлиши, ундан мусулмонларга манфаат етишига умид боғласа бўладиган, аълочи талаба бўлишини шарт қилганлар. Бордию, ундай бўлмаса (сустроқ талаба бўлса), касбга қодир бўла туриб, закот олиш ҳуқуқига эга бўлмайди. (Касби билан тирикчилигини қилади. Имкон қилса, ўқийди, бўлмаса, йўқ). Бу ҳам жуда ажойиб гап. Ҳозирга замонавий давлатлар ҳам шу гапга амал қилиб, иқтидорли талабаларга инфоқ таризида қўшимча алоҳида бепул дарслар ташкил қилиб беради ёки уларни хорижий ёхуд ички малакаларини оширишларга юбоадилар (Юсуф ал-Қаразовий. Фиқҳуз-Закот. 2/560-561).
Исломнинг бағрикенглигини қаранг, илмларни диний-дунёвий турларга ажратмасдан, балки фойдали-фойдасизга таснифламоқда. Шаръий илм ўрганувчи талаба аълочи бўлмаса, унга закот берманг! – деб, тиббиёт, ҳандаса, физика илмларини ўқиётган талабанинг жамиятга нафи тегиши кутилаётган бўлса, унга закот бераверинг! – деб буюрмоқда...
"Ҳадис илми мактаби" ўқитувчиси Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли
"Бобурнома"нинг илк қўлёзма нусхаси юртимизга топширилди
Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонасида Эрон Форс тили ва адабиёти академияси раисининг ўринбосари Муҳаммад Нассири, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Илмий-техник ҳамкорлик қўмитаси (COMSTECH) ҳузуридаги Ислом университетлари аро виртуал тармоқ (CINVU) Бош котиби Карим Барзегар Нажафий билан учрашув ўтказилди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА.
Тадбирда Муҳаммад Нассири Теҳрон шаҳридаги “Гулистон саройи” музейида сақланаётган «Бобурнома» қўлёзмасининг ксеронусхасини Ўзбекистоннинг Эрондаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари Баҳодир Абдуллаевга топширди.
Суҳбатдош ушбу қўлёзма ноёб ва дунёда ўхшаши йўқлигини таъкидлади. У насталиқ услубида ёзилган ва кўплаб таниқли бобуршунослар унинг ўзига хослиги ва аҳамиятини тасдиқлайди.
Баъзи маълумотларга кўра, қўлёзма Бобур тириклиги даврида кўчирилган бўлиши мумкин. Китоб қўлдан қўлга ўтиб, Эронга кажарлар сулоласи вакилларидан Насриддин Шох Кажар (1848-1896) даврида келиб қолган. Асар сўнгги 150 йил давомида “Гулистон саройи” музейида сақланиб келинмоқда.
Учрашувда Муҳаммад Нассири май ойининг ўрталарида ўзбек бобуршунослари билан тажриба алмашиш, «Бобурнома» ҳақида тайёрланаётган китобини янги материаллар билан тўлдириш учун Ўзбекистон фондларида сақланаётган қўлёзмалар билан танишиш мақсадида мамлакатимизга келишни режалаштираётганини маълум қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Экстремизм ва терроризм миллат учун хатар
Дунёда глобаллашув жараёнлари жадаллик билан ривожланаётган ҳозирги даврда манфаатлар тўқншуви минтақа, миллат ва дин танламас иллатларни юзага чиқармоқда.
Ана шундай иллат ва инсоният оёғига болта бўлиб урилаётган разолат экстремизм ва терроризм деб аталмоқда. Бу иллатларни нима деб аташимиздан қатъий назар,қайсидир ташкилот ёки тузулмаларнинг манфаати учун хизмат қилишини яхши билишимиз даркор.
Экстремизм “кескин ҳаракат қилиш” деган луғавий маънони берса, истилоҳий маъноси “аҳоли орсида ўз ақийдавий фикрларини муросасизларча сингдиришга уриниш”дир. Унинг хавфли томони минг йиллардан бери халқимиз орасида амал қилиб келинаётган ақидавий аҳкомлар ва урф одат ва анъаналарни рад этиб, ўзларининг манфаатларига мос келувчи ақидаларини сингдиришларидир. Бундай бузуқ ақида эса мусулмонни “кофир”, давлатни “куфр давлати” ва бундай жамият “куфр жамияти” деган қарашларни сингдиришга қаратилгандир. Ақиданинг бундай тарзда бузилиши эса ҳақиқий мўминни кофирликда айблаб қонини тўкишга фатво беришга қаратилганлиги билан хавфлидир. Бундай қарашлар эса ўз навбатида терроризм каби ўта хавфли иллатга замин пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Терроризм қўрқитиш, ваҳима солиш ва жамиятда беқарорлик келтириб чиқаришга қаратилган хатти-ҳаракатлардир. Бугун дунёда бу балодан азият чекмаган бирорта давлат йўқ десак муболаға бўлмайди. Ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тормайдиган тузилмалар ўз ғаразли мақсадларига эришиш йўлида ёшлардан фойдалинишни кўзда тутганлар.
Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида ўзини жарангдор номлар билан атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида уруш бўлаётган ҳудудларга бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Афсуски, ёшлар муайян қисми бундай бузғунчи оқимларни ҳақиқатда ҳам Ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари — “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ деди: “Уч (киши) борки, Қиёмат куни мен уларга хусуматчиман: Менинг номим билан (аҳд) бериб, кейин хиёнат қилган киши; ҳур одамни сотиб, пулини еган киши; ишчи ёллаб, ундан (ишни) тўла талаб қилиб олиб, ҳаққини бермаган киши”.
Гўёки “ҳижрат” савобини оламиз деб даъво қилаётганлар баъзи адашган юртдош ёшларимиз юқоридаги каби онакуш ва одамфурушлардан ўрнак олмоқчими?
Қуръони Каримда айнан шундай ҳолатлар ҳақида “Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин...” (“Ҳуд” сураси, 113-оят), дейилган. Ҳозир бутун дунё уламолари террорчи гуруҳларнинг Исломга умуман алоқаси йўқ экани ҳақида фатво бермоқдалар. Жумладан, Бутун дунё Ислом уламолари кенгаши раиси Юсуф Қаразовий: “Биз уламолар бузғунчиларга қарши курашмоғимиз зарур. Ҳозир экстремистик ташкилоталр таркибида алданган ёшлар жуда кўп. Улар “кофирларга қарши жиҳод қиляпмиз, орзуимиз жаннат”, дейишяпти-ку, аммо мусулмонларни қатл этиб, оғир гуноҳга ботмоқда. Биз бундай нобакорликнинг олдини олишимиз даркор”, деб таъкидлаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсадан ҳижрат қилган (қайтган) мусулмондир” деб марҳамат қилганлар. Ислом дини Ватанга хиёнат, қотиллик, бузғунчилик, ўзини ўзи ўлдириш, ўзгаларга зум қилиш, ота-онага оқ бўлиш кабилардан қайтаради.
“Жиҳод” сўзи луғатда кишининг ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қаттиқ ҳаракат килиши маъносини англатади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмир мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади.
Истилоҳда дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимоясини шариат рухсат берган йўллар билан амалга оширишни англатади. Кишининг ўз ватанини босқинчилардан, исёнкорлардан ҳимоя қилиши ҳам айни жиҳоддир. Ҳадисда инсоннинг ўз нафси ёмонликларига қарши туриши, яхшиликларга интилиши катта жиҳод эканлиги таъкидланади. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят килган ҳадисда айтилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”.
Адашган ва бузғунчи оқимларга аъзо бўлган киши қонуний жазога тортилиши ёки “ҳижрат” даъвосида хорижий юртларга чиқиб кетиши оқибатида жамиятнинг бирламчи бўғини бўлган оилаларда парокандалик юзага келади, фарзандлар тарбиясиз, оилалар эса боқувчисиз қолади;
жамиятда анъанавий қадриятларни авлоддан авлодга узатиш тизими ва тадрижий ривожланиш жараёни бузилади, мазкур жамиятда асрлар оша муҳим ўрин тутган миллий, маданий, тарихий қадриятлар аҳамиятини йўқотиши оқибатида маънавият пасаяди;
экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиши орқали жамиятда “ёвузлик чегараси” пасайиб, одамлар қотиллик, қийноқ, босқинчилик, гаровга олиш, қулчилик каби жиноятларга кўникиб қолади. Айни чоғда, ушбу ёвузликлар жамиятнинг муайян қисмида ваҳима уйғотади, қочоқлар оқими пайдо бўлади;
терроризм ва экстремизм, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилади;
давлат томонидан хавфсизлик чораларини кўриш учун бюджет маблағларини сарфлаши, шунингдек, террористик ҳаракат оқибатида кўрилаётган моддий зарар жамиятга иқтисодий жиҳатдан катта зарар етказади. Натижада ишсизлик ошади, ижтимоий муҳофазага йўналтирилган лойиҳалар бажарилмай қолади, аҳолининг турмуш даражаси пасаяди;
мамлакатнинг тақдири иқтисодий донор ва қурол-аслаҳа сотувчи давлатларга боғлиқ бўлиб қолади.
Жамиятимиз келажаги бўлган ёшлар орасидан қўлларини қонга белаб, ўз она-юртига қурол ўқталиш даражасидаги манқуртга айланиб қолаётган кишиларнинг чиқиши бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо қилмоқда. У ерларда дийдаси қотган жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни бошқаларга озор ва азият беришдан қайтариб, “Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар”, деб марҳамат қилади. (Аҳзоб сураси, 58-оят).
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: “Нимага куляпсизлар?” дедилар. “Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз”, дейишди. У зот: “Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас”, дедилар.
Яна Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам “Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, деб марҳамат қиладилар.
Имом Термизий Абу Сирмадан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди”, деганлар.
“Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 71-оят).
“Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз” (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, мўминлар бир бирлари билан ака укадирлар. Қандай қилиб ака ўз укасига ёмонлик қилади ёки кофирликда айблаб, унинг жони ва молига тажовуз қилади. Қуйидаги ҳадиси шарифда мўминлар гўёки бир жонли жасаднинг аъзолари каби экани айтилади.
Саҳоба Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Мўминларни ўзаро бир-бирларига дўстликда, меҳрибонликда ва яхшилик кўрсатишдаги мисоллари, гўёки бир жасад кабидирки, унинг битта аъзоси бетобликдан оғриса, қолган аъзолари бедор ва нотинч бўлади” (Имом Бухорий ва муслим ривояти).
Қ.Искандаров
Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом хатиби