muslim.uz

muslim.uz

Воскресенье, 18 Апрель 2021 00:00

Рамазон ойи муносабати билан қутловлар

Бутун мусулмон олами учун муқаддас бўлган Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлари, етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарларидан, таниқли дин арбобларидан самимий қутловлар келмоқда.

Мактубларда хорижий ҳамкорларимиз томонидан Ўзбекистон Президенти ва кўп миллатли халқига чуқур ҳурмат-эҳтиром билдирилиб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари изҳор этилган.

Қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:

Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд

Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси

Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний     

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев

Бирлашган Араб Республикаси Президенти Халифа бин Зоид Ол Наҳаён      

Тунис Республикаси Президенти Қаис Саид       

Жазоир Халқ Демократик Республикаси Президенти Абдулмажид Таббун

Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос 

Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ал Саид 

Қувайт Амири Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ 

Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II

Саудия Арабистони Подшоҳлиги валиаҳди, Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, мудофаа вазири Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд

Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум

Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари, Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён

Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг бош котиби Юсуф ал Усаймин 

Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти Бандар Ҳажар

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳоди Сулаймонпур

Миср Бош имоми, Ал-Азҳар университети раҳбари Шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Таййиб.

Қутловлар келишда давом этмоқда.

Воскресенье, 18 Апрель 2021 00:00

Саҳарлик фазилатлари

Саҳарлик – баракадир. Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти)

Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, “Барака дастурхони сари шошилгин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).

 

Набий алайҳиссалом саҳобалар билан бирга саҳарлик қилардилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдим. Сўнгра у зот бомдод намозига турдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

Саҳарлик Ислом умматини аҳли китобдан ажратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Саҳарлик фазилатларидан яна бири унда дуо қабул бўлувчи вақт бор. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига ноил қилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳмати бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

 

Саҳарликда хурмо истеъмол қилинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизнинг тутаётган рўзаларимизни Ўзининг розилиги билан мукофотласин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бирлашган Араб Амирлиги расмийлари энг йирик "100 миллион порция озиқ-овқат" хайрия тадбири бошланганини эълон қилишди. Бу ҳақда Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум маълум қилди.

Озиқ-овқат яқин Шарқнинг 20 мамлакатларида кам таъминланган оилаларга тарқатилади. Ҳаракат рўзани бошлаган мусулмон муқаддас Рамазон ойининг бошланиши билан бир вақтга тўғри келади. Озиқ-овқат барчаси 30 кун давомида тарқатилади.

"Кампания БААнинг ирқи, дини ёки миллатидан қатъи назар, аҳолининг энг заиф қатламларига ёрдам бериш учун инсонпарварлик тамойилларини акс эттиради", - деб маълум қилди Муҳаммад Ал Мактум жамғармаси матбуот хизмати.

Хайрия акцияси ташкилотчилари ўз акцияларининг бир қисми сифатида маблағ йиғишни эълон қилишди. Озиқ-овқат банкининг минтақавий тармоғи ва БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури томонидан аллақачон ташаббусни қўллаб-қувватлашлари эълон қилинди.

Islam.ru маълумотларга кўра, БАА ҳукумати ташаббуси "10 миллион порция озиқ-овқат" деб номланган ўтган йилги кампаниянинг давоми бўлди. 2020 йилда Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазирининг жамғармаси коронавирус пандемиясидан зарар кўрган одамларга озиқ-овқат ёрдами кўрсатиш учун уни минтақа миқёсида ўтказди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

ЎМИ матбуот хизмати

Муалло ибн Фазл айтадилар: "Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар".

Саҳобаи киромлар Рамазон ойи кириб келиши билан жуда ҳам хурсанд бўлар ва ўзларидаги шоду хуррамликни зоҳир қилишар эди.

Зубайд Ёмий розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларни жамлаб, Қуръон тиловат қилиш ва уни бир мартабадан кўп хатм қилиш борасида мусобақалашар эдилар.

Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кириши билан бошқа ишларни қуйиб, Қуръон тиловати билан машғул бўлар эдилар.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи кириши билан ҳадис айтиш ва илм мажлисидан узулиб, мусҳафдан Қуръон тиловатига киришардилар.

Аллома Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: "Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида намоздан ташқари олтмишта хатм қилардилар".

Имом Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кирса: "Албатта бу ой Қуръон тиловат қилиш ва мискинларга таом улашиш ойидир", деб айтардилар.

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойида ҳар куни кундузи битта хатм, Рамазондан сўнг эса ҳар уч кунда хатм қилар эдилар.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи келиши билан ўзларига вазифа қилиб олган вирдларини тўхтатиб, Қуръон тиловат қилиш билан машғул бўлардилар.

Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: "Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди".

Аллоҳ таоло бу муборак ойни барча мусулмонлар учун манфаатли қилиб, бу ойдан улкан ажр-савоблар билан чиқишимизни муяссар айласин.

Top