www.muslimuz
Ўксик кўнгиллар шод этилди
Уламоларимиз Қашқадарё вилоятига ташрифлари давомида Шаҳрисабз туманидаги “Шаматон”, “Тутзор”, Шаҳрисабз шаҳридаги “Хўжамурод Бахши”, Китоб туманидаги “Яккатут” ҳамда Яккабоғ туманидаги “Кенгазар”, “Оқтош”, “Ибн Сино” маҳаллалар аҳолиси билан учрашдилар, эҳтиёжманд оилалар хонадонига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олдилар. Илиқ сўз ва насиҳат, моддий ёрдам ва ҳадялар билан ўксик кўнгилларни шод этдилар.
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Эрдон домла Эсонов, Тошкент шаҳар “Бурхониддин Марғилоний” масжиди имом-хатиби Абдулҳамид домла Турсунов маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, беморлиги бор юртдошларимиз ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнглини яхши сўз ва “Вақф” фонди моддий ёрдам ҳадялари билан кўтариб, уларни ўйлантираётган масалалар бўйича маслаҳат ва тавсияларини бериб, уларнинг ҳақига хайрли дуолар қилдилар.
Қашқадарё вилоят вакиллиги
матбуот хизмати
Шайх Алижон қори: "Имом Жазарий ҳавас қилган юрт фарзандисиз"
Бугун юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Қашқадарё вилоятига ташрифининг иккинчи куни бошланди.
Ушбу учрашувлар доирасида қироат илми устози, 10 та қироат соҳиби, серғайрат олим, мударрис Шайх Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Қарши шаҳридаги "Кўк гумбаз" жоме масжидига ташриф буюрдилар.
Дастлаб устоз Алижон қори шамолдек тез юрадиган Афросиёб поездида Қарши шаҳрига келгунча ўй-ҳаёлларидан ўтган кечинмалари билан ўртоқлашдилар. Аллоҳ таоло мусулмонлардан қилганига, шу юрт фарзанди этганидан ниҳоятда бахтиёр эканликларини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Шундай сўнг, сўзларининг муқаддимасида масжид аҳлининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига ҳарисликларидан мамнун эканликларини билдириб, уларга ташаккурлар айтдилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васаллам: "Одамларга ташаккур айтмаган киши Аллоҳга шукр қилмайди", деганлар.
Шайх Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Аллоҳ таолонинг юртимизга берган неъматларининг ҳисоби йўқ эканини таъкидлаб, бунинг учун ҳар куни шукрона қилишимиз шартлигини айтдилар. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг аъзоларимизни соғлом қилгани, эшитиш, кўриш, нафас олиш каби неъматларини беминнат бериб қўйганини унутмасликка чақирдилар. Устоз Алижон қори ҳақиқат қиёсда билинади деган қоидага асосан, қўшни мамлакатлардаги нотинч вазиятлар, ҳар кунги ўқ овозларини мисол қилиб келтирдилар.
Шайх Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Аллоҳ таоло юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни Ўз паноҳида асрашини, уларни ҳамиша яхшиликларда бардавом этишини сўраб дуои хайрлар қилдилар.