muslim.uz

muslim.uz

 

 

ЎМИ матбуот хизмати

Туркияда тадқиқот олиб бораётган ватандошимиз — Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Анқара университи битирувчиси, фалсафа доктори А.Туйчибоевнинг Али ибн Саъид ар-Рустуфағнийга мансуб «Мухтасар Фавойид ар-Рустуфағний» асарининг илмий-танқидий нашри Истанбулдаги «Haşimî Yayınları» нашриёти томонидан чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мазкур асар улуғ аждодимиз Имом Мотуридийнинг энг яқин шогирдларидан ҳисобланган Али ибн Саъид ар-Рустуфағнийга мансуб бўлиб, бугунги кунгача Аҳмад ибн Мусо ал-Кешшийнинг «Мажмуъ ал-ҳаводис ва ан-навозил ва ал-воқеъот» номли асари таркибида етиб келган.

Маълумотларга қараганда, ар-Рустуфағний Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги Бойли ота маҳалласида туғилиб, вояга етган. Вояга етгач, ар-Рустуфағний Самарқанд шағрида ўз даврининг энг забардаст уламолари – Абу Аҳмад ал-Иёдий, Абу Мансур ал-Мотуридий ва ал-Ҳаким ас-Самарқандийдан илм олган. Олимнинг Балх шаҳрига бориб, ҳанафий фиқҳининг ёрқин намояндаси, кичик Абу Ҳанифа дея эътироф этилган Абу Жаъфар ал-Ҳиндувонийдан ҳам истифода этгани нақл қилинади.

Ўрта асрларга оид табақот, яъни биография асарларида ар-Рустуфағний фиқҳ бобида «Самарқанднинг шайхи» бўлгани келтирилган. У шу даражада эътибор қозондики, ҳатто Бухорога бориб, илм мажлислари ўтказар, халқ вакилларига ваъз-насиҳатлар қиларди. Ар-Рустуфағний маҳаллий эътиқод ва мазҳабларга хос бўлмаган ёндашувларни танқид остига олиш, устози Имом ал- Мотуридийнинг соф ислом ақидасига оид қарашларини муҳофаза этишга катта ҳисса қўшди. Олимнинг турли ёт фирқалар билан бўлган мунозаралари «Мухтасар Фавойид ар-Рустуфағний» асарида ҳам кўзга ташланади.

Мазкур асар фиқҳ, калом, тафсир, ҳадис, тасаввуф, ахлоқ ва ҳикмат каби кенг қамровли мазуларга оид бўлиб, X асрда мамлакатимиз ҳудудидаги энг ёрқин илм ва маърифат марказларидан бири бўлган Самарқанддаги маънавий-маърифий муҳитни баҳолаш, Мотуридийлик таълимотининг илк тараққиёт босқичини ўрганиш нуқтаи назаридан ўта муҳим аҳамият касб этади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Динлар ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш бўйича Н.Назарбаев маркази раҳбари Булат Серсанбаев жанобларини қабул қилди.

Учрашувда Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар ва Қозоғистон билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда Диний идоранинг фаолияти ҳақида сўзлаб бердилар.

Жумладан, Давлатимиз раҳбари томонидан диний соҳага берилаётган эътибор, диний соҳа вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, хориж мамлакатларидаги мусулмонлар идоралари, хусусан, Қозоғистон мусулмонлари идораси билан турли йўналишларда ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани, зиёрат туризми йўналишида алоқаларни йўлга қўйилаётгани, ёшлар таълим-тарбияси борасида қилинаётган ишлар тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Булат Серсанбаев ўз сўзида ушбу марказ Нурсултон Назарбаев ташаббуси билан ташкил этилгани, ҳукумат қарорига кўра, яқинда унга Булат Серсанбаев раҳбар этиб тайинлангани, ўзи бунгача Миср, Сурия, Ироқ, Иордания, Ҳиндистон ва Хитой каби мамлакатларда фаолият юритиб, катта тажриба орттирганини маълум қилди.

Меҳмон Қозоғистонда диний-маърифий соҳада ишлар ривож топиб бораётгани, масжидлар бунёд этилаётгани, мўмин-мусулмонларга кенг имкониятлар берилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Айниқса, Нур-Султон шаҳрида жуда катта масжид қурилаётгани, Туркистон вилоятида тарихий обидаларни обод этиш ва замонавий инфратузилмаларни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани тўғрисида маълумот берди. Айни пайтда мамлакатда 3 минг масжид ва аҳолисининг 80 фоизи мусулмонлар эканини қўшимча қилди.

Булат Серсанбаев бугунги мураккаб вазиятда, экстремизм ва радикализм каби таҳдидлар кучайган даврда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда 2022 йилда Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида дунё ва анаънавий динлар етакчиларининг VII съезди ўтказилиши маълум қилиб, муфтий ҳазратларини расман таклиф этди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Тақво Қуръони каримда энг кўп таъкидланган амал. Сизнинг ҳам кўп оятлардан ўқиганингиз – тақво ҳақидадир. Тасаввуфнинг энг  муҳим мавзуларидан бири ҳам тақводир. Ҳатто тасаввуфни қисқача: «тақво йўли» дейдилар. Тасаввуф тақво йўлидир... Бу йўлдан юрган энг яхши мутасаввиф бўлади. Энг яхши мутасаввифлар энг тақволи инсонлардир.

Шунинг учун тақвони ўрганмоқ ва тақвога амал қилмоқ лозим. Яъни Аллоҳдан доимо қўрқувдасиз, Ҳақ йўлини биласиз... «Ажабо, Аллоҳ менга марҳамат этмасми?.. Ажабо, бу сўзни сўйлаганда Аллоҳим мендан рози бўлмасми?.. Ажабо, Аллоҳ менга қаҳр  қилмасми?», – деб доимий бир тараддуд ичида бўлишингиз керак. Бу – «Ало ҳозирин», яъни доимо хавф ичида бўлмоқ дейилур... Киши эҳтиётли, тадбирли, диққатли, ғамхўр, талабчан ва эътиноли мусулмон бўлиши зарур.

 

... إِنَّمَا يَتَقَبَّلُ اللّهُ مِنَ الْمُتَّقِينَ (سورة المائدة:27)

Иннамо ятақаббалуллоҳу минал муттақийн ( «Ал-моида»,27) – «Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур» деб буюрилади мазкур ояти каримада. Ибодатларнинг қабул бўлишига сабаб шу — тақводир. Намозни тақво билан қилсанг қабул бўлади. Закотни, садақани тақво йўлида берсанг, қабул бўлади.

Ҳазрати Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли бор экан. Иккиси ҳам қурбонлик қилибди. Бирисиники қабул бўлибди, иккинчисиники бўлмабди. Сабаби Қуръони карим: «Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилур», – дейди. Тақвосиздан  қабул қилмас.  Тақвосиз, фикри бузуқ, қалби нотоза, ниятида қусур бўлса қабул қилмас. Шунинг учун тасаввуфни бир жиҳатдан «Тақво йўли» дейдилар. Бу гуноҳлардан сақланиб, савобли ишларни орқага сурмай, назардан қочирмай яшаш йўлидир. Буни ўрганишингиз керак.

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Муқаддас динимиз эркак билан баб-баравар аёлнинг ҳам илм олишига, унинг маърифатли, маънавиятли бўлишига тарғиб этади. Чунки аёлнинг маърифатли бўлиши келажак авлоднинг одоб-ахлоқли, тарбияли, билимли бўлиб камолга етишида жуда муҳимдир.

Бугун пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида Юнусобод тумани отинойиси Дилором Каримованинг  “Маърифатли отинойи” китоби тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили, шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, пойтахтимизда фаолият юритаётган отинойилар иштирок этди.

Бугунги кунда отинойиларнинг вазифалари доираси жуда кенгайиб кетди. Улар нафақат диний билимлар эгаси, айни пайтда юртимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар, иқтисодий, таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний соҳадаги ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозим.

– Отинойи – Қуръони каримни, ҳадиси шарифларни, сийрат илмини, хуллас, шариат билимдони бўлиши, шунингдек, аёллар ўртасида диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида обрў-эътиборга сазовор кайвони аёл бўлиши шарт, – дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов. – Бир киши ҳаким зотлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккаласини ўқитишга қурбим етмайди. Фақат бирини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?” деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингизни ўқитинг. Чунки у келажакда фарзанд тарбия билан шуғулланади. Агар ўғлингизни ўқитсангиз, бир кишини ўқитган бўласиз, аммо қизингизни ўқитсангиз, бутун бир жамиятни ўқитган бўласиз”, деб жавоб берган экан. Қиссадан ҳисса шуки, аёл киши, албатта, маърифатли бўлиши керак. Бугун тақдимоти ўтказилаётган бу китоб опа-сингилларимизнинг маърифатли бўлишига хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Бугун ҳар бир отинойи ўз ҳудудида барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашда, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда, албатта, билимли бўлиши керак.

– Ҳозирги шиддаткор даврда замон билан ҳамнафас бўлмаган, маърифатдан, маънавиятдан йироқ киши ютқазиши табиий, – дейди китоб муаллифи, филология фанлари номзоди Дилором Каримова. – Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб, отинойиларнинг фаолиятини енгиллаштиришга хизмат қиладиган китобим ҳамкасбларимга манзур бўлади, деб ўйлайман.

“Маърифатли отинойи” китобида динимиз устунлари ва аҳкомлари, онанинг фарзанд тарбиясидаги маъсулияти, жаноза ва дафн маросимлари, зиёрат одоблари, хуллас, отинойилар фаолиятида асқатадиган барча жиҳатлар қамраб олинган.

 

Толибжон НИЗОМ

Top