Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик тадқиқотчининг Мотуридийлик таълимотига оид рисоласи Туркияда чоп этилди

Туркияда тадқиқот олиб бораётган ватандошимиз — Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Анқара университи битирувчиси, фалсафа доктори А.Туйчибоевнинг Али ибн Саъид ар-Рустуфағнийга мансуб «Мухтасар Фавойид ар-Рустуфағний» асарининг илмий-танқидий нашри Истанбулдаги «Haşimî Yayınları» нашриёти томонидан чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мазкур асар улуғ аждодимиз Имом Мотуридийнинг энг яқин шогирдларидан ҳисобланган Али ибн Саъид ар-Рустуфағнийга мансуб бўлиб, бугунги кунгача Аҳмад ибн Мусо ал-Кешшийнинг «Мажмуъ ал-ҳаводис ва ан-навозил ва ал-воқеъот» номли асари таркибида етиб келган.

Маълумотларга қараганда, ар-Рустуфағний Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги Бойли ота маҳалласида туғилиб, вояга етган. Вояга етгач, ар-Рустуфағний Самарқанд шағрида ўз даврининг энг забардаст уламолари – Абу Аҳмад ал-Иёдий, Абу Мансур ал-Мотуридий ва ал-Ҳаким ас-Самарқандийдан илм олган. Олимнинг Балх шаҳрига бориб, ҳанафий фиқҳининг ёрқин намояндаси, кичик Абу Ҳанифа дея эътироф этилган Абу Жаъфар ал-Ҳиндувонийдан ҳам истифода этгани нақл қилинади.

Ўрта асрларга оид табақот, яъни биография асарларида ар-Рустуфағний фиқҳ бобида «Самарқанднинг шайхи» бўлгани келтирилган. У шу даражада эътибор қозондики, ҳатто Бухорога бориб, илм мажлислари ўтказар, халқ вакилларига ваъз-насиҳатлар қиларди. Ар-Рустуфағний маҳаллий эътиқод ва мазҳабларга хос бўлмаган ёндашувларни танқид остига олиш, устози Имом ал- Мотуридийнинг соф ислом ақидасига оид қарашларини муҳофаза этишга катта ҳисса қўшди. Олимнинг турли ёт фирқалар билан бўлган мунозаралари «Мухтасар Фавойид ар-Рустуфағний» асарида ҳам кўзга ташланади.

Мазкур асар фиқҳ, калом, тафсир, ҳадис, тасаввуф, ахлоқ ва ҳикмат каби кенг қамровли мазуларга оид бўлиб, X асрда мамлакатимиз ҳудудидаги энг ёрқин илм ва маърифат марказларидан бири бўлган Самарқанддаги маънавий-маърифий муҳитни баҳолаш, Мотуридийлик таълимотининг илк тараққиёт босқичини ўрганиш нуқтаи назаридан ўта муҳим аҳамият касб этади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1434 марта ўқилди

Янгиликлар

Top