muslim.uz

muslim.uz

Воскресенье, 03 Декабрь 2017 00:00

Муаллақ қазо ҳақида эътиқодимиз

Ҳадиси шарифда инсонга етадиган ҳар бир нарса олдиндан тайин қилинган бўлиши, олдиндан тайин қилинмаган бирор нарса унга асло етмаслиги баён қилинган:

عَنْ أَبِى حَفْصَةَ قَالَ قَالَ عُبَادَةُ بْنُ الصَّامِتِ لاِبْنِهِ يَا بُنَىَّ إِنَّكَ لَنْ تَجِدَ طَعْمَ حَقِيقَةِ الإِيمَانِ حَتَّى تَعْلَمَ أَنَّ مَا أَصَابَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُخْطِئَكَ وَمَا أَخْطَأَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُصِيبَكَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  يَقُولُ  إِنَّ أَوَّلَ مَا خَلَقَ اللَّهُ الْقَلَمَ فَقَالَ لَهُ اكْتُبْ قَالَ رَبِّ وَمَاذَا أَكْتُبُ قَالَ اكْتُبْ مَقَادِيرَ كُلِّ شَىْءٍ حَتَّى تَقُومَ السَّاعَةُ  يَا بُنَىَّ إِنِّى سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ مَنْ مَاتَ عَلَى غَيْرِ هَذَا فَلَيْسَ مِنِّى.  رَوَاهُ  اَبُو دَاوُدَ

Абу Ҳафсадан ривоят қилинади: “Убода ибн Сомит ўғлига: “Эй ўғилчам, то сенга нима етган бўлса, янглишиб сенга етмасдан қолиши мумкин эмаслигини ва  нима сенга етмаган  бўлса, янглишиб сенга етиб қолиши мумкин эмаслигини билмагунингча иймон ҳақиқати таъмини асло тота олмайсан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ дастлаб қаламни яратган ва унга ёз, деган. У: “Роббим нимани ёзаман”, деган. Унга: “То қиёмат қоим бўлгунча бўладиган барча нарсаларнинг миқдорларини ёзгин” деган”, деяётганларини эшитганман. Эй ўғилчам, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “ Ким ушбудан бошқада (бошқа эътиқодда) вафот этса, мендан эмасдир”, деяётганларини эшитганман”, деди” (Абу Довуд ривоят қилган). 

Демак, барча содир бўлган нарсалар қадарда белгиланганига кўра вужудга келган ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ориф зотлардан бири: “Ким Аллоҳ таолонинг қадар тўғрисидаги сирини таниган бўлса, мусибатларни енгиш унга албатта, енгил бўлади”, деган.

Қадарнинг олдиндан белгилаб қўйилгани ҳақидаги далилларни ўрганишда дуонинг қазони қайтариши ҳақидаги ҳадиси шарифлар ҳам қўшиб ўрганилса, қазою қадар ҳақидаги умумий  маълумотлар тўлиқроқ бўлади:

عَنْ سَلْمَانَ الْفَارْسِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال لَا يَرُدُّ القَضاءَ إلَّا الدُّعاءُ  وَلَا يَزِيدُ فِي الْعُمُرِ إِلَّا الْبِرُّ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қазони фақат дуо қайтаради, умрни фақат яхшилик зиёда қилади”, дедилар” (Термизий ривоят қилган). 

“Қазони фақат дуо қайтаради” дейилди. Шу ўринда юқоридаги қадарнинг тайин қилиб қўйилгани маъносидаги ҳадис билан, ушбу ҳадис маъноси бир-бирига зид эмасми, агар зид бўлмаса уларни қандай бир-бирига мувофиқ ҳолда тушуниш мумкин? деган савол туғилиши табиий. Аслида ана шу савол муаллақ қазо деган атаманинг вужудга келишига сабаб бўлган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Муаллақ қазо ҳақидаги баҳсларни тўғри тасаввур қилишимиз учун  аввало қазо ва муаллақ калималарининг луғавий ва истилоҳий маъноларини билиб олишимиз лозим бўлади.

Қазо калимаси луғатда бир қанча маъноларда ишлатилади:

  1. Ҳукм чиқариш. Масалан, قضى القاضى على فلان بكذا (Қози фалончига бундай ҳукм чиқарди);
  2. Буйруқ қилиш. Масалан,

 وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ

(Роббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизга буюрди)[1];

  1. Бирор ишдан фориғ бўлиш. Масалан: قضيت الدين (Қарзни адо этдим, яъни қарз ишидан фориғ бўлдим);
  2. Хабардор қилиш. Масалан,

 وَقَضَيْنَا إِلَى بَنِي إِسْرَائِيلَ فِي الْكِتَابِ

 (Бани Исроилга Китобда хабар бердик)[2];

  1. Бирор ишни амалга ошириш. Масалан, قضيت أمر كذا

(Фалон ишни амалга оширдим).

Муаллақ қазо масаласида мазкур маънолар ичидан амалга ошириш маъноси назарда тутилган.

Мотуридия мазҳаби истилоҳида қазога қуйидагича таъриф берилган:

 اَلْقَضَاءُ: اِيجَادُ اللهِ تَعَالَى مَا سَبَقَ فِى عِلْمِهِ أَنَّهُ يُوجَدُ

Аллоҳ таолонинг илмида вужудга келиши олдиндан аниқ бўлган нарсани вужудга келтириши қазо дейилади[3].

Демак, Аллоҳнинг қазоси деганда азалий илмида собит бўлган нарсани юзага чиқариши тушунилади.

“Муаллақ” калимаси луғатда “боғлиқ қилиб қўйилган”, “ҳал қилинмаган” каби маъноларни англатади. Масалан, موضوع معلق дейилса, “ҳал қилинмаган мавзу” маъносини англатади.

Шунга кўра, муаллақ қазо деганда луғат жиҳатидан ҳал қилинмаган қазо маъноси тушунилади. Шу ўринда муаллақ қазонинг луғавий маъноси қуйидаги ояти каримага зид эмасми деган савол пайдо бўлади:

إِذَا جَاءَ أَجَلُهُمْ فَلَا يَسْتَأْخِرُونَ سَاعَةً وَلَا يَسْتَقْدِمُونَ

“Ажаллари етганда, бирор соат кечиктира олмайдилар ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар”[4].

Бу саволга жавоб топиш учун муаллақ қазо деган атамани кимлар ишлатгани ва бундан нимани назарда тутганларини ўрганишимиз зарур.

Муаллақ қазо атамасини дастлаб ишлатган уламолардан бири Ибн Тийн[5] раҳматуллоҳи алайҳ бўлиб, бу зот “Саҳиҳул Бухорий”да келган қуйидаги ҳадисни шарҳлашда муаллақ қазо атамасини ишлатганлар: 

عَنِ ابْنِ شِهَابٍ قَالَ أَخْبَرَنِى أَنَسُ بْنُ مَالِكٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ أَحَبَّ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِى رِزْقِهِ وَيُنْسَأَ لَهُ فِى أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, менга Анас ибн Молик хабар берди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ризқи кенг бўлишини ва ажали[6] кечиктирилишини (умри узун бўлишини) яхши кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин”, дедилар” (Бухорий ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда баён қилинган умрнинг зиёда бўлишини Ибн Тийн раҳматуллоҳи алайҳ икки хил маънода шарҳлаганлар:

  1. Умр баракали қилинади;
  2. Умрга вакил қилинган фариштанинг илмига нисбатан зиёда бўлади. Ушбу зиёдалик муаллақ қазодир, деганлар.

Ибн Тийн раҳматуллоҳи алайҳ ушбу икки маънони айтганларидан сўнг “ҳадиснинг лафзига биринчи маънони бериш лойиқдир”, деган. Яъни умрнинг зиёда қилинишини унинг баракали қилиниши маъносида тушуниш мақсадга мувофиқдир. 

Ибн Тийн раҳматуллоҳи алайҳдан кейин келган баъзи уламолар ҳам муаллақ қазо ҳақида асосан бу зотнинг мазкур қавлларини айтган. Яъни  умрнинг зиёда бўлишини ҳақиқий маънода эмас, балки фариштанинг илмига қайдлаб ишлатган.  Чунки мўътазилий фирқаси ичида мазкур ҳадисни далил қилиб ажал иккита бўлади, шунга кўра умр ҳақиқатан зиёда ва кам бўлиши мумкин деганлари ҳам бўлган. Уларнинг бу даъволарига аҳли сунна уламолари қуйидагича жавоб берганлар:

“Аллоҳ таоло банда бу тоатни қилмаганида унинг умри (масалан) қирқ йил бўлишини, лекин тоатни қилиб умри етмиш йил бўлишини олдиндан билган. Аллоҳ таолонинг илмига кўра бу тоат мазкур зиёдаликка сабаб қилингани эътиборидан ушбу зиёдалик ўша тоатга нисбат берилган”[7].

Қазони мубрам (қатъий белгилаб қўйилган) ва муаллақга тақсимлаган уламолар ҳам уни фариштанинг илмига нисбатан тақсимлашган. Асло Аллоҳ таолонинг илмига нисбатан қазо икки хил бўлади демаганлар. Аслида ушбу масаладаги энг муҳим нуқта ҳам мана шудир.

Демак, фариштанинг илмига ёки Лавҳул маҳфуздаги ёзувга кўра муаллақ қазо бўлади дейилса, ўзгариш махлуқларнинг илмига нисбат берилган бўлади ва бу гапдан Қуръон ва суннатда келган хабарларнинг тафсири ва шарҳи тушунилади. Чунки мазкур маънога далолат қиладиган оят ва ҳадислар келган. Масалан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича хабар берган: 

يَمْحُو اللَّهُ مَا يَشَاءُ وَيُثْبِتُ وَعِنْدَهُ أُمُّ الْكِتَابِ

“Аллоҳ нимани хоҳласа ўчиради, нимани хоҳласа собит қолдиради. Она китоб Унинг ҳузуридадир”[8].

Муаллақ қазони исбот қиладиган уламолар ушбу оятни далил қилиб, Аллоҳ таоло фаришталарга билдирган баъзи нарсаларни ўчиради ва шу ўчириши фаришталарнинг илмига нисбатан муаллақ қазодир, Аллоҳ таолонинг илмига нисбатан эса барча нарсалар мубрамдир (ўзгармас қатъийдир), деганлар.

Муаллақ қазони исбот қиладиган уламолар далил сифатида келтирган мазкур оятни Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ қандай тафсир қилгани билан танишсак, иншоаллоҳ, масала янада равшан бўлади. Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят тафсирида “ўчириш” ва “собит қолдириш”га тегишли тўрт хил қавлни келтирган:

(Биринчи қавл): “Аллоҳ таолонинг “Аллоҳ нимани хоҳласа ўчиради” маъносидаги қавли ҳақида баъзи уламолар бундай деганлар: “Бу ердаги ўчириш аввал исбот бўлиши хоҳланган нарсани ўчириш эмас, балки аввалдан уни ўчирилади деб белгилаганидир. Шунга кўра, бу оятнинг маъноси  қуйидаги оят маъноси сингари бўлади:

فَمَحَوْنَا آيَةَ اللَّيْلِ

“ Кечанинг аломатини ўчирдик”[9].

Яъни кечанинг аломатини ўчирдик дегани олдин исбот қилган эдик, кейин уни ўчирдик деган маънода эмас, балки азалдан уни шундай (яъни зулмат) қилиб белгилаган эдик маъносидадир. Мана бу оят ҳам шу маънодадир:

اللَّهُ الَّذِي رَفَعَ السَّمَاوَاتِ

“Аллоҳ осмонларни устунсиз кўтарган”[10].

Яъни ушбу оятдаги осмонларни кўтарган дегани олдин улар кўтарилмаган бўлган, кейин кўтарган деган маънода эмас, балки олдиндан кўтарилган қилиб белгилаган, деган маънодадир.

Ушбу далилларга кўра “Аллоҳ нимани хоҳласа ўчиради” маъносидаги оят аввал исбот бўлиши хоҳланган нарсани ўчириш эмас, балки аввалдан уни ўчирилади, деб белгилаган деган маънодадир.

Сўнгра бу оятдаги аслида ўчириладиган қилиб белгиланган амаллардан вояга етмаганларнинг амаллари ва жазо тайин қилинмаган амаллар ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин.

(Иккинчи қавл): Баъзи уламолар эса “Аллоҳ нимани хоҳласа ўчиради” маъносидаги оятни (нарсаларни ҳақиқатан) исбот қилганидан кейин ўчиради, маъносидадир деганлар. Ҳақиқатан ўчириш эса (баъзи мўътазилийлар тушунган маънога эмас, балки) қуйидаги маънолардан бирига далолат қилади:

  1. “Аллоҳ нимани хоҳласа ўчиради” дегани хоҳлаган ҳукмини насх қилади, деганидир. Яъни Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ҳукмни ва унга амал қилишни ўчиради. Хоҳлаганини собит қолдириши эса насх қилмасдан қолдиради, маъносидадир;
  2. “Аллоҳ нимани хоҳласа ўчиради” дегани бандаларнинг ҳолатларини ўчиради яъни бандаларни бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтказиб боради, маъносидадир. Масалан, уларни нутфа[11] ҳолатидан алақа[12] ҳолатига ўтказади ва ҳоказо.
  3. “Аллоҳ нимани хоҳласа ўчиради” дегани банданинг умри хотимасида мўмин ё кофир бўлиб ўтганига кўра Аллоҳ хоҳлаганини ўчиради деганидир. Яъни умр бўйи кофир бўлиб умри охирида иймонга келиб ўтган бўлса, унинг кофирлик ҳолатидаги амаллари ўчирилади, ва ҳасанотларга алмаштириб қўйилади. Агар умр бўйи мўмин бўлиб умри охирида кофир ҳолида дунёдан ўтса, унинг унинг ҳаёти давомида қилган солиҳ амаллари ўчириб юборилади. Қиёматда у амалларидан наф ололмайди.

(Учинчи қавл): Баъзи уламолар эса ояти каримадаги мазкур ўчириш ва собит қолдириш  амалларни ёзувчи фаришталар битган амалларга тегишлидир деганлар. Яъни улар ёзган амаллар ичида жазо ҳам, савоб ҳам берилмайдиганлари ўчириб юборилади. Жазо ва савоб бериладиганлари эса қандай ёзилган бўлса ўшандай собит қолдирилади.

(Тўртинчи қавл): Баъзи уламолар эса ояти каримадаги мазкур ўчириш ва собит қолдириш  бандаларнинг амалларни адо этишдаги ниятларига тегишлидир, деганлар. Яъни амалларни ёзувчи фаришталар бандаларнинг ниятларидан хабардор бўлмаганлари учун бандаларнинг ёмон ният билан яхши ишни адо этишларини ёки аксинча, ҳолатда зоҳирига кўра ёзиб қўядилар. Ушбу ёзилган амаллар фаришталарнинг битикларида яхши иш деб ёзилган бўлса-да аслида у ёмон иш бўлади ёки ёмон иш деб ёзилган бўлса-да аслида яхши иш бўлади. Сўнгра ушбу битиклар Лавҳул маҳфуздаги битикка солиштирилади ва фаришталар қўлларидаги битиклардаги зиёдаликлар ўчирилади, ва нуқсонлар исбот қилинади.

Оят давомидаги “Уммул китоб”дан (Она китоб) фаришталарнинг мазкур битиклари солиштириладиган китоб ёки пайғамбарларга нозил қилинган китоблар ундан нусха олинган китоб назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин”[13].   

Эътибор берадиган бўлсак, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ бирор ўринда ҳам муаллақ қазо атамасини ишлатмаган. Аммо кейинчалик Ибн Тийн раҳматуллоҳи алайҳ каби уламолар муаллақ қазо атамасини ишлатганлар ва  уни фариштанинг илмига қайдлаб баён қилганлар. Чунки уни фариштанинг илмига қайдламасдан мутлақ ишлатилса луғавий жиҳатдан мўътазилийларнинг эътиқодига мос маънога далолат қилиб қолади. Ана шу эътибордан уни фариштанинг илмига кўра деб қайдлаб ишлатилса, мазкур тушунмовчиликнинг олди олинган бўлади.

Шу ўринда, модомики, фаришталар ёзган битикларнинг ўзгариши мумкин бўлса, ўша битикларни ўзгартиришни сўраб дуо қилиш мумкинми? деган савол ҳам пайдо бўлади. 

Қуйидаги ривоятларда бу саволга жавоб бордир: Ибн Жарир Тобарий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Каъбани тавоф қилаётиб йиғлаб: Эй Аллоҳ, агар менга бадбахтликни ё бирор гуноҳни битган бўлсанг уни ўчиргин. Албатта Сен хоҳлаганингни ўчириб хоҳлаганингни собит қолдирасан “Уммул китоб” Сенинг ҳузурингдадир”, деб дуо қилди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бундай дуо қилганлари ривоят қилинган: “Эй Аллоҳ мени саодатманд бандаларинг қаторида ёзган бўлсанг, мени улар орасида собит қолдиргин. Агар мени бадбахт бандаларинг қаторида ёзган бўлсанг, мени бадбахтлар орасидан ўчиргин. Саодатмандлар орасига ёзгин. Албатта, Сен хоҳлаганингни ўчириб, хоҳлаганингни собит қолдирасан “Уммул китоб” Сенинг ҳузурингдадир”.

Ушбу далилларга кўра, мазкур битикларни ўзгартиришни сўраб дуо қилиш жоиз ҳисобланади. Аммо, Эй Аллоҳим, Ўз ҳузурингдаги “Уммул китоб”даги битикни ўчиргин деб дуо қилиб бўлмайди. Чунки “Уммул китоб” Аллоҳ таолонинг илмидир. Аллоҳ таолонинг илми эса асло ўзгармайди. Қолаверса, бундай дуо қилиш “мен ҳақимдаги илмингни тўғрила” деган маънога далолат қилиб қолади. Бу эса мутлақо жоиз эмасдир.

Шунингдек, модомики, “Уммул китоб” ўзгариши мумкин бўлмаса, бундай дуо қилишнинг нима маъноси қолади? деган савол ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бунга уламоларимиз бундай жавоб берганлар: “Банда тўйдиришни Аллоҳ яратади деган эътиқодига суяниб овқатланишни тарк қилмаганидек, қолган нарсаларда ҳам дуони тарк қилмаслиги шариат талабидир”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муаллақ қазо атамасини ишлатиш борасида Аҳли сунна уламолари икки хил йўл тутганлар:

  1. Имом Мотуридий ва Насафий раҳматуллоҳи алайҳлар сингари жумҳур уламолар муаллақ қазо атамасини ишлатмаганлар;
  2. Ибн Тийн раҳматуллоҳи алайҳ каби айрим уламолар эса уни фариштанинг илмига қайдлаб ишлатганлар.

Шунинг учун кимки муаллақ қазо атамасини ишлатадиган бўлса, уни уламоларимизнинг мазкур қайдлари билан бирга ишлатиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у  зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

[1] Исро сураси, 23-оят.

[2] Исро сураси, 4-оят.

[3] Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий. Шарҳу ақидати Имом Таҳовий. – Қоҳира: “Даротул Караз”, 2009. – Б. 171.

[4] Юнус сураси, 49-оят.

[5] Абу Муҳаммад Абдулвоҳид ибн Умар Сафақусий Тунисий раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Тийн номи билан машҳур бўлганлар. Бу зот “Саҳиҳул Бухорий”га الخبر الفصيح الجامع لفوائد مسند البخاري الصحيح  номли шарҳ ёзганлар. Ибн Тийн раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 611-йилда Сафақус шаҳрида вафот этганлар.    

[6] Ажал луғатда: “Кейин келмоқ”, “Чегара” каби маъноларни англатади. У тирикликдан кейин келгани ва унинг чегараси бўлгани учун шундай номланган.  

[7] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид.  – Миср: “Мактабатул Азҳарияту лит турос”, биринчи нашр 1421ҳ. – Б. 92.

[8] Раъд сураси, 39-оят.

[9] Исро сураси, 12-оят.

[10] Раъд сураси, 2-оят.

[11] Нутфа луғатда “озгина сув”  маъносини англатади. Истилоҳда эркак кишидан ажралиб чиқадиган уруғ “нутфа” дейилади. Бу уруғ озгина сувга ўхшагани учун “нутфа” деб номланган.   

[12] Алақа луғатда “қон шимадиган кичкина қора қурт” яъни, зулук маъносини англатади. Истилоҳда бачадонга ёпишиб ундаги қонни шимиб турадиган ҳомила “алақа” дейилади.

[13] Имом Абу Мансур Мотуридий. Таъвилоту аҳли сунна. – Байрут: “Муассасату рисалати ноширун”, биринчи нашр. 2004-йил. 2 жуз. – Б. 640.

Барча бандалар биринчи навбатда уларни Яратган Зот – Аллоҳ таолони севмоғи лозим. Чунки Аллоҳ таолони севиш У учун адо этиладиган ибодатларнинг энг афзали ва шарафлисидир.

Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида шундай марҳамат қилади:

...وَالَّذِينَ آَمَنُوا أَشَدُّ حُبًّا لِلَّهِ ...

“...Иймон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса кучлироқдир...” (Бақара сураси, 165-оят).

Ушбу ояти каримадан биламизки, Аллоҳни севиш мўмин-мусулмонларнинг сифати, иймон белгисидир. Қолаверса, бизларни инсон қилиб яратган ва кўплаб неъматлар инъом қилган Зотни қандай қилиб севмаслик мумкин?!

Шунингдек, барча мўмин-мусулмонларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш ҳам фарз ҳисобланади. Чунки Ул зот бизларга Аллоҳ таоло ва Унинг висоли, жаннатул-фирдавс ва унинг неъматлари ва икки дунё саодатига элтадиган йўлларни кўрсатиб берган Зот эдилар. Бир сўз билан айтганда, бу муҳаббат Аллоҳ таолонинг шариатига чорлаган, омонатни мукаммал етказган Зотга нисбатандир.

Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмон кишига Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг севишни буюрган. Зотан, иймон муҳабатсиз мукаммал бўлмайди. Ҳақиқий муҳаббат эса Пайғмбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар нарсадан устун қўйишдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Ота-онаси, фарзанди ва ҳамма инсонлардан кўра суюклироқ бўлмас эканман, бирортангиз ҳақиқий мўмин бўла олмайсиз” (Имом Муслим ривояти).

Тўғри, инсон ҳаётда фарзанди, яқинларини яхши кўради. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизлардан сўраётган муҳаббат барчасидан ҳам кучлироғидир. Абдуллоҳ ибн Ҳишом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисига бир эътибор қаратайлик-а!: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қўлларини ушлаб турганларида Умар: “Ё Расулаллоҳ, мен ўзимдан кейин энг биринчи сизни яхши кўраман”, деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Йўқ, жоним қўлида бўлган Зот ҳаққи ўзингдан ҳам яхшироқ кўрмагунингча”, - дедилар. Умар: “Аллоҳни ўртага қўйиб айтаманки, ҳозирдан эътиборан ўзимдан ҳам яхшироқ кўраман”, - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана энди бўлди, эй Умар”, - деб марҳамат қилдилар (Бухорий ривояти). Умар розияллоҳу анҳу дастлаб инсонийлик табиатларидан келиб чиқиб жавоб берган эдилар. Чунки, одатда инсон ўзини яхши кўради. Бошқани севдим дейди-ю, аслида ўзининг ошиғи бўлади. Кимнидир севиш маъшуқнинг гўзаллигига боғлиқ бўлганида дунёдаги барча инсонлар фақат битта инсонни севиб қолишлари керак эди. Ҳолбуки воқеликда бундай эмас. Чунки ҳар бир инсон ўзи лаззат оладиганларнигина яхши кўради, ўзи ҳузур қилгани учунгина уни харидори бўлади. Бир улуғ зотдан “инсон нега ўзининг айбларини кўра олмайди?” деб сўрашганида “чунки инсон ўзининг ошиғи бўлади, ошиқ эса маъшуқнинг айбларини кўрмайди” деб жавоб берган экан. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам анашу фитрий муҳаббатдан ҳам устун ва асл севгини бизлардан сўраяптилар.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш дегани У зотнинг суннатларига эргашиш, қайтарганларидан қайтиш демакдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш эса Аллоҳни севиш демакдир. Кўпчилик инсонлар Аллоҳни севиш учун нима қилиш керак ўзи деган саволларни беради. Бунинг жавобини эса биз Қуръони каримдан олишимиз мумкин: Аллоҳ таоло “Аллоҳ уларни севадиган ва улар ҳам Уни севадиган” деб марҳамат қилган. Эътибор беринг, банда Аллоҳни севиб қолиши учун аввал Аллоҳ уни яхши кўриши шарт қилиняпти. Шунинг учун ҳам “Аллоҳ уларни севадиган” деган жумлани биринчи келтиряпти. Энди, “Аллоҳ яхши кўриши учун нима қилиш керак?” деган саволнинг жавобини ҳам Қуръони каримдан топамиз:

 قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ 

“Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Агар сиз муҳаббатингиз чин эканлигини билмоқчи бўлсангиз қаранг: одамларнинг барчаси бир томон бўлса-ю Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бир томон бўлса ва сиз суннатни танласангиз, демак севгингиз чин экан. Аксинча бўлса минг яхши кўраман деганингиз билан бу қуруқ ёлғон, ёки қусурли бир туйғу бўлади.

Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга алоқадор, У зот яхши кўрганларни ҳам яхши кўриш ҳақиқий муҳаббатнинг белгисидир. Шунингдек У зотни кўришга ошиқиш, бунинг учун ҳар нарсага ҳам тайёр бўлиш, висол иштиёқи ҳар нарсадан ҳам афзал эканлигини ҳис қилиш ҳам чин муҳаббатнинг нишонасидир. Чунончи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени энг кўп севадиганлар мендан кейин келиб мени кўриш учун яқинлари ва мол-у  дунёсидан ҳам вос кеча билишга тайёр инсонлардир”, - деганлар (Имом Муслим ривояти).

Яна шуни айтиб ўтиш лозимки, У зотни ҳузурларида баланд овозда гапирмаслик ҳам муҳаббатга киради. Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида шундай марҳамат қилган:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَرْفَعُوا أَصْوَاتَكُمْ فَوْقَ صَوْتِ النَّبِيِّ وَلَا تَجْهَرُوا لَهُ بِالْقَوْلِ كَجَهْرِ بَعْضِكُمْ لِبَعْضٍ أَنْ تَحْبَطَ أَعْمَالُكُمْ وَأَنْتُمْ لَا تَشْعُرُونَ 

Эй, иймон келтирганлар! Амалларингиз ўзингиз сезмаган ҳолингизда зое бўлиб кетмаслиги учун сизлар овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтармангиз ва унга бир-бирларингизга баланд овоз (дағал сўз) қилгандек баланд овоз қилмангиз! (Ҳужурот сураси, 1-2 оятлар).

Ибн Касир ушбу ояти кариманинг тафсирини қуйидагича келтиради: “Уламолар мазкур ояти каримага кўра Пайғамбаримизнинг қабрлари олдида баланд овозда гапириш ҳам макруҳ дейишган”.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чин маънода яхши кўрадиган ва эргашадиган, қиёматда шафоатларига лойиқ бандаларидан қилсин! Омин!(давоми бор)

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

Саҳоба, буюк фақиҳ, мужтаҳидлардан бири, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлган зотлардан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Рофия ибн Ҳабиб Хузалий 590 йил туғилганлар. Қуръони каримни яхши ўрганган, жуда кўп ҳадис эшитган ва ёд олган саҳобий эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан эшитиб ҳифз этган, тафсир илмининг энг моҳири бўлганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд Маккада қурайшликлар орасида Қуръони каримдан сабоқ берган, мақоми Иброҳимда “ар-Раҳмон” сурасини очиқ-ошкор ўқиган, “Бадр”, “Уҳуд” ва бошқа барча жангларда қатнашганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг Куфа хазинасининг бошлиғи бўлганлар. Усмон розияллоҳу анҳу даврида Мадинага келиб, шу ерда 63 ёшларида (653-йил) вафот этганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Арқаманинг ҳовлисига кирмасларидан аввал, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу у зотга иймон келтириб улгурган эдилар. Бунинг натижасида, Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васалламга эргашиб, иймон келтирганларнинг олтинчисига айландилар. Демак, у зот Исломга энг эрта кирганлардан эканлар. Абдуллоҳ ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан илк бор учрашувларини қуйидагича ҳикоя қиладилар: “Мен ўспирин йигит эдим, Уқба ибн Муъайтнинг қўйларини боқиб юрганимда ёнимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу келиб: “Бизга беришинг учун сенда бироз сут топиладими?”, деб сўрашди. Мен эса уларга: “Мен бир омонат қўйилган кишиман, сизларни суғора олмайман”, дедим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенда бир ёшга тўлиб, ҳали қочмаган қўй борми?”, деб сўрадилар. Мен: “Ҳа”, дедим. Сўнгра ўша қўйни келтирдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша қўйни ушлаб, елинини силаган ҳолда Аллоҳ таолога дуо қила бошладилар. Бирдан қўйнинг елини катталашиб кетди. Сўнгра Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўртаси чуқурча бўлган бир тошни келтирдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сутни соғиб, аввал, ўзлари, сўнгра Абу Бакр розияллоҳу анҳу ичдилар, мен ҳам ичдим. Кейин эса у зот қўйнинг елинига қарата: “Кичрай”, дейишлари билан, дарҳол кичрайиб ўз ҳолига қайтди. Шундан сўнг мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бориб, у зотга: “Шу сўзларингизни менга ҳам ўргатинг”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сен таълим берилган йигит экансан”, дедилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд Аллоҳнинг элчиси Роббисига дуо қилиб, ҳалигача сути соғилмаган қўйнинг елинини силаганларини, натижада ўша елиндан Аллоҳнинг қудрати билан чанқаганлар учун покиза сут чиққанлигини кўриб ҳайратга тушиб қолдилар. Албатта, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўша соатларда бу буюк Пайғамбарнинг энг оддий бир мўжизасини кўриб турганликларини ва яқин келажакда бу Аллоҳнинг севимли элчисидан оламни ҳайратда қолдирадиган, бутун коинотни нури ҳидоятга тўлдирадиган буюк мўжизаларни кўришини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар.

Балки, ибн Масъуд ўша пайтда фақир, заиф бир йигитча бўлиб, Уқба ибн Муъайтнинг қўйларини боқиб юрувчи хизматкор ўлароқ, яқин кунларда Аллоҳ уни ҳидоят этиб, мўминлар сафига қўшганидан кейин ушбу буюк мўжизаларнинг бирига айланган ҳолда, ўз иймони билан Қурайш мушрикларининг кибр-ҳавоси, зулм ва ситамларини енгиб, улар устидан ғолиб бўлишини ҳаёлига ҳам келтирмаган эдилар.

Исломдан аввал у зот Қурайш мушриклари ўтирган мажлиснинг ёнидан ўтишга журъат ҳам қила олмасдилар. Борди-ю ўтадиган бўлсалар ҳам, бошларини қуйи қилган ҳолда, қадамларини тез-тез ташлаб, ўтиб кетардилар. Аммо Исломни қабул қилганларидан сўнг, Каъба атрофида тўпланиб ўтирган барча Қурайш зодагонларининг тепаларига келиб, ўзларининг ёқимли ва таъсирчан овозлари билан, товушларини баланд кўтариб Аллоҳнинг каломини тиловат қила бошладилар.  Сўнгра бироз жим тургач, яна қироатини давом эттирдилар. Қурайш бошлиқлари кўзларига ва қулоқларига ишонмай, эсанкираб қолишди. Наҳотки, мана шу йигитча уларнинг кибр-ҳаволарига ва қувватларига қарши тураётган бўлса? Ахир, бу ўспирин йигит ўзларининг хизматкорларидан бири бўлиб, қўйларини ўтлатиб юрувчи фақир ва қашшоқ Абдуллоҳ ибн Масъуд-ку! Мушриклар Абдуллоҳ ибн Масъуднинг бу қилган ишларини кўтара олмай, у зотни савалай бошладилар. Асҳоблари у зотни ўз уйларига олиб борар эканлар, “Биз сенга шу нарса етишидан қўрққан эдик”, дедилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд “Мени ўз ҳолимга қўйинглар, мен яна бориб мушрикларга Қуръон тиловат қиламан”, дедилар.

У зот табиатан жуссалари кичик бўлса ҳам, шижоатлари жуда кучли эди. У зот Қуръони карим тиловати борасида ҳам бошқа саҳобаларга қараганда моҳирроқ эдилар. Барчамизга у зот каби солиҳ, Қуръонда моҳир бўлиш насиб этсин. Омин!

Абдулбасир КАМОЛОВ

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом   билим  юрти талабаси

Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга умрлари давомида кўплаб синовларни юборди. Хулқлари Қуръон билан сифатланган Набийимиз Аллоҳ талонинг ушбу оятига амал қилиб яшадилар: «Бас, (эй муҳаммад) сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг ва (тушадиган азобни) қистаманг (Аҳқоф сураси, 35-оят).

Набийимиз алайҳиссаломнинг умрлари давомида кўрган синовларининг энг оғири бу “Тоиф” воқеаси эди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Абу Толиб вафот этганидн сўнг, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўз қавмлари томонидан бўлган азиятлар янада кўпайди. Макка мушрикларига қарши туришда ёрдам беришар деган умидда, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан биргаликда Тоифдаги “Сақиф” қабиласи томон отландилар. У ерда Набийимиз алайҳиссаломни “Сақиф” қабиласидагилар тан олмадилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масхара қилдилар ва у зотнинг йўлларига икки қатор бўлиб туриб, тошлар ота бошладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни ҳимоя қилишларига қарамай у зотнинг оёқларидан қон оқарди, шу ҳолда тоифликларнинг узумзорлари томон бордилар. Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерда маҳзун бўлганча Аллоҳ таолога дуо қилдилар. Шунда ҳам тоифликларнинг зиддига эмас балки, Аллоҳ таолодан бу синовга янада сабрларини зиёда қилишини сўраб дуо қилдилар.

Аллоҳим бизларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга  ҳақийқий, муҳаббатли уммат бўлишимизни насиб айла.

Ойбек МАЪРУПОВ

Кўкалдош ислом ўрта махсус билим юрти талабаси

Воскресенье, 03 Декабрь 2017 00:00

Тўйлар тўйга улашди

Top