muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 02 Декабрь 2017 00:00

Расулуллоҳнинг (с.а.в) ходимлари

Аллоҳ таолонинг жорий қилиб қўйган қонун-қоидаларини тафаккур қилган киши турли беморликлар, жисмоний ва ақлий заифликлар, Яратганнинг борлиқдаги илоҳий қонун-қоидалардан бири эканини англаб етади. Буларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан бандаларга юборилган синов ва айни ибратдир.
Динимизда бемор, касалманд одамни кўргани бориш суннат амал ҳисобланади. Беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўраш, ҳаққига дуо қилиб кетиш хайрли амаллардандир.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан ҳам кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида турли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шундай тадбирлардан бири, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги «Мурувват» ногиронлар учун эркаклар интернат уйида бўлиб ўтди. Ушбу хайрия тадбирида беморларга Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг совғалари улашилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.

Парвардигоримизга шукрки, юртимиздаги тинчлик, омонлик ҳамда муқаддас динимиз, бебаҳо қадриятларимизни асраб авайлашга бўлган давлат даражасидаги эътибор сабаб, масжидларимиз кўркам қиёфа касб этмоқда. Зеро, бугунги кунда дунёнинг баъзи ҳудудларида инсон номига муносиб бўлмаган кимсаларнинг масжидларга қилаётган тажовузларини кўриб, бизнинг масжидларимиздаги бунёдкорликлар учун беҳад шукр қиламиз ва Аллоҳ таолодан дунёга тинчликни сўраймиз.
Тошкент шаҳрининг Файзиобод маҳалласида жойлашган “Валихўжа ўғли Норхўжа” жоме масжиди дастлаб 1962 йилда қурилган. Собиқ иттифоқ даврида масжид деярли фаолият юритмаган. Мустақиллигимизнинг илк йиллари - 1991-1992 йилларда Файзиобод маҳалласида истиқомат қилган Валихўжа ўғли Норхўжа ҳожининг хайрли ташаббуси ҳамда маҳалла аҳли ва фаоллари иштирокида ҳашар йўли билан қайта тикланиб, таъмирланган. 1997-йилда масжидга “Валихўжа ўғли Норхўжа” жоме масжиди номи берилган. 1999-йилдан жоме масжид сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Ўтган давр мобайнида масжид биноси эскирганлиги, бугунда таъмирталаб ҳолга келиб қолганлиги туфайли маҳлла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини олға суришди.Ва бу хайрли ташаббус қуллаб қувватлангач шу йилнинг Август ойида қайта қуриш ишлари бошлаб юборилган эди.
Жорий йилнинг 2 декабрь куни масжидининг янгидан қурилиши режалаштирилган биноси учун биринчи ғишт қўйилди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, мутасадди ташкилотлар вакиллари, масжид ташаббускорлари ва маҳалла фаоллари қатнашди. Ушбу хайрли Мавлид ойида амалга оширилаётганлиги кўнгилларни шод этди. Нуроний оталаримиз Ватан равнақи, юрт тинчлиги, осмонимиз мусоффалиги ва масжидларнинг ободолигини сўраб дуои хайрлар қилишди.

ЎМИ матбуот хизмати

Бугунги кунда бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни еттита кишидан камида биттасида муайян бир турдаги ногиронлик мавжуд бўлиб, барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади.

Ҳар йили 3 декабрь санасида ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.

Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Буни 1 декабрь куни Ўзбекистон Президенти томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг имзоланганида кўриш мумкин. Ушбу фармонда авваллари ногиронларни камситиш сифатида ишлатилган “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” иборасининг қўлланилиши белгиланган.

Бундан ташқари, ушбу фармонда ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратиш учун жамоат транспортини пандуслар, алоҳида жойлар билан, бекатлар ва маршрутларни эшиттирувчи, электрон маълумотлар таблолари каби махсус воситалар билан жиҳозлаш, улардан эркин фойдаланишни босқичма-босқич таъминлаш бўйича жойларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва мослашуви самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳам ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида турли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шундай тадбирлардан бири сифатида Гемотология ва қон қуйиш илмий текшириш институтининг клиникасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари номидан лейкемия билан оғриган бемор болаларга совғалар, тиббиёт буюмлари улашилганини келтириб ўтиш мумкин.

Ушбу савобли ишлар “3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан муносабати билан амалга оширилди.

Маълумот учун, дунё аҳолисининг “энг катта озчилигини” ташкил этувчи ногирон кишилар, одатда, ногирон бўлмаган кишилардан фарқли ўлароқ, соғлиги сустроқ, таълим соҳасидаги ютуқлари камроқ, иқтисодий имкониятлари чекланган ва моддий шароити ҳам ёмонроқ бўлади. Бунинг сабаби улар учун яратилган қулайликларнинг етишмовчилигидир. Бундай етишмовчилик уларнинг ҳар кунлик ҳаётида кўплаб тўсиқларни туғдиради.

Халқаро ногиронлар куни 1992 йилда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг 47/3-рақамли қарорига биноан нишонлана бошлади.

ЎМИ матбуот хизмати

Масжид – Аллоҳнинг байти. Масжидда Аллоҳ таолога ибодат қилинади, зикр ва тасбеҳ айтилади, Каломи тиловат қилинади. Масжидга кирган ҳар бир мусулмон бутун вужуди, борлиғи, қалби ва фикрини  Аллоҳ таолога ибодат қилишга қаратиб, Роббил оламинга ҳақиқий банда эканини изҳор қилади. Масжид – ана шундай муқаддас макон.  Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:

وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا  

яъни: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз! (Жин сураси, 18-оят).

  إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللَّهِ مَنْ آَمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآَتَى الزَّكَاةَ وَلَمْ يَخْشَ إِلَّا اللَّهَ فَعَسَى أُولَئِكَ أَنْ يَكُونُوا مِنَ الْمُهْتَدِينَ

Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин.

Масжидни обод қилиш деганда, уни моддий ва маънавий обод қилиш тушунилади. Намозхонлар учун барча шароитлари яратилган тарзда масжидни барпо этиш, уни озода ва покиза сақлаш, нураган ёки яроқсиз ҳолга келган бўлса уни таъмирлаш ёки янгидан қуриш кабилар моддий обод қилиш дейилади. Алҳамдулиллаҳ, юртимизда масжидларни обод этиш борасида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Кўплаб янги масжидлар қурилди. Эскилари таъмирланди, яроқсизлари қайтадан барпо этилди. Айниқса, охирги йилларда бу соҳадаги ишлар янада ривожланиб, барча масжидлар энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бу борада қанча фахрлансак арзийди, Ҳозир ҳар қандай шаҳар ва қишлоқдаги энг кўркам ва ҳашаматли, ҳар тарафлама шароитлари яхши намунали бинолари – масжидлардир, десак хато бўлмайди. Бундай ютуқ ва мувофақиятларга эришиш осон бўлгани йўқ. Бу ишлар неча йиллар давомида қанчадан-қанча заҳматлар, қийинчиликлар эвазига, тинимсиз ҳаракатлар қилиниб ҳомийларга,  оддий халқга мурожаат қилиш орқали ҳашар  йўли билан бўлса-да, имом хатиблар ва масжидга холис хизмат қилишга астойдил бел боғлаган саховатпеша инсонлар ёрдами қолаверса, раҳбариятнинг қўллаб-қувватлаши самараси ўлароқ амалга оширилди.  

Дарҳақиқат, битта масжид қуриш ёки уни обод этишнинг савоби динимизда энг катта савобли иш саналади. Бу ҳақда кўплаб ҳадисларда баён этилган. Жумладан,

عَنْ عُثْمَانَ بْنَ عَفَّانَ رضي الله عنه قَالَ سَمِعتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ

 "من بَنَى مَسْجِدًا يَبْتَغِي بِهِ وَجْهَ اللَّهِ بَنَى اللَّهُ لَهُ مِثْلَهُ فِي الْجَنَّةِ"

яъни: Усмон ибн Аффондан ривоят қилинади, у киши: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Ким Аллоҳдан савоб умидида битта масжид қурса Аллоҳ таоло унга жаннатда шунга ўхшаган бино қуради”, деганларини эшитганман”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ҳазрати Усмон розияллоҳ анҳу масжид  ан-Набавийни кенгайтириб қайта қуришни бошламоқчи бўлганларида баъзи саҳобийлар эътироз билдириб: “Расулуллоҳнинг даврида бўлмаган бу ишлар, агар мумкин бўлганида Расулуллоҳнинг ўзлари кенгайтириб ҳашаматли қилиб қайта қурган бўлар эдилар” деганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳ анҳу эса уларга мазкур хадиси шариф ила жавоб берганлар. Шундан кейин  масжидларни кенгайтириб қайта қуриш, таъмирлаш ва ҳашаматли қилишга  умумий рухсат берилган.  Лекин бу борада ҳам чегара бўлиши керак. Акс ҳолда ким ҳашаматли, кўркам, баланд, савлатли, ҳайбатли ва гўзал қилиб қуриш баҳонасида бир-бири билан мусобақалашиб, натижада масжид қуришдан асосий мақсад нима эканини унутиб қўйишади, холислик, самимият  ва Аллоҳнинг розилиги эса эътибордан четта қолади. Нафақат дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги масжидлар, балки ўзимизнинг юртдаги баъзи масжидларда ҳам айнан ана шундай салбий оқибатлар кўзга ташланиб қолаяпти. Кимгадир бу фикрларимиз ёқмаслиги мумкин, лекин биз бу гапларни чуқур мулоҳаза қилганимиздан кейингина айтаяпмиз. Чунки масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор, аввало, масжид ўта қимматбаҳо безаклар, ранг-баранг нақшлар, ҳаттоки тилла суви юритилган ҳошиялар ила безатилган бўлса, намозхоннинг  хаёлини чалғитади, қалбини ва бутун фикрини Аллоҳнинг зикридан, намоздан ва ундаги хушуъдан чалғитиб  машғул қилиб қўяди. Масжидга кирган намозхон худди музейга киргандай бўлиб атрофни тамоша қилишдан бошқа нарсани ўйламай қолади. Энди ўйлаб кўринг-чи, ана шу салбий ҳолатларга сабабчи бўлаётган кишилар қанчадан-қанча маблағ сарф қилиб, ёки масжидга тушган пулларни ана шундай безакларга ишлатиб бирор савоб олармикан?  Аслида шундай ишларга масъул бўлганлар масжид маблағи  омонат эканини унутмасликлари ва бунинг жавобгарлиги ўта оғир эканини доимо ёдда тутишлари керак. Қолаверса, чекка ҳудудларда кўпгина масжидлар ночор аҳволда қолиб, ҳаттоки баъзи бир тўловлар борасида қарзга ботаётганларини ҳам унутмаслик керак.

Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки охирги пайтларда ҳурматли юртбошимиз ташаббуслари билан юртимизда кўплаб масжидларнинг шароитларини яхшилаш мақсадида қайта қуришга рухсат бериляпти. Ундан ташқари, янги масжидлар ҳам қад кўтаряпти.  Келажакда эса иншаАллоҳ яна кўплаб масжидлар бино қилиниши режалаштириляпти.  Олдимизда шунча хайрли ва буюк ишлар турганида бир неча масжид қурса бўладиган маблағни манманлик, риёкорлик ёки яна қандайдир мақсадлар ила исроф қилиб юбориш инсофданмикан? Шу ўринда бир ҳаётий воқеани эътиборингизга ҳавола этмоқчиман: вилоятлардан бирида (қайси вилоят экани сир бўла қолсин) янги ишга жойлашган имомлардан бири масжидни ўта ночор  аҳволда бўлгани учун қайта таъмирлашга қасд қилган. Лекин ҳеч қанча ўтмасдан бутун умидлари пучга чиқаёзган. Чунки биласиз, баъзи вилоятларда ҳар хил сабабларга кўра ҳомийлар топиш амримаҳол. Ҳашар йўли билан ҳам ҳеч нарса қилишнинг имкони йўқ. Нима қилиш керак? Имом домла Тошкентдаги устозлардан  катта масжидлардан бирор ёрдам бўлиб қолар деган умидлар билан пойтахт сари йўлга чиққан. Келса пойтахтдаги бир неча катта масжидларда қайта қуриш ёки тъмирлаш ишлари бўлаётган экан. Шу масжидлардан бориб Аллоҳ йўлида бирор ёрдам сўрасам, иншоаллоҳ, кўмак беришади деб ўйлаб не умидлар ила имомнинг қабулига кирибди. Масжидда ишлар қизғин шу даражада катта таъмирлаш ишлари бўлаяптики томоша қилиб тўймайсан. Лекин бир томонини ўйлаб ҳайрон ҳам қоласан”. Шу даражада безаш, аслида масжид учун ҳеч кераги бўлмаган нақшнигорлар гўёки, миллион-миллион маблағларни бекордан бекорга деворга чаплаш эмасмикан?” деб ўйлаб қоласан. Демак, шунча таъмир қилинаётган экан бизнинг масжидга ҳам бир четидан ёрдам бериб юборар деган умид билан имомдан кўмак беришини сўрабди. Имом, албатта, ёрдам берган  деб ўйлаётгандирсиз. Йўқ, аксинча, ёрдам беришдан мутлақо бош тортибди. Тарвузи қўлтиғидан тушган вилоятлик имом бир оз хафа бўлибди-да яна бир масжидга ёрдам сўраб борибди. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, у ернинг имоми ҳеч иккиланмай ўзининг масжидида таъмирлаш ишлари бўлаётганига ҳам қарамай, катта миқдорда ёрдам берибди.

Ҳа азизлар, бу биргина мисол, холос. Аслида бундай ҳолатлар жуда ҳам кўплаб учрайди.  Агар ҳаддан ортиқ безашга берилиб кетмасдан, энг зарурий шароитларнигина амалга оширишга ҳаракат қилсак, киёмат куни ҳам юзимиз ёруғ бўлади. Қолаверса, юртимиздаги барча масжидлар ҳам ҳар тарафлама обод бўлади. Масжидларни обод қилиш тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқадиган бўлсак, юқоридаги бизнинг таклиф ва фикрларимиз нақадар тўғри эканини тушуниб етамиз

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، قَالَ، قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ

مَنْ أَسْرَجَ فِي مَسْجِدٍ مِنْ مَسَاجِدِ اللَّهِ سِرَاجًا لَمْ تَزَلِ الْمَلائِكَةُ وَحَمَلَةُ الْعَرْشِ يَسْتَغْفِرُونَ لَهُ مَا دَامَ فِي ذَلِكَ الْمَسْجِدِ ضَوْءٌ مِنْ ذَلِكَ السِّرَاجِ 

رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ أَبيِ شَيبَةَ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Ким Аллоҳнинг масжидларидан бирига чироқ ўрнатса, модомики ўша чироқнинг ёруғлиги шу масжидни ёритиб турар экан унинг ҳақига Аршни кўтариб турувчи ва барча фаришталар истиғфор айтиб турадилар (Имом Ибн Абу Шайба ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда масжид учун зарур бўлган ёритиш воситаси тўғрисида гап боряпти. Масжидларни чироқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам уни ёритганларга мазкур башорат ваъдаси бериляпти.

Шуни ҳам билишимиз керакки, масжидни ёритиш керак дегани фақат чироқлар олиб келиб масжидларга бераверинг дегани эмас. Балки  баъзи масжидларда ўнлаб катта-катта қандиллар,  юзлаб кичкина чироқлар бутун масжидни ёритиб турган бир пайтда, баъзи масжидлар электр пулини тўлай олмай қарзга ботиб бораяпти.  Ана шундай  масжидларнинг  қарзини тўлаб бериш ва келажакда ҳам  ҳомийлик қилиш  айнан  масжидларни ёритиш эканини унутмайлик.  Ё имомлар ва масжидларга хайрихоҳ бўлган азизлар! Фақат бир масжидни, яъни ўзингиз ишлаб турган ёки маҳаллангиздаги масжидни ўйламанг! Балки жонажон юртимиздаги барча масжидлар сиз билан бизники, барчамизники. Зотан, уларнинг ҳар бирида  яккаю ёлғиз бўлган Роббил оламинга ибодат қилинади. Демак, уларнинг қай бирига бўлса ҳам эҳсон қилиб ёрдам берсангиз, албатта, масжидларнинг  эгаси бўлмиш Аллоҳ сизни ҳеч қачон қуруқ қўймайди.

Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими ходими

 

 

 

Top