muslim.uz

muslim.uz

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Тошкент вилоятида ҳам хайрли ишлар бир-бирига уланиб кетяпти. Деярли ҳар ҳафта бирор янги жоменинг очилиш маросимига ёки илк ғишт қўйиш тадбири ўтказилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу, албатта, сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги инъикосидир.

Бугун, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида Ангрен шаҳрида янги масжидга илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими, мутасадди раҳбарлар, вилоят бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари ҳамда саховатпеша ҳомийлар иштирок этди.

Бу масжидга эзгу ниятда “Имом Муҳаммад” деб ном қўйилди.
Масжиднинг барча ҳужжатлари қонунчилигимизда белгиланган тартибда тайёрланиб, дайлат рўйхатидан ўтказилмоқда.

Масжиднинг аҳамиятли жиҳати шундаки, бу жоме Тошкент билан Фарғона водийси вилоятларини бир-бирига боғловчи катта йўл бўйида жойлашган. Шу боис бу масканда йўловчилар ва сайёҳлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилади.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли бундай хайрли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.

Хайрли ният билан янги масжидга қўйилган илк ғиштни Аллоҳ таоло муборак қилиб, тез ва қисқа фурсатда бу жоме қуриб битказилишини насиб айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Вторник, 10 Май 2022 00:00

Бемазҳабларга эргашмайлик

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин”, деб мархамат қилганлар.

Ўтган уламо домлаларимиз динда шариат аҳкомларини бажаришда мусулмонларни турли ихтилофлардан қайтариб, бирдамликка чақирганлар.

Таажжубки, ҳозирги замонда, диндорларга қараб динларга баҳо бериладиган бўлиб қолган. Шу сабабли, бошқалар, тирноқ ичидан кир қидириб, булар мусулмонлик даъвосини қилишар эди, мусулмонлик шу экан-да, дейишлари мумкин.

Турли омилларга кўра динимиздан узоқлашган халқимиз, ўтмишда турли бало-офатларга гирифтор бўлди, динимиздан узоқлашгани сари қолоқликка учради, заифликка юз тутди ва ниҳоят, мустамлака асоратида қолди. Алалоқибат халқимизнинг бир қисми худосизликка юз тутди. Даҳрий тузум худди шулар ёрдамида юртимизда динимиздан асар ҳам қолдирмасликка жон-жаҳдлари билан курашдилар.

Асрлар оша турли шароитларга қарамай, мужтаҳид уламоларимиз томонидан Қуръони Карим ва Суннати Набавийядан олиб, халқ оммасига имкон қадар улаб келмоқдалар.
Улар кўпчилик мусулмон халқлари қатори ислом шариатини Ҳанафий мазҳаби орқали ўрганиб, Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳаётига татбиқ қилиб келдилар.

Лекин охирги пайтга келиб, “бемазҳаб” атамаси аҳли суннанинг сўзи эътиборли олимлари томонидан тўрт ҳақ мазҳабдан бирида собитликни инкор этиб, ижтиҳод даъвоси билан ўртага чиққан ва оммани ҳам шунга ундовчи кишиларнинг “биз мазҳабга қарамаймиз, мазҳабни бидъат деймиз, ўзимиз Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳод қиламиз, мазҳаб аҳлидан эмасмиз, биз саҳобалар давридаги каби ибодат қиламиз“ деб жар солувчи бемазҳаблар пайдо бўлди.

Сизу-биз этиқодий бетайин кимсаларга эргашмасдан, бутун дунё тан олган тўрт буюк имомларнинг бирига эргашишлигимиз, мазҳабпараст ёки мутаасиб бўлмаслигимиз керак. Улуғ уламоларимиз, доно аждодларимиз меъросини ўрганиб, буни келгуси авлодларимизга етказишга харакат қилмоғимиз керак

Муҳаммадхон Нуриддинов манбалар асосида тайёрланди

Понедельник, 09 Май 2022 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний-маърифий соҳада хизмат қилиб келган Тошкент вилояти, Бекобод тумани бош имом-хатиби ҳамда "Далварзин" жоме масжиди имом-хатиби Анваржон домла Рисбоевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳум домламизни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳум домламизнинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Аллоҳ таоло марҳум домламизнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Понедельник, 09 Май 2022 00:00

Қадр этган қадр топади

Халқимиз учун асрлар давомида эзгу анъана ва одатга айланиб қолган муқаддас туйғулардан бири ўтганларни хотирлаш, уларнинг руҳини ёд этиш, ҳақларига дуои хайр ва эҳсонлар қилишдир. Яхши кунларимизда ҳам мусибатзада ҳолатимизда ҳам ўтганларимизни тиловат ва дуо билан ёд этамиз. Чунки бу ўтганларимиз учун манфаатли амалдир.

Абу Усайддан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам: 

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтганларидан кейин қиладиган яхшилик қолдими?» деб сўради. 

«Ҳа! Тўрт хислат қолди: уларга дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, уларнинг аҳдига вафо қилиш, уларнинг дўстларини ва уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш», дедилар».

Ота-оналарнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан яхшиликлар – жаннат, хайр-баракалар сўраб дуо қилиш фарзанднинг ота-онасига уларнинг вафотларидан кейин қиладиган яхшиликларидандир. Бу дуолар ота-онага бориб туради, хайрли амалларига қўшилиб туради. Худди уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

Инсон ҳар доим ўтмиш аждодларини, муҳтарам устозларини, азиз авлиёларни хотирлар экан, жамият олдидаги бурч ва вазифаларини яна бир бор масъулият билан ҳис этади, ўзидан яхши ном қолдириш ва эзгу ишларни қилишга шошилади, ўзгаларни ҳам шунга чорлайди.

Шу кунларда нафақат уруш ва уруш ортида меҳнат қилган, қатоғон ва афғон уруши қурбонлари балки юртимиз ривожи, миллат ва динимиз равнақида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган инсонларни эслаб, хотирламоқдамиз. Уларни тез-тез хотирлаш шу кунга қадар канда бўлгани йўқ. Бугун ҳам жорий анъанага биноан диний идора раислари, муфтийлар, уламолар, имом-хатиб ва мударрисларимизни яна бир бор ёд этишни жоиз деб билдик. 

1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний назорати сифатида иш бошлаган идоранинг биринчи раиси, муфтий Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, 1957 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси раиси этиб сайланиб, умрининг охирига (1982 йил) қадар ана шу вазифада самарали ишлаган Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, 1982-1989 йиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раиси вазифасини бажарган муфтий, Шамсуддинхон Бобохонов, 1989-1993 йиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, 1993-1997 йиллари Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси номи билан фаолият юритган диний идорамиз раиси, муфтий Мухторжон Абдуллоҳ Бухорий, 1997 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланган Абдурашид қори Абдумўмин қори ўғли Баҳромов ҳамда 2006-2021 йиллар мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий бўлган Усмонхон Алимов раҳимаҳумуллоҳларни динимиз ва ислом аҳли учун қилган буюк ишларини ёд этиб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қиламиз. 

Шунингдек, кўҳна Самарқанд заминида биз билан замондош бўлган, бугун дорул бақога риҳлат қилган устоз, уламо, имом, дин ходимлари ҳам аҳли ислом томонидан ҳар доим дуолар билан ёд этилади. Самарқандлик аҳли илмларнинг устози ҳожи Мустафоқул Меликзода, забардаст имомларимиздан Нуруддинхон Исломов, қори Султонмурод Холмуродов, Абдураҳмон домла, Иштихон фарзанди Алижон домла, Имом Бухорий масжидидида кўп йиллар хизмат қилган Мақсуджон биродарларимизни Аллоҳ таоло охиратларини обод қилсин. 

Ўтганларимизни руҳини шод этиш, оғир кунлардан тирик қолиб, бугунги кунда халқ ардоғида юрган қаҳрамонларимизни қадрлаш, ислом шариати биз авлодлар зиммасига юклаган, қилишимиз лозим ва лобуд бўлган қарз ва фарз амаллардандир. Мусулмонларнинг энг муқаддас китоби бўлган Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб марҳумларни ҳақларига дуо қилишни сабоқ бергани сингари: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”, дея дуолар қиламиз.

Авлодларининг келажаги йўлида жон фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу – тарих. У кечаги  ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шу боис, инсон ўз хотира бойликларини қадрлайди. 

ЗАЙНИДДИН ЭШОНҚУЛОВ, 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакили

Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.

Азиз ва мукаррам инсон зотининг ёши ҳам, кексаси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам бирдек қадр-кимматга эгадир. Муқаддас Ислом дини инсон қадрини шу даражада юқори кўтарганки хатто, унинг тириги билан ўлигининг ҳурмати бирдек қадрланади. Дунёдан ўтиб кетган марҳум яқинларимизни доимо яхши сифатлар билан эслаш ҳам инсонийлик бурчимиздир. Бу ҳакда муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” деганлар. (Термизий ривояти)

Юртимизда анъанавий нишонланадиган, алоҳида эътибор қаратиладиган кунлардан бири бу, Хотира ва қадрлаш кунидир. Бу кунда биз ўтмишда ўтган аждодларимиз хусусан, Ватан озодлиги, халкимизнинг фаровонлиги йулида жонларини фидо қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидойи юртдошларимизни ёдга оламиз. Биз ўтганларни махсус бир кунда, айни 9 майда хотирлашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим ҳар лаҳзада уларни эслаб дуолар қиламиз, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб улардан намуналар оламиз. Шунингдек, келажак авлод бўлмиш фарзандларимизга ҳам ўтган аждодларимизнинг ҳаёти биз учун улкан намуна эканини уқтириб келамиз. Уларнинг яхшиликларини ҳамиша ҳар доим ёдда тутамиз. Зеро,тарихий хотирасиз келажак йўқ, деб бежизга айтилмаган. Хотира ва қадрлаш деган гаплар бир кунлик анъанага боғланиб қолмаслиги керак. Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун қанчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етган улуғларимизнинг қадрига етиш, ҳурматларини жойига қўйиш ҳам шунчалик муҳимдир.

Бу кунларда қилинадиган хайрли ишлардан бири ёши улуғ кишиларнинг ҳолидан хабар олишимиз, уларнинг қалбларига хурсандлик киритишимиздир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай деганлар: “Кичигимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг қадрига етмаган кимса биздан эмасдир”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Давлатимиз доимо уруш катнашчилари кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимиз ва барча нафакахурларга ката диккат эътибор билан гамхурлик килиб келмокда. Яратгандан барча мархум аждодларимизни Узининг рахматига олиб уларнинг хакларига килаётган дуоларимизни кабул килиб, орамизда ҳаёт қолганларига фаровон ҳаёт тинчлик ва офият беришини сўраб қоламиз.

Одилжон Нарзуллаев

Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом хатиби

Top