muslim.uz
Ибрат: Айни кунларда давом этаётган Умра зиёрати вақти.
Ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган меҳмонхонадан махсус автобус юртдошларимизни “Масжидул ҳарам”га яқинроқ бўлган автобуслар тўхташ жойига олиб келди. Уёғига юришнинг имкони йўқ. Ҳаракат чекланган. Автобусдан зиёратчилар талбияни айтиб тушдилар. Шунда бир онахон умрани ўзлари юриб адо эта олмасликлари, арава кераклигини айтдилар. Автобус олдига арава хизматини таклиф қилиб келган кишилардан бирини гаплашдик. Келишилган нарх эвазига тўлиқ умра қилдириб, қайтиб ана шу автотураргоҳга олиб келишга келишилди. Хизматчи онахонни аравалар учун белгиланган махсус жойдан ҳарамга олиб кириб кетди.
Умра амаллари бирин кетин адо этилиб, Сафо ва Марва орасидаги саъй якунланди. Марвада сочларини кестиргач, онахон маҳрамлари, турмуш ўртоқларини учратганлар. Отахон ҳали саъйлари якунига етмагани мана шу жойда уларни кутиб турсалар, бирга чиқиб кетишларини айтганлар. Онахон аравачи хизматчи кутиб қолмасин деб, унга: Мен шу жойда тушаман, эримни кутаман, раҳмат сизга, кетаверишингиз мумкин деб, ишора билан тушунтириб, хизмат ҳаққини бермоқчи бўлдилар. Бироқ аравачи бунга кўнмади ва онахонни айтишича, араб тилида бир нималар деб уни олиб кетмоқчи бўлди. Тил муаммоси... ўртада тушунмовчилик.... Шунда аравачи йигит араб тилини биладиган ўзбекни топиб онахонга тушнтиришини илтимос қилди: “Мен аввалда сизнинг вакилларингиз билан гаплашганда умра қилдириб, яна автобуслар тўхташ жойигача олиб келишга келишганман. Гарчанд сиз рози бўлаётган бўлсангиз ҳам сизни бу жойга ташлаб кета олмайман. Зиммамдаги вазифамни охиригача адо этишим шарт”, дея туриб олди. Онахон йигитнинг муддаосини тушунгач, бунга рози бўлди ва унинг тақвосига, диёнатига лол қолиб, ҳаққига дуолар қилди.
Байтуллоҳ муҳити ундаги мусулмонни мана шундай тарбиялаб қўяди. Бу жойда аввало қалб ўзгаради....
Зоиржон Содиқов
Макка шаҳри
Туркия айюбийлар даврига оид бўлган масжидни бошқа ерга кўчиришни тамомлади
Ботмон вилоятида Туркия ҳукумати Айюбийлар даврига оид тарихий масжиднинг иккинчи қисмини кўчириш ишларини тамомлади. Бу ҳақда “Анадолу” нашри хабар берди.
Эли Суэ тўғони қурилиш лойиҳаси сабабидан хавф остида қолаётган ёдгорликларни бошқа ерга кўчириш дастури доирасида мазкур масжид ҳам Ҳасан Кив туманидаги янги маданият боғига кўчирилди.
Азон интернет нашрининг ёзишича, оғирлиги 2500 тоннага етадиган масжид 352 ғилдиракли ўз-ўзини бошқариш машинаси воситасида махсус гуруҳ назоратида амалга оширилди.
Ўтган ойда ҳам Эртуғрул ҳаммоми мазкур тумандаги янги ерига кўчирилган эди. Унинг оғирлиги 1500 тонна бўлган ва кўчириш ишлари икки кун давом этган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳасан домла қодиров "Комил мўмин бўла олмайсиз, токи.."
Нишонга урилган гаплар: “Суҳбат ақлнинг қандайлигини кўрсатса, ғазаб ахлоқнинг қандайлигини кўрсатади”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Худбинлик, одобсизлик ёйилган замонда одоб билан муомала қилиш эътиборни тортадиган нарсага айланиб қолди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Сизларга шундай замон келадики, у пайтда кексаларингиз гуноҳ қилувчи, олимларингиз мунофиқ, кичикларингиз катталарни ҳурмат қилмайдиган, бойларингиз фақирларга ёрдам бермайдиган бўлади.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу
*****
Адолат давомли бўлса, ҳамма жойнинг обод бўлишига сабаб бўлади.
Зулм давом этса, ҳамма жойнинг хароб бўлишига сабаб бўлади.
Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ
*****
Одамларга гапларинг билан эмас, амалинг билан насиҳат қил.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ
*****
Одамлар сизни кечиришаверади-кечиришаверади. Шу шарт биланки, сиз пулдор, мол-давлатли кимса бўлишингиз керак.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Инсонлар билан бўладиган алоқалардаги энг катта муаммолардан бири – биз суҳбатдошимизни тушуниш мақсадида эмас, унга жавоб қайтариш мақсадида жим туриб эшитамиз.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар менинг фикрлашим ва услубим сизга ёқмаса, шуни билингки, мен сизнинг қизиқишингизни уйғотаман деган мақсадда уйқудан турганимни ҳеч эслолмайман.
Уилл Смит
*****
Суҳбат ақлнинг қандайлигини кўрсатса, ғазаб ахлоқнинг қандайлигини кўрсатади.
“Одоб ва ҳикмат дурдоналари”
*****
Эҳтиром муҳаббатдан минглаб миллар олдинга ўтиб кетган.
“Одоб ва ҳикмат дурдоналари”
*****
Ақл каби бойлик, жоҳиллик каби фақирлик, одоб каби мерос йўқ.
“Одоб ва ҳикмат дурдоналари”
*****
Одамлар бошқалар устидан ҳукм чиқаришга шошиладилар, лекин ўзларини тузатишга шошилмайдилар.
“Одоб ва ҳикмат дурдоналари”
*****
Эркак хато қилганда, аёл хафа бўлади, эркак узр сўрайди.
Аёл ҳато қилганда, эркак ғазабланади, аёл йиғлайди, эркак яна узр сўрайди.
Марк Твен
*****
Саодат – ҳис-туйғудир. Лекин баъзи вақтларда у шахс бўлади.
“Одоб ва ҳикмат дурдоналари”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Иорданияда имо-ишора тилидаги Қуръон тарқатилди
Иорданиянинг “Қуръони каримни сақлаш” жамияти томонидан ўтказилган тадбирда эшитиш қобилияти чекланган кишилар учун Аллоҳ каломининг имо-ишора тилида яратилган нусхалари тарқатилди. Бу ҳақда iqna.ir нашри хабар берди.
Жамият раҳбари Шайх Сатам Муятаҳнинг айтишича, эшитиш қобилияти чекланган инсонларга Аллоҳ каломини ўрганишлари учун ҳар қандай ёрдамни бериш лозим. Шу мақсад йўлида Қувайтнинг хайрия ташкилотидан олинган имо-ишора тилидаги Қуръонлар ўз эгаларига топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати