muslim.uz
Ўқувларнинг иккинчи давраси бошланди
22 декабрь куни Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Қишлоқ хўжалиги касб-хунар коллежида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Андижон вилоятининг Асака ва Шаҳрихон туманларида фаолият кўрсатиб келаётган масжид имом-хатиблари, имом-ноиблари ва отинойилари учун олти кунлик малака ошириш ўқувлари бошланди.
Малака ошириш ўқувларига қатнашаётган 2-давра тингловчиларига энг долзарб мавзулар бўйича дарслар ташкил қилинди. Дарсларни намунали ташкил қилиш ва ўтказиш учун барча шарт-шароитлар ҳозирланди.
Тингловчиларга дарсларнинг 1-кунида маърузачилар томонидан “Диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун моҳияти”, “Замонавий мусулмон жамияти ва ислом омили”, “Марказий Осиёда ёзилган тафсирлар ва уларнинг қўлёзма нусхалари”, “Жамоат намозининг бузилишига сабаб бўладиган қироатдаги хатолар”, “Қуръон тиловати одоблари: тажвид қоидалари”, “Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий китоблар ва масалаларнинг мартабалари”, “Мотуридийлик таълимотида имон масаласи”, “Исломдаги ғоявий ихтилофлар, оқимлар ва фирқалар: тарих ва бугунги кун” ва ўтилган дарслар муҳокамаси каби мавзулар илмий асосланган ҳолда кенг ёритилиб берилди.
Ўқув машғулотлари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Андижон вилояти вакиллиги ходими Нуруллоҳ Қодиров
Нишонга урилган гаплар: “Сув бемаза сўзларни айтувчи тилдан бошқа ҳамма нарсани ювиб, тозалайди”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Қанчадан қанча хўроз “Мен қичқирганим сабабли Қуёш чиқади” деб ишонади ва қанчадан қанча аҳмоқ “Менсиз ҳаёт давом этмайди” деб ўйлайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Жоҳил кимсанинг тортишувда енгилиши амри маҳолдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Баъзи одамлардан ҳаёт ҳар қанча олса ҳам, улар бой бўлиб қолаверадилар.
Баъзи одамлар ҳаётдан ҳар қанча олсалар ҳам, камбағал бўлиб қолаверадилар.
Шамс Табризий раҳимаҳуллоҳ
*****
Бўш идишлар жарангдор овоз чиқаради. Ичи тўла идишлар ундай эмас. Одамлар ҳам шундай. Фақат ақли бўш кишиларгина шовқин-сурон, бақир-чақир қилиб юришади. Сен улар билан тортишиб, вақтингни зое қилма.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Сув бемаза сўзларни айтувчи тилдан бошқа ҳамма нарсани ювиб, тозалайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ватанлар уруш сабабли ўлмайди. Балки улар ўз фарзандларининг хиёнати сабабли ўлади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар мени ёмон кўрмоқчи бўлсанг, бу сенинг ишинг. Бу борада сенга ҳеч нарса дея олмайман. Лекин ўзингни мени яхши кўрадигандек тутма.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
“Хожа Бухорий”да педагогик амалиёт
Маълумки, Республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби таълим соҳасида ҳам туб ўзгаришлар жараёни кечмоқда. Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонуни ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» таълим тизими жумладан, олий таълим муассасалари олдига педагогик кадрларни тайёрлашни тубдан яхшилаш вазифасини қўймоқда.
Китоб шаҳар «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юртида Тошкент ислом институтининг 5 нафар амалиётчи талабалари педагогик амалиёт ўтказиб келмоқдалар.
Албатта, бўлажак ўқитувчиларни тайёрлашнинг муҳим босқичларидан бири педагогик амалиёт саналади. Олий таълим муассасаси аудиториясида эгалланган назарий билимлар, малака ва кўникмалар амалиёт давомида синовдан ўтади, ривожлантирилади. Айнан шу амалиёт жараёнида талабалар ўқувчиларни тарбиялашга, ўқув ва тарбиявий жараёнларни узвий бирликда амалга оширишга, болаларни ғоявий-сиёсий, ақлий, аҳлоқий, меҳнат, жисмоний ҳамда эстетик жиҳатдан тарбиялашнинг бирлигини таъминлашга ўрганадилар.
Билим юртида 21 декабрь куни амалиётчилар раҳбари Тошкент ислом институтининг тиллар кафедраси мудири Шерзод Чўлпонов амалиётчи талабалар билан учрашиб, дарс жараёнларида иштирок этди ва амалиётчи талабаларга ўз таклиф ва тавсияларини берди.
Шунингдек, Шерзод Чўлпонов ва билим юртининг “Талабалар илмий жамияти” аъзолари ўртасида мазмунли суҳбат ташкил этилди. Суҳбатда билим юрти мудири Ў.Ғузаров ҳам иштирок этди. Суҳбат давомида Шерзод Чўлпонов “Талабалар илмий жамияти” аъзолари томонидан бажарилган илмий ишлар билан танишди ҳамда талабаларга илмий изланишда бардавом бўлиб, эл юрт манфаати ва динимиз тараққиёти йўлида астойдил ҳаракат қилишларини тилаб қолди.
Азамат Усмонов
Равзаи муборак
Мадинаи мунавварадаги Масжидун Набавийда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида айтган равза деган жой бор, зиёратга борган кишилар ўша равзада намоз ўқишга интиладилар.
Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Уйим билан минбарим орасида жаннат равзаларидан бир равза бор” дедилар. Имом Аҳмад, Бухорий, Муслим, Насоий ва бошқалар ривоят қилишган.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ва муттафақун алайҳ даражасига кўтарилган худди шундай матн Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.
Имом Аҳмаднинг “Муснад”ларида ҳадисдаги “Уйим” сўзининг ўрнига “Қабрим” сўзи келган экан.
Равза — боғ деган маънони билдиради.
Уламолар ҳадисдаги “равза” сўзи ҳақида турли фикрларни айтганлар.
Биринчи фикрга кўра, бу жой раҳматнинг тушиши, зикр, ибодат ва тиловат сабабли бахт-саодатнинг ҳосил бўлишида худди жаннат равзасига ўхшайди.
Иккинчи фикрга кўра, бу ерда қилинган ибодат кишини жаннатга олиб боради.
Учинчи фикрга кўра, ҳадиснинг зоҳирига қараб тушунилади, демак, бу жой жаннатга тегишли ҳақиқий равзадир. Охиратда шу жой яна жаннатга қайтарилади. Буни Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳларида айтганлар.
Юқоридаги суратда — Равзаи муборакни кўриб турибсиз! Бу жой инсонлар орасида “Яшил гилам” номи билан машҳур. Эътибор берилса, ушбу муборак масжиддаги аксари гиламлар қизил рангда, аммо бу жойга равзани ифода қилиши учун яшил гилам солиб қўйилган.
Ҳаж ва Умрага борган мусулмонлар Масжидун Набавийга келганларида, айнан шу жойда намоз ўқишга астойдил уринадилар.
Биз ҳам умрага борганимизда, диндошларимиз бу яшил гилам устида намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, зикр ва дуолар қилиш учун соатлаб навбатда турганларини кўрдик.
Ушбу муборак масжидга келиш насиб қилган ҳар бир мусулмон шу равзада кўпроқ намоз ўқиш, Қуръон тиловати қилиш, зикр ва саловотларда бардавом бўлиб, суннатда келган дуоларни кўпроқ қилиш пайидан бўлиш керак.
Аллоҳ таоло барчамизга ушбу муборак равзада, саҳиҳ ҳадисда эълон қилинган мана шу жаннат боғида намоз, Қуръон ўқиб, зикру дуода бўлишимизни насиб этсин, омин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади