Ўзбекистон янгиликлари

Президент қарорига асосан тиббиёт ходимларининг маошлари оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда, давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 2018 йил 1 декабрдан — 1,2 баравар ва 2019 йил 1 апрелдан — 1,15 баравар босқичма-босқич оширилиши кўзда тутилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда халқаро тажрибани ўрганиш асосида 2019 йил 1 июлгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича қуйидагиларга йўналтирилган таклифларни киритади:

давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг лавозимига ва малакасига, кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг мураккаблик ва жавобгарлик даражаси, шунингдек, даволаш-профилактика муассасалари ихтисослигига қараб базавий лавозим маошларини жорий этиш;

тиббиёт ходимлари фаолиятини ва меҳнати унумдорлигини баҳолашнинг замонавий усулларини, шу жумладан, даволанган беморлар электрон статистикасини босқичма-босқич татбиқ этиш ва беморлар ўртасида онлайн сўровлар ўтказиш орқали жорий этиш;

тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш, улар бажарадиган ишлар сифати, эришиладиган натижалар ва кўрсатилган тиббий хизматларга жамоатчилик томонидан берилган баҳоларга қараб уларга ҳақ тўланишини таъминлаш;

тиббиёт муассасалари раҳбарларига алоҳида ўрнак кўрсатган врачларга Тиббиёт ташкилотларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тариф ставкасининг 100 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар белгилаш ҳуқуқини бериш.

Маълумот учун, 11 ноябрь куни Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари куни нишонланади.

2967 марта ўқилди

Янгиликлар

Top