muslim.uz.umi
Ногиронлиги бўлган рассомлар хаттотликдан сабоқ олдилар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги Ф-5006-сон билан ташкил этилган Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасидаги фармойишига биноан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ташаббуси билан бугун – 17 март куни пойтахтимизнинг “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Рассомчилик коллежининг имконияти чекланган талабалари билан “Аждодларимизнинг буюк мероси” мавзусида учрашув бўлиб ўтмоқда.
Устоз хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ учрашувда имконияти чекланган йигит-қизларнинг хаттотлик сирларига оид саволларига жавоб бериш билан бирга “Биз кар-соқовлар...” деб сўз бошлаган ёш иштирокчилардан бирига: “Сиз ўзингизни ҳеч қачон кар-соқовман, деманг. Сизлар Аллоҳ таолонинг танланган, Яратганнинг латиф муҳри урилган бандаларисиз!” дея гўзал лутф билан жавоб берди.
Ёшлар хаттотлик сирлари билан бирга миллатимиз ижодкор-хаттотларига тегишли бўлган ва дунёнинг ҳеч бир ерида учрамайдиган нақши нигорларнинг келиб чиқиши ва асл манбаи борасида билимга эга бўлдилар.
Иштирокчилар гоҳо кўзда ёш, гоҳо лабда табассум билан мароқли ва таъсирчан анжуманнинг шоҳидига айландилар. Жамиятимизнинг бир бўлаги бўлган ушбу йигит-қизларнинг қорачиқларида порлаган учқун уларнинг бу тадбирдан мамнун эканликларини изҳор қилди. Миллатимизнинг фахри саналган, неча-неча асрлар оша қадри юксалиб, дунёга довруғи достон бўлган бой миллий-адабий-бадиий меросимизга бўлган муҳаббатларининг ортганидан дарак берди.
Muslim.uz сайти қадриятлар, миллий мерослар борасида бугунги сингари уюштириладиган анжуманлардан хабар ва лавҳалар бериб боради.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қуръон мухлислари, Тошкент вилоятига марҳабо!
Азиз Қуръон мухлислари эртага, 17 март куни Тошкент вилоятидаги “Занги Ота” жоме масжидида Қуръон мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтади. Ҳозирда пойтахт вилоятида Қуръон мусобақасини катта байрам қилиб ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Ушбу вилоятда мусобақа ўзгача шукуҳда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Боиси, Қуръоний зиёфат Сулаймон Боқирғонийнинг шогирди ва издоши Занги ота Ҳимматий ҳазратлари мангу қўним топган мақбаранинг шундоққина ёнида ўтказилади. Маълумки, Занги ота Ҳимматий камтарона ҳаёт кечирган бўлса-да, кўп одамларнинг ҳидоят топишида, маънан юксалишида ва ахлоқий камолга етишида буюк хизматлар қилиб ўтган зотдирлар.
Тошкент вилояти яна кўп машҳур алломаларга бешик бўлган замин ҳисобланади. Бўстонлиқ тумани, Боғистон қишлоғидаги Шайх Умар Боғистоний ҳам мўътабар шахслардан бўлган. Ушбу улуғ зотни Баҳоуддин Нақшбанд ҳам ҳурмат қилгани тарихий манбаларда қайд этилган. Булардан ташқари “Шомилқори авлиё”, “Заркент ота”, “Шоабдумалик бобо”, “Хожакорсоз ота”, “Адҳам саҳоба”, “Саид ота“ ва “Бобо Мочин” каби ўнлаб авлиё зотлар ушбу табаррук заминда яшаб ўтганлар.
Муҳтарам дўстлар, эртага 17 март куни Тошкент вилояти бўлиб ўтадиган Қуръон мусобақасига марҳабо!
Ҳа, айтганча, бизни muslim.uz порталимиз ва унинг Фейсбукдаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри кузатишингиз ҳам мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати