muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Мавритания Ислом Республикаси Африканинг шимоли-ғарбидаги давлат. Пойтахти – Нуакшот. Ҳудуди – 1031 минг квадрат километр. Маъмурий-ҳудудий бўлиниши – 12 вилоят ва Нуакшот автоном вилоятидан иборат. Аҳолиси – 3,30 млн. киши. Давлат тили араб тилидир.

Мавритания – ривожланаётган давлат. Унинг “Мавритания” деб аталиши тасодифий эмас. Аҳоли ўзларини ўрта асрларда Испания мусулмонлари бўлган маврларга алоқадор деб билади.

АҲОЛИСИ

Мавританияликлар Исломга эътиқод қилади ва икки гуруҳга бўлинади. Мамлакат жанубидаги Сенегал дарёси қирғоғи аҳолиси (волоф, тукулер ва сонинклар) деҳқончилик билан шуғулланади. Улар мамлакат аҳолисининг бешдан бир фоизини ташкил қилади. Қолган аҳоли – чорвадор ва кўчманчилар – чўл ва даштларнинг кенгликларига тарқалиб кетган. Этник келиб чиқишига кўра, улар араб, барбар ва ғарбий африкалик аралаш бўлган маврлар ва туарегларга боғланади. Барбарлар шимолий ва шимоли-ғарбий Африкада милоддан авваллари ҳам яшаган. VII–VIII юзйилликларда араблар кириб келганидан сўнг барбарларнинг баъзи қабилалари араблар билан чатишиб кетган. Уларнинг ҳаммаси Исломга кирган ва араб тилида гаплашишни одат қилган.

СОФ АРАБ ТИЛИ

Мавританияликларнинг лингвистик хусусияти шундаки, улар соф адабий араб тилида гаплашади. Уларнинг тилини араб нутқи намунаси дейиш мумкин. Кўплаб араб давлатлари аҳолиси турли шеваларда гаплашадилар. Арабларнинг оғзаки нутқи адабий тил меъёрларидан жуда узоқлашиб кетган, лекин бундан мавританлар мустасно. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонидан ўзларигача етиб келган нутқ услубини сақлаб қолишган ва соф адабий араб тилида гаплашишади.

ДИНИ

Мамлакат аҳолисининг 99,6 фоизи – мусулмон. Исломнинг кириб келиши милодий VIII асрда бошланган. Аҳолининг 0,1 фоизи африкаликларнинг анъанавий эътиқодларига (анимализм, фетишизм, тотемизм, табиат кучлари ва бошқаларга) амал қилади. Насронийлик XVI–XVII асрларда тарқала бошлади.

ИККИНЧИ ЭНГ ҚАДИМ МИНОРА

“Шингетти” жоме масжиди XIII–XIV асрларда Мавританиянинг Адрар минтақаси Шингетти шаҳри асосчилари барпо этишган. Ушбу қадимий масжиднинг минораси мусулмон оламида доимий фойдаланиладиган иккинчи энг қадимги минора ҳисобланади. 1970 йилларда масжид ЮНЕСКО саъй-ҳаракатлари билан қайта тикланган, аммо шаҳар ва масжидга кучли чўлланиш жараёни ҳамон хавф солиб турибди.

Дамин ЖУМАҚУЛ
тайёрлади.

"Ҳидоят" журналининг 2023 йил 8-сонидан олинди

«Аллоҳ» ёзуви бор қўзичоқ, тарвуз, қовун, тухум, булут, ёнмай қолган Каъба расми, рукуъ ва сажда қилиб турган дарахт, харсангтош кабиларни «мўъжиза» деб айтишади. Нима, шулар пайдо бўлмагунча бошқа мўъжизаларга эътибор бермай, ибодат қилмай юраверамизми?!

Атрофимизни мўъжизалар қуршаб олганини наҳот билмасак?!

Бошимиз узра устунсиз кўтариб қўйилган осмон, ўта улкан оғирликка эга бўлса-да, қулаб тушмайдиган атмосфера қобиғи, бу қобиқнинг азот, кислород, инерт газлардан иборат қилиб яратилгани, бир тупроққа экилган ва бир сувдан ичадиган ўсимлик ва меваларнинг турлича бўлиши, хулқи энг гўзал инсоннинг бизга Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) этиб юборилиши, у зот алайҳиссаломга Қуръони Каримнинг нозил этилгани, саҳобаларнинг кучли иймон, муҳаббат ва хотирага эга бўлганлари, сайёрамизнинг тортишиш кучига эга қилиб яратилгани, Ерда сув миқдори қуруқликдан кўпроқ қилиб қўйилгани, танамизнинг тузилиши, аъзоларимизнинг жойлаштирилиши, жонзотларнинг турличалиги ва ҳоказолар Аллоҳ таолонинг улкан мўъжизалари эмасми?!

Ҳатто битта баргнинг тузилиши Аллоҳ таолонинг борлиги, бирлиги, қудрати ва мусаввирлигига далолат қилади.

Манба: https://islom.uz/maqola/21112

Четверг, 07 Сентябрь 2023 00:00

Оиладаги тарбия

Оиланинг биринчи галдаги вазифаси имон, ибодат, гўзал хулқ, тўғри тарбия, юксак ўрнакдан иборатдир. Бу борада ота-она тенг шерик, айниқса онанинг ўрни жуда муҳим ва масъулиятлидир.
Уйланиш фикрида юрган ҳар бир эркак ушбу ҳақиқатни англамоғи лозим. Уйланиш фақат шаҳвоний майлни қондириш, дунё матосидан бирига эга бўлишдан иборат, деб ўйлашлик жуда катта хатодир. Фақат ейиш учунгина яшайдиган махлуқлар ҳам бор. Ундан кўра яшаш учун ейиш яхшироқ.
Агар биз тарбияни яхши йўлга қўймасак, унга беэътибор бўлсак инсоний камолотдан бенасиб бўлишимиз аниқ. Шунинг учун бизлар заковатли, зийрак, ғайратли ва кучли, энг муҳими муте эмас, бош бўладиган, фасодни эмас ислоҳни севадиган авлодларни тарбияламоғимиз лозим.
Бунинг учун эса, биринчи навбатда келажакда она бўладиган аёлларни маданиятли-маърифатли, Аллоҳдан қўрқадиган тақволи оилаларнинг қизларидан танлаб олинмоғи жуда муҳим саналади. Айнан мана шундагина келажакда салоҳиятли авлодларни камолини кўриш мумкин бўлади.

وَالْبَلَدُ الطَّيِّبُ يَخْرُجُ نَبَاتُهُ بِإِذْنِ رَبِّهِ وَالَّذِي خَبُثَ لَا يَخْرُجُ إِلَّا نَكِدًا

“Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Раббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳар ери эса) фақат унумсиз бўлур” (Аъроф сураси, 57-оят).


Муҳаммад Ғаззолий  - Аёллар муаммоси турғун ва келгинди қадриятлар орасида

Top