muslim.uz.umi
Ҳамдардлик билдирамиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний-маърифий соҳада хизмат қилган Одилхон қори Юнусхон ўғлининг акаси Исмоилов Комилжон вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло Одилхон қори Юнусхон ўғли ва марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
БМТнинг Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25- Сессияси Самарқандда ўтказилади
Жаннатдаги қўшни
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога жаннатда ўзига ким қўшни бўлишини билдиришни сўраб, кўп ёлворар эди.
Бир куни бундай нидо келди:
– Эй Мусо, фалон ерда яшовчи қассоб сенинг жаннатдаги қўшнинг бўлади...
Мусо алайҳиссалом қизиқиб, қайси ибодати учун у бунга лойиқ бўлганини билиш ниятида йўлга чиқди. Ҳазрати Мусо ўша одамни қидириб топди. Қассоб Мусо алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканини билган, иймон келтирган эди. Лекин ўзини кўрмаган эди. Шунинг учун танимади. Кечқурун қассоб Мусо алайҳиссаломни уйига таклиф қилди.
Овқат тайёрлади. Дастурхон тузади. Таомланишдан олдин қассоб деворга осилган бир замбилни ерга туширди ва ундан ҳаракат қилишга сира мадори қолмаган бир кампирни кўтариб олиб, ерга ётқизди. Худди гўдакни овқатлантиргандек уни едирди, ичирди ва яна жойига қўйди. Шунда кампир нималардир деб шивирлади.
Кекса аёлнинг нима деяётганини тушунмаган Мусо алайҳиссалом қассобдан сўради:
– Бу кампир киминг бўлади?
Қассоб мусофирга:
– Бу аёл онам бўлади. Ўтириб-туришга, овқат ейишга ҳоли йўқ. Шу боис уни едираман, ичираман ва уст-бошини тоза тутаман. Қўлимдан келганича хушнуд этишга ҳаракат қиламан.
Мусо алайҳиссалом сўради:
– Ҳозиргина у сенга гапиргандай бўлди, нималар деди?
Қассоб:
– Онам: “Эй Раббим! Мен ўғлимдан хурсандман. Сен ҳам ундан рози бўл. Жаннатда уни Мусо алайҳиссаломга қўшни қил”, деб дуо этди. Шунда Мусо алайҳиссалом ўзини танитадиган вақт келганини тушунди ва:
– Мен Аллоҳнинг пайғамбари Мусо бўламан. Аллоҳдан жаннатдаги қўшним ким бўлишини билдиришни илтижо қилган эдим. Сенга рўбарў қилди. Онангга қилган хизматинг учун Аллоҳ сендан рози бўлди. Онангнинг дуосини қабул айлади. Аллоҳ сени жаннатда менга қўшни қилди, – деди.
Манбалар асосида Толибжон НИЗОМ тайёрлади.
Фуқаролар мурожаати бўйича амалий чоралар кўрилди
Шу йил 6 сентябрь чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов фуқароларни қабул қилиб, уларни ўйлантираётган масалалар, мурожаат ва таклифларини тинглади.
Мазкур қабул жараёнида билдирилган шаръий масалалар, масжидлар ҳолати, имомлар фаолияти, таълим муассасаларида ўқиш, оилавий муносабатлар, моддий ёрдам ва соҳани ривожлантиришга оид мурожаатлар эшитилди.
Жумладан, масжид қурилишига ёрдам кўрсатиш ва бемор кишининг даволаниши учун моддий ёрдам ажратиш, Кўзи ожизлар жамиятининг Чилонзор филиалига озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия қилиш, мадраса талабасининг ўқишини кўчириш бўйича масалалар атрофлича ўрганилиб, масъулларга қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.
Қабул давомида Андижон, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Тошкент, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари эшитилиб, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.
Ана шундай қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.