muslim.uz.umi
Фуқаролар мурожаати ўз ечимини топмоқда
Бугун, 23 август чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат ва таклифларини тинглади.
Мазкур қабул жараёнида билдирилган шаръий масалалар, масжидлар ҳолати, имомлар фаолияти, оилавий муносабатлар, моддий ёрдам ва соҳани ривожлантиришга оид масалалар атрофлича ўрганилиб, масъулларга қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.
Бугунги қабул давомида Фарғона, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари эшитилиб, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.
Ана шундай қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.
Андижонда ҳам болажонларга қувонч улашилди
"Вақф" хайрия жамоат фонди Андижон вилоят филиали томонидан Хўжаобод туманида истиқомат қилувчи, боқувчисини йўқотган, моддий кўмакка муҳтож ва ногиронлиги бор бўлган 11 нафар мактаб ўқувчиcига Мустақиллик байрами ва янги ўқув йили муносабати билан 5 500 000 сўмлик мактаб формалари, сумка ҳамда ўқув қуроллари хайрия тариқасида тақдим этилди.
"Вақф" фонди
Матбуот хизмати
Оилавий тарбия ота-она учун, аввало, ўзини тарбиялашдир
Агар одамлар болаларингиз ҳақида ёмон гапиришса, бу уларнинг сизни ёмонлашаётганидир.
Таълим-тарбия сўзи ёнма-ён ёзилса-да, ҳар иккаласининг алоҳида-алоҳида маъноси бор.
Болалари бўлатуриб зериккан аёл нафратга лойиқдир.
Мактаблар кўп, бироқ яхши отасиз яхши тарбия бўлмайди.
Фарзандингиз нима деса, ҳаммасига хўп деяверсангиз, уни бахтсиз қилиб қўясиз.
Ўрнак кўрсатиш дўқ-пўписадан кучлироқ таъсир этади.
Болангизни у билан гаплашаётган, бирор нарса ўрганаётган ёки унга бирор иш буюраётганингиздагина тарбиялаяпман деб ўйламанг. Сиз уни ҳаётингизнинг ҳар бир сониясида тарбиялаб борасиз. Сўзингиз оҳангидаги зиғирдек ўзгаришни ҳам, фикрингиздаги озгина бурилишни ҳам кўринмас йўллар билан бола сезиб туради, буни ўзингиз пайқамай қоласиз.
Тангликка учраган кишига ёрдам бериш
Саъийд ибн Абу Бурда отаси орқали бобосидан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор», дедилар.
«Топа олмаса-чи?» деди.
«Ишласин. Ўзига манфаат келтирсин ва садақа қилсин», дедилар.
«Қодир бўлмаса-чи? Ёки қилмаса-чи?» деди.
«Тангликка тушиб, муҳтож бўлганга ёрдам берсин», дедилар.
«Бунга ҳам қодир бўлмаса-чи? Ёки қилмаса-чи?» деди.
«Амри маъруф қилсин», дедилар.
«Бунга ҳам қодир бўлмаса-чи? Ёки қилмаса-чи?» деди.
«Ёмонликдан ўзини тийсин. Шу ҳам унинг учун садақадир», дедилар».
Бу нарсаларни ҳар бир мўмин-мусулмон одам очиқ-ойдин, равшан ҳолда тушуниб олиши керак.
Мол-дунёси бор одамлар садақа қилсин экан, йўқ бўлса, ишлаб топсин, ортганидан садақа қилсин, бунга қодир бўлмаса, ҳожатманд одамга имкони қадар ёрдам берсин.
Бунга ҳам қодир бўлмаса, амри маъруф қилсин, бунга ҳам қодир бўлмаган одам ҳеч бўлмаганда, ўзини ёмонликдан сақласин экан, ана шу ҳам садақа ўрнига ўтар экан.
«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди