muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Среда, 16 Август 2023 00:00

Соғлом эътиқод

Тадқиқот

IX-X асрларда ёзилган асарларда кўтарилган мавзулар асосан Aбу Ҳанифанинг ақидавий қарашлари асосида ёритилган. Бу даврда ёзилган энг машҳур асар сифатида Ҳаким Самарқандийнинг “Китоб ас-савод ал-аъзам” асарини таъкидлаш лозим.Асар халқ тилида “Савод ал-аъзам” номи билан машҳур.

Ҳаким Самарқандий рисолада ақоид муаммоларининг деярли барчасини айтиб ўтган. Жумладан, кейинги даврда ёзилган Aқоидга доир рисолаларининг ёзилишига замин яратиб берган, рисолада ашёнинг (нарсалар) ҳақиқати, маълумот олиш йўллари ва оламнинг моҳияти каби каломий мавзуларга ўрин берилмаган, мавзуларни белгиланган бир тартибда тузмаган, мавзуга оид барча масалалар бир хил ерда баҳс қилинмаган, турли ерларда фарқли ҳажмлар билан баён қилинган. Рисола мотуридия калом мактабининг мутақаддим давридаги асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Рисолада бошқа кўплаб ақидавий манбаларда ўрин олмаган баъзи фиқҳий масалалар ҳам очиб берилган.

Аллома қаламига мансуб яна бир асар “Рисола фи ал-иман”. Рисола атиги икки саҳифадан иборат бўлиб, 1872 йили “Китоб ас-савод ал-аъзам” асарининг нашрига илова қилиниб чоп этилган. Ушбу рисоланинг нодир тошбосма нусхаси Aнқара университети Илоҳиёт факультети манбалар фондида 237.4 рақами остида сақланади.

Рисолада имоннинг қалб билан тасдиқ ва тил билан иқрор бўлишининг шарти, амаллар имоннинг жузи эмаслиги ҳамда имоннинг камаймаслиги ва кўпаймаслиги ҳақидаги масалалар баён этилган. Шу йўсинда хорижий[1] ва муътазилийларга[2] ҳамда Имом Шофеъийнинг имон масаласидаги қарашларига раддия берилган. Кўриниб турибдики, ушбу рисола ҳам мазмун-моҳияти жиҳатидан ҳанафий ва мотуридий ақидасини ифодалаб беришга бағишланган.

Муаллиф ушбу асарида имон масаласида қуйидаги хулосани келтириб ўтган: “Кимки (шаҳодат калимасига) гувоҳлик берса, амал ва эътиқод қилса, у ҳақиқий мухлисдир (тақводор мўмин). Кимки (шаҳодат калимасига) гувоҳлик берса, амал қилса-ю лекин барчасига эътиқод қилмаса (имон келтирмаса), у мунофиқдир. Кимки (шаҳодат калимасига) гувоҳлик берса-ю, лекин амал қилмасдан эътиқод қилса, у фосиқдир[3].

Шунингдек, асарда имон билан ислом бир нарса экани ҳақида сўз боради. Олим ушбу фикрига Қуръондан далил келтирган:

Кимки исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), ундан (у дин) сира қабул қилинмагай ва у охиратда зиён кўрувчилардандир” (“Оли Имрон” сураси, 85-оят).

Бас, Биз у жойдаги мўминлардан бўлмиш кишиларни чиқариб юбордик. У жойда (Лут хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик” (Зориёт сураси 35-36-оятлар).

Ҳажм жиҳатидан мўъжазгина бўлган ушбу рисолага Aбу Муин Насафийдек олим мурожаат қилган. Демак, уни ҳам тўлиқ ҳанафия-мотуридия ақидасига мувофиқ тарзда ёзилган манба деб эътироф этиш мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, IX асрнинг иккинчи ярми, X асрнинг биринчи чорагида Мовароуннаҳр ҳудудида шаклланган сиёсий-ижтимоий ва маданий муҳитда алломанинг дунёвий қарашлари ва илмий салоҳияти салмоқли ўрин тутган.

Ҳаким Самарқандий яшаган давр Мовароуннаҳр ижтимоий-сиёсий ҳаётида кескин ўзгаришлар юз берган вақтга тўғри келди. Олимликнинг асосий белгиларидан бири уни ўз даври ва кейинги асрда яшаган олимлар томонидан эътироф этилишидир. Бу белгини Ҳаким Самарқандийнинг шахсий ахлоқий сифатлари, илм ва уламолар наздида тутган ўрни ҳақидаги кўп олимларнинг эътирофида ҳам кўриш мумкин.

Муҳаммаджон АБДУҲАМИДОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти

 

[1] Сагдиев Х. “Протеворечивойе вероученийе заблудних групп”. Ин Сборники конференсий НИС Сосиосфера (Но. 12, пп. 86-91). Ведеcко вйдавателске cентрум Соcиосфера-CЗ сро. – Б. 88-90.

[2] Оқилов С. “Калом (Aқоид)”. Ўқув қўлланма. –Тошкент: “Ҳилол-Нашр”, 2019. – Б. 35-52.

[3] Ҳаким Самарқандий. “Рисала фи ал-иман”. Тошбосма. Aнкара университети, Илоҳиёт факултети фонди. Инв. №: 237.4. – Б. 39.

Ривоятлар чашмаси


Жаҳонгир Юлдошев томонидан ўқилди

Долзарб мавзу

Ислом инсонга нафи бор ҳар бир масалада олтин ўрталиқни ихтиёр этган. Шу жумладан, кийинишда ҳам. Либос, одатда, инсонни бошқа жонзотлардан фарқловчи, шу билан бирга, маданиятимизни, урф-одат, анъана ва қадриятларимизни ифода этувчи воситадир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

يَابَنِي آدَمَ قَدْ أَنْزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاسًا يُوَارِي سَوْآتِكُمْ وَرِيشًا وَلِبَاسُ التَّقْوَى ذَلِكَ خَيْرٌ ذَلِكَ مِنْ آيَاتِ اللَّهِ لَعَلَّهُمْ يَذَّكَّرُونَ

«Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!» (Аъроф сураси 26-оят).

Аллоҳ таоло инсонга кийим-бошни авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Лекин ҳаддини билмас айрим кимсалар буни фахр ва ғурур воситаси қилиб олишган. Баъзилар кийимни тор ва ўта юпқа қилиб кийиб, ундан кўзланган мақсадни суиистеъмол қилишяпти.

Турмушимиз фаровонлашгани сари ҳаётимизга турли неъматлар қатори хилма-хил либослару кийим-кечаклар ҳам кириб келмоқда. Буни кун сайин кўпайиб бораётган кийим дўконларию кутилмаганда сизни кийиму пойабзал сотадиган телеграм каналига қўшиб, ижтимоий тармоқ орқали савдо-сотиқ қилишга ундайдиган ишбилармонлардан ҳам билиш мумкин.

Халқимиз одатда кўчага бошқа, уйга, тўй ва маросимларга бошқача кийинади. Орамизда кийим жавонларини тўлдириб, кийинишга муккасидан кетганлар ҳам бор. Бундайлар учун эгнидаги либоси  урфдан қолса, бошқасини харид қилаверади. Бу гап-сўзлар фақат аёлларга тегишли десак янглишамиз. Чунки бугун эр-йигитларимиз кийинишда хотин-қизларимиздан қолишаётгани йўқ. Туркия ёки Европанинг сўнгги урфдаги кийимларини фалон пулга олиб, тез-тез алиштириб турадиганлари ҳам топилади.

Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Инсоннинг кўркам ва қимматбахо кийимларга ўч бўлиши шайтонга қалбининг эшикларини очиб беришидир. Чунки шайтон инсонни фахрли кийимлар билан зийнатлаб, ўзига бўйсундиради ва нафс қулига айлантиришга ҳаракат қилади”.

Шайх Шаъбий айтади: “Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар айбламайдиган кийим кий”.

Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида: “Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиши учун ясаниши аёлларнинг ўзига оро бериши кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар-иккаласи учун ҳам номуносибдир. Хусусан, эркаклар учун кўпроқ шарманда ҳолатдир”, деганлар.

Кийим кийишдан, асосан, учта фойда кўзланади. Биринчиси, азиятдан сақланса, иккинчиси, авратини беркитади, учинчиси, гўзаллик ва зийнат учундир.

Инсоннинг кийиниши унинг ички маънавий оламини акс эттиради. Кимда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган даражада кийинади.

Исломда кийим-бошга алоҳида эътибор қаратилади. Ислом ҳукумлари баён этилган китобларимизда алоҳида “Либос боби” бор. Айниқса, ҳадис, тасаввуф ва фиқҳ китобларимизда либос масаласига алоҳида урғу берилган.

Фуқаҳоларимиз кийим масаласида келган далилларни ўрганиб, қуйидаги хулосага келишган.

–  фарз – бу авратни беркитадиган ва иссиқ-совуқдан ҳимоя қиладиган кийим;

  • мустаҳаб – бу авратни тўсиб, зийнатни зоҳир қиладиган кийим;
  • мубоҳ – бу жума, ҳайит ва одамлар жамланадиган кунлари ясаниш учун кийиладиган кийим;
  • макруҳ – бу такаббурлик ва манманлик учун кийиладиган кийим;
  • ҳаром – бу авратни тўсмайдиган ҳамда эркаклар учун шойи-ипак кийимлардир.

Барча неъматларнинг исрофи бўлганидек, ортиқча кийимларнинг ҳам исрофи бор. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас”, дедилар. Яна бир ҳадисда эса  “Модомики, сенда икки нарса: исроф ва манманлик бўлмаса, хоҳлаганингни е, хоҳлаганингни кий” деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

Мўътабар китобларда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, буюк саҳобаларнинг ҳам бир кийимликдан бошқа либослари бўлмагани ҳақида кўплаб ривоятлар бор. Улар кийинаман деса, ўша даврнинг энг қимматбаҳо либослари билан зийнатланишлари мумкин эди. Бироқ ундай қилмадилар. Ўз нафсларини жиловлаб, Ислом умматига намуна бўлдилар. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийимларини ўзлари ямаганлари, Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу минбарда хутба ўқиётганларида устида еттита ямоқ солинган яхтаги борлиги ривоятларда келтирилади.

Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ойша розийаллоҳу анҳо бизнинг ҳузуримизга бир кўйлак ва дағал иштон олиб чиқиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу иккисини кийиб вафот этдилар”, дедилар». (Имом Бухорий ва  Имом Муслим ривояти).

Бу билан бугун ҳам шундоқ кийиниш керак демоқчи эмасмиз. Ҳар бир ишнинг меъёри бўлгани каби, кийинишда исрофга йўл қўймаслик кераклигини таъкидламоқчимиз, холос. 

Аллоҳ таоло бандаларини тежамкорликка чорлаб, исрофдан қайтаради. Қуръони каримнинг Аъроф сураси 31-оятида:

وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

 «Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас»;. Исро сураси 27-оятида эса:

إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُوا إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُورًا

 «Албатта исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Раббга ўта ношукр бўлгандир», дея марҳамат қилинади.

Демак, исроф қилиш улкан гуноҳ қилган билан баробар бўлиб, шайтоний амаллардан эканлиги ойдинлашади. Шундай бўлгач, вақти келиб ҳар биримиз Ҳақ таолога барча неъматларига сўроқ берамиз. Зеро, Такасур сураси 8-оятида «Сўнгра ўша кунда албатта (ҳаёти дунёда сизларга ато этилган барча) неъматлардан сўраласизлар» дея мараҳамат қилинади.

Айримлар кийими бўла туриб, эски-туски либосларни эгнига ташлаб олади. Бу ҳам яхши эмас. Молик ибн Назла Жашмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига хароб кийимда келдим. У зот: “Молу мулкинг борми?” дедилар. “Ҳа”, дедим. “Қайси молу мулкдан бор?” дедилар. “Туядан, қўйдан, отдан ва қулдан”, дедим. “Агар Аллоҳ сенга молу дунё берар экан, Аллоҳнинг сенга берган неъматининг ва икромининг асари кўринсин!” дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Ривоят қилинишича, бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва саҳобалар жангдан қайтиб, дам олиш учун бир дарахт соясида ўтирганларида, туясини боқиб юрган бир саҳобий уларнинг олдига келади. У эскриб, йиртилиб кетган кийимда эди. Бу ҳолатни кўрган Набий алайҳиссалом Жобир ибн Абдуллоҳга: “Унинг бошқа кийими йўқми?” деб сўрадилар. У киши: “Тўрвасида яна иккита кийими бор экан”, деди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Уларни кийса бўлмайдими?” дедилар. Жобир ибн Абдуллоҳ бояги саҳобийни чақириб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг гапларини етказдилар. У дарров кийимларини алмаштириб олди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Мана шуниси яхши эмасми?”  дедилар.

Аёлларимиз тақлидга ўч бўлишади. Ҳаж ёки умрага борсак, гуруҳимиздаги айрим аёллар дарҳол бурқага кириб олганини ёки бошқа мазҳаб аёлларини кўриб, қўлқоп кийиб олганларини кузатганмиз. Муқаддас динимизнинг мўтабар ва мўътамад китобларида: «Мазҳабимизга кўра аёл кишининг эҳромда қўлқоп киймаслиги мандуб (мустаҳаб)дир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл киши (эҳромда) қўлқоп киймайди”, деб марҳамат қилганлар”» дейилган (“Ғунятун носик”).

Юқоридаги мўътабар ҳанафий мазҳаби китобларидан маълум бўладики, аёл киши эҳромда турган вақтида қўлқоп кийиши жоиз, аммо киймагани афзалдир.

Аёллар эҳромдалик вақтиларида юзларини беркитмайдилар, бироқ юзига ёпинчиқ ёпса ва у ёпинчиқ юзига ёпишмай турса, бунинг зарари йўқ.

ليس للمرأة أن تغطي وجهها وأنها لو أسدلت على وجهها شيئا وجافته عنه لا بأس بذلك (بدائع الصنائع)

“Аёл киши эҳромда юзини беркитиши мумкин эмас ва агар юзига бирор нарсани ёпиб олса ва у ёпинчиқ юзига ёпишмасдан турса бунинг зарари йўқ” (“Бадоиъус саноиъ”).

Ҳанафий мазҳабимизда аёл киши эҳромдалигида юзини беркитмаслиги таъкидланганми, демак, шунга қатъий риоя қилиш шарт. Шу билан бирга, қолган пайтларда ҳам аёллар кийиниш борасида мазҳабимиз кўрсатмаларига амал қилсалар, нур устига нур бўлади.

Мақоламизга Аъроф сурасининг 26-оятини хулоса қилмоқчимиз: «Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят (белги)ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар».

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин.

 

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

 

Top