muslim.uz.umi
“Валий сонго” силсиласи
Аслида қанақа?
Журналимизнинг жорий йил тўртинчи сонида “Индонезияда Исломни ёйган самарқандликлар” номли тарихий маълумотларга таянган мақола чоп этилганди. Билдирилган қизиқиш ва сўровлар асосида ўша мақоланинг давоми ўлароқ “Валий санго” силсиласининг фаолияти кенгроқ ёритилмоқда.
“Валий Сонго” атамаси Индонезияда Ислом дини ва тасаввуф тариқатларини кенг миқёсда тарқатган мусулмон авлиёларга нисбатан қўлланади. У “Валий санга” шаклида ҳам талаффуз қилиниб, “тўққиз авлиё” деган маънони ифодалайди. Атама араб ва маҳаллий ява тилидаги икки сўз қоришмасидан шаклланган. “Валий” арабчада “ишончли киши”, “Аллоҳнинг дўсти” маъноларини берса, Индонезия аҳолиси томонидан “қўриқчи” маъносида ҳам ишлатилади. “Сонго” ёки “санга” сўзи эса ява тилида тўққиз рақамини англатади.
Силсила илк даврда Жумадил Кубро, Иброҳим Самарқандий, Мавлоно Исҳоқ ва уларнинг авлодлари бўлган тўққиз авлиёдан ташкил топган. Аммо кейинги даврларда силсила таркиби кенгайиб, ўзгариб борган.
Валий сонго валийлари XIV асрдан XVI аср ўрталаригача Ветнамнинг жанубий минтақалари, Яванинг шимолий қирғоқлари, Шарқий Явадаги Сурабая-Гресик-Ламонган, марказий Явадаги Демак-Қудус-Мурия ва Ғарбий Явадаги Чиребон ҳудудларида кенг фаолият юритган.
Явадаги ислом дини авлиёлари иккига бўлинади биринчи тоифа Валий сонго таркибига кирувчи валийлар, иккинчиси, ушбу силсила таркибига киритилмайдиган авлиёлар. Маҳаллий анъаналарга кўра “Валий сонго” силсиласи ҳар бир даврда тўққиз авлиёдан иборат бўлган. Ушбу валийлар турли даврларда яшаган бўлишига қарамасдан уларнинг кўпчилиги бир-бири билан боғланиб кетган оила аъзолари саналади.
Баъзи манбаларда силсила фақат самарқандликлар оиласидан бўлган қуйидаги тўққиз авлиёлардан иборатлиги тўғрисида маълумотлар келтирилади: Малик Иброҳим Самарқандий, Сунан Ампел, Сунан Бонанг, Сунан Гири, Сунан Дражат, Сунан Калияга, Сунан Қудус, Сунан Муриа ва Сунан Гунунг Жатий. Бироқ, силсила таркибига кирган авлиёлар сони тўққиздан ошади.
“Валий сонго” авлиёлари дастлабки даврда тўққиз кишидан иборат бўлган. Анъанага кўра пир вафот этганда унинг ўрнини шогирди эгаллаган ва силсила авлиёси сифатида устозининг ишини давом эттирган. Бу анъана бугунги кунгача шу тарзда давом этиб келмоқда. Бу улуғлар Индонезия архипелагида Ислом дини тарқалишида ва минтақа маданияти шаклланишида муҳим ўрин тутган.
Тадқиқотчилар фикрига кўра, “Валий сонго” минтақага аҳли сунна вал-жамоа эътиқодини олиб кирган бўлса-да, буни жамиятга етказишда тасаввуф тариқатлари томонидан ишлаб чиқилган усуллардан фойдаланган. Авлиёлар ислом таълимотини тарғиб қилиш жараёнида Қуръоннинг “Наҳл” сурасидаги 125 оят: “(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” асосида тарғибот олиб боришган.
“Валий сонго” вакилларининг архипелагда Исломни тарқатиш борасидаги муваффақиятини қуйидаги ёндашувларда кўриш мумкин:
Биринчиси, оила ва никоҳ орқали даъват қилиш. Бунга мисол тариқасида Иброҳим Самарқандий Чампа ҳукмдорининг қизи билан, Мавлоно Исҳоқ Баламбанг ҳукмдорининг қизи билан турмуш қурганини келтириш мумкин. Аммо, Раден Раҳматнинг бу борада қилган ишлари алоҳида эътиборга сазовор. “Бабад танаҳ Жавий”да келтирилган маълумотларга кўра у ўзининг маҳаллий ҳукумрон табақа вакили бўлган мусулмон шогирдлари билан қариндошлик ришталарини боғлашни издошлари орасида алоҳида анъанага айлантирган. Бу эса келажакда Явада Ислом дини ривожланишига таъсир кўрсатган ҳамда ҳукумрон қатлам томонидан янги динга нисбатан ижобий муносабат билдирилишига сабаб бўлган.
Иккинчиси, дастлаб Иброҳим Самарқандий томонидан асос солинган Ислом таълимотини ўргатувчи песантрен диний мактаблари Нусантара Ислом цивилизациясини барпо этишда муҳим рол ўйнаган. Ислом динин қабул қилган барча маҳаллий аҳоли вакиллари песантренларда таълим олиш учун жалб қилинган. Бу мактабларга илм олиш учун келган талабалар песантренда яшаб таълим олганлар.
Учинчиси, Ява маданиятини ривожлантириш орқали Ислом маданиятини жамиятга тарғиб қилиш. Силсила вакиллари Индонезия маданиятининг турли соҳалари ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Бу борада Иброҳим Самарқандийнинг набираси Сунан Бонанг фаолиятини келтириш мумкин. У ҳиндуийлик фалсафасига катта таъсир кўрсатган анъанавий Ява қўшиқларини ўзгартириб уларни Исломий маъно билан бойитган. Унинг машҳур ишларидан бири “Томбо ати” (Қалб шифоси) анъанавий ява қўшиғи. Ушбу қўшиқ мусулмоннинг таҳажжуд, Қуръон тиловати, рўза тутиш, тақводорлар мажлисларида қатнашиш, Худони зикр қилиш орқали руҳий хотиржамликка эришиш йўллари ҳақида ҳикоя қилади. “Томбо ати” бугунги кунда ҳам песантренларда ўқитилади ҳамда Индонезияда ўтказиладиган исломий қўшиқлар танловининг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Тўртинчиси, одамларнинг кундалик ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари билан боғлиқ масалалар орқали Исломни тарғиб қилиш. Силсиланинг еттинчи даври вакили бўлган Сунан Мажагунг иқтисодий соҳада наяка (вазир) этиб тайинланган. У озиқ-овқат, пазандачилик, қишлоқ-хўжалиги ва бошқа бир қанча соҳалар бўйича ҳаром ва ҳалол масалаларини ёритиб, бу борада ижтиҳод қилган. Сунан Калияга эса қишлоқ хўжалиги ривожига ҳисса қўшган “Filsafat bajak dan cangkul” (Қўш ва шудгор фалсафаси) номли китоб ёзган.
Бешинчиси, вакиллар минтақада Исломни тарғиб қилишда сиёсий воситалардан ҳам моҳирона фойдаланган. Бунга мавлоно Исҳоқнинг фарзанди Сунан Гирий амалга оширган ишларни мисол қилиб келтириш мумкин. У суд жараёнлари бўйича шариатга асосланган маъмурий қоидалар ва кўрсатмаларни ишлаб чиқади. Бу борада унга ислом фиқҳи ва шариати борасида олим бўлган Сунан Қудус ёрдам берган. Сўфий даъватчилар томонидан қўлланилган ушбу ёндашувлар натижасида исломий анъаналар аввал маҳаллий урф-одатлар билан ассимиляция жараёнини бошдан кечирган, сўнгра аҳоли томонидан қабул қилинган.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мазкур силсила таъсирида архипелагнинг диний таълим тизими, устоз-шогирд анъаналари, масжидлар маданияти ва яна бошқа кўплаб ижтимоий турмуш тарзи элементлари шаклланди. “Валий сонго”нинг биринчи пири Иброҳим Самарқандий томонидан асос солинган песантрен диний мактаблари бугунги кундаги замонавий Индонезия таълим тизимининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Феруз ХОЛМЎМИНОВ,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими
Эртакдаги ҳақиқатлар
Болалигимизда эртаклардаги ғайри табиий ҳодиса ёки ишлардан ҳайратланганмиз ва уларга ишонганмиз. Ёшимиз улғайгач, уларнинг барини чўпчак, яъни тўқима деб ўйлаганмиз. Аслида ҳам шундайми?
Тадқиқотлар кўра, барча эртаклар ҳам тўқима эмас. Улардаги воқеа-ҳодисалар ўтмишда бўлиб ўтган воқеаларнинг бузилган, ўзгартирилган талқинидир. Бу ҳодисалар вақт ўтиши билан оғиздан оғизга ўтиб, у эртагу афсоналарга айланган. Уларда учровчи баъзи ғайриоддий сюжетлар, қаҳрамонлар, тилсимлар ва буюмларнинг асосида дин билан боғлиқ воқейлик ётади. Фақат улар бадиий тўқимага айланиб халқ оғзаки ижодида бўй кўрсатган, холос.
Эътибор қаратилса, эртаклардаги қаҳрамоннинг ғайриоддий қобилияти ёки ишлари, бошдан кечирганлари, бошқаларга ўхшамаслиги билан пайғамбарлар ҳаётига ўхшаб кетади. Уни қийин вазиятда қўллаб турувчи ҳомийлари ёки бирор куч берадиган буюми бўлиши ҳам одатий ҳол. Халқ эса мана шундай шахслар орқали ўз қаҳрамонларини тасаввур этиб, улар ҳақида ривояту эртаклар тўқишган. Улар воситасида ўз орзуларини баён қилганлар.
Тарихдан маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга пайғамбарлик ва подшоликни бериб, унинг пайғамбарлигини исботиш учун кўплаб мўъжизаларни ато этган эди. У кишига бутун ҳайвонларнинг тилини ўргатиб, жинларни, шамолларни хизматларида ҳозиру нозир қилиб қўйди.
Бу ҳақда Қуръони каримнинг бир қанча сураларида баён қилинган.
Намл сурасида: «Сулаймон (пайғамбарлик ва подшоҳликда) Довудга ворис бўлди ва айтди: “Эй одамлар! Бизга қушлар тили ва бошқа нарсалар билдирилди. Албатта, бу аниқ фазлнинг ўзидир”. Сулаймон (хизмати) учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар» (16-17 оятлар).
Сод сурасида: «Унга шамолни беминнат хизматкор қилиб қўйдик, унинг амри билан у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам. Бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб (бўйсундирдик)» (36–38-оятлар).
Сабаъ сурасида: «...ва Сулаймонга шамолни (бердик). Унинг (шамолнинг) эрталаб кетиши бир ойлик, кечқурун қайтиши бир ойлик йўл эди. Унга мис булоғини оқизиб қўйдик ва жинлардан Роббининг изни ила унинг ҳузурида ишлайдиганлари бор эди...» (12-оят).
Қуръон тафсирларида келишича, Сулаймон алайҳиссаломга жинлар тилла ва ипакдан катта гилам тўқиб берганлар. Унинг ўртасида тилла тахт устига ўзи, атрофидаги тилла ва кумушдан ясалган курсида одамлар, уларнинг атрофида жинлар ўтирар, осмонда қушлар қаноти билан соя солиб турар, шамол гиламни кўтариб, айтилган жойга элтар экан. Шу билан бирга шамол эрталабдан тушгача бир ойлик йўлни, тушдан кечқурунгача яна бир ойлик йўлни босиб ўтар, бир кунда икки ойлик йўлни юриб қўяр экан[1].
Демак, эртакларда келганидек ўзи учар гиламлар бўлмаган. Балки шамоллар ўша гиламни учириб, Сулаймон алайҳиссаломни хоҳлаган жойга элтган. Худди шундай жинлар ҳам Сулаймон алайҳиссоламга Аллоҳнинг изни билан хизмат қилдириб қўйилган. Уларнинг куч-қудрати худди эртакларда қайд этилганидек, кўплаб ишларга қодир бўлган.
Бундай ўхшашликни ўзбек халқ эртаги “Эрназар билан Кимёназар” ҳамда “Минг бир кеча” эртакларидаги “Алоуддиннинг сеҳрли шамшироғи”даги сеҳрли тилсимларида кўриш мумкин. Унда Эрназарнинг тилсими пичоқдаги Кимёназар номли ёрдамчи бўлса, Алоуддиннинг кўмакчиси шамшироқдаги дев. Иккисининг ҳам сўзи: “Хизматингизга тайёрман”. Исталган жойга кўз очиб юмгунча етказиш, қирқ қулоқли қозонни олиб келиш, бир зумда улкан саройлар тиклаш ва шу каби кенг тарқалган сюжетлар Сулаймоннинг хизматига шай турган жинларни эслатади.
Яна бир ўхшашлик Исо алайҳиссалом билан боғлиқ. Аллоҳ таоло унга осмондан моида (дастурхон) туширади. Бу воқеа Қуръони каримнинг “Моида” сураси 112-115 оятларида баён этилади: «Ҳаворийлар: “Эй Исо ибн Марям! Раббинг бизга осмондан бир дастурхон нозил қила оладими?” – деганларида, (Исо): “Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳдан қўрқингиз!” – деганини (ҳам) эсланг! Улар дедилар: “Биз ундан (зиёфатдан) еб, кўнглимиз хотиржам бўлишини ва сенинг ростгўйлигингни билиб, (сўнгра) унга (дастурхонга) гувоҳлик беришни истаймиз”. Исо ибн Марям деди: “Эй Раббимиз – Аллоҳ! Бизга осмондан (бир) дастурхон туширгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ҳамда Сендан (бизга) мўъжиза бўлсин. Бизни (ундан) ризқлантир! Сен ризқлантирувчиларнинг яхшисидирсан”. Аллоҳ деди: “Мен уни сизларга туширувчиман. (Лекин) кимки (шундан) кейин (ҳам) куфрга кетса, уни шу қадар азоблайманки, бутун оламда ҳеч кимни ундай азобламаган бўлурман».
Исонинг дуоси қабул бўлди ва мўъжиза содир бўлиб, осмондан егулик тўла дастурхон тушди. Бу ҳодисага гувоҳ бўлган инсонлар орзусидаги тўкин дастурхонга эга бўлишган. Бу воқеа “Ур, тўқмоқ” эртагидаги “очил дастурхон” ёдга солиши тайин. Демак, очил дастурхон бадиий тўқима сифатида бугунгача яшаб келмоқда.
Бундай ўхшашликларни кўплаб эртакларда учратиш мумкин.
Жамила АСҚАРОВА,
тадқиқотчи
[1] Қуръони карим (таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур). – Т.: Чўлпон, 1992. Б.296
Бўйрачи
Халил бўйра тўқирди. Жойнамози бўлмаган намозхонни кўрса, дарҳол бўйрадан жойнамоз тўқиб совға қиларди. Бир куни ажиб туш кўрди. Умуртқасидан ток новдаси ўсиб чиқиб, бир бош узум тугибди. Кишилар ундан қанча келиб ейишмасин тугамас эмиш. Бу кўп бора такрорлангач, бир шайхнинг ҳузурига бориб, таъбирини сўради.
Шайх ундан:
– Фарзандинг борми? – деб сўради.
– Ҳа, икки ёшли ўғлим бор, – деб жавоб берди Xалил.
– Уни Мисрдаги ал-Азҳар университетида ўқитгин. Иншоаллоҳ, яхши инсон бўлади, – деб тайинлади шайх.
Шундай ҳам бўлди. Халил ўғлини Азҳарда ўқитди. Бола саккиз ёшида Қуръонни ёд олди. Мусҳафи шарифни биринчи бўлиб магнит тасмасига Имом Осимдан Ҳафснинг ривояти асосида ёздирди. Шу сабабли Аллоҳ бу меҳнатига машҳурлик ато қилди. Унинг қироати бутун дунёга ёйилди. Кейинчалик бошқа қироатларини ҳам магнит тасмасига туширди.
Биринчи бўлиб “Ўргатувчи” услубида Қуръонни магнит тасмасига ёздирди.
Биринчи бўлиб Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Қуръон ўқиди ва пешин вақтида азон чақирди.
Биринчи бўлиб Америка Конгрессида Қуръон ўқиди.
Қуръон қироатига бағишлаб қатор асарлар битди. Унинг қарийб 55 йиллик Қуръон билан қилган сафари 1980 йил 23 ноябрда ниҳоясига етди.
Бу улуғ қироат соҳиби Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳдир. Биз ҳали ҳам ўша бир бош узумдан баҳраманд бўляпмиз.
Манбалар асосида
Муслима МИРКОМИЛ қизи тайёрлади.