muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Мисрда чоп этиладиган нуфузли “Ал-Аҳрам” газетаси саҳифасида “Самарқанд – мозийга саёҳат” сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрининг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган ушбу мақола мазкур газетанинг мухбири, Ўзбекистонда яқинда бўлиб ўтган муддатидан олдин Президент сайлови жараёнларини ёритиш учун аккредитация олган Ғада Ал-Шаркавий қаламига мансуб.

Муаллиф Ўзбекистон тарихи, маданияти ва анъаналари, мамлакатимизнинг бой сайёҳлик имкониятлари, шунингдек, турфа ўзбек таомлари ҳақидаги таассуротларини атрофлича қаламга олган.

Унинг ёзишича, Ўзбекистонга, айниқса, кўҳна Самарқанд шаҳрига бориб, афсонавий Регистон майдонини ўз кўзи билан кўришни у болалигидан орзу қилган. Узоқ йиллик орзу ниҳоят 2023 йили ушалган - у Ўзбекистонда муддатидан олдин бўлиб ўтган Президент сайловларини ёритиш учун мамлакатимизга келишга мушарраф бўлган.

«9 июль куни бўлиб ўтган сайловлардан сўнг мен таржимон йўлбошчим билан Тошкентдан Самарқанд шаҳрига поездда йўл олдим. Поезд ҳам бу мамлакатдаги ҳамма нарсалар сингари, тоза, озода эди. Икки соатдан сал кўпроқ йўл юрдик.

Менинг ихтиёримда атиги олти соат бўлгани учун вақтдан унумли фойдаланган ҳолда ўзим орзу қилган шаҳарда кўнглимга ёққан ҳамма нарсани кўришни хоҳладим. Машҳур тадқиқотчи ва саёҳатчи Ибн Баттута бу шаҳарни энг гўзал ва мафтункор шаҳарлардан бири, улуғворлик тимсоли, дея моҳирона таърифлаган. ЮНЕСКО Самарқандни жаҳон маданиятининг ўчоғи ўлароқ эътироф этган.

Эрта тонгданоқ шаҳар бўйлаб саёҳатим араб тилини яхши биладиган тажрибали мутахассис ҳамроҳлигида бошланди”, деб ёзади муаллиф.

Мақола давомида газетхонлар эътиборига Гўри Амир мажмуаси, Регистон майдони, Шоҳи-Зинда, Бибихоним меъморий мажмуаси ва бошқа диққатга сазовор масканлар ҳақидаги маълумотлар ҳавола этилади.

“Баъзи ривоятларда номи “Замин сайқали” дея зикр этилган Самарқандни кўпинча мовий гумбазлар шаҳри, деб ҳам аташади. Унинг тарихи милоддан аввалги 1,5 минг йилдан кўпроқ даврга бориб тақалади. Шаҳар Ўзбекистоннинг шимоли-шарқидаги Зарафшон дарёси воҳасида жойлашган. Бугунги кунда Самарқанд республика пойтахти Тошкентдан кейин иккинчи ўринда турадиган муҳим шаҳар ҳисобланади”, деб ёзади муаллиф.

«Дунёнинг кўплаб мамлакатларига саёҳат қилганимга қарамай, Ўзбекистон менга жуда таниш бўлиб туюлди. Бу ўлканинг кўчалари, одамлари, ошхонаси, урф-одатлари ва бой тарихи менда катта таассурот қолдирди. Самарқандга саёҳат орқали узоқ йиллик орзуим ушалди. Бу ерда ўзимни гўё вақт машинасига ўтирган ҳолда узоқ ўтмишга саёҳат қилгандек ҳис қилдим.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, “Ал-Аҳрам” газетаси 1875 йил август ойида Мисрнинг расмий газетаси сифатида дунё юзини кўрган. У Миср ва араб дунёсидаги энг йирик нашр бўлиб, кунлик адади 1 миллион нусхани ташкил этади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Савоб иш қилишга, эзгу амални бажаришга одатланган кишининг кўнгли нурафшон бўлади. Чунки хайрли амал кишининг қалбини нурлантиради. Шу нур одамнинг юзида балқийди. Бу масжид қуришдек савобли амалларга ўз ҳиссасини қўшаётган азизларимиз тимсолида яққол намоён бўлади.

Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги "Усмон ибн Мазъун" жоме масжидига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, туман бош имом-хатиби Ўткир домла Ҳакимов, имом-домлалар, маҳалла фаоллари, нуронийлар отахонлар, саховатпеша ҳомийлар иштирок этди.

Аллоҳга шукр, бугун масжидларимиз қиёфаси кун сайин гўзаллашиб, кўркамлашиб боряпти. Шу билан бирга, масжидларимизни намозхонлар маънавий жиҳатдан ҳам обод қилишмоқда.

Илк ғишт қўйилган жоме тез орада фойдаланишга топширилишини Аллоҳ таоло насиб қилсин. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги

Матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, 23 январь куни жойларда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар ва мўмин-мусулмонлар ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Самарқанд вилоятида бўлиб турибдилар. Меҳмонларга Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ҳамроҳлик қилмоқда. Ташриф аввалида Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, у ерда буюк муҳаддиснинг “Саҳиҳул Бухорий” асарининг хатми якунланиб, Қуръони карим оятлари тиловатидан сўнг эзгу дуолар қилинди.
Шундан сўнг муҳтарам меҳмонлар Ҳадис илми олий мактаби ўқитувчи ва талабалари билан самимий учрашув ўтказдилар. Очиқлик ва самимийликда бўлиб ўтган учрашув давомида Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов юртимизда диний-маърифий соҳанинг ривожлантириш бўйича Давлатимиз Раҳбари томонидан амалга оширилаётган ишлар ва мазкур ислоҳотларнинг замирида Ислом цивилизацияси маркази бўлган диёримизнинг мавқеъини янада ошириш зарур эканини алоҳида таъкидладилар.
Мулоқот якунида муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз томонларидан билдирилган ишонч ва шарт-шароитлар ўзининг натижасини бераётганини таъкидлаб, Ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждоддаримизнинг бой илмий меросини чуқур ўргатиш ҳамда динимиз асослари, ҳадис илмларини мукаммал ўзлаштирган кадрлар тайёрлаш мақсадида муҳим тавсияларини бердилар.
Самарқанд вилояти ташрифи давом этмоқда.

Ҳадис илми мактаби Матбуот хизмати

Бугун, 23 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида Имом Бухорий зиёратгоҳида индонезиялик инсонларнинг илтимосига биноан адо этилган “Саҳиҳул Бухорий” китобининг хатмонасида иштирок этдилар. Маросимда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов иштирок этди.
Хатми Бухорий хатмонасини муфтий ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ мўътабар уламолар қаторида Ҳадис илми олий мактаби устози, мисрлик олим Шайх Маҳмуд ҳам ўқиб бердилар.
Шундан сўнг хатмона якунида юртимизга тинчлик-хотиржамлик, хонадонларимизга қут-барака, бутун дунё, жумладан диёримиз турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб дуолар қилдилар.
Мўътабар манбаларда Имом Бухорий ҳазратларининг «Саҳиҳи Бухорий» тўпламларини ўқиб чиқиш орқали ҳам турли балою офатлардан сақланиш мумкинлиги қайд этилган.
Шундай экан, Аллоҳ таоло тез ва қисқа фурсатда юртимиздан бу балони кўтариб, маъмур ва фаровон ҳаётимиз изига тушиб кетишини насиб этсин. Коронавирус инфекциясини юқтириб олган юртдошларимизга шифои комил берсин, муҳтарам Президентмиз томонларидан бошланган оқилона ислоҳотларимизни охирига етказишни насиб этсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо ва халқимиз ҳаёти фаровон бўлсин.
Самарқанд вилояти Қорасу мавзесида янги қурилиши режалаштирилган жоме масжиднинг лойиҳаси билан танишилди. Муфтий ҳазратлари томонидан бунёдкорлик ишларини миллий ва замонавий андозаларга мос ҳолда амалга ошириш юзасидан муҳим тавсиялар берилди.
Самарқанд вилояти сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top