muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Четверг, 31 Декабрь 2020 00:00

"Маърифат улашиш энг эзгу амал"

ЎМИ Матбуот хизмати

 
 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармонларига мувофиқ, мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.

Бугун, 28 декабрь куни Кўксаройда мукофотларни топшириш маросими бўлди. Давлатимиз раҳбари мукофотланганларни табриклаб, уларга ўзининг юксак эҳтиромини билдирди.

– Биз кейинги йилларда яхши анъанани йўлга қўйиб, юртдошларимизга мукофотларни байрам кунида топшириб келаётган эдик. Афсуски, бу йилги пандемия шароитида одамларимизнинг соғлиғини асраш учун ушбу хайрли тадбирни бироз кейинга суришга тўғри келди. Эзгуликнинг кечи йўқ, дейдилар. Насиб этган экан, мана бугун сизлар билан Янги йил байрами арафасида юзма-юз кўришиб, дийдорлашиб турибмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳаётда хурсандчилик билан турли синов ва қийинчиликлар ёнма-ён юради. Бу йил коронавирус пандемияси бутун инсоният бошига катта ташвишлар солди. Халқимиз бу касалликка қарши курашиш билан бирга бошқа синовларга ҳам дуч келди. Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кутилмаган офатлар рўй берди.

– Эл-юртимиз бу муаммолар қаршисида саросимага тушиб қолгани йўқ. Аксинча, қийинчиликлар бизни янада бирлаштирди, бир-биримизга меҳримиз ортди. Мураккаб вазиятга қарамасдан, кўпни кўрган, азму шижоатли халқимизнинг фидокорона меҳнати билан бу синовларни мардона енгиб ўтяпмиз. Барака ҳамжиҳатликда, деган гап ҳаётимизда яна бир бор ўз тасдиғини топди. Пандемия ва глобал инқироз оқибатларини камайтириш бўйича кўраётган чора-тадбирларимиз ўз самарасини беряпти, – деди Президент.

Аҳоли соғлиғини асраш, иқтисодиётни ривожлантириш ва бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётгани таъкидланди. Юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналар, янги транспорт тизимлари барпо этилмоқда. Биргина шу ойда Тошкент металлургия заводи, янги метро йўналиши ишга туширилди. Жорий йилда пойтахтимизда Болалар миллий тиббиёт маркази, Ғалаба боғи, Адиблар хиёбони бунёд этилди. Барча вилоят ва туманларда замонавий уй-жойлар, йўл ва кўприклар, янги-янги боғчалар, мактаблар, маданият ва санъат ҳамда спорт масканлари қад ростламоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилмоқда. Давлат дастурлари асосида шаҳар ва қишлоқларимиз, юртимиз қиёфаси тобора обод бўлиб бормоқда. Миришкор деҳқон ва фермерларимиз пахта, ғалла ва бошқа экинлардан мўл ҳосил етиштирдилар.

– Биз бугунги натижаларга эришиш учун пандемия шароитида – ғоят мураккаб бир вазиятда иш олиб бордик, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бунинг учун 2-3 карра кўпроқ меҳнат қилишга, изланиш, янги имконият ва ресурсларни қидириб топишга тўғри келди. Аввало, фидойи шифокорларимиз ўз жонини гаровга қўйиб, халқимиз соғлиғини асраш учун беқиёс жасорат ва матонат кўрсатдилар. Бу борада Қуролли Кучлар, Миллий гвардия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мард ва жасур ходимларининг хизматларини алоҳида қадрлаймиз. Айни вақтда, бунёдкор қурувчилар, саховатли тадбиркорлар, маҳалла фаоллари, муҳтарам нуронийларимиз, навқирон ёшларимиз, илм-фан, маданият ва спорт соҳаси вакиллари эл-юртимизга ҳақиқий таянч ва суянч бўлиб майдонга чиқдилар. Ҳар қандай синовни бирдамлик билан енгиб ўтадиган халқимиз мана шундай оғир кунларда қудратли кучга айланди. Фурсатдан фойдаланиб, сабр-матонатли, заҳматкаш, олижаноб ва фидойи халқимизга, унинг буюк қаҳрамонлиги учун яна бир бор бош эгиб, таъзим қиламан.

– Дунёда инсон ўзини қачон бахтли деб билади? Буюклик нимада? Элга ҳалол, пок меҳнат қилиб, натижаси мана шундай мукофот бўлганда. Бу ерда ўтирганлар бугунги куннинг қаҳрамонлари, мардона халқимизнинг буюк вакиллари, – дея таъкидлади Президент.

Тадбирда айтиб ўтилганидек, юртдошларимизнинг фидокорона хизматларини муносиб эътироф этиш мақсадида бу йил “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган геолог” фахрий унвони, “Олий Даражали Дўстлик”, биринчи ва иккинчи даражали “Саломатлик” ҳамда “Фахрий мураббий” орденлари, “Соғлом турмуш” медали каби янги давлат мукофотлари таъсис этилди.

Бундан ташқари, “Меҳр-саховат” кўкрак нишони жорий қилиниб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшган қарийб 25 минг ватандошимиз ушбу мукофот билан тақдирланди.

Айни кунларда жойларда юзлаб ҳамюртларимизга ана шу фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.

Давлатимиз раҳбари мукофотланган барча ватандошларимизга йиғилганлар номидан табрик йўллади.

Шундан сўнг мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Маълумки, Ўқитувчи ва мураббийлар байрами арафасида жадидчилик ҳаракати намояндалари – Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган эди.

Маросим аввалида ана шу мукофотлар маърифатпарвар боболаримизнинг невараларига топширилди. Бундай эҳтиром улуғ аждодларимизнинг ўлмас мероси бугунги кунда ҳам қадрли эканидан, халқимизга беқиёс маънавий куч бағишлаб келаётганидан далолат беради. Айни вақтда, эл-юртимизнинг миллий уйғониш ва тараққиётга интилиши барқарор эканини намоён этади.

Шунингдек, тиббиёт, иқтисодиёт, фан, таълим, адабиёт ва бошқа соҳалар намояндалари, давлат ва жамоат ишлари фаолларига мукофотлар топширилди. Самарали фаолияти, ватанпарварлиги ва ташаббускорлиги билан ёшларга ибрат бўлаётгани учун Президент уларга миннатдорлик билдириб, эзгу тилакларини изҳор этди.

– Ҳаммамиз бугун яхши орзулар ва улуғ мақсадлар билан, янги йил остонасида турибмиз. Биз барчамиз аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, халқимизга садоқат билан меҳнат қилиб, янги Ўзбекистон пойдеворини яратаётганимиз билан фахрланамиз. Дунёмиз тинч бўлсин, бағрикенг ва олижаноб халқимизни, жонажон Ватанимизни Оллоҳ таоло ҳамиша ўз паноҳида асрасин, – дея сўзини якунлади Президент.

Мукофотланганлар юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.

 

Суббота, 19 Декабрь 2020 00:00

Қандай чиройли овоз!

Бир куни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Кўфадаги бир қишлоқдан ўтиб қолдилар. Йўлда бекорчи йигитлар тўпланиб олиб, ичиб ўтиришарди. Уларнинг ичида Зозон деган қўшиқчи ҳам бор эди. У куй чалиб, қўшиқ айтарди. Унинг овози жуда чиройли эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу уни эшитиб, «Қандай чиройли овоз! Агар шу овози билан Қуръон ўқиганидами..». дедилар-да, ридоларини елкаларига ташлаб, жўнаб кетдилар.

Зозон бу сўзни эшитиб, «Бу киши ким?» деб сўради. Атрофдагилар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу», дейишди. «У киши нима деди?» сўради Зозон. «Қандай чиройли овоз! Агар шу овози билан Қуръон ўқиганидами..» дедилар», дейишди.

Зозон сакраб туриб, қўлидаги созини ерга уриб синдирди-да, у зотни излаб кетди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни топиб бориб, ҳузурларига кирди. Салом бериб, шогирдликка олишларини сўраб, йиғлаб юборди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу уни қучоқлаб олдилар. Икковлари қучоқлашиб узоқ йиғлашди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Қандай қилиб Аллоҳ азза ва жалла яхши кўриб, тўғри йўлга буриб қўйган бандани мен яхши кўрмайин?» дедилар.

Зозон Аллоҳ азза ва жаллага барча гуноҳларидан тавба қилди ва то Қуръонни ўрганмагунча Абдуллоҳ ибн Масъуддан ажралмади. Яхши илм эгаллаб, пешқадам имом бўлди, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Салмон Форсий ва бошқа саҳобалардан ҳадис ривоят қилиш шарафига эришди.

 

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Туркия Республикаси бўйлаб хорижий журналистлар учун ташкил этилган Пресс-тур дастурининг 2-куни тартибида дастлабки манзил сифатида Кўня шаҳридаги “Панорама” музейи кўрсатилган эди.

Дастлабки мақолада эслаганимиз – Кўня шаҳри, деганда ушбу шаҳар ҳақида бирозгина тасаввурга эга бўлган кишининг хаёлига келадиган илк фикр Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг шу ерда яшаб, вафот этгани ҳақидаги факт ОАВ учун тайёрланган саёҳат объектларининг биринчисидаёқ ўз исботини топгандек бўлди. Зеро, “Панорама” мажмуаси ўз номидан келиб чиқадиган бўлсак, кўҳна кентнинг бутун тарихини қамраб олган, шаҳар ҳақида ҳар томонлама, кенг тасаввур берадиган музей бўлиши керак эди. Бинобарин, бинони айланиб чиққач, амин бўлдикки, музей экспонатларининг аксарияти бевосита ёхуд билвосита Мавлоно номи, дарвешлар ҳаёти, яшаш тарзи, сўфийлик анъаналари билан боғлиқ экан. 

Умуман, нафақат бу музейда, балки бутун Кўняда асосий маданий, меъморий ёдгорликлар, тарихий иншоотларни-ку қўя туринг, ҳар бир харсанг, кекса дарахт ва ҳатто, тоғ чўққиларигача Румийни эслатади. Шаҳарни ҳар томондан ўраб турган қирликлар, Тавр тоғ тизмасининг энг баланд икки нуқтаси – гўёки, қадим қалъани икки томондан муҳофаза қилиб турадиган, худди қуйиб қуйгандек бир-бирига ўхшаш, баландлиги ҳам бир хил 1600 метрга тенг эгизак чўққи ҳам дарвешлар бош кийимига нисбат берилиб, “Такке”, яъни “қалпоқ”, деб аталган. Ҳайратланарли жойи шундаки, баландликларга шунчаки ном берилмаган, аксинча, чўққилар кўринишидан айнан дарвешлар доимий кийиб юрадиган қалпоқни эслатиб юборади.

Мавзуга қайтамиз: “Панорама музейининг биринчи қавати тўлиқ Мавлоно Жалолиддин Румйнинг ҳаёти, фаолияти, умр йўли тасвирланган картиналар учун ажратилган. Озарбайжонлик истеъдодли рассом Теймур Ризаев мўйқаламига мансуб расмлар файласуф алломанинг 5-6 ёшлигидан бошлаб, то умрининг охиригача бўлган даврни бадиий ифода услубида қамраб олган. Ёшгина Жалолиддиннинг оиласи билан Балхдан йўлга чиқиб, Бағдод ва Макка-ю, Мадина орқали Кўняга етиб келгунча рўй берган саргузаштлар, тарихий шахслар билан кечган суҳбатлар, хусусан, устози Шамсиддин Табризий билан илк учрашуви ва тарихий манбаларда келтирилган бошқа қизиқарли воқеа-ҳодисалар томошабинларга қимматли маълумотлар беради.

Бошқа бир бўлимда мижозлар эътиборига ўша давр руҳини берувчи бино-иншоотлар, карвонсаройлар, бозор, ҳунармандлик устахоналари, сўфийлик тариқати вакилларининг асосий ҳунари бўлмиш жундан мато ҳосил қилиш ва кийим-кечак тикиш ва тўқиш, турли буюмлар ясаш билан боғлиқ, одамларнинг мўмиёдан ясалган ҳайкаллари, масалан, мавлононинг шогирдлари билан суҳбати, муносабати, таълим бериш, илм олиш, зикр қилиш жараёни ва бошқа ҳаракатлар акс этган тасвирлар ҳавола этилади.

“Ирфон маданияти” ёки қисқача қилиб ИРФА, деб номланган тадқиқот ва маданият маркази чет эллик журналистларга шу куни таништириладиган навбатдаги манзил бўлди. Бу ерда ҳам кўҳна Кўня тарихига алоқадор анъана, урф-одат ва маросимлар ўргатиладиган, хусусан, само рақсини ижро этувчилар, уларга жўр бўлиб турувчи мусиқачи, бастакор ижодкорлар тайёрланадиган мактаб, тўгараклар, ҳунармандлик бўлимлари, дўконлар жойлашган.

Бир сўз билан айтганда, 2017 йил фойдаланишга топширилган, ёнма-ён барпо этилган “Панорама” музейи ва ИРФА тадқиқот ва маданият маркази доим маҳаллий ва хорижий сайёҳлар билан гавжум.

Тан олиш керак, коронавирус эпидемияси Туркия, жумладан Кўня шаҳри туристик салоҳиятига сезиларли салбий таъсир ўтказди. Бинобарин, пандемия юмшаши билан мамлакат ва маҳаллий ҳукумат вакиллари сайёҳлар учун барча зарур шароитларни муҳайё этган, хавфсизлик чораларини тўлиқ кўрган ҳолда мижозларга хизмат кўрсата бошладилар.

Кўня бўйлаб сафаримиз давом этмоқда.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

ЎзА махсус мухбири.

Туркиянинг Кўня шаҳридан тайёрланди.

Top