muslim.uz

muslim.uz

Маҳорат ва сабр билан тўқилган ўргимчак тўри – битиши қийин бўлган ва йиринглаган яраларга жуда фойдалидир. У яра даражаси қанчалик оғир бўлмасин, ҳаттоки антибиотик дори воситалари таъсир қилмаган ҳолатларда ҳам, тузатиш хусусиятига эга. Тўр қон оқаётган жароҳат устига қўйилса, қон тўхтайди. Қуюқ тўқилган оқ тўрни пушти ранг ёғда қайнатиб қулоққа қўйилса, қулоқ оғриқлари кетади. Ўргимчак тўрини безгак касаллигида ҳам ишлатса бўлади, бунинг учун тўрларни ўрмон ёнғоғи билан аралаштириб, думалоқ шаклга келтириб, икки  бўлакка ажратиш керак. Бирини хуруждан сўнг, бошқасини эса кейинги хуруж бошланишидан аввал бериш керак. Кўзга тушган оқ доғларни йўқотиш учун 30 дона бутли ўргимчак инини зайтун ёки кунгабоқар (50 мл) ёғига солиб қўйиб, қуёшда 30 кун сақланади. Сўнг дока ёки элакдан ўтказиб, кўздаги оқ доғларга ёки катарактага суртилади. Қадимги табобатда ҳали дори воситалари ўйлаб топилмаган пайтда, табиблар дори қутисида ўргимчак тўри муҳим жойни эгаллаган.          

Гап шундаки, ўргимчак тўри тузилиши жиҳатидан инсон имун тизимининг асосий унсури бўлган лимфаларга яқиндир. Ўргимчак тўрини яра устига қўйилиб бир оз муддат ушлаб турилса натижа кўз олдингизда намоён бўлади: ҳарорат тушиб, оғриқли ерлардаги оғриқ кетиб, шишлар камаяди, яра ёпилишни бошлайди.

Агар ўргимчак тўрини ва нонни  эзиб аралаштириб ярага қўйилса яра битиши анча тезлашади. Тибет тиббиётида, ўргимчак тўри антисептик ва қон тўхтатувчи восита ҳисобланади. Сенкевичнинг даволаш услубида, нон мағзи билан  тайёрланган тўр ҳақида кўп сўз боради, лекин энг фойдалиси майдаланган калина (бодрезак) бутаси пўстлоғи ва тўрдан тайёрланган аралашмадир.   

Моҳира ЗУФАРОВА,

Халқаро алоқалар бўлими

мутахассиси

Четверг, 26 Январь 2017 00:00

Болам, қўшнига озор бермагин!

Саиднинг ойиси ҳар якшанба куни сомса қилар эди. Ойиси ҳар сомса қилганида бувиси: "Болам, қўшнига озор бермагин" дер, ойиси эса: "Хўп бўлади, ойижон", деб бир ликопча сомсани қўшнисиникига чиқариб берар эди. Бир куни Саид бувисидан: "Бувижон, нега ойим ҳар сомса қилганларида "Қўшниларга озор берманг", дейсиз?", деб сўради. Бувиси эса: "Ойинг пиширган сомсанинг ҳиди уларнинг димоғига киради, улар ҳам сомса егиси келиб, озорланишади. Агар сомсадан берсанг, еб кўнгиллари таскин топади", деди. Шунда Саид кеча мактабда синфдоши Аҳрор каттакон олмани карсиллатиб еганини, бошқа болалар эса унинг олмасига ҳавас билан қарашганини эслаб, сўради: "Кеча Аҳрор мактабда ҳамманинг олдида олма еди, демак, у ҳаммага озор берибди-да?!" "Албатта", жавоб берди бувиси. "Лекин у олмасини ҳаммага бўлиб берса, ўзига ҳеч нарса қолмас эди-да", деди Саид. "Ундай бўлса, панароққа ўтиб ейиш керак", деди бувиси.

Билингки, атрофдагиларга фақат қўл ёки тил билан озор беришдан ташқари бошқа кўпгина ишлар ҳам борки, улар орқали бехосдан азият етказиб қўйиш мумкин. Улардан бири ҳиддир. Жамоат жойларига борадиган бўлсангиз, ювиниб, тоза кийимлар кийиб боришингиз лозим.

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати футбол турнири ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 24 январ куни ушбу турнирнинг 2-тур учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув жуда қизғин руҳда кечди. Ўйин кутилмаган натижалар ва ажойиб голларга бой бўлди. Турнир давомида тўпурарликни қўлдан бермай келаётган “Бухорий авлодлари” жамоаси ҳужумчиси Тошпўлатов Ҳасан, ушбу 2-тур ўйинларида ҳам рақиб дарвозасига бир-биридан ажойиб голлар киритди. Қуйида 2-тур учрашув натижалари билан танишасиз: 

"Дўстлик" (ТВИ)

6 - 6   

"Кўкалдош"

"Ҳазрати Имом" (ЎМИ)

7 - 4

"Минор" (ТШИ)

"Бухорий авлодлари" (ТИИ)

5 - 6

"Мовароуннаҳр"

 Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 январь Жума куни 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 ахборот хизмати

Четверг, 26 Январь 2017 00:00

Жийда фойдалари ҳақида

ЖИЙДА (Elaeagnus L.) — жийдадошлар оиласига мансуб дарахт ёки бута. Жанубий Европа, Марказий ва Шарқий Осиё, Шимолий Америкада ўсадиган 40 га яқин тури бор.Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистонда жийданинг  қарғажийда. (Е. angysti-fola; ёввойи ҳолда ўсади), шарқ жийдаси (Е. orientalis), тиканакли жийда (Е. pungens), кумушсимон жийда (Е. argentea), нон жийда(Е. cdulls) турлари ўсади. Ш а р қ жийдасининг барги оддий, энсиз, кумуш-ранг. Дарахти 8—10 м, шохлари сийрак, тиканли ёки тикансиз. Гули икки жинсли, сариқ, серасал, хушбўй, эфир мойли. Меваси сарғиш, мағизсиз данакли, эти 31,2—88,7%, унсимон, хушхўр. Таркибида 46—65% қанд, 10% оқсил, 1,3% кислота, 200 мг% С витамини мавжуд. Жийданинг меваси янгилигида ёки қуритиб истеъмол этилади. Табобатда ошқозон-ичак касалликларини даволашда ишлатилади. Ёғочидан турли хил буюмлар ясалади, парфюмерия саноатида, гулидан эфир мой олинади.

Жийда қурғоқчиликка чидамли, ер ости сувлари юза ва шўр тупроқларда ҳам ўсаверади. Данагидан, илдиз бачкисидан ва қаламчасидан кўпаяди. Кўчати ўтказилгач, 3—5- йили ҳосилга киради. Май—июнь ойида гуллайди, меваси сентябрь—октябрда пишади. Бир тупи 50 кг гача ҳосил беради. Жийда60—80 йил яшайди. Нон жийда мевали дарахт сифатида экилади, ўрта бўйли дарахт. Сернам ерларда яхши ўсади. Серҳосил. Меваси йирик, мазали, қизғиш-қўнғир рангли. Ўзбекистон ўрмончилик илмий-тадқиқот институтида унинг 20 га яқин нави таърифланган (Қизил Ж., Раъно, Урганч, Хурмой, Тошкент десерти, Чўли қандак, Кизил қандак ва бошқалар). Ҳозирги даврга келиб саноат аҳамиятини йўқотди. Ўзбекистон, Тожикистон ва к ў п г и н а мамлакатларда айримтоморқа боғларида  экилади. Кўпроқ йўл ёқалари, канал бўйлари, дала-иҳота ўрмон минтақалари, ташландиқ ерларга экилади. Тупроқни азот билан бойитади. Озиқавий қуввати: 34 кКал ни ташкил этади.
Жийда мевасини узоқ муддат сақлаш мумкин. Пишиб етилганида териб олингач, бир неча ойдан сўнг ҳам ўзининг фойдали хусусиятларини йўқотмайди.

Фойдали хусусиятлари

Жийда таркибида жуда кўп фойдали моддалар мавжуд. Масалан, унинг мевасида калий моддаси мавжуд, бу инсон организмида юрак-қон томирлари тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, ўз навбатида инсульт, инфаркт ва бошқа муаммоли хасталиклари келиб чиқишининг олдини олади. Хушбўй моддалар мавжудлиги унинг бириктирувчи таъсирчанлигига асос бўлади.

Жийда меваси инсонни тинчлантирувчи таъсирга эга ва уйқу дорилар билан қўшиб истеъмол қилинса, уларнинг фаоллигини оширади. Бундан ташқари асаб тизими фаолиятини меъёрга келтиради, ва ғазабланиш, асабийлашувнинг олдини олади. Жийда тинчлантириш фаоллиги билан биргаликда саломатликни мустаҳкамлайди.

Пазандаликда ишлатилиши

Унинг янги узилган мевасини турли пишириқ-десертларга қўшиш мумкин. Бундан ташқари ундан мураббо ва жемлар тайёрлаш мумкин.

Жийда мевасининг фойдалари ва у билан даволаш

Жийда меваси халқ табобатида кенг ишлатилади. Дармон дорилар таркибида унинг меваси билан бир қаторда гули, барглари ва новда пўстлоқлари ҳам ишлатилади. Масалан, мевасининг дамламасидан овқат ҳазм қилиш муаммоларини ҳал этишда, шунингдек, оғиз бўшлиғи касалликларидан фориғ бўлиш мақсадида ғарғара қилиб оғизни чайиш йўли билан фойдаланиш мумкин. Барглари ревматизм, подагра ва радикулитни даволаш жараёнида яхши ёрдам беради. Баргларини яна жароҳат ва яраларга боғлаб, шамоллашни олиш ва жароҳат битишини тезлаштиришда фойдаланилади. 

Бундан ташқари жийда мевасидан бавосирни даволашда фойдаланилади. Новдаси пўстлоғидан тайёрланган дамлама қон кетишини тўхтатишда яхши шифобахш воситадир. Мевасининг шарбати безгак ва қон босимини даволаш жараёнида истеъмол қилинади.

Мевасининг қайнатмаси нафас йўллари, безгак ва шамоллаш касалликларини даволашдаёрдам беради. Бундан ташқари, бу қайнатмадан йўғон ичак, ошқозон ва ичак йўлларини даволашда яхши ёрдам беради, шунингдек у ичкетарда ҳам ёрдам беради.

Унинг гуллари ва баргларидан ҳам шифобахш дамлама тайёрлаш мумкин. Бу дамлама қон босимида ва юқори ҳароратни туширувчи табиий воситадир. Шунингдек, у юрак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, колитдан фориғ бўлишда ижобий натижа беради.

Жийданинг зарари ва ножўя таъсири

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар уни истеъмол қилишдан ўзларини тийишлари тавсия этилади.

 

Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади 

25 январь 2017 йил

 

Четверг, 26 Январь 2017 00:00

Женьшень хоссалари

ЖЕНЬШЕНЬ (Рanax ginseng) — аралиядошларга (Araliceae) мансуб кўп йиллик ўт. Шарқий Осиё, Хитой ва Кореяда табиий ҳолда ўсувчи қадимги ўсимлик. Жуда қадимдан доривор ўсимлик сифатида маълум (илдизидан олинган дори-дармонлар организмнинг қувватини  оширади). Бўйи 30—50 см, барглари панжасимон қирқма, гуллари майда, кўкиш, соябонсимон тўпгулга йиғилган. Меваси юмшоқ. Этли илдизи цилиндрсимон, хушбўй, таъми аччиқроқ. Илдизининг юқори қисми йўғонроқ, пастки қисми шохланган, қисман одам гавдасини эслатади. Шу боис унга «женьшень», яъни хитойча «одам-илдиз» деб ном берилган. Илдизининг оғирлиги 20—25 г келади. Женшеннинг табиий заҳиралари жуда ҳам камайиб кетган. Шунинг учун кўп жойларда экиб ўстира бошланди. Ўзбекистонда ботаника боғида ўстирилади.

Уни ёввойи  ҳолда Хабаровскда,  Кореяда, Маньчжурияда ва Хитойда учратиш мумкин. Кўпинча  женьшень  кедр дарахтлари ўсадиган соя-салқин ва серсув ўрмонларда ўсади. Женьшень турли табиий ўғитларга бой, юмшоқ, увада тупроқли ерларни хуш кўради. Қуёш нурлари тик тушадиган ерда ўсмайди, худди шунинг учун ҳам у атрофи дарахтлар билан ўралган ўрмонзорларда ўсади. (“ЎзМЭ”дан)

Женьшеннинг фойдали хоссалари

Таркибида мавжуд бўлган бир қанча фойдали кимёвий моддалар сабабидан женьшень қадимдан халқ табобатида турли касалликларни даволашда кенг қўлланган. Ўсимлик илдизида алкалоидлар, турли ширалар, С витамини, олтингугурт ва фосфор, хушбўй моддалар, шунингдек,  микро- ва  макроэлементлар бор.

Ўсимлик инсон организмига тинчлантирувчи ва оғриқ қолдирувчи таъсир кўрсатади.  Женьшень кишида ишчанлик қобилиятини кучайтиради, ўт моддасини  организмдан чиқариб юборади, ўпкада газ алмашинувини яхшилайди.  Женьшеннинг шифобахш таъсири натижасида кишида артериал қон босими меъёрига келади, эндокрин тизими иш фаолияти кучаяди, қон таркибида қанд моддаси миқдори пасаяди.

Женьшень асабийлашиш, сиқилиш ва ташвишланиш ҳолатларида тинчлантирувчи таъсир кўрсатади. Ўсимликни ақлий ва жисмоний зўриқишларда истеъмол қилинади. 

Женьшень қон шаклланишини ва хотирани яхшилайди, модда алмашинуви ва юрак-қон томирлари тизими фаолиятини меъёрига келтиради.  Женьшень – кўриш қобилиятини яхшиловчи, жароҳатлар битишига ёрдам берувчи, оғриқни қолдирувчи, асаб тизимини тинчлантирувчи ўсимлик.

Женьшень  организмнинг эрта қартайишига йўл бермайди, бунда организмга бошқа салбий таъсир кўрсатмайди. Бу ўсимлик иммунитетни кучайтиради, танадаги ортиқча ёғларнинг эришига ёрдам қилади.  Халқ табобатида  женьшень дамлама, қайнатма, малҳам, чой сифатида ва қуруқлигин янчиб истеъмол қилинади. 

Женьшень билан даволаш

Томирлардаги оғриқни қолдириш ва шамоллашни даволашда женьшень. Тоғ асалидан 1 кг олинади ва унга 50 г женьшень илдизи майдаланган бўлаклари солинади. Мазкур асал солинган идиш қоронғи жойда бир неча ҳафта сақланади. Тиндирилгач, асалдаги женьшень илдизи қолдиқлари буткул олиб ташланади. Бу табиий доридан кунига бир чой қошиқ ичиб, киши томирларидаги ва бошдаги оғриқлардан халос бўлади, чарчоқ билмайди, тетик бўлади, шамоллашдан ҳам фориғ бўлади.

 Йўтал ва тумовда женьшень. Бу дорини тайёрлаш учун бир бош катта турп олинади, унинг бош томони ўйиб олиниб, чуқурча ҳосил қилинади ва олов устидаги манти қасқон буғхонасига икки соатга қўйилади, унинг ёнига - мантиқасқон буғхонасига битта женьшень илдизи қўйилади. Сўнг уларни буғхонадан олинади. Турпнинг ўйилган чуқурчасига женьшень илдизи солинади ва унга тенг асал қўшилади. Турпнинг ўйилган чуқурчаси  унинг ўзидан кесиб олинган қопқоғи билан беркитилади, бир сутка давомида тиндирилади, турп ичида ҳосил бўлган суюқликни бир чой қошиғидан кунига уч маҳал ичилади. Бир неча кунлик бундай муолажа натижасида йўталдан ҳам, тумовдан ҳам фориғ бўлинади.

Шифобахш ичимлик

Женьшенли чой инсон саломатлигига ажойиб таъсир кўрсатади. Бундай чойни тайёрлаш учун қуритиб янчилган женьшень илдизи устидан қайнаб турган сув қуйилади, устини ёпиб,   20  минут тиндирилади, сўнг докадан ўтказилади. Чойни суткасига уч маҳал бир ош қошиғидан бир ой давомида ичилади, сўнг  ўттиз кун танаффус қилиб, муолажа курси такрорланади. 

Бундай дамланган чой организмни умумий мустаҳкамловчи, куч-қувват бағишловчи тинчлантирувчи хусусиятларга эга. Ўсимликнинг фаол моддалари асаб тизими фаолиятини мустаҳкамлайди, жисмоний ва ақлий чарчоқни пасайтиради, юрак ва қон томирлари фаолиятини яхшилайди, иштаҳани очади, артериал қон босимини  меъёрига келтиради, ишчанлик қобилиятини оширади.

 Женьшень билан муолажа қилиш бўйича тавсиялар

Ўсимлик таркибидаги барча фойдали моддалар мажмуаси организмни соғломлаштирувчи восита сифатида ажойиб таъсир кўрсатади. Бунда ўсимликнинг соғломлаштирувчи фойдали хусусиятлари касалликлардан фориғ бўлишда ёрдам бериши билан биргаликда, нафақат муолажа учун балки, турли хасталикларнинг олдини олиш учун ҳам хизмат қилади.

 Хусусан, унинг барглари, танаси, гуллари ва уруғи шифобахш дамлама тайёрлашда ишлатилади.

Дамламани мунтазам ичиш қандли диабет, тропик яралар, нейропсихик хасталикларни даволаб тузатишда, шунингдек, доимий чарчоқдан фориғ бўлишда, асабийлашиш, сиқилиш ва ташвишланишдан сўнг руҳий енгилликни тиклашда ёрдам беради.

 Яқинда олиб борилган тадқиқотлар бу ўсимлик баргларида полисахаридлар мавжудлигини аниқлади, бу моддалар турли ўсимталарга барҳам беради. Шундай қилиб, бу ўсимликдан рак касаллигининг олдини олиш ва уни даволашда ҳам фойдаланилмоқда.

Ортиқча вазнли, тўладан келган кишилар учун ҳам бу ўсимликнинг фойдаси катта, шу билан бир қаторда у организмни ёшартириш хусусиятига ҳам эга. Ўзига озишни мақсад қилиб қўйган кишилар бу дамламани ичиб юришлари яхши натижалар беради.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкин, женьшендан тайёрланган турли дорилар қуйидаги касалликларни даволашда қўлланилади:

  • уйқусизлик, сиқилиш ва асаб билан боғлиқ турли  хасталиклар;
  • давомли жисмоний ва ақлий зўриқишлар;
  • эркаклар ва аёллар касалликларида;
  • модда алмашинуви бузилганида;
  • оғир хасталик ва жарроҳлик амалиётларидан кейинги даволаниш жараёнида.

Бундан ташқари женьшеннинг турли бўлакларидан тайёрланган дамлама ва эликсирлардан ҳар хил кўринишдаги касалликларнинг олдини олиш, тана умумий соғлигини тиклаш, инсон организмидаги турли безлар фаолиятини изга солишда фойдаланилади.

Женьшендан тайёрланадиган турли дори-дармонлар

Женьшендан турли дорилар тайёрланади. Бу дори-дармонларни дорихоналардан харид қилиб олиш ёки шифокор тавсиясига асосан уй шароитида тайёрлаш мумкин.

Чой

Бу шифобахш ичимликни женьшень қуритилган илдизининг янчилганидан тайёрлаш мумкин. Унинг устидан 1:10 миқдорда қайнаб турган сув қуйилади ва 10 минут тиндирилади.  Сўнг дамлама докадан ўтказилиб, овқатланишдан 20 минут олдин бир ош қошиқдан кунига 2-3 маҳал ичилади. Бундай шифобахш дамлама касалликларнинг олдини олиш мақсадида 1 ой давомида ичилади, кейин камида 30 кун танаффус қилинади.

Асал аралашмали женьшень маъжуни

Агар асал аралаштирилса, ширин ва фойдали шифобахш восита ҳосил бўлади. Бунинг учун қуритиб янчилган женьшень илдизи олинади. Унга 30 баравар миқдорда кўп асал қўшилади (1:30 нисбатда бўлади). Уни истеъмол қилишдан олдин уй ҳароратида 10 кун давомида димлаб тиндирилади. Асалнинг ўзи кўпгина шифобахш хоссаларга эга, шунинг учун бу маъжун бутун организм учун ниҳоятда фойдалидир. Уни 2 ой мобайнида овқатланишдан  20 минут олдин кунига 3 маҳал 1 чой қошиғидан истеъмол қилинади.

Женьшень истеъмол қилиш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Даволаниш мақсадида женьшенни истеъмол қилиш бирон аъзодан қон оқиши, ҳомиладорлик, сурункали ва юқумли касалликларда ва турли шамоллашларда мумкин эмас. Женьшень истеъмол қилишнинг ёмон оқибатлари йўқ, лекин у кучли таъсир қилувчи восита бўлгани сабабли, қаттиқ бош оғриғи келтириб чиқариши, қон босими бор кишиларда (жуда сезиларли) саломатликнинг ёмонлашувига сабаб бўлиши мумкин, 45 ёшга етмаган кишиларга уни истеъмол қилиш мумкин эмас.  Баъзи кишиларда уни муолажа сифатида истеъмол қилинганда кўнгил айниш, қайт қилиш, қон босими кўтарилиши юз бериши мумкин. Шу белгилардан биронтаси кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим. Куннинг иккинчи ярмида женьшень истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

12 ёшга тўлмаган болаларни женьшень билан даволаш мумкин эмас.

Женьшень билан даволанаётиб, маст қилувчи ичимликлар ичиш қатъиян ман этилади. 

                   Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади

                          26 январь 2017 йил

Top