muslimuz

muslimuz

Пятница, 10 Февраль 2023 00:00

Ўз нафсини ортиқча баҳолаш

Бошқалардан ички устунлик ҳисси, ҳаддан ташқари мағрурлик ва ўзини ҳаддан ташқари ҳурмат қилиш – буларнинг барчаси нафс касалликлардан бирининг намоён бўлиши саналади.

 Муолажа услуби

Инсон бу оғир хасталикдан қутулиш учун Аллоҳга раҳмати ва фазли учун кўпроқ шукр қилиш ва эга бўлган барча неъматлар ўзининг саъй-ҳаракатлари туфайли эмас, балки унга фақат Аллоҳ Ўз раҳмати ва фазли ила берганини англаб етиши лозим.

Абу Бакр ар-Розий раҳимаҳуллоҳ Воситийдан эшитган гўзал сўзларини менга айтадилар: “Аллоҳ энг ёмон кўрган нарса бу – инсоннинг ўзи ва амаллари билан ғурурланиши".

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ: “Ўзининг нафсида заррача бўлсада яхшилик бор деб билган одамда камтарлик йўқдир". Ундан камтарлик ҳақида сўрашганда, у: “Камтарлик – Аллоҳ таолога тўлиқ бўйсуниш ва кимдан бўлсада ҳақиқатни қабул қилиш”, деб жавоб бердилар. 

 Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси

 

Четверг, 09 Февраль 2023 00:00

Умра йўлланмаси топширилди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли «Шамсуддинхон Бобохонов» нашиёт-матбаа ижодий уйининг даврий нашрлари – «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетасига 2023 йил учун обунани уюшқоқлик билан ташкил этиб, яхши натижаларга эришган Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакилликларини Умра сафарига йўлланма билан рағбатлантириш режалаштирилган эди. 

Бугун, 2023 йил 9 февраль куни «Шамсуддинхон Бобохонов» нашиёт-матбаа ижодий уйи Бош директори Султонбек Имомназаров ҳамда директор ўринбосари Нажмиддин Нуриддинов обуна мавсумида энг юқори натижани қайд этган, нашрларни халқимиз орасида кенг тарғиб этишга муносиб ҳиса қўшгани учун Наманган вилояти вакиллигини икки дона Умра сафарига йўлланма билан тақдирлади.

Фурсатдан фойдаланиб, мукофотни қўлга киритган Наманган вилояти вакиллиги жамоасини самимий муборакбод этамиз.
Аллоҳ таоло халқимизга маърифат улашиш, зиё тарқатишдек хайрли ишларни бардавом қилсин!

Hidoyat.uz

Абул Олия раҳимаҳуллоҳдан Аллоҳ таолонинг «...улар намозларини “унутиб” қўядилар» (Моъун сураси, 5-оят) оятининг тафсири ҳақида сўрашганда, унинг ҳузурида Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам бор эди. Абул Олия: “У намозида хато қилиб, унда бошқа нарсалар тўғрисида ўйлайдиган киши”, деди. Ҳасан Басрий: «Тўхта, балки бу намозини унутиб, вақтини чиқариб юборадиган кишидир. Чунки Аллоҳ таоло “намозларини” деган, “намозларида”, демаган. Агар сен айтганингдек бўлганида, “улар намозларида унутиб қўярдилар”, деган бўларди», деди.

Бу қусур фақат етарлича яқийни ва тақвоси бор кишиларнигина четлаб ўтган. Улар Аллоҳни таниган, чин севган кишилардир. Улар нафснинг бўйнини узганлар. Аллоҳнинг эшигига етиб борганлар. Эшикдан кириб, Унинг ҳузурида турганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Оқилларнинг уйқуси ва оғзи очиқ юришлари қандай яхши. Улар аҳмоқларнинг бедорлиги ва ижтиҳодига нечун ҳавас қилсинлар? Ахир тақво ва яқийн эгасининг бир зарра мисқоли Ер юзи тўла алданганлардан афзалдир”.

 Аслиддин РАҲМАТУЛЛАЕВ

Уелс пойтахти Кардифф шаҳрида яшовчи муслима қиз Лаура Жонс Буюк Британияда инглиз тили билан бир қаторда расмий тил бўлган Уелсда Ислом дини таълимотларини ёйишни мақсад қилган.

 Лаура Жонс Буюк Британия радиосига берган интерьвюсида Исломга оид матнларни араб тилидан уелс тилига таржима қилиш учун инглизчада гапиришни ўргангани, Қуръони карим маънолари таржимасини давом эттираётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, Қуръони карим маъноларининг уелсча тўлиқ таржимаси ҳанузгача қилинмаган.

Маълумот учун, Лаура Жонс мусулмон воизи сифатида таълим олган, у Британияда замонавий Исломнинг ролини ўрганган. Лаура Жонс Рамазон ойида Кардифф университетида докторлик даражасига эришиш учун мусулмон олимлар тажрибаларини ўрганиш борасида изланиш олиб бормоқда.

Жонс Уелсдаги мусулмонлар тарихи милодий 8-асрга бориб тақалиши, буни тасдиқловчи кўплаб маълумотлар борлиги, жумладан, қирол Ува томонидан Исломий ёзув билан битилган олтин танганинг сақланишини айтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасига борди.

Маълумки, 6 феврал куни Туркиянинг жануби-шарқий элларида юз берган кучли зилзилалар вайронкорлиги билан бутун дунёни ларзага солди. Ўзбек халқи ҳам офат оқибатларини қалбига яқин олиб, чуқур қайғу ва ҳамдардлик ҳиссини туйди.

Давлатимиз раҳбари ўша куниёқ қардош Туркия халқига ва Президент Режеп Таййип Эрдоғанга ҳамдардлик билдирган эди. Зилзила оқибатларини бартараф этишда кўмаклашиш учун мамлакатимиздан бир неча гуруҳ қутқарувчилар Туркияга юборилди. Шунингдек, гуманитар ёрдам юклари мунтазам жўнатиб турилибди.

Президентимиз бугун Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасига бориб, қардошларимизга яна бир бор ҳамдардлик билдирди. Парвардигордан марҳумларни ўз раҳматига олишини, уларнинг оиласи ва яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик беришини сўради. Жароҳат олган инсонлар тез фурсатларда соғайиб кетишини тилади.

Ўзбек ва турк халқлари яхшию ёмон кунларда ҳамиша бирга бўлган, бир-бирини қўллаб-қувватлаган. Бу дўстлик, қардошлик ва ўзаро елкадошлик ҳозиргидай оғир кунларда янада билинади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон барча зарур ёрдамга тайёрлигини билдирди. Элчихонада очилган ҳамдардлик китобига тасалли сўзларни ёзиб қолдирди.

President.uz

Top