Мақолалар

Илм ўрганиш фазилати (1-қисм)

Илм олиш фазилати ҳақида Қуръони каримнинг Тавба сураси 122-оятида шундай марҳамат қилинади: «Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!»

Бу оятдан кўзланган мақсад таълим бериш ва тўғри йўл кўрсатишдир.

Аллоҳ таоло айтади:

Эсланг (Эй Муҳаммад!) Аллоҳ аҳли китоблардан, уни (Таврот ва Инжилни) одамларга, албатта, аниқ баён қиласиз, уни (ҳеч кимдан) сир тутмайсиз деб аҳд олган эди” (Оли Имрон, 187). Бу оят таълим беришнинг вожиблигига далолатдир.

Бошқа оятда айтилади:

Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан (яъни Таврот ва Инжилни биладиганлардан) сўрасангиз!” (Наҳл, 43)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олиш фазилатини шундай баён қилдилар: “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди”. (Имом Муслим ривояти)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Малоикалар толиби илмни қилган ишидан мамнун бўлиб унга қанотларини ёзадилар. (имом Аҳмад Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илмдан бир боб ўрганиб тонг оттиришинг юз ракат намоз ўқишингдан афзалдир”. (Имоми ибн Абдулбар Абу Зарр ривоят этган)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар: “Киши илмдан бир боб ўрганиши унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир” (Имом ибн Абдул Бар Ҳасан Басрийдан мавқуф ҳолда ривоят қилган).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Илмни Чинда (Хитойда) бўлса ҳам ўрганинглар” (Имом ибн Адий ва Байҳақийлар заиф иснод билан ривоят қилишган).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илм – хазина, унинг калитлари- савол. Сўранглар, сўрашда 4 киши савобга эга бўлади: Сўровчи, олим, эшитувчи, уларни дўст тутувчи” (Абу Нуъайм заиф иснод билан ривоят қилган).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Жоҳил билмаганини сўрамаслиги, олим билганини айтмаслиги дуруст эмас” (Табороний, Ибн Мурдавайҳ, ибн Сунний, Абу Нуъаймлар ривоят қилишган).

Абу Зарр ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг мажлисида ҳозир бўлиш минг ракат намоздан, мингта касални бориб кўришдан, мингта жанозада иштирок этишдан афзалдир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, Қуръон тиловатидан ҳам яхшироқми?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм бўлмаса, Қуръон тиловати фойда берадими?”. (Ибн Жавзий “Мавзуъот”да зикр қилган)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким исломни тирилтириш учун илм ўрганаётганида вафот этса жаннатда у билан Пайғамбарлар орасида бир даража қолади.(Дорамий ва ибн Сунний Ҳасан ҳолда ривоят қилишган)

Ислом буюклари ҳам илм ўрганиш фазилатини ҳам кўп таъкидлашган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм олишда (қийналдим), бир оз хорландим, тилагим ҳосил бўлгач азизу мукаррам бўлдим”.

Ибн Абу Мулайка Ибн Аббос ҳақида шундай деганлар: “Чиройда Ибн Аббосдек чиройлисини, сўзлашда тили равонини, фатво беришда илмлисини кўрмаганман”.

Абдуллоҳ Ибн Муборак айтадилар: “Илм ўрганмасдан туриб улуғликка интилган кишига ҳайронман”.

Ҳакимлардан бири айтади: “Мен икки кишига ачинганчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман:

  1. Илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига,
  2. Илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сен олим, ё ўрганувчи ёки унга қулоқ тутувчи бўл. Лекин тўртинчиси бўлмагилки, ҳалок бўласан”.

Тобеинлардан Ато Ибн Абу Рабоҳ айтадилар: “Бир илм мажлиси лағв –беҳуда мажлислардан 70 тасига каффорат бўлади”.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кундузлари рўзадор ва кечалари қоим бедор бўлган мингта обиднинг ўлими, ҳалол ҳаромни ажрата олувчи бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир”.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Илм ўрганиш нафл ибодатидан афзалроқ”.

Ибн Абдулҳакам раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Мен имоми Молик ҳузурларида илм ўқирдим. Пешин вақти кириши билан нафл намоз ўқиш учун китобларимни йиғиштира бошладим. Шунда устоз: “Агар ниятинг дуруст бўлса, хозир машғул бўлиб турган ишинг бажармоқчи бўлаётган ишингдан афзалроқдир” дедилар”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ким илм ўрганишга чиқиш жиҳод эмас, деса унинг ақли ва фикрида ноқислик бор экан».

«Иҳёу улумид-дийн» китобидан Илҳомжон Мадалиев тайёрлади

Манба: http://shosh.uz

5325 марта ўқилди

Мақолалар

Top