Мақолалар

Ас-Салом

АССАЛОМУ АЛАЙКУМ (араб. – сизга тинчлик, саломатлик тилайман) – мусулмонлар ўзаро учрашганда ишлатиладиган саломлашув ибораси. Салом қабул қилувчи «Ва алайкум ассалом» («Сизга ҳам тинчлик, саломатлик тилайман»), деб жавоб қайтаради. Ассалому алайкум таниган ва танимаган мусулмонларга берилади. Кичик ёшдагилар ёши улуғларга, улов минган одам пиёдага, пиёда кетаётган киши ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради. Ассалому алайкум кўпчилик ҳузурига кириб ўтиришда ҳам айтилади. Ассалому алайкумни киши эшитадиган қилиб мулойим тарзда айтиш лозим. Ассалому алайкум ўзаро муомала-муносабатнинг боши бўлиб, ўзига хос илиқлик, самимият, очиқ кўнгиллилик бахш этади. Ассалому алайкумни ошкора айтиш кишилар ўртасида муҳаббат пайдо этиб, ўртадаги гина ва кудуратларни кетказади. Ўзидан катталарга ҳурмат, кичикларга шафқат юзасидан салом-алик қилиш кишиларимиз учун ахлоқий мезон бўлиб қолган. Ассалому алайкум дейиш суннат, жавоб қайтариш эса вожиб ҳисобланади. Ассалому алайкум намоз ўқиётган кишининг намози тугаганининг аломати ҳамдир, дейилади Миллий қомусимизда.

Ас салом сўзининг учта маъноси бор экан:

  1. Саломатликка чақирувчи
  2. Офат ва балолардан саломат.
  3. Бандаларига жаннатда салом берувчи.

Энди ана шу уч маъно ҳақида.

  1. Саломатликка чақирувчи

Аллоҳ – Саломдир. Бу ибора билан яратган махлуқотларига тажаллий этаркан, уларни душманлардан, қийинчиликлардан, таҳликалардан, мусибатлардан ва турли балолардан саломат чиқаради. Салом калимасининг  бу маъносини қуйидагича ифодалаш мумкин:

  • Махлуқларини душман босқинидан қутқариб саломат чиқаради: аёнки, ҳар мавжудотнинг кўплаб душмани бор. Унинг душманлари тажовузидан қутулиб саломат қолиши Аллоҳнинг Салом исмининг шарофатдидандир.
  • Махлуқларга ҳаётининг давом этиши учун лозим бўлган нарсаларни бериш билан саломат чиқаради: чивинга учишга мос қанот беради, балиққа сузишга мос қанот, дарахтларга новда ва япроқлар...
  • Қулларини таҳликалардан қутқариш йўли билан саломат чиқаради: Масалан, Она қорнидаги чақалоқ ғоят ожиз, заиф ва ҳимоясиз... Уни ўша тор маконда буғилмоқ, оч қолмоқ, заҳарланмоқ каби таҳликалардан муҳофаза этиб дунёга саломат чиқармоқ Аллоҳнинг Салом исмининг бир шарофатидир.

Яна инсоннинг кўринмайдиган душманлари бўлган микроблар бор. Инсон танасида уларга қарши бир ҳимоя тизими қуриш йўли билан уларни хасталиклардан ҳимоя қилади ва баъзан эса ҳикматли тарзда хаста этиб, кейин шифо бериш ҳам Аллоҳнинг Салом исмининг тажаллийсидир.

Инсоннинг вужудига ҳимоя тизими қурган Аллоҳ таоло бутун оламни ҳам ҳимоя тизимлари билан таъмин этган ҳамда Салом исмининг фарқли тажаллийлари ила бизларга танитган.

Ана шулардан бири – сайёрамизнинг атрофини ўраб олган атмосфера қобиғидир. Атмосфера қобиғи осмондан тушган, тирик мавжудотлар учун зарарли бўлган бир неча таҳликага тўсиқ бўлади. Шунингдек, юз бериши муқаррар бўлган автоҳалокатдан инсон тасодиф туфайли қутулиб қолиши; тирик қолиш мумкин бўлмаган бир ҳалокатдан бир жойи тирналмасдан чиқиши; томдан учган бир  шиферми, черепицанинг бошига эмас ёнига тушиши; кучли зилзилада уйнинг йиқилмай қолиши ёки йиқилган уйнинг тагидан соппа-соғ чиқиши; хатарли жарроҳлик амалиётидан омон чиқиш ва шулар каби кўринадиган-кўринмайдиган таҳликлардан саломат чиқмоқ Аллоҳнинг Салим исмининг шарофатдидандир.

  1. Офат ва балолардан саломат

Салом исмининг иккинчи маъноси – Аллоҳнинг бутун камчиликлардан ва қусурлардан холилиги, яъни саломат эканидир. Ҳар бир махлуқ Аллоҳнинг Салом исмига гувоҳлик беради. Истасангиз, биргина чечакнинг Аллоҳнинг Салом исмига гувоҳлик берганини идрок этиб кўрамиз.

Бир гулни яратмоқ учун санъаткорда қандай сифатлар бўлиши керак?

Аввало, қудрати сўнгсиз бўлмоғи даркор. Чунки чечакни ерга кўмилган бир уруғдан осонгина чиқариб олмоқ учун катта куч талаб этилади. Ожиз бўлса уни чиқара олмайди. Унган чечак Аллоҳнинг ожизликдан саломат эканига ва сўнгсиз қудратидан гувоҳик беради;

Чечак ўстирувчи олим бўлмоғи лозим. Негаки, чечакдаги ҳикмат ва санъат фақат сўнгсиз бир илмнинг борлиги ила изоҳланади. Илло, бу чечак қуёш, ҳаво, булут, тупроққа қадар бутун олам билан алоқададир. Бу муносабатларни фақат илм соҳиби бўлган зотгина тартибга сола олади. Демак, чечак ўзидаги санъату ҳикмат ва муносабатларининг тартибли экани билан Аллоҳнинг жоҳилликдан салим эканига ва ниҳоясиз илм соҳиби эканига ишорат этади;

Чечак етиштирувчи қилаётган ишини кўрмаса бажара олмайди. Гул беқиёс гўзаллиги ва ўзида мужассамлашган мукаммал санъат ила Аллоҳнинг кўрликдан саломат эканига, ҳамма нарсани кўришига гувоҳлик беради.

Чечак йўқ эди, бор бўлди. Борлиги йўқлигидан афзал кўрилди. Демак, санъаткорда ирода сифати бор. Иродаси бўлмаган чечакни ўстира олмайди. Чечак борлигининг йўқлигидан афзал ҳисобланиши билан Аллоҳнинг иродасизликдан саломатлиги ва мутлақ ирода соҳиби эканига далолатдир.

Чечакни қанчалар ардоқлаб севишларига боқинг! Чечак бу ҳоли билан Аллоҳнинг марҳаматсизликдан саломат экани ва Раҳим исмига шаҳодат беради.

Бу чечак каби миллионларча чечаклар ва бошқа нарсалар айни чоқда яратилади. Ҳар бирига фарқли зийнатлар берилади. Демак, буларнинг соҳибининг битмас-туганмас хазиналари бор. Бу билан улар Аллоҳнинг фақирликдан саломат эканига ишорат этади ва ғани эканига гувоҳлик беради.

  1. Жаннатда қулларига салом берувчи

Салом исмининг учинчи маъноси: жаннатда қулларига салом берувчидир. Бу маъно Ёсин сурасида “...уларга Робби раҳимларидан бир салом бордир” ифодаси ила баён этилган.

Аллоҳ таоло бу дунёда Салом исмини бизларга тажаллий этгани каби бу исми ила жаннатда ҳам тажаллий этсин ва бизлар Аллоҳнинг саломини эшитиб бахтиёр бўлайлик.

Дамин ЖУМАҚУЛ,  журналист

 

12953 марта ўқилди

Мақолалар

Top