muslim.uz
Маккадан Мадинага тез юрар поезд қатнайди
Икки муқаддас даргоҳ – Макка ва Мадинани туташтирувчи юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган темир йўл поездининг Haramain Express йўналиши қурилиши тугалланишига оз қолди. 450 км. дан иборат бўлган йўлнинг 430 км. тайёр. Биринчи тажриба поезди йилнинг охирида йўлга тушади.
“Макка ва Мадина ўртасидаги темир йўл лойиҳаси Саудия ҳукумати учун фойдалидир. График ҳеч қандай кечикишсиз ва ўзгаришларсиз вақтида амалга оширилади. Ушбу темир йўл муқаддас шаҳарлар ўртасидаги қатновни сезиларли даражада енгиллаштиради”, деди мамлакат транспорт вазири Сулаймон ал-Хамдан.
М.ЗУФАРОВА,
Халқаро алоқалар бўлими
“Ўткан кунлар”нинг бош қаҳрамони ким?
Бу саволни эшитган киши бўлиб ҳайрон бўлиб қолади: ҳай, Аллоҳ! Шу одам “Ўткан кунлар”ни ўқиганмикан ўзи ёки мени синаш учун қитмирлик қилиб сўраяптими?..
Бугун тонгда ошга борган эдик. Шаҳар бош имом хатиби Анвар қори ака Турсунов домла амри маъруф қилганларида маърифатли аждодларимиз, уларга муносиб авлодлар тарбиялаш борасида китобхонликниинг фойдаси ҳақида гапирар экан, жумладан бундай дедилар: “Яқинда “Ўткан кунлар”ни яна бир қайта ўқиб чиқдим. Шу галги мутолаадан нима топдим биласизми?
Марҳум устоз шоир Абдулла Орипов бир суҳбатда: “Ўткан кунлар”нинг бош қаҳрамони Кумуш ва Отабек эмас, Юсуфбек ҳожи. Агар асарда ана шу муҳташам образ бўлмаганида роман “Минг бир кеча” ҳикояларига ўхшаб қоларди”, деган эдилар.
Ана шу гапнинг ҳикматини топдим. Абдулла Қодирий ҳазратлари Юсуфбек ҳожи тимсолида миллатнинг бирдамлиги, Ватаннинг яхлитлиги учун курашишни ҳаётининг маъноси деб билган; қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик қилиб ўзаро низолашиб юрган майдакашларни катта ишларга ундаб, агар вазият шу ҳолда давом этса; миллатнинг хароб бўлишини, юрт тупроғининг босқинчилар оёғи остида хор бўлишини башорат қилган буюк сиймони тасвирлаган экан.
Ҳақиқатан, Юсуфбек ҳожи образини диққат билан ўрганаверсангиз, романнинг залвори юксалиб бораверади. Буюк миллат фидойисини кашф қиласиз”.
Бу гапларни тинглар эканман, негадир бирданига ўпкам тўлиб кўзимга ёш келгандек бўлди. Шу давранинг ўзида Абдулла Қодирийнинг санъаткорлигини, Абдулла Ориповнинг закийлигини, Анвар қори аканинг воизлигини яна бир бир кашф қилдим – қанчалар буюк инсонлар.
“Ўткан кунлар” шундай асар эканки, унда ҳар бир инсоннинг ўз қаҳрамони бор экан. Айтайлик, кенг фикрлайдиган, мушоҳадага бой, катта ҳаётий тажриба тўплаган, жаҳон саҳнасида миллатимизнинг ўрни, обрўси ҳақида бош қотирадиган донишманд ёшдаги инсонлар учун бош қаҳрамон – Юсуфбек ҳожи; муслима, муштипар, итоаткор аёллар учун бош қаҳрамон – Офтобойим; чин севги, пок муҳаббатни орзу қиладиган ёшидагиларнинг қаҳрамони – Кумуш ва Отабек; севадиган, севиладиган ёшга етиб, не-не орзу-умидлар оғушида турмушга чиққани заҳоти кўз олдидаги бегининг сароб эканини, жисми узатса қўл етадиган ерда тургани билан қалби дунёнинг у чеккаси қадар узоқ эканини билган аламзада келинчаклар учун бош қаҳрамон – Зайнаб (шугинага кўп ачинади одам)...
Аммо романда икки ёшнинг самимий муҳаббати воқеалари завқу шавқ билан тасвирлангани боис ёшу қари, ҳамма “Ўткан кунлар” деганда фақат шу иккисини кўз олдига келтиради...
Тўғрисини айтсам, “Ўткан кунлар”ни қайта-қайта ўқимайман. Зарурат юзасидан бир кўз ташлаб қўяман деганимда эса ундан бош кўтаролмайман ва кўп вақтлар асар воқеалари таъсирида юраман. Романнинг бу қадар фожеали тугагани мени изтиробга солади. Айниқса, Кумуш билан Отабекнинг ўғли Ёдгорнинг босқинчилар билан курашиб вафот этгани – Юсуфбек ҳожи авлодидан ҳеч ким қолмагани алам қилади.
Яна ўйлайманки, Юсуфбек ҳожию Отабеклар ана шу миллат фарзанди эди. Шундай самимий қалб эгаларини етиштирган миллат озод ва эркин яшашга ҳақли эди ва ана шу улуғ неъматга тинимсиз курашлар эвазига эришди. Ички курашлар, низолар, фитналарга ўралашиб бой бериб қўйган ҳурлигимизни бир ёқадан бош чиқариб қайтариб олдик. Яратганга шукрки, мамлакатимизни бутун дунё тан олиб турганига чорак асрдан ошди. Ватанимиз мадҳияси дунёнинг энг баланд минбарларида жаранглаганда юксак мартабали инсонлар ҳам қўлларини кўксига қўйиб ҳурмат бажо айлаётир. Зотан, Абдулла Қодирий Юсуфбек ҳожи образи орқали ана шу кунлар орзусини тараннум этмаганмиди!..
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист
Отанинг қатъияти
“Қиз болани коллежни битирмасидан, ҳунар эгалламасидан кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, мен бунга мутлақо қаршиман. Қиз бола, аввало, касб эгалласин, ўз фикрига эга бўлсин. Шундан кейин у ҳаётда ўз ўрнини топади, йўлини йўқотмайди”.
И.Каримов
Баҳор. Атроф чиройга бурканмоқда. Мевали дарахтлар гулга кириб, майсалар қуёшнинг заррин нурларига эркаланиб бўй чўзмоқда. Йўлак чеккасига экилган турфа гуллар ўз ифорини йўловчиларга тарқатмоқда. Бир гуруҳ қизлар шўх-шодон қиқирлашиб, коллеждаги дарслари тугаб уйлари ошиқаётир. Баҳорнинг майин шабадаси навниҳол қизларнинг сочларини ўйнайди.
– Қизлар, келинглар ният қиламиз. Мен шифокор бўламан. Одамларнинг дардига малҳам бўлсам дейман,– деди Раъно.
– Феруз, сен ким бўласан?
– Таржимон бўламан. Сайёҳларга юртимиздаги ҳамма қадамжоларни кўрсатаман.
– Мен учувчи бўламан, – деди Нозима.
– Вой... қиз бола ҳам учувчи бўладими?
– Ҳа... Нима қипти? Самолётимга сизларни ўтқазиб осмону фалакка учираман.
Қизлар суҳбатлашиб бораркан, Раънонинг уйи олдида таққа тўхташди. Йўлаклар сувлар сепиб супуриб-сидирилган, дарвоза ланг очиқ. Остонада қимматбаҳо машина турибди. Раъно табиатан уялчанг қиз эмасми, дарвозадан ийманибгина кирди. Ҳовлидаги супада қориндор, савлатли киши ва башанг кийинган, зеб-зийнатга бурканган, тўладан келган аёллар ўтирарди. Раъно хиёл эгилиб салом берди. Меҳмонлар саломга алик оларкан, бир-бирларига маъноли қараб қўйишди.
***
Ортиқбой ака қийин вазиятда қолди. Чунки ҳали коллежда ўқиётган қизига совчилар келганди.
Тўрахон ака виқор билан деди:
– Ортиқбой ака...
– Лаббай...
– Ўзингизга аён: ёлғизгина ўғлим, меросхўрим. Яхши ниятлар билан хонадонингизга қулчиликка келдик. Ўғлим бизнес ишлари билан бир кун Хитой, Япон, Олмон деганларидек юртма – юрт кезади.
Совчи аёллар ҳам ўзларига навбат етганида оғзиларидан бол томиб ёлғиз ўғилни мақтай кетишди.
Хаёлида қизи тақдирини ўйлаётган Ортиқбой ака минг андиша ичида: “Қизимни беролмайман”, деди. Шу пайтгача гапи икки бўлмаган, қўлини қаерга чўзса етадиган Тўрахон ака бундай жавобни кутмагани учун бехосдан:
– Нега? Нима учун?.. – деб юборди.
– Ахир қизим энди ўн еттига тўлади. Коллежда ўқияпти,
шифокор бўлмоқчи, қизимни ўқитаман.
– Ҳа,... Ортиқбой ака, қизиқ одамсиз-да... Тўйдан кейин ўқишига бораверади. Қиз боланинг ўқиши... . Менинг мол-давлатим набираларимга ҳам бемалол етади.
Шу вақтда болалик давридан ҳали қадам узмаган Раъно ойисига илтижо қиларди:
– Ойижон, мени турмушга берманглар, мен ўқийман, дўхтир бўламан.
Маслаҳатга келган қариндошлар ҳам Ортиқбой акага розилик билдиришга ундаб, Раънонинг келажакда бекаму кўст, фаровон ҳаёт кечиришини башорат қилишарди.
Бу орада совчилар ҳам гапга чечанлик билан ёшлар тақдирини ҳал қилишга ҳаракат қила кетди.
Умри меҳнатда ўтган Ортиқбой ака хаёлан: “Эҳ, азизлар, бахт бу мол-давлат, тилла тақинчоқлар билан ўлчанмайди-ку”, дер эди.
Ортиқбой ака совчиларга қатъий оҳангда:
– Менинг ҳаётда энг катта орзуйим: барча фарзандларим олий маълумотли бўлса, яхши касб-ҳунар эгалласа, қизим Раънонинг шифоркор бўлганини кўрсам армоним йўқ”, – деди.
***
Униси “у” деди, буниси “бу” деди... Совчилар ноумид қайтди. Орадан йиллар ўтди. Раъно шифокорлик касбини эгаллади ва ўз ҳамкасбига турмушга чиқди.
Энди Ортиқбой аканинг кўнгли хотиржам, Раъно ўзи севган касб эгаси бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топди.
Ҳа, азизлар, қаршимиздан мол-дунё жилва қилиб чиққан чоқда Ортиқбой акадек қатъиятли бўлайлик. Зеро, қизларимиз бизнинг келажагимиз, уларнинг бахти бизнинг бахтимиздир.
Тоҳиржон ТУНГАТОВ,
Чиноз туманидаги “Ҳазрат-Али” жоме масжиди имом-хатиби
Янги нашр – янги хатарлардан огоҳ этади
Тақдимот
Кеча Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг тўлдирилган нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Асарнинг дастлабки нашри 2015 йил чоп этилган эди. Ўтган давр мобайнида унинг мазмун-моҳияти олий ўқув юртлари, ўрта махсус ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва ҳарбий билим юртларида ўқувчи-талабаларга атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, телерадиоканалларда ушбу китобнинг ҳар бир боби юзасидан алоҳида кўрсатув, интервью ва эшиттиришлар эфирга узатилди. Хориж оммавий ахборот воситаларида ҳам асарга юқори баҳо берилди.
Профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари, ўқувчи-талабалар ва жамоатчилик вакилларининг тавсиялари инобатга олиниб, китобнинг тўлдирилган нашри яқинда омма эътиборига ҳавола этилди.
Янги нашр 15 та боб, 73 та мавзудан иборат бўлиб, интернетда пайдо бўлган таҳдидлар ва замонавий педагогик талаблар билан янада бойитилган. Қўшимча қисмни тайёрлашда ўзбек, рус, инглиз ва араб тилидаги энг сўнгги маълумотлардан фойдаланилган. Қўшимча бобларнинг асосий мазмуни қуйидагилардан иборат:
Биринчи бобда интернетнинг пайдо бўлиш тарихи, унинг имкониятлари ва қулайликлари баён этилган. Жумладан, электрон ҳукумат тизимининг афзалликлари, оммабоп хизматлари, мафкуравий хуружлардан ёшларни ҳимоя қилишда “uz” доменидаги диний-маърифий сайтларнинг роли тушунтирилган.
Иккинчи бобда замонавий ахборот воситаларининг мазмун-моҳияти, турлари, фойдали жиҳатлари, нохуш оқибатлари ва салбий жиҳатларига қарши қандай чора-тадбирлар кўриш мумкинлиги ифодаланган. Масалан, “Фейсбук”, “Твиттер” каби ижтимоий тармоқларнинг зарарли иллатлари янада авж олаётгани ҳаётий мисоллар ёрдамида исботланиб, уларга қарши туриш чоралари келтирилган.
Учинчи бобда блоггерларнинг келиб чиқиши, вазифалари ва фаолият услублари баён этилган. Жумладан, интернет тармоғида ҳар қандай шахс ҳеч қаерда қайд қилмасдан блог оча олиши, унда ўзининг ғояларини бемалол тарғиб этиши мавжуд хавфни янада кучайтириши таъкидланган.
Тўртинчи бобда виртуал ўйинларга муккасидан кетган ёшларда учрайдиган жисмоний, руҳий касалликлар, зомбилашиш иллати ва уларнинг олдини олиш борасидаги маълумотлар берилган. Масалан, компьютерга боғланиб қолишдан кўра, китоб ўқишнинг 10 та фойдаси илмий асосда баён этилган.
Бешинчи бобда интернетдаги таҳдидларга қарши курашда асос бўлиб хизмат қилувчи миллий қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ҳуқуқий нормалар ва давлат сиёсатининг аҳамияти шарҳланган. Жумладан, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти очиб берилган.
Китобнинг дастлабки нашридаги бобларга қуйидаги қўшимча мавзулар ва иловалар киритилган:
- “Ижтимоий тармоқларнинг ёшларга таъсири” мавзусида бугунги кунда бундай тармоқлардаги хатарлар янада авж олиб бораётгани ва бундан эҳтиёт бўлиш зарурлиги тўғрисидаги маълумотлар;
- “Spam”, “Phishing” ва “Spoofing” каби янги пайдо бўлган таҳдидлар ҳақида маълумотлар ва улардан сақланиш йўллари;
- “Подкастинг ва унинг зарарлари” мавзуида аудио ва видео файлларни интернет орқали кенг тарқатиш ва уларни ишда, ўқишда ва йўлда тинимсиз эшитишнинг оқибатлари ҳаётий мисоллар асосида ифодаланган;
- “Пранк”нинг оқибатлари” мавзусида кишиларни сурбетларча мазах қилиш ва уларни интернет орқали намойиш этишнинг зарарлари киритилган.
Ёшларнинг ҳушёрлик ва масъулиятини янада ошириш мақсадида китобга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексидан кўчирмалар киритилган.
Ҳар бир бобдан “Савол ва топшириқлар”, “Мустақил иш мавзулари”, ҳар бир саҳифадан “Билиб олинг” ва “Огоҳ бўлинг” рукнида алломалар ўгитлари, дин ва давлат арбобларининг мавзуга доир фикрлари ўрин олган. Мавзуни қизиқарлироқ ва батафсилроқ ёритиш мақсадида, психологик машқлар, тест-саволлари, мавзуга оид суратлар чизилиб, уларга тагсўзлар ёзилган. Мавзулар таъсирчанлигини кучайтириш ниятида интернетга алданиб қолганидан пушаймон бўлган ёшлар ҳаётидан лавҳалар келтирилган.
Тақдимотда сўзга чиққан диний уламолар, профессор-ўқитувчилар ва соҳа мутахассисларининг ушбу китоб тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини кейинроқ батафсил ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати
Динимиз мусаффолиги йўлида
Ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали дунёнинг қайси бир чеккасида содир этилган ваҳший террорчилик ҳаракатининг гувоҳи бўлганимизда, баъзи нодон, жоҳил кимсаларнинг жирканч фаолияти муқаддас динимизга нисбат берилганида беихтиёр чуқур қайғуга тушамиз, қалбимиз афсус-надомат чекади.
Нафақат мусулмонлар, балки ишонч ва эътиқодидан қатъий назар бутун инсоният учун аламли бўлган бу каби ҳолатларга барҳам беришнинг энг самарали йўли одамларнинг дунёқарашини кенгайтириш, ислом динининг тинчлик ва омонлик дини эканини тарғиб этишдир.
Шу мақсадда, 2017 йилнинг 22 март куни "Тўхтабой" жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов Олмазор тумани "Гузарбоши" маҳалласи аҳолиси билан "Экстремистик ва террорчи оқимларнинг сохта даъволари" мавзусида суҳбат ўтказди. Имом-хатиб жаҳонда, хусусан, мусулмон ўлкаларида содир бўлаётган хунрезликларнинг муқаддас динимизга дахли йўқлигини Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар билан ёритиб берди. Шунингдек, Исҳоқжон Бегматов тинчликни авайлаб-асраш, доимо хушёр яшаш кераклиги, мусулмонлар намунали хулқи, одоб-ахлоқи билан ўзгаларга ўрнак бўлиши лозимлиги, доимо илмга интилиб яшаши даркорлигини таъкидлади.
Суҳбат якунида иштирокчиларга "Дунё уламолари мурожаати", "ИШИД фитнаси", "Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя" китоблари тақдим этилди.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.