Ўзбекистон янгиликлари

Ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали дунёнинг қайси бир чеккасида содир этилган ваҳший террорчилик ҳаракатининг гувоҳи бўлганимизда, баъзи нодон, жоҳил кимсаларнинг жирканч фаолияти муқаддас динимизга нисбат берилганида беихтиёр чуқур қайғуга тушамиз, қалбимиз афсус-надомат чекади.

Нафақат мусулмонлар, балки ишонч ва эътиқодидан қатъий назар бутун инсоният учун аламли бўлган бу каби ҳолатларга барҳам беришнинг энг самарали йўли одамларнинг дунёқарашини кенгайтириш, ислом динининг тинчлик ва омонлик дини эканини тарғиб этишдир. 

Шу мақсадда, 2017 йилнинг 22 март куни "Тўхтабой" жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов Олмазор тумани "Гузарбоши" маҳалласи аҳолиси билан "Экстремистик ва террорчи оқимларнинг сохта даъволари" мавзусида суҳбат ўтказди. Имом-хатиб жаҳонда, хусусан, мусулмон ўлкаларида содир бўлаётган хунрезликларнинг муқаддас динимизга дахли йўқлигини Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар билан ёритиб берди. Шунингдек, Исҳоқжон Бегматов тинчликни авайлаб-асраш, доимо хушёр яшаш кераклиги, мусулмонлар намунали хулқи, одоб-ахлоқи билан ўзгаларга ўрнак бўлиши лозимлиги, доимо илмга интилиб яшаши даркорлигини таъкидлади.

Суҳбат якунида иштирокчиларга "Дунё уламолари мурожаати", "ИШИД фитнаси", "Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя" китоблари тақдим этилди.

7109 марта ўқилди

Янгиликлар

Top