Мақолалар

Отанинг қатъияти

Қиз болани коллежни битирмасидан, ҳунар эгалламасидан кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, мен бунга мутлақо қаршиман. Қиз бола, аввало, касб эгалласин, ўз фикрига эга бўлсин. Шундан кейин у ҳаётда ўз ўрнини топади, йўлини йўқотмайди”.

   И.Каримов

Баҳор. Атроф чиройга бурканмоқда. Мевали дарахтлар гулга кириб, майсалар қуёшнинг заррин нурларига эркаланиб бўй чўзмоқда. Йўлак чеккасига экилган турфа гуллар ўз ифорини йўловчиларга тарқатмоқда. Бир гуруҳ қизлар шўх-шодон қиқирлашиб, коллеждаги дарслари тугаб уйлари ошиқаётир. Баҳорнинг майин шабадаси навниҳол қизларнинг сочларини ўйнайди.

– Қизлар, келинглар ният қиламиз. Мен шифокор бўламан. Одамларнинг дардига малҳам бўлсам дейман,– деди Раъно.

– Феруз, сен ким бўласан?

 – Таржимон бўламан. Сайёҳларга юртимиздаги ҳамма қадамжоларни кўрсатаман.

– Мен учувчи бўламан, – деди Нозима.

– Вой... қиз бола ҳам учувчи бўладими?

– Ҳа... Нима қипти? Самолётимга сизларни ўтқазиб осмону фалакка учираман.

Қизлар суҳбатлашиб бораркан, Раънонинг уйи олдида таққа тўхташди. Йўлаклар сувлар сепиб супуриб-сидирилган, дарвоза ланг очиқ. Остонада қимматбаҳо машина турибди. Раъно табиатан уялчанг қиз эмасми, дарвозадан ийманибгина кирди. Ҳовлидаги супада қориндор, савлатли киши ва башанг кийинган, зеб-зийнатга бурканган, тўладан келган аёллар ўтирарди. Раъно хиёл эгилиб салом берди. Меҳмонлар саломга алик оларкан, бир-бирларига маъноли қараб қўйишди.

                                                                       ***

Ортиқбой ака қийин вазиятда қолди. Чунки ҳали коллежда ўқиётган қизига совчилар келганди.

    Тўрахон ака  виқор билан деди:

   – Ортиқбой ака...

    – Лаббай...

    – Ўзингизга аён: ёлғизгина ўғлим, меросхўрим. Яхши ниятлар билан хонадонингизга қулчиликка келдик. Ўғлим бизнес ишлари билан бир кун Хитой, Япон, Олмон деганларидек юртма – юрт кезади.

    Совчи аёллар ҳам ўзларига навбат етганида оғзиларидан бол томиб ёлғиз ўғилни мақтай кетишди.

    Хаёлида қизи тақдирини ўйлаётган Ортиқбой ака минг андиша ичида: “Қизимни беролмайман”, деди. Шу пайтгача гапи икки бўлмаган, қўлини қаерга чўзса етадиган Тўрахон ака бундай жавобни кутмагани учун бехосдан:

– Нега? Нима учун?.. – деб юборди.

– Ахир қизим энди ўн еттига тўлади. Коллежда ўқияпти,
шифокор бўлмоқчи,  қизимни ўқитаман.

– Ҳа,... Ортиқбой ака, қизиқ одамсиз-да... Тўйдан кейин ўқишига бораверади. Қиз боланинг ўқиши... . Менинг мол-давлатим набираларимга ҳам бемалол етади.

Шу вақтда болалик давридан ҳали қадам узмаган Раъно ойисига илтижо қиларди:

– Ойижон, мени турмушга берманглар, мен ўқийман, дўхтир бўламан.

Маслаҳатга келган қариндошлар ҳам Ортиқбой акага розилик билдиришга ундаб, Раънонинг келажакда бекаму кўст, фаровон ҳаёт кечиришини башорат қилишарди.

Бу орада совчилар ҳам гапга чечанлик билан ёшлар тақдирини ҳал қилишга ҳаракат қила кетди.

Умри меҳнатда ўтган Ортиқбой ака хаёлан: “Эҳ, азизлар, бахт бу мол-давлат,  тилла тақинчоқлар билан ўлчанмайди-ку”, дер эди.

Ортиқбой ака совчиларга қатъий оҳангда:

– Менинг ҳаётда энг катта орзуйим: барча фарзандларим олий маълумотли бўлса, яхши касб-ҳунар эгалласа, қизим Раънонинг шифоркор бўлганини кўрсам армоним йўқ”, – деди.

                                               ***

Униси “у” деди, буниси “бу” деди... Совчилар ноумид қайтди. Орадан йиллар ўтди. Раъно шифокорлик касбини  эгаллади ва ўз ҳамкасбига турмушга чиқди.

Энди Ортиқбой аканинг кўнгли хотиржам, Раъно ўзи севган касб эгаси бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топди.

Ҳа, азизлар, қаршимиздан мол-дунё жилва қилиб чиққан чоқда Ортиқбой акадек қатъиятли бўлайлик. Зеро, қизларимиз бизнинг келажагимиз, уларнинг бахти  бизнинг бахтимиздир.

Тоҳиржон ТУНГАТОВ,

Чиноз туманидаги “Ҳазрат-Али” жоме масжиди имом-хатиби 

6100 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top