muslim.uz

muslim.uz

"Россия - Ислом олами" стратегик қарашлар гуруҳи (СҚГ) нинг V йиллик йиғилиши 28 ноябрь куни Уфадаги "Торатау Конгресс-Холл" залида иш бошланди. Йиғилишнинг бу йилги асосий мавзуси "Динлараро тотувлик: Россия ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИКТ) мамлакатлари тажрибаси".

"Россия - Ислом олами" СҚГнинг Ислом ҳамкорлик ташкилотининг 50 йиллиги ва таниқли рус сиёсатчиси Е.М.Примаковнинг 90 йиллигига бағишланган йиғилишида Россиянинг бир қатор вилоятлари ва чет элларнинг вакиллари иштирок этди. Улар орасида Бошқирдистон, Доғистон, Чеченистон, Шимолий Осетия-Алания, Адигея, Ингушетия, Кабардино-Балкария, Карачай-Черкесия, Қрим, шунингдек Қирғизистон, Саудия Арабистони, Ўзбекистон, Тожикистон, Тунис, Покистон ва бошқалар бор.

"Башинформ" ахборот агентлигининг хабарига кўра, ҳар йилги СҚГ йиғилиши нафақат анъанавий, балки Россия ва халқаро мусулмон ҳамжамияти ўртасидаги муносабатлар кун тартибидаги муҳим форумлардан бири ҳисобланади. Учрашув қатнашчилари ўзларининг билим ва тажрибалари билан ўртоқлашадилар, ислом дунёсининг энг муҳим муаммоларини муҳокама қиладилар. СҚГ аъзолари уларни ҳал қилишнинг энг самарали воситалари ва усулларини ишлаб чиқишга интилишади.

«Мен Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг вакилиман, мен у ерда директорман. Бу барча исломшунослик, илмий марказлар, шу жумладан рус марказлари билан алоқаларни ўрнатиш билан шуғулланадиган янги ташкилот. Ўйлайманки, истиқболлар жуда катта, чунки барчамиз бир хил тизимданмиз ва барчамиз постсовет ҳудудида яшаяпмиз ва барчада, жумладан динлар, конфессиялар, бағрикенглик ўртасидаги муносабатлар борасида кўплаб саволлар мавжуд. Биз алмашишимиз керак бўлган нарса бор, айниқса, Россиянинг мусулмон минтақалари, жумладан, Бошқирдистоннинг ўхшаш ташкилотлари билан муҳокама қилишимиз керак ", - деди марказ директори,"Россия - Ислом дунёси " СҚГ аъзоси Шоазим Миноваров.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон пойтахти - Тошкентда Бошқирдистон республикасида туғилган инсонлар жуда кўп. «Биз доимо дўст эдик ва ҳалигача дўстлашиб келамиз, биз бир-биримизни жуда ҳам яқин, худди ака-укалардек ҳислоблаймиз. Биз аллақачон Бошқирдистон билан иқтисодиёт соҳасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Маданий ва диний соҳаларга келсак, албатта уларни ривожлантирамиз. Уфада, Ислом университетида бизнинг йигитларимиз таҳсил олишмоқда, Бошқирдистон вакиллари ҳам бизда таҳсил олишмоқда. Бухоро ва ундан кейин Тошкент - улар собиқ тузум даврида ҳам бутун собиқ Совет Иттифоқи учун диний ходимларни етказиб беришган ва ҳозир ҳам бу нарса давом этмоқда. Биз диний таълим соҳасидаги ушбу ҳамкорликни давом эттирамиз ", - деди Миноваров.

Диний ва дунёвий тузилмалар ўртасидаги ўзаро муносабатларни ривожлантириш масаласига келсак, Шоазим Миноваровнинг сўзларига кўра, Уфадаги талабалар ўрта дунёвий маълумотни олишади ва кейин Россия Ислом Университетига ўқишга киришади.

«Бугун мен Уфа талабалари билан гаплашдим, улар фақат Ислом таълимоти ва динни ўрганиш билан чекланиб қолишаётгани йўқ. Улар дунёвий ўрта маълумот олишади, кейин университетга келишади. Бу тўғри йўналиш, тўғри танлов учун жуда яхши. Бизда ҳам худди шундай - Ўзбекистонда диний таълим жуда қадимги анъаналарга эга. Энди президентимиз ислоҳотларни амалга ошириш, яъни ўрта диний таълимдан олий таълимгача ягона занжир яратиш ҳақида кўрсатма берди. Таълим соҳасида Россия билан бўлишиш учун арзийдиган кўп жиҳатлар бор - биз бу йўналишда ҳаракат қиламиз. Тарихан биз дўстмиз - қўшнимиз. Алоқалар тикланмоқда: биз барча йўналишлар бўйича дўст бўлишимиз керак" - таъкидлади у.

Форум доирасида минтақанинг инвестицион жозибадорлигига бағишланган ялпи ва учта ишчи учрашувлар, кўргазмалар ўтказилди. Бундан ташқари, Евгений Примаков номидаги халқаро мукофотнинг тантанали тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари Россияда нашр этилган илмий ва диний асарларнинг китоб кўргазмаси билан танишдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мадина дунёнинг энг соғлом шаҳарларидан бирига айланишни мақсад қилмоқда. Муқаддас шаҳар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қатъий баҳолаш стандартларидан муваффақиятли ўтиб, соғлом шаҳарлар рўйхатига кирмоқчи.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, «Соғлом шаҳар – бу жисмоний ва ижтимоий муҳитни доимий равишда такомиллаштириб борадиган, одамларнинг ҳаётий барча вазифаларини бажаришда бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган ва ўзларининг максимал имкониятларини ривожлантирадиган жамоат ресурсларини кенгайтирувчи шаҳар». Таиба университети ректори доктор Абдул Азиз Сарани ушбу дастур соғлиқни сақлашга таъсир кўрсатадиган экологик, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатларни яхшилашга қаратилган профилактик тизим эканлигини маълум қилди.

"Таржумон" нашри берган хабарда, ЖССТ аъзолари Мадинанинг соғлом шаҳар сифатида аккредитациядан ўтказиш учун 10-11 декабрь кунлари бу шаҳарга ташриф буюриши қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Четвер, 05 декабрь 2019 00:00

Азҳар масжиди

Мисрда жойлашган дунёдаги энг кўҳна ва салоҳиятли Ислом дорилфунуни, жоме масжиди ва мадрасалардан иборат мажмуа Азҳар номи билан аталади. У фотимийлар саркардаси Жавҳар Сақалий томонидан ҳижрий 358 йили Қоҳира билан бир вақтда қурила бошлаган. Дунёга машҳур Азҳар масжиди 970–972 йиллари қурилган. Масжиднинг шундоққина ёнидаги тор кўчада талабалар ўртасида ниҳоятда машҳур китоб расталари жойлашган. Бу ердаги хилма-хил китобнинг кўплигини кўриб ҳар қандай одамнинг ҳуши бошдан учади. Биз ҳам ярим соатча китоб расталарини айландик, турли ҳажмдаги бир неча мусҳаф харид қилдик.

Сўнгра масжид ичига кирдик. Бу ерда таъмирлаш ишлари кетаётган бўлса-да, юз ва эллик кишилик дарсхоналарда машғулотлар тўхтамай давом этар, қурувчилар эса ишни бемалол давом эттиришар эди. Рўпарамиздаги дарс ҳалқасида анъанага мувофиқ мударрислар кийимини кийган, анча кексайиб қолган шайх Индонезия ва Малайзия талабаларига дарс ўтаётган экан. Машғулотлар жуда эркин борар, ерга тўшалган гилам устига чўккалаб олган йигит-қизлар устозлари билан бемалол савол-жавоб қилишар, шайх ҳам уларнинг саволларига эринмай жавоб қайтарар эди. Талабаларнинг билимга ташналигини шу воқеадан ҳам билиб олса бўлади: бир ҳалқада дарс ўтаётган шайх ё чарчади, ё машғулотга ажратган вақти тугади, ўрнидан туриб, масжид дарвозасига қараб юрди. Шунда ҳам талабалар уни ҳоли-жонига қўймай йўл-йўлакай савол беришар, устоз ҳам уларга жавоб беришдан зерикмасди.

Шаҳар қурилган пайтда фотимий ҳукмдорлар ўзлари учун муҳташам сарой қуриш билан бир пайтда Азҳар масжидига ҳам асос солишган ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Фотимаи Заҳронинг сифатига хослаб «Азҳар» (порлаб турувчи) деб номлашган эди. Энг қизиғи, масжид билан бир пайтда қурилган фотимийлар саройидан ном-нишон қолмади, аммо масжид ҳамон миллионлаб кишилар талпинадиган илм-маърифат маркази сифатида яшаб келяпти. Минг йиллар мобайнида масжид бир неча марта қайта таъмирланди, Мисрнинг барча мусулмон амирлари ўз дидига мослаб унга ўзгартиришлар киритишди. Масжидда аҳли суннага кирувчи тўрт мазҳаб бўйича дарс ўтиладиган мактаб-мадраса ва дарс халқалари ҳамон ишлаб келяпти.

«Азҳар»нинг барча шохобчаларида таълим олаётганлар сони ҳозир бир миллион кишига етади. Уларга олти мингдан зиёд уламо ва мударрис сабоқ беради. Биргина 2001 йилда унда қирқ минг хорижлик талаба ўқиган, умуман саксон беш минг киши олий маълумот (бакалавр) дипломини олган. «Ал-Азҳар»дан Муҳаммад Ғаззолий, Имом Жодул Ҳақ, Юсуф Қарзовий, Мутавалли Шаъроний каби дунёга машҳур олимлар етишиб чиққан.

Азҳар масжиди бутун тарихи давомида турли ҳукмдорлар томонидан бир неча марта таъмирланди ва қайта қурилди. Лекин шунга қарамай масжиднинг асл қиёфаси деярли ўзгармай келяпти. Ҳозирда масжиднинг умумий майдони энига 120, бўйига эса 130 метрни ташкил этади. Унинг ички ҳовлисини 380 та тош устун кўтариб турган катта айвонлар ўраб олган.

Тошкент Ислом маъҳади мударриси Валихон Азимбоев

Хитойнинг Цинхай вилояти масжидида сақланаётган энг қадимий Қуръони Карим қўлёзмаси зиёратига кунига 6000 киши ташриф буюради. Бу ҳақда Bolnews ахборот порталига таяниб, "Ислом.уз" нашри хабар беради.

Маълумотларга кўра, ушбу Қуръони карим қўлёзмаси XI-XIII асрлардан олдин пайдо бўлган. Қуръоннинг ушбу қўлёзмаси 867 саҳифадан ва 30 қисмдан (жузлардан) иборат бўлиб, оғирлиги 13 килограммни ташкил этади. Қуръон қўлёзмаси маданий мерос бўйича мутахассислар томонидан 2007 йилда қайта тикланган ва ҳанузгача намлик, ҳарорат ва кислород миқдорини назорат қилувчи шиша қутида сақланмоқда.

Ҳар куни 6 мингга яқин меҳмонлар, «Жесие» масжидидаги Қуръоннинг ушбу қўлёзмасини зиёрат қиладилар. Уларнинг аксарияти Цинхай вилоятидан ва қўшни Гансу шаҳрида яшовчиларни ташкил этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Мақолалар

Top