muslim.uz

muslim.uz

Насаф азал-азалдан дунё илм-фани ва маданияти равнақига салмоқли ҳисса қўшган шаҳарлардан бири ҳисобланади. Қадимий қўлёзма ва библиографик қомусий асарлар варақлаб кўрилса, бу барокатли кентдан кўплаб олиму уламолар етишиб чиқиб, Насафий нисбаси билан самарали ижод қилганининг гувоҳи бўламиз.

Тарихий манбалардан маълум бўлишича, мана шу кўп сонли улуғ насафийлар жумласидан IX асрнинг иккинчи ярми ва X асрнинг биринчи чорагида самарали фаолият кўрсатган йирик олим Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий (вафоти 930 йил) асос солган Насафийлар сулоласи намояндалари алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу сулоланинг бир нечта вакиллари диёримизда қатор илмларнинг, хусусан, исломий билимларнинг равнақига салмоқли ҳисса қўшган. Мисол тариқасида, уч авлод оша мазкур сулоладан етишиб чиққан улуғ олим Абул Муин Насафий (1027-1114) ўзининг маънавий устози, буюк мутакаллим имом Абу Мансур Мотуридий таълимотини янада ривожлантириб, унинг бутун Шарқ мамлакатларига тарқалишида беқиёс хизмат кўрсатган олим саналади.

 

 

Таъкидлаш лозимки, ақида масалалари ҳар қандай даврда ҳам, ҳар қандай жамиятда ҳам алоҳида аҳамият касб этган. Шу боисдан бу ҳаётий муҳим масала ҳар доим ҳам илм аҳлининг диққат эътиборида бўлиб келган.

Абул Муин Насафий ҳам шу йўналишда бир нечта асарлар яратган. Муаллифнинг, айниқса, “Тавсиратул адилла”, “Баҳрул калом”, “Ат тамҳид ли қавоиди тавҳид” каби асарлари дунё олимлари томонидан юқори баҳоланган. Афсуски, Абул Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарлари собиқ тузум даврида умуман ўрганилмаган.

Истиқлол шарофати билан кўплаб алломаларимиз қаторида Абул Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарларини илмий асосда ўрганиш ишлари йўлга қўйилди. Аллома руҳи мангу қўним топган манзил обод гўшага айлантирилди.

 

 

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши туманидаги калом илми бўйича таниқли олим “Абул Муин Насафий” тарихий мажмуасини қайта таъмирлаш, унинг негизида кутубхона, музей ташкил этиш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берган эди. Ушбу топшириқлар ижроси доирасида Абул Муин Насафийнинг бой илмий маънавий меросини чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида зиёратгоҳда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

– Бугунги кунда қўли гул уста ҳунармандлар меҳнати эвазига зиёратгоҳ яхлит мажмуа шаклига эга бўлди, – дейди Қашқадарё вилояти миллий мерос бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Халилов. – 2,1 гектар майдонни эгаллаган обида ҳудудида 500 ўринли масжид, кутубхона, музей, маъмурий бино, таҳоратхона, чойхоналар қуриб битказилди. Мажмуа ҳудудидан ўтувчи кичик анҳорни реконструкция қилиш ишлари тугатилди. Айни пайтда қурилиш-таъмирлаш ишлари якуний паллага кирган. Мажмуанинг ташқи йўлларини замонавий лойиҳалар асосида қайта қуриш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишлар олиб борилмоқда.

 

 

Шунингдек, 2017 йилда алломанинг “Ат тамҳид ли қавоиди тавҳид” асари Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси томонидан чоп этилди.

Айтиш жоизки, Абул Муин Насафий зиёратгоҳида Хитой ипак қоғозига битилган ноёб Қуръони карим қўлёзмаси мавжуд. Бу муқаддас китобнинг бўйи 60, эни 41 сантиметрни ташкил этади. Мазкур Қуръон учун уста Зариф деган киши томонидан баландлиги 1 метру 60 сантиметрлик лавҳ ясалган. Лавҳда ҳижрий йил ҳисоби билан 1266 (милодий 1851) санаси ёзиб қолдирилган. Лавҳга 12 қатордан иборат форсий шеър ўйиб битилган.

Зиёратгоҳ атрофида катта қабристон ҳам бор. Ҳудуд 50 гектардан кўпроқ майдонни эгаллайди. Қабристонда 100 дан ортиқ ҳар хил мармар тошларга битилган ёдгорликлар бор. Уларга қараганда, қадимий Ибсан қишлоғидан чиққан олимлар ҳам шу ерда дафн қилинган.

Айни пайтда буюк аллома хоки ётган манзил маҳаллий ва хорижлик зиёратчилар билан гавжум.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“Ҳайратон” чегара-божхона постида Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ўқиш истагини билдирган бир гуруҳ қўшни давлат ёшлари тантанали кутиб олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Шу муносабат билан таълим марказида бўлиб ўтган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили И.Иргашев, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари С.Бузрукхонов, Афғонистон Ислом Республикасининг Термиз шаҳридаги консули С.Сикандарий, Афғонистон Олий таълим вазирлиги хорижий ўқув грантлари бўлими бошлиғи А.Ҳошимий, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг собиқ талабаси, Термиз давлат университети магистранти М.Фулодийлар Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги яқин қўшничилик, ўзаро ҳамкорлик ва азалий дўстлик алоқалари йилдан йилга мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидладилар.

Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан илмга чанқоқ афғон ёшлари учун Термиз туманида дунёда муқобили йўқ таълим муассасаси ташкил этилгани ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги яқин дўстлик, қўшничилик, ўзаро ҳамкорлик алоқалари тамомила янги кўринишда юксалиб бораётганининг ёрқин ифодасидир.

Уч йилдан буён фаолият юритаётган барча замонавий шароитга эга таълим муассасасида ўтган йилларда 96 нафар афғонистонлик ёш ўзбек тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича олий малакали мутахассис бўлиб камолга етди. Бакалавр дипломига эга бўлиб, ўз Ватани келажаги йўлида фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда йигирмадан ортиқ ёш темир йўл соҳаси йўналиши бўйича касб сирларини мукаммал эгалламоқда.

– Ўзбекистонга ўзгача ҳавас билан қараймиз, – дейди Фарёб вилояти Антихуй шаҳридан келган талаба Мухиба Коргар. – Шу боис сизлардаги осуда, фаровон ҳаёт ҳақида етарли тасаввурга эгамиз. Болаликдан шифокор бўлиб, жафокаш халқимизни даволашни орзу қилганман. Шу мақсадда лицейда ҳам тиришиб ўқиб, изландим. Мана бугун ана шу истакларим рўёбга чиқаётганидан қувончим чексиз. Бизда шифокорлар етишмайди. Бу ердаги тинчликнинг қадрига етиб, ҳар бир кундан унумли фойдаланаман. Устозлар таълимини олиб, етук шифокор бўлишга интиламан. Албатта, бунда шундай муҳташам таълим муассасасида яратилган замонавий шароитлар ҳам муҳим ўрин тутади. Биз, афғон ёшларининг бошини силаб, кўрсатаётган ғамхўрликлар учун яқин қўшнимиз, ишончли биродаримиз ўзбек халқидан, Ўзбекистон Президентидан беҳад миннатдормиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Андижон шаҳридаги “Довудхон тўра” масжиди XIX асрнинг 90 йилларида маҳаллий эшонзодалардан Довудхон исмли кишининг маблағлари эвазига ҳашар йўли билан қурилган. Ўша даврда Бухоро нақш санъатининг безаклари билан қурилган 10*12 кенгликдаги хонқаҳоҳ ва устунлар шаҳардаги катта ва кўркам масжидлардан саналган. Кейинчалик собиқ иттифоқ даврида масжид баъзан фаолияти тўхтатилган, баъзан яна ишлаб турган.

 

Истиқлол йилларига келиб, ибодатгоҳ аввалги қадр-қимматини яна топди. Имомлар, ихлоси баланд кишиларнинг хизматлари билан масжид янада мунаввар бўлди. Бинолар кенгайди. 2013 йилда жами минг кишини сиғдира оладиган ертўла ва хонақоҳ бунёд бўлган бўлса, жорий 2019 йилда амалга оширилган таъмирлаш ишлари ишлари натижасида масжид жами 3 минг кишини қишда иссиқ, ёзда салқин бинога сиғдириш имкониятига эга бўлди. Охирги таъмир жараёнида ҳовли қисм бутунлай ёпилиб, ягона катта хонақоҳ (зал)га айлантирилди.

Муҳташам қиёфа касб этган масжид ичига киришингиз билан ундан чиққингиз келмайди. Юқори ойналардан таралаётган ёруғлик нурлари гўё сизни Ҳақ таолонинг раҳмат нурлари оғушида қолдириб, Унга бор вужудингиз билан боғлайди. Ибодат ҳаловатини туйиб, бундай шароитларни барпо этган кишилар ҳақларига дуода бўласиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

«Аллоҳнинг масжидларини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар» деб марҳамат қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин! 

«Ким бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда шунинг мислини қуриб беради», деб марҳамат қилганлар Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, буюк алломалар юрти бўлмиш қадим Мовароуннаҳр юртимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар қуриш яна одатий жараёнга айланиб бормоқда. Ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани ҳақида хушхабарлар келиб турибди. 

Бугун 27 ноябр куни пойтахтимиз Тошкентда ана шундай хайрли ишларнинг яна бир гўзал намунасига гувоҳ бўлдик. Ушбу кун Мирзо Улуғбек тумани, Улуғбек шаҳарчасида жойлашган "Дорул омон" жоме масжидининг илк ғиштини қўйиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигидаги бир гуруҳ дин пешволари, имом-хатиблар, мударрислар масжид қурилишига ташриф буюриб, иш жараёни билан танишдилар, масжид ҳайъати ҳамда барча усталар, масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча юртдошларимизнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Қуръон тиловат қилингач, бу масжиднинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, таровеҳлар, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар қилинадиган саждагоҳ бўлишини, моддий ва маънавий обод бўлишини, мўмин-мусулмонлар эмин-эркин ибодат қиладиган байтуллоҳ бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилинди. Шундан сўнг муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжиднинг илк ғиштини табаррукона қўйиб бериб, унинг қурилишига оқ фотиҳа бердилар. 

Аллоҳ таоло бу кунда қилинган барча хайрли дуоларни ижобат айласин, масжидимизнинг тез кунларда ишга тушиб, саждагоҳга айланишини насиб қилсин, бу эзгу ишга бош қўшган, камарбаста бўлган, моддий ва маънавий ёрдам қилган, уни қурган, қурилишга раҳбарлик қилган, озми-кўпчи ҳисса қўшган барча азизларимизга муносиб ажру мукофотлар ато қилсин!

 ЎМИ Матбуот хизмати

Ислом дини бизгача етиб келгунига қадар жуда кўп уламолар, аҳли илмлар хизмат қилишган. Маълумки, Қуръони Карим устоздан шогирдга оғизма оғиз ўтиши орқали етиб келган. Шунингдек, ҳадислар ҳам устоз-шогирд анъанасига мувофиқ бизгача етиб келган. Ҳадис илмида мусулмонларнинг имоми, муҳаддисларнинг султони деб аталган бобомиз Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам устозлари орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга туташадилар. Бобомизнинг илмда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб боришлари ушбу кўринишда ҳам бўлган:

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг шогирди.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг шогирди.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг шогирди.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг шогирди.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг мавлолари Нофеъ Маданий раҳимаҳуллоҳнинг шогирди.

Нофеъ Маданий раҳимаҳуллоҳ Имом Аъраж раҳимаҳуллоҳнинг шогирди.

Имом Аъраж раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг шогирди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, шогирдларидир.

Демак, бобомиз Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ олтита устоздан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан боғланяптилар.

Аллоҳ таоло Динимиз йўлида хизмат қилиб ўтган ва ҳозирда хизмат қилаётган барча уламолар, илм аҳлларини икки дунё саодатига эриштирсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мақолалар

Top