muslim.uz

muslim.uz

Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси – бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси – китоб ўқишдир.

Дарҳақиқат, китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман васвасаларни киши онгидан қувиб чиқаради. Китоб – ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир! Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ! Шунингдек, жаҳолатдан кўра зарарлироқ нарса ҳам йўқ!

Каттақўрғон туманидаги 54-мактабда “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусидаги маърифий тадбирда ана шулар тўғрисида сўз юритилди. Унда туманнинг “Хўжа Жарроҳ” жоме масжиди имом хатиби Сирожиддин Шамсиддинов қатнашиб, ўқувчиларга Мамлакатимизда давлатнинг дин ва диний ташкилотлар билан ўзаро муносабати, ислом динининг тинчликпарварлик моҳияти ҳамда ислом динида мутаассиблик ва жаҳолатнинг қораланиши, “жаҳолатга қарши маърифат” билан курашиш ғоясининг аҳамияти, экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқароларни ижтимоий ҳаётга мослашишларида кўмаклашиш каби бугунги куннинг бир қатор долзарб масалалари ҳақида фикр билдирди.

 ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов вилоятнинг туман ва шаҳарларида қайта қуриш ишлари олиб борилаётган масжидларни бориб кўрди.

Жорий йилда Тошкент вилоятида тегишли дастур асосида 29 та масжид янгидан қурилмоқда. Х.Турматов Пискент, Бўка, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ, Паркент  туманларидаги қурилиш жараёнлари билан танишар экан, меъморчилик услубларида ва миллий анъаналарга уйғун ҳолда замонавий масжидларнинг услубларидан ҳам фойдаланилганига алоҳида эътибор қаратди. Бундай кўриниш  зиёрат туризми доирасида мамлакатимизга ташриф буюрадиган меҳмонлар учун ҳам ҳилма-хилликни тақдим этишини билдирди.

 Шунингдек бош имом-хатиб Қуйи Чирчиқ туманидаги саккизбурчак шаклида қурилаётган “Олмазор” масжидининг ёруғлик тизимига юқори баҳо бериб: “Масжидларнинг ойналари қанчалик кўп ва кенг бўлса намозхоннинг баҳри дили очилади”, дея таъкидлади.

 

 

Масжидлардаги имкониятлар бўйича зарурий тавсилар берилар экан, таҳоратхоналарда кексалар ҳолатини алоҳида ҳисобга олиш ҳамда ногиронлиги бор фуқаролар учун ҳам махсус шароитлар қилиш юзасидан таклифлар берилди.

Аллоҳнинг байтини қуришдек савоби улуғ ишларда меҳнат қилаётган, елиб югураётган фидоий ходимлар, уста ҳунармандлар, ишбошилар, ҳомийлар ҳаққларига дуолар қилиниб, янги ибодат уйларини тез орада халқимизга туҳфа этишларига тилак билдирилди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

Аввал Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сурхондарё вилоятида хизмат сафари билан бўлиб туришгани ҳақида хабар берган эдик.
Сафарнинг аввали эзгу дуолар билан бошланган эди, давоми ҳам хушхабарларга бой бўлмоқда. Улар мутафаккир Ҳаким Термизий қабрини зиёрат қилиб бўлишгач, мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида мажмуанинг шундоққина ёнида қад ростлаган янги меҳмонхонанинг очилиш маросимида ҳам иштирок этдилар.
Дастлаб, улар янги меҳмонхонани кўздан кечириб, зиёратчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Меҳмонхонанинг келажакдаги фаолияти, хусусан, вилоятга ташриф буюрадиган меҳмонлар учун юқори даражада хизмат кўрсатиши, зиёрат туризми йўналишида муносиб ҳисса қўшадиган нурли манзил бўлишини тилаб, яхши ниятлар қилдилар.
Таъкидлаш жоизки, меҳмонхона юртимиз зиёрат туризмининг энг аҳамиятга молик манзилларидан бири саналмиш “Ҳаким Термизий” зиёратгоҳи билан ёнма-ён жойлашган. Бу эса сайёҳлар учун икки карра қулайлик яратади, олисдан ташриф буюрган сайёҳлар зиёратдан сўнг тўғри мазкур меҳмонхонага йўл оладилар.
Яна бир муҳим жиҳати меҳмонхонанинг Тошкент – Термиз халқаро магистрал йўлининг ёқасида эканидир. Бу эса Исо Термизий, Султон Саодат, Кампиртепа, Фаёзтепа каби муборак қадамжоларга тез фурсатда етиб олиш имконини беради.
Маълумки, мамлакатимизнинг қадим тарихи ва бугунги кунидан келиб чиқиб туризмнинг турли йўналишлари жадал ривожланмоқда. Президентимизнинг бу борадаги фармон ҳамда қарорлари юртимизда туризм соҳасини янада ислоҳ қилиш, бу борада қилинадиган ишлар салмоғини оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг имкониятлар мавжуд. Хусусан, 7300 дан ортиқ қадимий-меъморий ва археологик обидаларнинг 200 дан зиёди ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили Ўзбекистонга жаҳоннинг 70 га яқин мамлакатидан икки миллиондан зиёд сайёҳ, асосан, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз, Термиз каби шаҳарларимизга ташриф буюришади.
Меҳмонхонанинг очилиш маросми доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов вилоятдаги 30 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачаларини тарқатиш тадбирида ҳам иштирок этиб, аравачаларни ўз эгаларига топширдилар. Ушбу хайрли тадбирда иштирок этган кўнгли ярим юртдошларимизнинг хурсандчиликлари кўзларидан оқаётган қувонч ёшларида акс этди.
Тадбир иштирокчиларидан бири: “Инсон учун энг муҳими эътибор экан, мен ногирон бўлсамда, руҳан, маънан соғломман. Ҳар гал менга кўрсатилган меҳрибонликдан жисмоний камчилигимни унутаман, бугун ҳам ана шундай эътиборни ҳис қилаяпман, бизга ғамхўрлик кўрсатаётганлар ҳақига фақат эзгу дуодаман, яхшилар кўпайсин”, деб ўз дил кечинмаларини билдирди.
Дарҳақиқат, Ислом динида инсонларга меҳр-мурувват кўрсатишга, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга ва жисмоний имконияти чекланган шахсларга мадад беришга доимо тарғиб этилади.
Тадбирларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов ва вилоят бош имом-хатиби Алиакбар Сайфуддинов иштирок этди.
Сурхондарё вилояти сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага кўчаётганларида Қубо қишлоғида тўхтаб, у ерда бир неча кун турадилар. Шу кунлар мобайнида масжид қуришга киришадилар. Бу ишда муҳожирлар ва ансорлар иштирок этишади. Масжид битгач, илк бор шу ерда жамоат намози ўқилади. Ҳа, бу Ислом тарихида биринчи қурилган масжид – Қубо масжиди эди. Қуръони Каримда ушбу масжид “Тақво асосида қурилган масжид” дея васф этилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

لاَ تَقُمْ فِيهِ أَبَداً لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

“Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир” (Тавба сураси, 108-оят).

Бу масжид ҳижрий 1-йилда бино қилинди. 

Ушбу масжиднинг фазилати борасида бир неча ҳадислар ворид бўлган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубога ҳар шанба куни уловда ёки пиёда келар эдилар”. Ибн Дийнор айтади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ўзи шундай қиларди (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб, ҳар шанба келиб намоз ўқирди)”. Бу ривоятни Имом Муслим ривоят қилганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубо масжидига уловда ёки пиёда келар эдилар”. Ибн Нумайр “Бизга Убайдуллоҳ ибн Нофеъ “У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерда икки ракат намоз ўқир эдилар” ҳадисини айтиб берди” деган гапни зиёда қилган. Буни Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Қубо масжидида ўқилган нафл намоз умранинг савобига тенглаштирилган.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким уйида яхшилаб таҳорат олиб, сўнгра Қубо масжидига келса ва у ерда намоз ўқиса, унга умранинг савобидек савоб бўлади”. Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилишган.

Қубо масжиди Макка билан Мадина орасида, ҳижрат йўли устида, Масжидун Набавийдан уч ярим километр узоқликда жойлашган. Ушбу масжид Мадинада Масжидун Набавийдан кейинги катта масжидлардан ҳисобланади.

Масжиднинг 4 та минораси, 56 та гумбази бор бўлиб,  ўзида 20 мингдан ортиқ намозхонларни сиғдира олади. Келажакда масжидни 55 минг намозхонни сиғдира оладиган даражада кенгайтириш режалаштирилган.

Ҳаж ва Умра ибодатини адо этиш учун борган зиёратчилар ушбу муборак масжидни ҳам зиёрат қилиб, у ерда намоз ўқийдилар.

Аллоҳ таоло барчамизга Масжидул Ҳаром, Масжидун Набавий билан бир қаторда ушбу масжидда ҳам намоз ўқиб, ҳадисда айтилган фазилатларга эришишимизни насиб этсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Сурхондарёнинг юраги бўлмиш кўҳна Термиз ўзининг бой тарихи, дунёга машҳур олиму фузалолари билан тарих саҳифаларига, аллақачон, зарҳал ҳарфлар билан битилган дурдона шаҳарлар сирасига киради.
Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бу заминда қўним топган бир қатор алломаларнинг қадамжолари, мақбаралари обод қилиниб, зиёратгоҳга айлантирилди.
Бугун мазкур гўшалар ўзининг салобати ва сержилолиги билан нафақат юртимиз, балки хорижлик зиёратчиларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Бир сўз билан айтганда, кўҳна воҳанинг гултожи бўлган Сурхондарё дунёнинг кўзга кўринган олиму уламолари, жаҳонгашта сайёҳларининг ташриф манзилига айланиб улгурди.
Мазкур вилоятда давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан барпо этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, янгидан қурилган масжидлар ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилган хайрли ишларни кўздан кечириш мақсадида, бугун 10 октябрь куни, эрта тонгда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сурхондарё вилоятига жўнаб кетишди.
Улар манзилга етиб боришгач, ўз сафарларини улуғ бобокалонимиз Ҳаким Термизий қабрининг зиёрати ила бошлашди. Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, юрт ободлиги, халқимиз фаровонлиги, миришкор деҳқонларимизнинг ҳосилларига барака тилаб эзгу дуолар қилинди.
Маълумки, буюк мутафаккир зиёратгоҳи вилоятдаги энг обод, энг кўркам масканлардан бирига айланди. Бу даргоҳга зиёратга келувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг тавсиялари асосида ушбу қадамжода кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Мақбаранинг ички қисми тўлиқ реконструкция қилиниб, нақшинкор жило берилган, Қуръони карим оятлари битилган. Натижада, улуғ аждодимиз мангу қўним топган табаррук гўша нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам севимли масканига айланди.
Сурхондарё вилояти сафари давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top