muslim.uz
“Заркент бобо” зиёратгоҳидаги ширк амал тўхтатилди!
Аввал Тошкент вилоятидаги “Заркент бобо” зиёратгоҳида қабр тавоф қилинаётгани, устунлар ўпилаётгани, зиналарга бош қўйиб, сажда этилаётгани каби ширк ҳолатларга нисбатан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз муносабатини билдирган эди.
Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Тошкент вилояти Паркент тумани имом-хатиблари томонидан зиёратгоҳда кузатилган динимизга зид амалларни бартараф этиш чоралари кўрилди ва у ердаги ҳолат доимий назоратга олинди. Ушбу туман имом-хатиблари томонидан мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Ислом динида баён этилган зиёрат одоблари акс этган пешлавҳаларни идора тасарруфида бўлмаган қадамжоларга ҳам жойлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар Диний идора ташаббуси билан бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси яна бир бор шу каби ўз тасарруфида бўлмаган зиёратгоҳларнинг масъулларини мана шундай кўнгилсиз ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш, зиёрат одобларини тушунтириш борасида ҳамкорликка доим тайёр эканини маълум қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Андижоннинг энг катта масжидида қурилиш ишлари қандай давом этяпти?
Андижон шаҳридаги марказий масжидлардан бири ҳисобланган «Девонабой» жоме масжиди XIX асрнинг 70-80-йилларида Қорасувлик мулкдор Девонабой исмли шахс томонидан ўша даврдаги таниқли меъмор уста Исохон лойиҳаси асосида бунёд этилган.
Собиқ иттифоқ даврида масжид маълум муддат ёпилиб, сўнгра яна очилган.
Мустакиллик йилларининг бошида масжид қайта таъмирланиб, янгидан фаолият юритган.
2005-2011- йиллар мобайнида масжиднинг жанубий қанотига шарқона миллий меъморчилик анъаналари асосида қадимий кошинкорлик, ёғоч ўймакорлик санъатлари уйғунлигидаги муҳташам обида-минора бунёд этилади.
2018 йилда Андижон шахар ҳокимлигининг қарорига асосан масжидда қайта қуриш ва реконструкция ишлари бошланди. Яқин атрофдаги фуқаролар розилиги билан турар-жой биноларини кўчириш ҳисобига ер майдони 14500.00 кв.метрга кенгайди. Ҳозирда бу жойда ертўла билан қўшилганда уч қаватлик, 15 000 сиғимга мўлжалланган йирик жоме барпо этилмоқда.
Айни пайтда қурилиш ишларининг 70% қисми амалга оширилди. Ички ва ташқи безак ишлари маҳаллий ва Хоразм мактаби усталари ёрдамида миллий меъморчилик, нақш безаклари анъаналари асосида олиб борилмоқда. Cовутиш ва иситиш тизими ўрнатилиши режалаштирилган. Бино 2020-йилнинг 2-чорагида фойдаланишга топширилиши режелаштирилган.
Айтиш лозимки, масжид ўзининг кенг сиғими ва яратилаётган имкониятлари жиҳатидан юртимиздаги катта масжидлардан бири бўлади.
Жаҳонга машҳур ўзбек меъморчилик санъатининг силсиласи сифатида қад ростлаётган мазкур ибодатгоҳ кўпдан-кўп авлодлар учун муқаддас маскан бўлишини Аллоҳ таоло насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Наманган вилояти Наманган шаҳри "Шодибек" жоме масжиди имом ноиби Аҳмадали домла Убайдуллаевнинг падари бузруквори Ҳайдарали ота Убайдуллаевнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳумнинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Аҳмадали домла Убайдуллаевга ва марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тавба қилмоқ инсон бурчи
Инсон ҳаётида билиб-билмай турли хатоларга йўл қўяди, гуноҳ ишларга қўл уради, Аллоҳ таоло қайтарган бирор амални қилиб қўяди. Маълумки, гуноҳ ва хатоларнинг ювувчиси, кетказувчиси тавба ва истиғфордир.
Уламоларнинг таъкидлашича : “Ҳар бир гуноҳга тавба қилмоқ вожибдир. Агар гуноҳ бирор кишига тааллуқли бўлмасдан Аллоҳ билан банда орасида бўлса, унинг учта шарти бордир:
1. Гуноҳдан четлашшиш.
2. У гуноҳни қилганига пушаймон бўлиш.
3. Ҳечам энди уни қилмасликка қасд қилиш.
Агар бу шартлардан бири топилмаса кишининг тавбаси дуруст бўлмайди. Агар гуноҳ бирор инсонга таъаллуқли бўлса унда тавбанинг шартлари тўрттадир: юқоридаги учта шарт ва тўртинчиси эса – у инсоннинг ҳаққидан ўзини озод қилиш. Агар мол-дунё ёки шунга ўхшаш нарсалар бўлса уни эгасига қайтаради. Агар жазо қоим қилинадиган даражада туҳмат қилган бўлса жазосини тортади ёки ҳақ эгасидан кечиришини сўрайди. Агар ғийбат қилган бўлса уни ўзига (узр сўраб) ҳалол қилиб олаади. Киши барча гуноҳлардан тавба қилиши лозимдир. Агар баъзи гуноҳларидан тавба қилса ҳақ аҳли наздида у ўша гуноҳларидан тавба қилган ҳисобланади, тавба қилмаган гуноҳлари эса зиммасида қолаверади. Тавбанинг вожиб эканлигига Қуръони каримдан, суннатдан, мусулмон умматининг ижмосидан ҳам келган далиллар мавжуд”.
Аллоҳ таоло Нур сурасининг 31 оятида:
وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَ الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар”,
Ҳуд сурасининг 3 оятида:
وَأَنِ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ ثُمَّ تُوبُوا إِلَيْهِ
“Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар”.
Таҳрим сурасининг 8 оятида:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحًا
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар!”, деб марҳамат қилади.
Ашраф Али Таҳонавий: “Насуҳ тавба қалб амалларидан бўлиб, қалбни гуноҳлардан тозалашдан иборатдир. Унинг аломати банда маъсиятни ёмон кўриши ва қабиҳ санаши ҳамда ҳеч хотирига келтирмаслигидир”, деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг “Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳ таолога етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб тавба қиламан”, деганларини эшитдим”. Имом Бухорий ривояти.
Биз ушбу ҳадиси шарифдан пайғамбар алайҳиссаломнинг умматларини истиғфор айтишга ундаётганларини кўрамиз, у зот маъсум (гуноҳдан пок ) бўлишлари, халойиқнинг энг афзали, Аллоҳ таоло у зотнинг олдинги-ю кейинги гуноҳларини мағфират қилганига қарамай истиғфор айтиб тавба қилишлари биз учун таълимдир. Истиғфор ва тавбада бардавом бўлиш инсонни билмасдан қилиб қўйган гуноҳларини мағфират бўлишига сабаб бўлади.
Ағар ибн Ясар Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтинглар. Чунки мен бир кунда юз марта тавба қиламан”, дедилар. Имом Муслим ривояти.
Олимлар пайғамбаримизнинг ушбу ҳадислардан маълум бир ададни белгилаб эмас балки кўплаб айтишга ундаётганларини айтишади. Шундай экан бу ва юқоридаги ҳадисдан кишидан талаб қилинган амал тавба ва истиғфорларини кун давомида бу ададларда чегараламасдан айтмоқлигидир.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечқурун раҳмат қўлини ёзади. Кечқурун гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи тавба қўлини ёзади. Бу қуёш мағрибдан чиққунига қадар давом этади” –дедилар.
Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳмати чексиз бўлиб маълум бир вақтга чекланмайди. Банда кундузи ёки кечқурун гуноҳга қўл уриб қўйса унинг тавбаси учун тезда шошилиши лозим эканлигини бу ҳадисдан тушуниб оламиз. Тавба эшиги ҳам доимо очиқдир, тоинки қуёш машриқдан чиқиб турган экан. Аммо қиёматнинг катта аломатларидан ҳисобланган қуёшнинг мағрибдан чиқиши билан тавба эшиги ҳам ёпилади.
Тавба аслини олганда, олий мақомлардан биридир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг энг суюкли бандалари бўлмиш набийлар ва расуллар ҳам тавбани маҳкам тутганлар. Шайтон алайҳилаъна тавба қилмай, тавқи лаънатга учради. Одам алайҳиссалом тавба билан мукаррамликка эришдилар
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло банданинг тавбасини жони халқумига келгунича қабул қилади”, дедилар. Демак, биз бандалар гуноҳларимизга жонимиз халқумга келишидан аввал ҳаракат қилишимиз лозим.
Луқмони ҳаким ўғилларига айтганлар: «Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: биттаси – гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни тўла қоплайди, сўнг уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди: иккинчи хатар – касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди».
Жон ҳалқумга келмасидан илгари тавба қилиш зарур. Ундан кейин кеч бўлади. “Гуноҳларим кўп, Аллоҳ таоло уларни кечирармикин” деган шубҳа-гумонлардан узоқ бўлиш лозим, Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфирати ҳақ ва кенгдир. Аллоҳ таолонинг раҳматидан фақат шайтон ва кофир кимсаларгина умидсиз бўлади, биз бандалар Парвардигор раҳматини истаб, мунтазам астойдил, чин дилдан тавба қилайлик. Зотан, самимий юракдан қилинган тавба туфайли Аллоҳ таоло бандасининг гуноҳларини кечиради. Аллоҳ таоло барчаларимизга ҳақиқий тавба қилишимизни насиб этсин.
Сайлиев Тўймурод
Салафийлар кимлар?
Салафи солиҳийнлар ўзларининг қисқагина даврларида, кейинги авлодлар узоқ асрлар давомида эришган тараққиётдан ҳам кўра кўпроқ ютуқларга эришганлар.
Исломдаги энг афзал ва эргашишга энг муносиб бўлган асрлар ҳақида сўз кетганда “Салаф” калимасининг мазкур истилоҳий маъноси ишлатилади.
Ушбу калиманинг қатъий муқаррар бўлган истилоҳий маъноси, бу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари яшаб ўтган Исломнинг дастлабки уч асридир. Мазкур истилоҳий маьнонинг қўлланишининг боиси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу орқали икки шайх ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларидир: “Инсонларнинг энг афзали менинг асримдагилар, сўнг улардан кейин келадиганлар, сўнг улардан кейин келадиганлар. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади”. (Яъни, гувоҳлик бериш ва қасам ичиш масаласига шу қадар масъулиятсизлик билан ёндошадиларки, улар гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверадилар.)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетма-кет, тартиб билан зикр қилиб, уларга “энг афзал” дея гувоҳлик берган уч асрлик давр ҳақиқатан ҳам Ислом оламида олтин давр бўлди.
Ибн Абдул Барр раҳматуллоҳи алайҳи (326-423 ҳ.) айтишларича, юқоридаги баҳо ўша уч аср мусулмонлари мажмуаси ҳақида собитдир. Шубҳасиз, ушбу уч асрдаги мусулмонларнинг “энг афзал” бўлишларига сабаб, уларнинг биринчилари нубувват сарчашмасига, рисолат таьлимотига боғланмиш силсиланинг илк ва энг яқин ҳалқаларини намоён қилган зотлардир. Ислом ақидаси ва асосларини тўғридан тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан қабул қилиб олган шахслардан иборат бўлган бу насл, мазкур ҳалқаларнинг биринчи намоёндаларидир. Бу хайрли асрга мансуб бўлмиш зотларнинг ақллари ва қалбларига Исломнинг раббоний ҳукм ва одоблари бидьат доғлари, васваса ҳамда турли гумон хираликларидан мусаффо ҳолда мустаҳкам ўрнашган эди. Ушбу илк асрда яшаганлар саҳобаи киромлардир. Ундан кейинги асрда яшаганлар тобеинлар, улардан кейинги аср вакиллари эса табаъа тобеинлар ҳисобланишади.
Аммо, бугун ўзларига “салафийлар” деб ном қўйиб Ислом ниқоби остида аслида динимиз қайтарган ишларни амалга ошираётган, шариат қайтарган ва инсон ақлига сиғмайдиган бузғунчиликларни қилувчи бир тоифа пайдо бўлдики асло уларни салафий деб бўлмайди. Уларнинг иддаолари гўё мусулмонларни олтин аср – салафи солиҳлар давридаги ҳолатга қайтариш. Юқоридаги ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг энг афзали менинг асримдагилар, сўнг улардан кейин келадиганлар, сўнг улардан кейин келадиганлар”, дея қатъий таъкидлаганлар. Бу уч авлоддан сўнг асрлар оша мазкур ҳадисга зид равишда салафийликни даъво қилиш мутлақо Ислом умматига номуносибдир. Зеро, ҳадиснинг давомига эътибор қаратсак Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади”, дея марҳамат қилганлар. Яъни, ўша уч авлоддан кейингилар зинҳор зикр қилинган олтин асрдагидек бўла олишмайди. Демак, буларнинг ғоялари пуч, даволари ёлғон ва фитнага асосланган.
Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар
“Ҳувайдо” жоме
масжиди имом-хатиби