muslim.uz

muslim.uz

Понеділок, 20 августь 2018 00:00

Қурбон ҳайити одоблари

Динимиз Қурбон ҳайити кунида биз мусулмонларга баъзи вожиб ва суннат амалларни килишга буюради. Жумладан, арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозигача, яъни 23 вақт намоз мобайнида ҳар бир фарз намозидан кейин такбири ташриқ айтмоқлигимиз вожиб амаллардан ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Умар ибн Хаттоб розияллоху анхумолардан ворид бўлган такбири ташриқ ибораси қуйидагича: "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллахил хамд".

Ушбу такбирни ҳоҳ жамоат билан, ҳоҳ ёлғиз ўкилган ҳар бир фарз намоздан кейин айтамиз. Бундан ташқари, юрган ва ўтирганда ҳам айтиш мустаҳаб амалдир.

Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини зикру тасбеҳ ва дуои истиғфор билан бедор ўтказиш мустаҳаб амаллардандир. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг кечасини бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмайди”, деганлар.

Ҳайит  кунининг тонгидан ғусл килиб, хушбуй атирлар сепиб ва энг гўзал, янги ёки тоза кийимларимизни кийиб, ҳайит намози ўкилгунча ҳеч нарса емай намозгоҳга бормоғимиз суннат амалдир.

Набий алайҳиссалом: “Рамазон ҳайити куни бирор нарса емай намозгоҳга бормас ва Қурбон ҳайити куни токи ҳайит намозидан қайтгунларича бирор нарса емас эдилар”.

Қурбон ва Рамазон ҳайитлари Аллохнинг бандаларига фарз қилган улуғ ибодатлари: Рамазон рўзаси ва хаж ибодати адо этиб бўлинган куннинг эртасига нишонланади. Аллоҳ таоло бандаларини мана шундай улуғ ибодатларни адо қилишга муяссар қилгани учун ҳам унинг шукронасига икки ракат ҳайит намозини ўкишни вожиб килди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) суйиб қурбонлик килинг” (Кавсар сураси, 2-оят).

Намозни ўқиб бўлганимиздан сўнг, қодир бўлганларимиз қурбонликларимизни сўямиз ёки қассоб ёллаб сўйдирамиз. Ушбу ўринда шуни айтиш лозимки, аввалроқдан қурбонликка атаб олиб қўйилган қўйнинг жунини олиш жоиз эмас, шунингдек, ёлланган қассобга хизмати учун териси ёки гўштидан хам бериш дуруст эмас. Сўйилган қурбонликни терисини сотиб, пулини шахсий манфаатлар учун ишлатиш хам жоиз эмас, балки муҳтожларга садақа қилиш лозим.

Қурбон ҳайити кунларида барча мусулмонлар бир-бирларини муборакбод этиб, табаррук отахон, мунис онахонларга имон, ёшларга тавфиқу ҳидоят тилашлари лозим. Қариндош -уруғларни бориб кўриш, ёру биродарларни зиёрат қилиш, бева--бечоралар ҳолидан хабар олиш каби ишлар ушбу кунда савоби улуғ амаллардан хисобланади. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-қудратли таниш-билишлар ҳам худди шу муборак улуғ кунларда бир-бирларига қучок очсалар, ўзаро узр сўрашсалар максадга мувофик бўлади. Чунки кечиримли ва меҳр-шафкатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун хам қарз, хам фарздир.

Кириб келаётган Қурбон ҳайити байрами билан барча юрдошларимизни муборакбод этамиз. Ватанимиз равнаки бунданда зиёда, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин.

 

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ                                   

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Макка шаҳрида бўлиб турган зиёратчилар учун Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси Серикбой ҳожи Ўраз номидан байрамона дастурхон ёзилди. Бу ҳақда muftyat.kz сайти хабар берди.

Ушбу тадбирда зиёрат ташкилий гуруҳи аъзолари, Жиддадаги Қозоғистоннинг бош консули, имомлар иштирок этган.

Аввалроқ, уч минг нафар қозоғистонлик зиёратчилар 2018 йилги Ҳаж мавсумида зиёратларни адо этиши ҳақида маълумот берган эдик.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понеділок, 20 августь 2018 00:00

Арафотдаги кутиб олишга ҳозирлик

Ҳожиларимиз Мино водийсида кеча кун мобайнида зикр, тасбеҳ ва дуолар билан машғул бўлдилар. Бугун эрта тонгдан ҳажнинг асосий арконларидан бири ҳисобланган Арафот манзили томон йўл олмоқдалар. Юртдошларимиз учун махсус автобуслар шай қилиб қўйилган. Улар учун айни дамда Арафот майдонида ҳам барча шароитлар ҳозирлаб қўйилган: таҳорат учун иссиқ-совуқ сувлар, тиббиёт бўлими, иссиқ овқат ва чой тарқатиш бурчаги, кун давомида, дуо, зикр, гўзал мавъизалардан баҳраманд бўлишлари учун овоз кучайтиргичлар ва бошқа қулайликлар шулар жумласидандир.
Маълумки, Арафот дуолар қабул ва ниятлар ижобат бўладиган маскандир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ҳадиси шарифларидан бирида: «Ҳаж арафадир», дея марҳамат қилганлар. Дилларида эзгу мақсадларни ният қилган юртдошларимиз ушбу мўътабар масканда кун ботгунга қадар ибодат ва дуода бўладилар.

ЎМИ матбуот хизмати

Мино водийсидан фотолавҳа:

ЎМИ матбуот хизмати

Неділя, 19 августь 2018 00:00

Ҳожиларимиз Мино водийсида

Мино Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи бўлиб, у Масжид ал-Ҳарам шимолидан 7 км узоқликда жойлашган. Иброҳим алайҳиссалом шу ерда шайтонга тош отганлар ва қурбонлик қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам видолашув ҳажини адо этганларида тош отиб, қурбонлик сўйганлар. Ва: “Мана шу ерда қурбонлик қилдим. Минонинг барча ерида қурбонлик сўйилур”, деганлар. 

Ҳожилар Зулҳижжа ойининг саккизинчи куни бомдод намозини адо этиб бўлгач, Минога йўл оладилар ва Арафа кунининг бомдод вақтигача шу ерда истиқомат қиладилар. Сўнгра Арафотга кетиб, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни яна Минога қайтадилар ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттирадилар.

Юртимиздан жўнаб кетган ҳожилар ҳам Набий алайҳиссаломнинг суннати санийяларига амал қилиш ниятида шундай улуғ, муборак масканга йўл олдилар. Бу ерда ибодатнинг мағизи бўлган дуо билан машғул бўлиб, юртимиз, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги сўраб дуолар қиладилар.

Аллоҳ таоло ҳожиларимизнинг дуолар мақбул бўладиган лаҳза ва маконларда қилаётган дуои-хайрларини қабул этсин. Сўрайдиганларидан афзалини берсин.

 

 

 

 

ЎМИ матбуот хизмати 

Мақолалар

Top