МАҚОЛА

Экстремистик оқимлардан сақланайлик        

Бугун биз масофалар қисқараётган, муносабатлар яқинлашаётган, маданиятлар муштараклашаётган, замон тили билан айтганда ҳамма нарса «Глобаллашаётган» бир даврда яшаб турибмиз. Шундай бир жамиятда фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини билиб, тинч ва осойишта яшаб бораётган бир вақтда, бундай имкониятларимизни ва аҳиллигимизни кўра олмайдиган, буни бузиш учун ҳар қандай ёвузликка, тубанликка қўл урадиган манфур кимсалар ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай ёвуз мақсадларни – юрт тинчлигини, фуқаролар аҳиллигини бузишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган тоифалар, булар экстремистик ва террористик оқимлардир. Бу гуруҳдаги оқимлар ўз манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан қайтишмайди. “Диний экстремизм” нима ўзи? Бу «Жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва аҳкомларни рад этиш ва уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишдир». “Терроризм” дегани  эса «Муаййан гуруҳ манфаатлари йўлида зўравонлик (суиқасд, портлатиш, гаровга олиш, беқарорлик келтириб чиқариш, аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотиш”ни   англатади.

Демак ўз-ўзидан кўриниб турибдики бундай оқимларнинг мақсади шу жамиятдаги диний қадриятларни ва аҳкомларни рад этиб, уларга қарши ғояларни фарзандларимизга алдов йўллари билан сингдириб, уларни зўрлаб бўлса ҳам ўз юртига хоинлик қилишга, ота-онасига оқ бўлишга, тинч аҳолини тинчлигини бузишга, жамиятимизда беқарорлик келтириб чиқаришга, жамиятда етимлар сонини кўпайишига, аёлларнинг бева қолишига ва буларнинг оқибатида келажагимиз бўлган ёшларимизни тарбиясига салбий таъсир ўтказиб, халқимизни тинчлигига раҳна солишдир.

Ҳозирги кунда ҳар бир ота ўз фарзандларини келажакда соғлом фикрли, бунёдкор ғоялар соҳиби қилиб, киндик қони тўкилган ўз ватанига садоқатли фарзанд этиб тарбия қилиши учун, аввало тарбия берувчи уйдаги ота-она, боғчадаги тарбиячи, мактаб ва олийгоҳларда устоз ва мураббийлар ўзлари ҳақиқий Ислом ақидаларини яхши тушуниши, ақида, дин, шариат ўзи аслида нима эканини яхши билишлари шарт. Шундагина бизнинг ва шу жаннатмакон диёримизнинг келажаги бўлган ёшларимизни ҳар қандай оқимлардан экстремистик гуруҳлардан ҳимоя қила оламиз.

Биз алҳамдулиллаҳ мусулмонмиз. Бизнинг ота-боболаримиз ватан учун, эл-юрт учун керак бўлса жонларини ва умрларини аяшмаган. Тинчликни бузиш, инсонни ноҳақ қонини тўкиш мусулмонлик белгиси эмас, аксинча бу катта гуноҳ. Ўз мақсадлари йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган кимсалар ўзларига Исломни ниқоб қилиб олиб, одамларга зулм қилаётганликларини наҳот англаб етишмаган бўлишса. Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларидан бирида шундай деганлар: «Мусулмон киши – ўзгалар унинг қўлидан ва тилидан озор топмаган кишидир». Шундай экан бирон бир инсон иккинчи бир инсонга озор бериб кўнглини ранжитиши асло мумкин эмас. Биз юқоридаги ҳолатлар бошимизга тушмаслиги учун ўзимиз кўрган-эшитган нотўғри сўз ва ҳаракатларга бепарво бўлмаслигимиз керак.

Шунинг учун  айни пайтда тинч осуда ҳаётимизни издан чиқаришга уринаётган ёвуз ниятли кучларнинг ниятларини пучга чикариш учун ҳаракат қилмоғимиз зарурдир.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, ҳаётимизни фаровон қилсин, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлишимизни ҳаммамизга насиб  этсин.

 

Ҳазорасп тумани “Шохпир” масжиди имом-ноиби

Ў.Жуманазаров

Read 3151 times

Мақолалар

Top