МАҚОЛА

“Оммавий маданият”нинг салбий оқибатлари

Маданият деганда халқимиз азал азалдан эъзозлаб, авайлаб келаётган миллий ва диний қадриятларимиз бевосита хаёлимизга келади. Эркакларимизнинг мардлиги, оиласига содиқлиги, оиласи, ватани, дину диёнати учун жон жахди билан курашишлиги, муштипар аёлларимизнинг ўз одоб-ахлоқлари, ҳаёлари оиласи ва фарзандлари учун жон куйдирганликлари натижасида дунёни лол қолдирган буюк бобокалонларимиз дунёга келганларини тарихдан яхши биламиз.

    Демак, маданиятли, одобу ахлоқли, дину диёнатли оилада дунёга келган фарзанд, албатта у ҳам ҳудди ота-онаси каби одобли бўлиб тарбия топади.

Энди биз айтаётган ёки жон куйдириб, салбий оқибатларга етакловчи, халқимиз маънавиятига мутлақо тўғри келмайдиган “оммавий маданият” ҳақида тўхталиб ўтмқчимиз.

 “Оммавий маданият” ўз маъносида эмас, балки кўчма маънода ишлатилмоқда. Чунки у қўштирноққа олинган. Бу тушунча ҳақида кўплаб олимларимиз таъриф  беришади.

 «Оммавий маданият» туб моҳиятига кўра миллий маданиятларнинг кушандасидир.

«Оммавий  маданият» тарғиботи энг аввало исломий қадрият, ахлоқимизни ғарб турмуш тарзи, шахс эркинлиги, демократия ниқоби доирасида талқин қилинадиган ахлоқ (тўғрироғи ахлоқсизлик) билан алмаштиришдир.

  “Оммавий маданият” асосан замонамиз вакилларининг янги-янги “мода”лари асосида бойиб боради. Гўёки ким ўша “мода”га амал қилса, у маданиятли деб топилади. Ҳамма оммавий равишда ана шу мода асосида яшаши керак бўлади. Акс ҳолда у замондан орқада қолган – маданиятсиз деб ҳисобланади. Чунки у бугуннинг модасини билмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, “оммавий маданият” бу – оммавий “мода” ният, яъни янгича модани ният қилиш, кимгадир тақлид қилиш, унга эришиш ва уни оммавийлаштириш демакдир.

Демак “оммавий маданият” айнан маданият эмас, балки маданият кушандаси, инсонни инсон қиёфасидан чиқарадиган бир кушандадир.

        Муқаддас динимиз чиройли хулқ ва гўзал одобга чақиради, зеро сукли пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг гўзал хулқлиси бўлганлар ва умматларини шундай бўлишга чақирганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қайси мўминнинг имони комил ҳисобланади”, деб сўрашганида: “Гўзал хулқли мўминнинг”, деб жавоб берганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди: Бадбахтлик нима, ё Расулуллоҳ?— Ёмон хулқ! Дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).

 

Динимиз, миллатимизга мутлақо ёт бўлган бу каби маънавий, ахлоқий-бузуқлик, тубанлик, зўровонлик иллатларини ўз ичига олган “оммавий маданият” ёпирилиб кириб келишлиги мумкинлигидан огоҳ бўлиш ҳар биримизни бурчимиздир. Лекин эътироф этиш керакки, “оммавий маданият” турмушимизга чет элдан келтирилаётган товарларнинг пардоз, ёрлиқ қоғозларидаги расмларида сўнгги модадаги либослар, фильм, интернет тармоқлари орқали билимсиз ҳолда кириб келмоқда ва мазкур «маданият»нинг хуружини ҳали ҳамма бирдек англаб етаётгани йўқ. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам шуни тан олиш керакки, баъзи ёшларимиз орасидаги ғарбга маҳлиё бўлиш, ўз миллийлигидан бегоналашиш ҳислатлари шубҳасиз, “оммавий маданият”нинг таъсири натижасидир.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, хозирги кунда ғарб мамлакатларидан кириб келаётган жуда хам нафратланадиган одатлар, танасига ҳар хил расмларни чиздириш, аянчлиси, хозирда бу холат қизлар орасида ҳам жуда кенг авж олмоқда. Энг ачинарлиси, иккита бир хил жинсли инсонларнинг турмуш қуриши, ўз жинсини ўзгартириш каби холатлар шулар жумласидандир. Ваҳоланки Аллоҳ таъоло ўзининг каломида шундай дейди:

 “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”( ”Рум” сураси, 21-оят).

Демак Аллох барча махлуқотларини ўз жинсидан бўлган жуфти билан яратган экан. Тарихдан жуда яхши биламизки, айнан ана ўша бир хил жинслик инсонларни бир бирлари билан алоқада бўлишлиги яна хам аниқроқ айтадиган бўлсак, бесоқолбозлик, лўттибозлик қилганликлари учун Лут алайҳиссаломнинг қавмига Аллоҳ томонидан қаттиқ бало юборилган.

Ундан ташқари, хозирги баъзи ёшларимизни кияётган кийимини кўриб уялиб кетасан киши. Эмишки, бу хозирги мода. Энди модани хам чегараси маданияти менталитети бўлади, ахир. Айтингларчи, тор шим кийиб тизза ва сонларини йиртиб олиб мода деса ёки киндигини кўрсатиб калта кўйлклар, калта юбкалар кийиб олсалар, қулоқларига қаторлатиб сирға ва бурун- қошларига халқалар тақиб олишса, буни хам маданиятда деб, бепарво қараб ўтирамизми?

        Демак хар бир ота-она, хар бир мен мусулмонман деган инсон, ўз фарзандларини одоб ахлоқига, тарбиясига эътибор бериб, ана шундай ёмон иллатли оқимлар, гурухлар ва секталарга қўшилиб қолишини олдини олиш лозим.

 

Муроджон МИРСОАТОВ,

Сирдарё тумани "Аҳмад Яссавий" жоме масжиди имом-хатиби

Read 4616 times

Мақолалар

Top