МАҚОЛА

Огоҳ одам – оқил одам

Муносабат 

Одамнинг қорни бир коса овқатга тўйиши мумкин. Жуда кўп эшитганмиз “қорним роса тўйиб кетди”, деган сўзларни. Айниқса, бугунги маъмурчилик даврида, тўқчилик замонида бу оддий ҳолатга айланиб улгурди. Раббимизга беҳисоб шукрлар бўлсин. Лекин “меҳрга тўйдим” деган сўзни ҳеч қачон эшитмаганмиз. Меҳрга ким ҳам тўяди?!

Бу сўзларни бежиз келтирмаяпман. Бугун шахсан мен меҳрга ташна, тинчликка зор, хотиржамликка интиқ юртдошларимизнинг юзу кўзларига боқиб, меҳр, тинчлик-хотиржамлик қанчалик улуғ неъматлар эканини яна бир карра ҳис этдим. Шу билан бирга, тинч юртда, фаровон ҳаётда танти халқ билан бирга яшаётганим учун Яратганга шукроналар келтирдим.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва бевосита топшириқлари билан куни кеча “Меҳр 5” операцияси доирасида Суриянинг жанговар ҳаракатлар давом этаётган қисмидан жами 93 нафар юртдошимиз – 24 нафар аёл ва 69 нафар бола – Ватанимизга қайтарилди.

Аввалроқ, “Меҳр 1”, “Меҳр 2”, “Меҳр 3” ва “Меҳр 4” гуманитар операциялари доирасида 320 дан ортиқ ватандошларимиз Ўзбекистонга қайтарилган эди.

Юртимизда давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитларга қаноат қилмай, ҳукуматимизнинг, диний идораларнинг, имом-хатибларимизнинг огоҳланитиришларига қулоқ солмай, чет элларга бориб, қўли қонга ботган разил кимсаларнинг, инсонийлик қиёфасини йўқотган одам шаклидаги иблисларнинг тазйиқларига гирифтор бўлган юртдошларимиз хатоларини кеч англаб етишяпти, кўзлари кеч очиляпти.

Улар муқаддас динимизнинг асл моҳиятини англаб етмагани, амалдаги қонунларимизга риоя этмагани, халқимизнинг минг йиллик қадриятларини топтагани учун ана шундай кўргуликларга дучор бўлмоқда.

Шунча огоҳлантиришлар, танбеҳларга қарамай, ҳали-ҳануз экстремистик ташкилотларнинг тузоғига тушиб қолаётган юртдошларимиз, наҳотки,  пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мўмин киши бир тешикдан икки марта чақилмайди” (Имом Бухорий ривояти), деган муборак ҳадисларини ёки халқимизнинг “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади” деган мақолини эшитмаган бўлса?!

Ахир, бугун ойнаи жаҳон орқали, ижтимоий тармоқлар, интернет сайтларида ёт ғояларнинг таъсирига тушиб қолиб, қилмишини кеч англаб етган юртдошларимизнинг тақдири намойиш этилган кўрсатувлар, мақолалар, хабарларни кўрмаган, ўқимаган киши бўлмаса керак.

Ҳар биримиз, аввало, ўзимиздан, фарзандларимиздан огоҳ бўлишимиз шарт. Лоқайдлик ва эътиборсизлик кўп балоларнинг бошидир. Халқимиз бежизга “Сўнгги пушаймон – ўзингга душман”, демайди. Пушаймон бўлмаслик учун, аввало, сергак ва огоҳ бўлиш талаб этилади.

Бугун ҳар қадамда фитналар уруғини сочишни касб қилиб олган ғаламисларнинг “сохта ҳижрат” тушунчаларидан жуда эҳтиёт бўлишимиз шарт.  Бу хоинлар, манфур, бузғунчи кимсалар дин номидан гапириб, соф эътиқодимиз ва қадриятимизни қоралашга зўр бермоқда. Уларнинг асл мақсади мусулмонларнинг орасини ислоҳ қилиш эмас, балки нифоқ чиқаришдир.

Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Бас, улар учун (охиратда) хор қилувчи азоб бордир»(Мужодала сураси, 16-оят), деб марҳамат қилади.

Қолаверса, турли томондан ёғилиб келаётган мафкуравий, диний, таҳдидлардан огоҳ бўлишимиз шарт. Улуғ бобомиз Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги доно сўзлари ҳамон долзарбдир:

Эрурсен шоҳ ‒ агар огоҳсен сен,

Агар огоҳсен сен ‒ шоҳсен сен.

Суриядан келтирилган юртдошларимиз орасида 7 нафар чин етимнинг ҳам борлиги юрак-бағримизни эзиб юборди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ва етимни кафиллигига олган киши жаннатда мана шундай бўлади”, дедилар ва кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларига ишора қилиб, бу бармоқлари орасини бир-бирига яқин тутдилар” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Бошқа бир ҳадисда: “Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлинган уйдир” (Имом Ибн Можа ривояти), дейилган.

Одамларга яхшилик қиламан, меҳр кўрсатаман деб жонини ҳалокатга қўйиб бўлса ҳам уруш ўчоқларидан ўз юртдошларини суғуриб олиб келган кишиларни, бу ишнинг бошида турган раҳбарлар, айниқса, муҳтарам Юртбошимиз БУГУННИНГ ҚАҲРАМОНЛАРИдир.

Аллоҳ таоло бу хайрли ишларга бош қўшаётган барча-барчани Ўз паноҳида асрасин. Қилган савобли ишларининг ажрларини кўпайтириб берсин. Ҳар доим соғ-саломат қилсин. “Меҳр” операциялари, ўйлайманки, юртдошларимизни янада ҳушёрроқ бўлишга, турли оқимлар таъсирига тушиб қолмасликка чорлайди.

.

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

Read 2269 times

Мақолалар

Top