МАҚОЛА

МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ САЛАФЛАРГА ЭРГАШИШДИР

Мазҳабга унамайдиган тоифалардан бири бу Маърифатчилар деган тоифа экан. Буни мен ўтган бир йиллик фаолиятим давомида кузатдим. Асл маърифатдан жуда узоқлар. Халк ичида улар ўзбекча намоз ўқийдиганлар деб ҳам номланади. Юқоридаги мавзудан ташқари яна 15 дан ортиқ масалаларда Аҳли Суннага хилоф қилар эканлар. Шулар ҳақида бир кичик рисола таёрлаган эдим.

Шундан бири мазҳабсизлик ҳақида эди.

Қуйида шу китобдан бир мавзуни сизларга тақдим этаман.

Маърифатчилар” тўрт фиқҳий мазҳабдан бирига эргашиш мумкин эмас. Мазҳаб йўқ нарса, унга эргашмаслик керак, деб даъво қиладилар. Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини у зотнинг ўзлари баён қилар эдилар.

У зот вафотларидан сўнг одамлар билмаган нарсаларини саҳобаларнинг олим ва фақиҳларидан сўрар эдилар. Ҳатто баъзи фақиҳ саҳобалар у зот тирикликларида ҳам шаръий фатво берар эдилар. Гоҳида учраб турадиган қийин масалаларни ечиш учун энг билимдон саҳобалар йиғилиб, маслаҳат қилар ва фатво берар эдилар.

Кейинчалик саҳобалар дин хизмати йўлида бошқа юртларга кўчиб бордилар. Одамлар ўзлари суҳбатига етишган олим саҳобаларнинг фатволарига амал қилишарди. Расулуллоҳга имон келтирган саҳобаларнинг ададлари саодат асрида 120 мингдан зиёд эди. Табиийки, 120 минг саҳобанинг ҳаммалари олим ёки фақиҳ эмас эди. Уларнинг орасида, юқорида айтганимиздек, фатво беришга лойиқ бўлганлари, тўрт халифа, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Зубайр ибн Аввом, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳум ва Ойша розийаллоҳу анҳо эди.

Юз мингдан ортиқ саҳобалар мана шу 14 саҳобанинг мазҳабида эдилар. Демак, “Маърифатчилар” даъво қилаётганларидек, динда мазҳабга эргашиш йўқ, саҳобалар даврида мазҳаблар бўлмаган каби пуч даъволарида мутлақо илмий асос мавжуд эмас. Бу саодат асрини тўғри англай олмасликдир.

Ўша даврнинг марказий шаҳарлари Мадинада Абдуллоҳ ибн Умар, Куфа шаҳрида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббос, Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳумнинг фатволарига одамлар  амал қилар эдилар.

Шундан сўнг бу зотларнинг шогирдлари уларнинг ишларини давом эттиришди. Фатволарнинг асосий кесимида улар ўз имомларига эргашдилар ва уларнинг мазҳабларини қўллаб-қувватладилар. Замонлар ўтиши билан йигирмага яқин мазҳаб ичидан фақат машҳур тўрттаси қолди. Қолганлари ривож топмай, уларнинг фатволари баъзи фиқҳий китобларда қолди, холос.

Бугун ёшларимиз шуни яхшилаб англамоқлари керакки, мазҳабга эргашиш дегани Қуръон ва суннатни қўйиб, шахсга эргашиш дегани эмас. Балки бу айнан Қуръон ва суннатга эргашиш саналади!  Мисол тариқасида сизнинг бел қисмингизда қаттиқ оғриқ турди. Шу даражада оғрияптики, жасадингиз букилиб қолди. Шу маҳал сиз дорихонага борасизми ёки мутахассисга учрайсизми? Ёки ўзингиз белингизни нимага оғриётганлигини билмаган ҳолингизда дорихонага бориб, менга анави дорини беринг, деб истеъмол қилаверасизми?

Ҳолбуки, сиз қайси дори қандай касалга шифо эканини билмайсиз-ку! Бундай пайтда мутахассис шифокорга бориб, унинг кўригидан ўтилади. Шифокор сизнинг шикоятингизни эшитиб, сўнг қўлингизга сизга зарур дорининг номини ёзиб беради. Шундан сўнг дорихонага бориб, тавсия этилган дорини оласиз. Аммо на сиз, на дори сотувчи у дорининг таркибини ва нимадан тайёрланганини билмайди.

Мазҳаб уламолари биз учун гўё табибдир. Бизга қайси оят ёки қандай ҳадис шифо бўлишини улар билади. Бу бир ақлий далил эди.

Энди оми одам бир фақиҳ уламога эргашиб, муайян бир мазҳабда турмоқлиги тўғрисидаги оятлар билан танишамиз. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

«Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан  сўрангиз!» .

Барча уммат уламоларининг ижмосига кўра, Аллоҳ таоло шу оятда бир нарсанинг ҳукмини ва унинг далилини билмайдиган одамни яхши биладиган одамдан сўрашга буюрмоқда. Демак, оддий одам билмаган нарсасини билувчи кишидан сўраши, у шахсга нисбатан тақлид қилишини англатади. Сўраш эргашишни тақозо қилади, эргашиш эса – тақлидни.

Инсон билмаса, биладиган одамдан сўрайди. Демак, ҳар бир сўралувчи  эргашилувчидир.

Аллоҳ таоло Каломида бундай марҳамат қилади:

وَإِذَا جَاءَهُمْ أَمْرٌ مِنَ الْأَمْنِ أَوِ الْخَوْفِ أَذَاعُوا بِهِ وَلَوْ رَدُّوهُ إِلَى الرَّسُولِ وَإِلَى أُولِي الْأَمْرِ مِنْهُمْ لَعَلِمَهُ الَّذِينَ يَسْتَنْبِطُونَهُ مِنْهُمْ وَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ لَاتَّبَعْتُمُ الشَّيْطَانَ إِلَّا قَلِيلًا

«Уларга (жанг майдонидан) омонлик ёки хавфли иш (хабари) келса, уни ёйиб юборадилар. Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган амирларга етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан (сўраб) билаверар эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаса эди, озчиликни ҳисобга олмаганда, (кўпларингиз) шайтонга эргашиб кетган бўлар эдингиз» .

Имом Табароний ва Имом Қуртубий, яна бир қанча муфассирлар мазкур оятдаги “Иш эгалари” жумласини фақиҳлар ва аҳли илмлар, деб тафсир қилганлар. Юқоридаги ҳар икки ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига ўзлари билмаган масалаларнинг жавобларини зикр аҳли ҳисобланган уламолардан сўрашга буюрмоқда.

Мусулмонлар ушбу илоҳий фармонга бўйсуниб, Пайғамбаримиз замонларидан бери муайян бир мазҳабга тақлид қилиб келмоқдалар.

Аллоҳ таоло каломида бундай деб марҳамат қилади:

وَمَا كَانَ الْمُؤْمِنُونَ لِيَنْفِرُوا كَافَّةً فَلَوْلَا نَفَرَ مِنْ كُلِّ فِرْقَةٍ مِنْهُمْ طَائِفَةٌ لِيَتَفَقَّهُوا فِي الدِّينِ وَلِيُنْذِرُوا قَوْمَهُمْ إِذَا رَجَعُوا إِلَيْهِمْ لَعَلَّهُمْ يَحْذَرُونَ

«Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!» .

Ушбу оятда Аллоҳ таоло барчани ёппасига жиҳодга кетишдан қайтариб, бир тоифа илм эгаларини диний масалаларни чуқур ўрганишлари учун қолишларига буюрди. Токи урушдан мўминлар қайтиб келиб, ҳалол-ҳаром ҳақида ёки эътиқод масалалари тўғрисида уларга фатво беришлари учун деб қайдлаб қўйди. Демак, инсон бир масалани билмаса, етук илм аҳлидан сўрашга буюрилмоқда.

Ҳозирда бошқа фирқалар қатори “Маърифатчилар” мазҳабга эргашиш йўқ, деб даъво қилмоқдалар. Юқоридаги оятлар эса бунинг аксига далолат қилмоқда. Хулоса қилиб айтганда, мазҳабга эргашиш шариат кўрсатмасига эргашишдир. Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун Ислом уламоларига қарши чиқиш ҳисобланади. Ўйлаб кўрилса, тақлид ҳамма нарсада бор. Ҳатто ҳайвонларда ҳам. Ҳайвон қандай еб-ичишни, ҳатто қандай ҳожат қилишни ота-онасига қараб ўрганади.

Қандай қилиб бир мусулмон дунё ва охиратни белгилаб берадиган динида йўлбошчисиз, устозсиз кетиши мумкин? Ислом тарихида бирор-бир муфассир ёки муҳаддис ёхуд фақиҳ олимларни бемазҳаб бўлгани маълум эмас. Фақат мужтаҳид бўлсагина бундан мустасно.

Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимчалик билан ҳукм чиқаришининг охири ҳалокатдир. Зеро, биз юқорида айтганимиздек, бемор табибга учрамасдан дорихонадан ўзбошимчалик билан дори олиб, истеъмол қилиб, сўнг ҳалок бўлганидек, бемазҳаблик ҳам халокатдир.

Шу ўринда  марҳум шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айтганидек: “Мазҳабсизлик – Ислом шариатига таҳдид соладиган энг хатарли бидъатдир”.

 

Мақола. (Юнусхон Мамарасулов, Фейсбук саҳифасида эълон қилинган).

Read 1187 times

Мақолалар

Top