МАҚОЛА

“Омин”ни махфий айтмоқ суннатлиги ва унинг далиллари

Қироъати жаҳрий намозларда имом “Фотиҳа” сурасини ўқиб бўлгач “Омин” лафзини қай тарзда айтилади? Махфийми ё жаҳрийми? Имом ва қавм бирга айтадими, ёки имомнинг ўзигина айтадими, ёки имом қолиб қавмнинг ўзлари айтадими?

Юқоридаги саволларнинг жавоби кўпчилик учун қизиқ бўлса керак. Чунки айни шу мавзуда намозхонларимиз орасида ихтилофлар учраб туради. Баъзи биродарларимиз “Омин”ни жаранглатиб айтишни хуш кўради. Лекин атрофидаги намозхонлардан истиҳола қилиб ўзлари хоҳламасдан ичларида айтишади ва ўз эътиқодларига кўра, бир суннатга амал қила олмаётганлари учун виждонлари қийналиб юради. Ўзлари ёлғиз намоз ўқиганларида эса баланд-баланд овозларда “Омин” деб хуморларидан чиқиб оладилар.

Бошқа бир гуруҳ намозхонларимиз эса “Омин”ни жаҳрий айтадиганларни қаттиқ ёмон кўради ва бу нафрат бошқалардан ўтиб уларнинг ўзларига ҳам салбий таъсир қилган. Натижада улар умуман “Омин”ни айтмайдиган бўлиб кетишган.

Аслида суннатга мувофиқ ҳукм қандай ўзи? Келинг шу мавзуни қисқа ва лўнда тарзда ўрганиб чиқамиз:

Ҳанафий мазҳабимиз фуқаҳолари, Суфёни Саврий ва Лайс ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ ҳаммалари “имом “Фотиҳа” сурасини ўқиб бўлгандан кейин унинг ўзи ва ортидаги қавми “Омин” деб айтади”, деганлар.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса: “Имом “Омин” демайди балки, қавм айтади холос. Агар ёлғиз намоз ўқигувчи бўлса у ҳам айтади”, деган. (Имом Таҳовий. Мухтасару ихтилаф ил-улама. 1 – Ж. 202 — Б).

Демак моликийлардан ташқари мазҳабларга кўра, иттофақан “Фотиҳа” сурасининг охирида имом ва қавм “Омин” деб айтади.

Лекин, ҳанафийлар ва шофеъийлар орасида “Омин” лафзини махфий айтиш суннатми ё жаҳрий айтиш суннатми? Шу масалада ҳам ихтилоф бор.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Жаҳрий айтиш суннат”, деган.

Ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари эса: “Омин лафзини махфий айтиш суннат” деган.

Баъзи намозхон биродарларимиз шу ихтилофда имом Шофеъий мазҳабини устун кўриб “Омин”ни жаҳрий айтади ва бу масалада ҳанафийларнинг йўли суннатга хилоф дейди. Аслида эса ундай эмас. Ҳанафий мазҳаби фуқаҳоларининг (Улардан Аллоҳ рози бўлсин!) “Омин лафзини ичида махфий айтиш суннат” деган гаплари қуруқдан–қуруқ айтилмаган. Уларнинг бу фатвосига албатта, далиллари бор:

Биринчидан, Аллоҳ таоло шундай буйруқ беради:

ادْعُواْ رَبَّكُمْ تَضَرُّعاً وَخُفْيَةً

Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг(Аъроф сураси 55).

Ояти каримада Аллоҳ умумий тарзда дуони махфий қилишга амр қилмоқда. “Фотиҳа” сурасининг сўнгги қисми дуо, унинг охирида “Омин” деб айтиш ҳам “Эй Раббим, ижобат айла” маъносини англатувчи дуодир. Аллоҳ дуони махфий қилишга буюрдими, демак намозда ҳам, ташқарида ҳам махфий дуо қилиш керак.

Иккинчидан, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қавмнинг олдидан ўтиб қолди. Улар овозларини кўтариб дуо қилишаётган эди. Шунда Расулуллоҳ уларга: “Сизлар кар ёки ғоибдаги Зотга дуо қилмаяпсиз! Сиз дуо қилаётган Зот сизларга қон томирингиздан ҳам яқинроқ Зотдир!”, дедилар. (Саҳиҳи Бухорий 4/145, 275. Мусаннафи Абдурраззоқ 5/159, 160).

Ҳадисдан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуода овозини кўтарганларга эътироз билдирган. Бу эса дуонинг махфий бўлиши суннатга мувофиқлигини англатади.

Учинчидан, Аъмаш раҳимаҳуллоҳ Абу Солиҳдан ривоят қилади, у деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Имом “ғойрил-мағдуби ъалайҳим ва лад-доооллииййн” деганда сизлар жим туринглар!”. (Сунани Дорақутний 1/331).

Тўртинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Имом “ва лад-доооллииййн” деганда сизлар “Омин” денглар. Чунки уни имом айтади”. (Саҳиҳи Бухорий 1/142, Саҳиҳи Муслим 1/174, 175. Муснади Аҳмад 2/233, 270. Мужтаба. Насаий 2/144. Мусаннафи Абдурраззоқ 2/97).

Бу икки ривоятга кўра эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай таълим беряптиларки, намозда “Фотиҳа”нинг охирида имом “Омин” дейди. Буни қавм эшитмагани учун Расулуллоҳ алоҳида урғу бериб саҳобаларга бу ҳақда уқтириб қўймоқдалар. Ва яна уларни овоз чиқариб “Омин” демасликлари учун, сизлар жим туринглар, деб огоҳлантириб қўймоқдалар. Булар нимани англатади? Булар имом ва қавм ичларида махфий қилиб “Омин” дейишлари суннатлигини англатади!

Бешинчидан, “Омин” лафзи Қуръондан эмас. Агар Қуръондан бўлганида “Фотиҳа” ё зам сура каби жаҳрий овозни кўтариб қироат қилинган бўларди. Балки у намоздаги суннат зикрлардан бири. Худди сано ва таъаввуз каби. Суннат зикрлар эса қоидага кўра махфий қилинади. Шундай экан, “Омин” ҳам махфий айтилса суннатга мувофиқ бўлади!

ТИИ Махсус сиртқи бўлим

битирувчиси Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Read 1446 times

Мақолалар

Top