МАҚОЛА

Огоҳ бўлинг такфирчилар ниқобда

2017 йил 2 февраль куни ahlisunna.uz  каналида Муҳаммад ибн Абдул Ваҳҳобнинг такфирчилиги номли мақолада такфирчилар ва уларнинг манфур асосчиси хақида маълумот берилганди. Жумладан, унда такфир – мусулмонларни кофирга чиқариш шариатда қораланган иш бўлиб, аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифаларнинг барчаси ўзларидан бошқаларни кофирга чиқариш билан танилганлар. Ана шундай тоифалардан бири Мухаммад Ибн Абдулваҳҳоб (м. 1703-1792 й.) томонидан бошлаб берилган “мазҳабсизлик” (ҳозирда салафийлик, деб юритилади) оқими ҳисобланади. Унинг бошлиғи аввалбошданоқ такфирчи эканлиги билан танилган эди.

Ҳанбалийлар муфтийси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумайд ан-Наждий (ваф. 1878) ўзининг “Ас-Суҳуб ал-вобила ъала зароиҳ ал-ҳанобила” номли асарининг 276-саҳифасида бундай деганлар: “Унга (яъни, Ибн Абдулваҳҳобга) бирор кимса раддия қилиб, қилмишларини очиб ташласа, уни очиқчасига ўлдира олмаса, уни тўшагида ёки бозорда, тунда ўлдириб кетадиган кимсаларни юборар эди. Уни бу ўзига қарши чиққанларни кофирга чиқарганлиги ва ўлдиришни ҳалол санагани учун қиларди”.

Маккаи мукаррамада шофеъийлар муфтийси, мударрислар раиси бўлган Аҳмад Зайний Даҳлон эса “Ад-Дурар ас-санийя фи-р-радди ъала-л-ваҳҳобийя” асарида бундай ёзиб қолдирганлар: “Ибн Абдулваҳҳоб бундай дер эди: “Мен сизларни тавҳидга ва Аллоҳга ширк келтирмасликка даъват қиламан. Етти осмон остидаги барча одамлар мутлақо мушрикдирлар! Кимки бирор мушрикни ўлдирса, унга жаннат бўлсин!”.

Ибн Абдулваҳҳоб ва унга эргашганлар ўз вақтида жами мусулмонларни кофирга чиқарганлар, қонлари ва молларини ҳалол санаганлар. Аҳмад Зайний Даҳлон “Умаро ал-балад ал-ҳаром” номли асарининг 297-298 саҳифаларида қуйидагиларни айтганлар:“Такфирчилар Тоиф шаҳрига кириб келганларида одамларни қатлиом қилганлар. Каттаю кичик, маъмур-у амир, оқсуяк ва оддий инсонларни ўлдираверганлар. Онанинг қўйнидаги сут эмаётган ёш гўдакни сўйиб ташлаганлар. Одамларни уйларида, ҳовлиларида ўлдирганлар, Қуръон дарсини қилиб ўтирган жамоани кўриб, уларни ҳам ўлдириб юбораверганлар. Сўнгра масжидга кириб, масжидда рукуъ қилувчи ва сажда қилувчиларни  ҳам ўлдирганлар. Мол-дунёларни талаганлар. Ҳатто оёқлари билан мусҳафларни босқилаганлар, “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” сингари ҳадис, фиқҳ наҳв китобларини ҳам топтаганлар. Мусулмонларнинг молларини талаб, худди кофирлардан олинадиган ғаниматлар сингари тақсимлаганлар”.

Такфир – мусулмонларни кофирга чиқариш бугунги куннинг энг катта балоларидан биридир. такфирчиларнинг бошлиғи Ибн Абдулваҳҳоб бу ишни ўз тоифасига бошлаб берган кимса ҳисобланади.

Такфирчилар ақида манҳажида ҳам фиқҳ манҳажида ҳам аҳли суннага зид масалалар иддао қилиб чиққанлар. Шу боис Муҳаммад ибн Абдул  Ваҳҳобга қарши ўз замонасида хам, ундан кейин ҳам, бугунги кунда ҳам юзлаган раддия сифатида ўнлаб китоблар юзлаб мақолалар ёзилган. Ушбу оқим чиқибдики, мусулмонлар бошига мисли кўрилмаган кулфатлар ёғдириб келишмоқда. Яқин шарқ мамлакатларидаги хунрезликларнинг асосий сабабчиси такфирчилар оқими мафкурасидир.

Такфирчилар тарихда кўп машъум из қолдирганлиги, такфирчиликни эшитганлар улардан хазар қиладиган бир даражага бориб етганлиги  сабаб бугунги кун такфирчилари ўзларини бошқа ном билан кўрсатиб асл башараларини  яширишга ҳаракат қилиб келишмоқда. Жумладан, улар ўзларини Қуръони ва хадисга амал қилувчилармиз, Қуръон ва ҳадис турганда мазҳабга эргашилмайди деган баҳона билан ўзларига оғдириб олишга , такфирчилик мазҳабига эргаштиришга интилишмоқда. Юқорида келтирилган мисоллардан такфирчиларга хос асосий белгилардан бири ўзларига қўшилмаган мусулмонлани куфрда айблаш, уларга суиқасд уюштириб қатл қилиш, борган жойларида мавжуд ҳукуматга қарши фитна қўзғаб боғийлик қилиш, талончилик қилиш, одам ўлдириш, экинзорларни куйдириш, шаҳарларни, турар жойларни, саноат корхоналарни вайрон қилиш, ишлаб чиқаришни издан чиқариш каби ислом шариати қайтарган ишларни амалга ошириб келишмоқда. Хўш ушбу ишларни қайси бири Қуръон ва хадисга мувофиқ?!

Бу аслида мусулмонларни чалғитишдан бошқа нарса эмас. Эътиборли одамга буни тушунтириш осон. Исломнинг беш устуни бўлган барча амалларни ҳанафий мазҳабида асосида амалга оширилса, мисол учун кундалик ибодатларда таҳорат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж зиёратини амалга оширишда амалларнинг барчаси мазҳаб уламолари томонидан Қуръон ва ҳадисдан тўғри амал қилиб кетаверадиган қилиб ҳукм олиниб уларнинг даражалари белгиланган. Жумладан, буйруқ амалларларда фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, қайтариқларда эса ҳаром ва макруҳ даражалари мужтаҳид уламоларимиз томонидан белгилаб берилган. Ҳеч қайси бири Қуръон ва хадисдан ташқаридан олинган эмас. Балки ҳар бир ханафий мазҳабида бажариладиган ибодатларни барчаси Қуръони карим ҳамда хадиси шарифлардан далилларга асослаган. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асарида ҳар бир ҳанафий мазҳаби асосида амалга ошириладиган амалларга Қуръони карим ҳамда ҳадис набавиялардан далиллар келтирилган. Демак ҳанафий мазҳабида ибодатларини амалга ошириб келаётганлар барча амалларида Қуръон ва ҳадисга мувофиқ амал қилаётганларига ишончлари комил бўлсин.

Шу ўринда бир хикоя келтирамиз. Бир кампир шайхдан масала сўради. Шайх унга: “Саволингга  Имом Молик сўзи билан жавоб берайми ёки Қуръону суннатдан?” деди. Кампир айтди: “Имом Молик сўзи билан жавоб қилаверинг. У киши Қуръон ва суннатни сиздан кўра яхши билади”, деди.

Аимма билди қуръон маънисин туз

Кўнгилни қўймағил сен ҳар қаю юз    (Сўфи Аллоёр)

Юқоридаги байтда имомлар (мазҳаб имомлари) Қуръон маъносини тўғри билишди. Сен кўнглингни ҳар тарафга бурмагин, дейилмоқда.

Такфирчилар асли келиб чиқиши Усмонийлар империясини  парчалаб ташлаш, ичдан бузиш учун ғарб томонидан юзага келтирилган оқим ҳисобланади.  Бунга етарли тарихий далиллар мавжуд. Усмонли турклар давлати ҳанафий мазҳабида ибодатларни амалга ошириб, ҳукмларни хам ҳанафий мазҳабида  чиқариб келишган. Усмонийларга қарши ўлароқ такфирчилар атайин кундалик ибодатларни бажаришда ҳанафийлар ушлаган ҳадисларни ушламасдан шоз ва заиф ёки мансух (амали тўхтатилган) ҳадисларни ушлаб ибодатлар бошқа бир услубда амалга оширишган. Бу қайсарликдан бошқа нарса эмас.

Кейинги ўзларига берган номлари ҳақида гоҳида улар ўзларини аҳли сунна вал жамоамиз деб ўзларини такфирчиликларини яширишиб такфирчилик манҳажини давом эттириб келишди. Уламолар уларни ақидавий ва фиқҳий масалаларда иддао қилган масалалари аҳли сунна вал жамоа зид эканини, уларни аҳли суннадан эмаслигини таъкидлашди. 2016 йилнинг август ойида Чеченистонинг пойтахти Грозний шаҳрида бўлиб ўтган конференцияда ислом оламининг кўзга кўринган 200 нафар уламолари қатнашиб такфирчи салафийларни аҳли сунна вал жамоадан эмас деб қарор қабул қилинди.

 Кейинги такфирчилар ўзларининг манҳажи салафи солиҳ дея салафийлармиз деб иддао қила бошлашди. Улар ўз таъсирини муваффақиятли тарқатиш мақсадида “такфирчилик” номидан воз кечишди ва бошқа ном остида яширинишди. Улар ўзларини “салафийлар” деб атай бошлашди. Аслида, Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи вассаллам кейин уч юз йил яшаган мусулмон олимлари салафлар деб аталади. Аслида хақиқий салафи солиҳлар тўрттала мазҳаб соҳиблари экани уламолар томонидан исботлаб берилди.

Аввалги такфирчилар мазҳабни мутлақ инкор қилиб баъзида кофирга ҳам чиқариб келган. Бугунги кун такфирчилари ўзларини мазҳабни инкор қилмаган ҳолатда кўрсатиб такфирчилигини яшириб, яна ақидада такфирчилик ғояларини тарқатишмоқда. Аҳли сунна вал жамоанинг иккита ақилавий таълимот асосчилари аҳли сунна вал жамоа ақидаси ҳимоячилари бўлган Мотуридийлар ҳамда Ашъарийларни аҳли суннадан эмас, адашган дея иддао қилишмоқда. Мустақилликнинг илк кунларида юртимизга кириб келган такфирчиларнинг биринчи бошлаган ишлари мазҳабни инкор қилиш, мазҳабдагиларни мушрикликда айблаш билан бошланган. Шу орқали турли низолар юзага келтиришган.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда фаол даъват ишларини олиб бораётган ҳаддан ошган жамоалар, такфирчилик хақида лом мим демаяпдилару фақат такфирчилик ғояларини илгари суришмоқда. Улар ҳатто Мухаммад ибн Абдул Ваҳҳоб хақида умуман маълумот беришмаяпди. Ўзларини хақиқий мусулмонлар, уларга эргашмаганларга, уларга раддия бераётганларга нисбатан турли таъна тошларини ёғдириш билан машғул бўлишиб уларни ёмонотлиқ қилиб кўрсатишмоқда. Ижтимоий тармоқларда яна кўпроқ Ибн Таймиянинг фикрлари кўпроқ тарқатилади. Ибн Таймия аҳли сунна ақидасига зид ғояларни иддао қилиб чиққани ва ўзининг шоз (кўпчиликка қарши) фатволари сабаб у ҳаёти давомида тўрт марта маҳкамага тортилиб зиндонга ташланган. Замонасининг кўзга кўринган аҳли сунна уламоларининг мажлисида у ўз ақидасини ҳимоя қила олмаганидан сўнг Ибн Таймия ўз ақидасидан қайтиб тавба қилгани ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд. (Ибн Таймиянинг тавбасининг тўлиқ матни мавжуд). Охирги марта у пайғамбаримиз қабрларини зиёрат қилиш учун сафар белбоғи боғланмайди, деган фатво бергани учун яна маҳкамага тортилиб умрининг охиригача зиндонда ўтирган. 

Ижтимоий тармоқларда Абдуллоҳ Бухорий номи билан аудио видео маърузалари тарқатилаётган Мирзағолиб исмли шахс Муҳаммад ибн абдул Ваҳҳобнинг “Ал-усулус-салоса” номли рисоласини таржима қилиб китобдаги ғояларни тўлиб тошиб тарғиб қилган. Аммо муаллифни Мухаммад раҳимаҳуллоҳ деб қўяқолган. Қайси Муҳаммад экани ҳақида мутлақо гапирмаган. Аслида китоб муаллифи Муҳаммад ибн Абдул Ваҳҳоб бўлиб унинг шахси  ҳақида бирор нарса демаган. Бу шахс ўзини яна ҳанафий қилиб кўрсатиб баъзи фиқҳий масалаларни ҳанафийлик асосида гапирган. Ушбу шахс МДҲ мамлакатладаридаги барча масжид ва мадрасаларни зирор деб, ушбу масжид ва мадрасаларга кирмасликка чақирган. Шунингдек у Муҳаммад ибн Абдул Ваҳҳоб томонидан ўйлаб топилган тавҳидни рубубия, улуҳия ва асмои сифатга бўлиб ислом умматини кофирга, мушрикка чиқаришга асосланган такфирчиликни тарғиб этиб яна Муҳаммад ибн Абдул Ваҳҳоб хақида ҳеч нарса демай такфирчиликни тарғиб қилиб ўзини такфирчилигини яширган. 

Шунингдек бугунги кунда ижтимоий тармоқларда фаол тарғибот ишларини олиб бораётган фиқҳий масалаларда ўзини ҳанафий қилиб кўрсатиб ақидада ибн Таймия ва Муҳаммад ибн Абдул Ваҳҳобнинг аҳли суннага зид ақидаларини фаол тарғиб қилаётган кўзга кўринган тарғиботчилари ҳам мана шу услубдан устамонлик билан фойдаланиб ёшларга салафийлик, такфир ақидасини сингдиришга уринишмоқда. Қўштирноқ ичидаги улардан биттаси яқинда бир аудио маърузасида ким Аллоҳ таолони осмонда демаса кофир бўлади, деган. Кўпинча фиқҳий масалаларни ҳанафий мазҳаби асосида саволларга жавоб бериб ўзини гўё ҳанафий қилиб кўрсатадиган бу шахс такфирчилар ақидасини идддао қилмоқда. Ибн Таймия ҳам Аллоҳни осмонда деб макон исбот қилиш ақидасидан тавба қилгани хақида аниқ далил мавжуд. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Мухаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг расулидир, деб гувоҳлик бераман  деган мусулмон мўъмин эканини таъкидлаганлар. Аллоҳ осмонда деб эътиқод қилишга тарғиб этиш Аллоҳ ва Расулига тўқимадир. Аҳли сунна вал жамоа уламолари ижмоъ қилган ақида масалалари Аллоҳ таолога макон исбот қилинмайди. Бу мужассималарнинг ақидасидир. Бунга мўътабар барча ақида матнларига ёзилган шарҳларда кенг изоҳ берилган (бу менинг шахсий сўзим эмас). Калимаи шаҳодатни айтган кишини обрўси қони моли ҳаром эканини ҳажжатул вадоъда Пайғамбаримиз алайҳиссалом таъкидлаганлар. Такфирчилар ким уларни ақидаларини қабул қилмаса, кофирга чиқаришда давом этишмоқда.

Ушбу оқим тарғиботчиларидан яна бири ўзининг аудио маърузаларида ҳанафийлик мазҳаби асосида айрим фиқҳий масалаларни гапирсада, муайян бир мазҳабни ушлаб унга амал қилиш мутаассиблик деган. Яна у Қуръон хадис турганда мазҳаб ушланмайди, деб одамларни чалғитишга уринган. Аҳли сунна вал жамоанинг иккита ақидавий таълимот асосчилари Мотуридийлар ҳамда Ашъарийларни аҳли суннадан эмас адашган, дея иддао қилган. Аслида эса фиқҳий масалаларда барча ҳукмларни мазҳаб уламолари Қуръон ва хадисдан олишган.

Бугунги кунда такфирчилар турли номларда намоён бўлиб ўзларига исломий номларни бериб вайронкор ғояларни илгари суриб, мусулмон диёрларда вайронкорликларни амалга ошириб келишмоқда. Яқин шарқ мамлакатларини, жумладан, Сурия, Ливия, Сомали, Афғонистон, Ироқ каби мамлакатларни вайрон бўлишига, бегуноҳ одамларни, ёш болалар, қариялар, аёлларни ўлдирилишига, милионлаб инсонларни юртларини ташлаб қочоққа айланиб ўзга юртларда хор зор бўлишига, ушбу мамлакатларда иқтисод умуман издан чиқиб ишлаб чиқариш барбод бўлиб очарчилик келиб чиқишига айнан мана шу мафкура сабабчи бўлмоқда. Шу жумладан Макка шаҳрининг собиқ имомларидан Калбоний деган киши ИШИДни ҳам ўзларининг такфирчи, салафий ақидасида эканини эътироф этган.

Ahlisunna.uz каналида эълон қилинган яна бир мақолада улар китоб нашр қилишда хам Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб эътиқодини тарқатишда ваҳҳобийлик номини яширишиб келаётгани айтилган. Китоблар чиққанда ҳақиқий муаллиф исми яширилади ва унинг ўрнига бошқа бир кишининг номи ёзилади. Бунга мисол, Москва шаҳрида “Бадр” номли нашриёт Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг “Якка худолик китоби” номи остида китоб чоп қилган. Муаллиф ўрнида Муҳаммад ибн Сулаймон ат-Тамимий кўрсатилган. Китоб бир неча бор турли нашриётларда чоп қилинган ва Россия, Ўрта Осиё ва Кавказ орти республикаларида тарқалиб бўлган. Шунга ўхшаш бошқа мисолни келтиришимиз мумкин. Улар рус тилида “Шубҳаларни кеткизиш” (Кашфуш шубуҳот) номли рисола чоп этишди. Унда таржимон – Муҳаммад Абдуллодан бошқа ҳеч нима йўқ. Чоп этиш санаси, нашриёти ва ҳоказо кўрсатилмаган. Муаллиф сифатида яна ўша Муҳаммад ибн Сулаймон ат-Тамимий кўрсатилган. Ҳақиқий муаллиф кимлигини араб тилида ёзилган “Кашфуш шубуҳот”ни ўқиган киши билади холос. Ушбу рисола 2000 йилларгача ҳаж зиёратига борган ҳожиларга текин тарқатилар эди. Баъзида ҳожилар ушбу рисолани олиб келганига гувоҳмиз. У араб тилида бўлиб, муаллиф Мухаммад ибн Абдул Ваҳҳобдир.

Ислом ва мусулмонларга ушбу такфирчи жамоаларнинг нима фойдаси тегмоқда?. Билакс улардан ислом ва мусулмонларга зарардан бошқа нарса етмаяпди. Жумладан, бегуноҳ мусулмонлар, ёш болалар, аёллар, қариялар қурбон бўлишмоқда.

 Урушлар натижасида милионлаб одамлар уйларини, ватанини тарк қилиб ўзга юртларга кўчиб кетишга мажбур бўлишмоқда. Айримлари денгизда сувга ғарқ бўлиб ҳалок бўлмоқда.

Завод фабрикалар вайрон бўлиб ишлаб чиқариш бутунлай издан чиқиб одамлар ишсиз қолишига сабаб бўлмоқда. Бунинг натижасида одамлар, айниқса ёш болалар очарчилик қурбони бўлишмоқда. Шунингдек тиббиёт ва таълим муассасалари вайрон этилиб тизим бутунлай издан чиққан.

Энг ёмони ғарбда исломни ёмон отлиқ бўлишига булар сабабчи бўлишмоқда. Ғарбда ислом террор дини деб турли таъна тошлари ёғилишига, муқаддас динимизни, пайғамбаримизни карикатура қилинишга сабабчи бўлишмоқда.

Юқоридаги мисоллардан келиб чиқиб барчани, айниқса ёшларимизни огоҳликка чақириб қоламиз. Такфирчилар нима сабабдан асл башараларини яширишмоқда. Куфрда, мунофиқликда, фосиқликда айблаш, таънакорлик, фитна қўзғаш, қотиллик, террор, талончилик такфирчиларга хос кўриниш. Буларнинг аниқ башарасини фақатгина ақида илмидан хабардор кишигина билади. Шунинг учун  аҳли имон мўъмин мусумонлардан Таҳовий ақидаси, Фиқҳул акбар, Бадъул амолий каби ақида матнларининг таржималари чоп этилган бўлиб ушбу китобларни ўқишни, тушунмаган жойларини аҳли илмлардан сўраб олиш зарур. Ижтимоий тармоқларда ушбу тоифага мансуб кишиларни ғийбат, иғво, ҳақоратли сўзлар, расмий диний уламоларни сарой муллалари дея обрўсизлантириб ўзларига қаратиш, ҳукумат раҳбарларига таъна тошлари отиш, куфрда айблаш каби белгилардан таниб олишингиз мумкин. Эҳтиёт бўлинг ёвузлик, шафқатсизлик, бузғунчилик ғояларини тарқатаётганларнинг тузоғига илиниб қолманг.

Д.Абдуқадиров

Read 1261 times

Мақолалар

Top