МАҚОЛА

Тавассул қилиш жоизми?
Ўзларини соф салафлар йўлидан юрганлигини даъво қилиб келаётган сохта салафийлар тавассул борасида аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид равишда тавассулни ширк, тавассул этувчиларни эса мушрик деб айюҳаннос солишмоқда. 
Аслида тавассул бу – Аллоҳ таолонинг сифатлари, солиҳ амаллар, тирик ва вафот этган улуғ инсонларни восита қилиб Аллоҳдан ҳожат сўрашдир. Васила сифатида гоҳида қилинадиган солиҳ амаллар, Аллоҳ таолонинг розилиги учун бажарилган тоат-ибодатлар Парвардигорнинг даргоҳига яқинлаштирувчи кучли восита бўлса, баъзан эса Аллоҳ наздида юксак мартабага эга бўлган обрў-эътиборли солиҳ бандалар Яратган ҳузурида восита ва васила бўладилар.
 
Қуръони каримда: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита) излангиз ҳамда Унинг йўли (тоати)да жидду жаҳд қилингиз, токи (охиратда) нажот топгайсиз!» (Моида сураси, 35-оят) дейилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима бинти Асад розияллоҳу анҳо вафот этганида унинг қабрига тушиб: «Ҳаёт берадиган ва ўлдирадиган Аллоҳдир. Доимо барҳаёт, ўлмайдиган Зот, онам Фотима бинти Асадни мағфират қил, ҳужжатини айтишини насиб эт, кирар жойини кенг қил. Пайғамбаринг ҳаққи ва ўзимдан олдинги пайғамбарлар ҳаққи билан», деб дуо қилдилар» (Имом Табароний ривояти). 
Бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ўтган пайғамбарлар ҳурмати билан очиқ-ойдин тавассул қилингани кўринади. Тирикларни васила қилиш мумкин лекин вафот этганларни васила қилиш мумкин эмас деганларга ҳам бу қатъий ва аниқ жавобдир.
 
Аллома Имом Шавконий «Туҳфатуз зокирийн» китобида тавассулнинг жоиз эканини батафсил баён этган ва ҳамда тавассул то саҳобалар давридан ижмоъан қабул қилинган амал эканини бир қанча далиллар билан келтириб ўтган (Имом Шавконий. «Туҳфатуз зокирийн», 138-бет).
 
Афсуслар бўлсинки, тавассулни инкор этадиганлар на бу каби оят-ҳадисларга ва на мужтаҳид уламоларнинг сўзларига қулоқ тутадилар. Уларнинг даъволарига кўра ҳеч бир кишини тавассул қилиш жоиз эмас ва бунга мутлақо йўл қўйилмайди. Улар ҳар бир қилмоқчи бўлган амаллари ёки гапирмоқчи бўлган сўзларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаи киромларнинг ёхуд буюк мужтаҳидларнинг эмас балки ўзларининг ғоявий раҳнамолари бўлмиш Ибн Таймия (1263–1328) раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрларига таянадилар ва буни шак-шубҳасиз тўғри деб эътиқод қиладилар.
Ҳақиқатни тан олиб айтадиган бўлсак, улар ўз раҳнамоларининг тавассул борасида айтган гапларидан мутлақо бехабар кўринади, шекилли. Акс ҳолда бу каби бўлмағур даъволар билан оламга жар солиб, ўзларига эргашувчиларнинг бошини қотирмаган бўларди.
 
Буюк тарихчи, муфассир ва муҳаддис Ибн Касийр (1301–1373) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «ал-Бидоя ван-ниҳоя» номли китобларида Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳнинг: 
«Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан ёрдам сўралмайди. Набийдан ҳам ибодат маъносида ёрдам сўралмайди.  Лекин у билан тавассул қилиш мумкин ва ундан Аллоҳга шафоатчи бўлишлигини (ташаффуъ) сўраса бўлади», деган сўзларини келтириб ўтганлар  (Ибн Касийр. «ал-Бидоя ван-ниҳоя». 14-жилд. 45-бет).
 
Мана ҳақиқат ойдинлашди: Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳ ҳам аҳли сунна вал жамоа эътиқодига хос ва мос фикрни айтган эканлар. Ушбу жамоа эътиқодига кўра, албатта, Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимдан мадад сўралмайди. Ҳатто Пайғамбарлардан ҳам. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни дуода васила қилиш, у зотнинг қиёмат кунида шафоатчи бўлишларини сўрашга ҳеч қандай монеълик йўқ. Аксинча бу марғуб ва маҳбуб амаллардандир.
 

Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ

Read 1248 times

Мақолалар

Top